“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 390 марта кўрилган.

Ёр ўтди-ю кетди, менда хаёли қолди

 

Асад АСИЛ

1941 йил 14 июлда Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги Хондайлиқ қишлоғида таваллуд топган. ТошДПИ ва ТошДУни тамомлаган. “Лочин”, “Меҳр”, “Қувонч”, “Тоғликлар” қисса ва ҳикоялар тўплами, “Чироғим, мен – Сидқийман, Хандақлиқийман!..” тарихий, бадиий, публицистик романи, “Алқор, нега кўзинг тўла ёш?” воқеий ҳикоялар, эссе ва публицистикалар тўпламлари муаллифи. Сидқий Хандақлиқийнинг танланган асарлари тўпловчиларидан бири.

                                       * * *

Қора тоғлар тепасида оқ булутлар қувишар,

Қушлар учар жонҳолатда... жону дилим увишар:

Булутлардек учиб-қўниб нени қувдим билмадим,

Кўзим очсам бирдан чўчиб, ерда ётибди таним.

 

Учмоқ тугул югурмоққа қолмабди менда мадор,

Осмон олис, ер тошмисол, дунё бўпти тангу тор!

— Ҳой, ўраниб ётган одам, қани тез ўрнингдан тур!

Сувдек оқиб кетаётган умринг ортидан югур!

 

Бор бисотинг сарфлаб юбор, жонинг қийна чекиб оҳ!

Бир иш қилки, оқибатда сени қўлласин Оллоҳ!

 

                                       * * *

Чиллада чил одим ташлар кўчалар,

Ёруғликка ўрнин берар кечалар,

Бул кечада бахтин топар нечалар,

Бахтлиларнинг йўлин очинг, яхшилар.

 

Кўнглинг чўкса, осмонўпар тоққа боқ.

Майда бўлма, ёр кўнглига ёқ чироқ,

Сен мард бўлгин дунё сени қўймас тоқ,

Бахтлиларнинг йўлин очинг, яхшилар.

 

Давру даврон, йиллар ўтиб, қарибсан,

Еру кўкда оқ-қорани танибсан,

Келди навбат: сен болангга ибратсан!

Бахтлиларнинг йўлин очинг, яхшилар!

Яхшиларнинг йўлин очинг, яхшилар!..

 

                       Вафоли Қолдим...

Ёр ўтди-ю кетди, бизга шамоли қолди,

Кўз олдимдан сира ўчмай жамоли қолди,

Яна менга дуч келганда қарай олмасман:

Нетай, у ўзганинг жуфти-ҳалоли қолди.

 

Йўлиқмаса унутгандек тусда юрарман,

Чўғ юзини кул босгудек бир ҳол кўрарман,

Оҳ, йўлиқса, “дўзах”даги чўғда куярман,

Қайта келмас энди ёшлик, малоли қолди.

 

Дўстлар дейди: ҳушинг тўпла, ўзингга бир боқ:

“Бозор қайтиш” бўпти, қара: соч-соқолинг оқ!

Толеингга шукр айла: ўтмадинг-ку тоқ!

Шунда юрак шивирлайди: “вафоли қолдим”.

 

Ёр ўтди-ю кетди, менда хаёли қолди,

Кўз ўнгимда унинг ўчмас жамоли қолди.

 

                       Манзара

Қиш ётарди писиб тоғда ой-ойлаб,

Бирдан босиб тушди пайтини пойлаб.

Қиру тоғда, боғу роғда қизғин жанг,

Куз ҳам кетди бўлиб қолгач ҳоли танг.

Оқ момиққа ўраб олди ўлжасин:

Қор босибди, ҳатто шаҳар кўчасин...

Зафар завқи қишни мағрур этган чоғ,

Тўрт томонга кучи тарқаб кетган чоғ,

Пистирмадан чиқди баҳор лашкари –

Исиб кетди хона, ҳатто ташқари.

Увададек қора булут елади,

Кўз очирмай қорни саваб келади...

Кўклам отлиғ зўравондан тап тортиб,

Қочиб борар қиш кўч-кўронин ортиб...