“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 379 марта кўрилган.

ҲАЁТ САҲНАСИДА ЯШАМОҚ — САНЪАТ

Ҳусниддин ШАРИПОВ,

Ўзбекистон халқ шоири

 

                       ЯНА ВИСОЛ...

Яна ўша соҳил...

Анҳор лиммо-лим...

Чуваб ёшлигимиз ипини ҳамон,

Яшил хиёбонда ташлаймиз одим

Мен олтмишга кириб,

 Сен эллик томон.

Бир хислат борки, умрнинг ёзин,

Биз ўтиб борганда аста сайр қилиб,

Ёшлар

               қизарганча яширар юзин,

Сўнг эса

               изингдан боқар қайрилиб.

Ҳолбуки,

             сояда сўзлашиб бесўз,

Атай танлагандек сокин йўлкани

Бугун,

Ўзимизни қилмасдан кўз-кўз,

Ўзгалар бахтидан хурсанд бўлганни.

                                                                                                      1985 й.

 

                       ПОКИЗА НОМ

Ватан кўп асрлар, курашлар ҳамда

Номаълум деҳқонлар ижоди эрур.

Уни юксалтирмиш ёруғ оламда

Ҳазрат Навоийлар бахш этган ғурур.

 

Аланга тилидай беқарор ҳислар

Шеърларга уланган ногоҳ илҳомдан,

Ватан бошланади сиз билан бизлар

Авайлаб асраган покиза номдан.

                                                                                      1984 й.

 

                       ҲАЁТ САҲНАСИДА

Йўллар кўндирмагай кўзимга ғафлат,

Йиллар қила олмас юрагимни ғаш.

Ҳаёт саҳнасида яшамоқ — санъат,

Ундан ҳам нозикдир  санъатда яшаш.

 

Бу кафтдек саҳнада шод ўтмоқ даркор,

Чўққига чиққандек одимла-одим.

Мен ўз ҳаётимдан розиман минг бор,

Лекин розимикан мендан ҳаётим?!

        ОСТОНАСИ ТИЛЛОДАН

Камтар элим экар, ўстирар,

Меҳнатидан ундириб ҳузур.

Дастурхони ётни дўст қилар,

Остонаси тиллодан эрур.

 

Дунёда кўп тиллопарастлар,

Кўпдир ҳамон омад овлаган.

Лекин асло ҳарбу ғаразлар,

Кўчамизни чангитолмаган.

 

Чарх ураркан ҳазилкаш ҳаёт,

Қуёш нури, боғлар салқини

Қилар доим шоду эҳтиёт

Диёримнинг дилбар халқини.

 

                       ҲАЁТИМ МАЪНОСИ

Жўш урган жаҳонни яхши кўраман,

Қуш тўла осмонни яхши қўраман.

Ҳаётни мен билан баҳам кўрувчи

Жамики инсонни яхши кўраман.

 

Улардан муҳаббат қайтмаса агар,

Не дердим дилимни ўртамас кадар:

Ҳаётим маъно касб этмоғи учун

Менга бир яхши ёр севгиси етар.

 

                       СЕНИНГ НОМИНГ

Ҳикмат кўпдир мавж уриб оққан

Ишқ аталмиш нозик илмда.

Эриб кетар, гўёки оқ қанд,

Сенинг номинг менинг тилимда.

 

Офтоб сендек бўлолмас оташ,

Ой ҳам сендек бўлолмас тўлин.

Узоқ тунлар изларман яккаш

Тушларингга кирмоқнинг йўлин.

 

Қўнсин энди бошингга Ҳумой,

Кел, бахтингдан менга ҳам юқтир.

Қўлгинангдан ичолмасам чой

Бу ҳаётнинг қизиғи йўқдир.

Соқчинг бўлиб асрайин, эй ёр,

Сен яшаган сўлим жаҳонни.

Ҳар томирим — севги чертган тор,

Қалбим — ишқнинг қўшиқ жавони.

 

Бегонанинг тинглама розин,

Чарх урмасин ўнгу чапингдан.

Капалакдай қўниб, дам олсин

Менинг исмим сенинг лабингда.

                                                                                      2002 й.

 

                                       УМР

Қаҳатчилик экан мен туғилганда.

Алғов-далғов экан замин

                                          ва замон

Тушунмасам ҳамки, зурур келганда

Барчасин сўз-ла этардим баён:

— Инга-а!..

 

Етмиш йил яшагач,

                                Қарасам ёҳу,

Ақлим битта ҳарфга бойибди, холос;

“Нечага кирмоқни қиласан орзу?”

Дея  сўрасалар,

                        Дейман мен шоввоз:

— Минга-а!..

                                                                                                      2002 й.

 

        НАМАНГОН ЙЎЛИДА

Намангон йўлида энг тоза осмон,

Осмон гардишида арчалар посбон,

Ҳар кимки сафарга чиқса бел боғлаб,

Ўзинг мушкулини айлагил осон.

 

Намангон йўлида дарёлар, кўллар,

Оташ қалб барибир соғинчдан чўллар,

Талпинар қуш бўлиб қўлларга қўллар,

Дилга интилар дил, жонни излар жон.

 

Намангон йўлида жилғалар, сойлар,

Қизлар сой бўйида кимларни пойлар,

Ким учун очилаган гулдек чиройлар,

Кимни деб юраклар бўлмоқда ларзон?!

Намангон йўлида Чуст билан Поплар,

Бордир ҳар ойюзга бағри офтоблар,

Бунда висол бўлгай, бўлмас сароблар,

Тотлидир бу элда ҳаттоки армон.

 

Намангон йўлида қирлар-адирлар,

Ҳижронда синалур меҳру қадрлар,

Сизу биз терилсак худди сатрлар,

Ширин умримиздан туғилгай достон.

 

Намангон йўлида тош ва харсанглар,

Имиллаб қолдик биз қари-қартанглар,

Бизлардан дуо денг олдин борсанглар,

Карвон келмоқда денг, келмоқда карвон!

 

Намангон йўлида толлар, чинорлар,

Бормикин бу юртга биздай хуморлар,

Ана ҳусну дониш, ана виқорлар,

Бир боқсин бизга ўшал Намангон,

                                                     гўзал Намангон...