“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 380 марта кўрилган.

Икром АСЛИЙ

 

                       ЧОРЛАР МАНЗИЛЛАР

Дилкаш суҳбатларнинг гаштини суриб,

Дийдор сурурига қонишга шайман.

Майда ташвишларни бир четга суриб,

Хаёлан сафарга ҳар кун жўнайман.

 

Эҳ, бу кам дунёнинг битарми ками,

Оёғимга тушов, уй, иш, интизом.

Соғинч билан кечиб куним ҳар дами,

Хаёлга эрк бериб яшайман мудом.

 

Биламан: дўстларим яқин-йироқда,

Мени келади, деб, ёзар дастурхон.

Оташин меҳримни асраб қароқда,

Бораман, охири ушалур армон.

 

Ҳа, бир кун таъзимлар келтириб бажо,

Шукур деб ҳаётда сиз борингизга.

Бораман, вақти шом, ё субҳи сабо,

Ва қониб қайтаман дийдорингизга!

 

                       ЙЎЛЛАР

Бу йўллардан ҳар кун ўтиб қайтаман,

Барчаси умримга харита гўё.

Бахт сари бошлар деб дадил айтаман,

Шуларсиз мунаввар манзиллар рўё.

 

Кафтимдаги чизиқ сингари улар

Тасмадек ўзаро боғланиб кетган.

Илк бора юракда оташ ловуллар,

Шеърият қасрига шу йўллар элтган.

 

Умрим шу йўлларга сочилганми ё,

Битта имтиҳонми ҳар битта бекат?

Наздимда йўллардан иборат дунё,

Ҳар гўшада турфа тасодиф, ҳайрат.

 

Гоҳо сокин кездим, гоҳида чопдим,

Умид бор, ҳув ўша ёнган чироқда.

Шеъриятда-ку ўз йўлимни топдим,

Энди муҳаббатга йўлим қаёқда?

 

                       ИШҚ ЖОЗИБАСИ

Севгилим!

Яхшиям ўзинг бор дунёда,

Чақнаган кўзинг бор дунёда,

Малҳамдай сўзинг бор зиёда,

Бошқа ҳеч бир бойлик керакмас

Мен учун!

Чорласанг борайин пиёда,

Ҳаммани тенг доғда қолдириб,

Қайғуни қирғоқда қолдириб,

Меҳрингни қароқда қолдириб,

Чиқсанг сен тенгсиз ноз-орода!

Тўкилсам пойингга, тиз чўксам,

Шарт суриб бир четга ғурурни,

Ҳис этсам илоҳий сурурни,        

Эгдириб сендек бир мағрурни,

Ҳайқирсам:

— Бахтимсан, маликам!

Пойингни мен тавоф айласам,

Жойлансам жонингга,

Жисмингга,

“Гул” қўшиб сеҳрли исмингга,

Майлига, тортсанг ҳам

Измингга,

Юз минг йил

Юкунсам ҳуснингга,

Арзийди, ахир сержозиба.

Муқаддас севгининг асрорин

Ўргатдинг.

Кўнглингга —

Жонга йўл кўрсатдинг,

Ўртатдинг,

Ҳисларим

Қайнатдинг...

СЕН энди мангуга МЕНИКИ!

МЕН энди мангуга СЕНИКИ!

СЕВ-ГИ-ЛИММ-М...!

 

  “ АССАЛОМ”НИНГ  АЛИГИ ҚАРЗДИР

Яхшиларнинг юзига қараб,

Кўра олсанг ҳаёт нашъасин.

Тинглагайсан юрагингдаги

Самимийлик куйининг сасин.

 

Меҳр қарзга олинмас асло,

Қизғонишар уни кимлардир.

Муҳаббатдан чиройли дунё,

У конда йўқ сирли гавҳардир.

 

Термиласан кўзларга баъзан,

Ҳеч бир маъно кўринмас, ажаб.

Ўйлагайсан шу он дафъатан

У – юракмас, сўнган бир кавкаб!

 

Қўлни – қўлга ташлаб сидқидил,

Айта олсак бирор хуш калом.

Қаршимизда нурафшон манзил,

Нигоҳларда зоҳир эҳтиром.

 

Бу шунчаки ҳаётий дарсдир:

“Ассалом”нинг алиги қарздир.

 

                       ДЕНГИЗ

Мен денгизни кўрган эмасман,

Соҳилда ўй сурган эмасман.

Уфқларга кўз ташлаганча,

Хаёлга ғарқ турган эмасман.

 

Жуғрофия дарсида тугал

Ўқиганман, уққанман сирин.

Тўлқинлари асов ва жадал,

Номин ёдлаганман ҳар бирин.

 

Бағридадир азамат китлар,

Чўчимайди улар бўрондан.

Мен билмаган яшил сувўтлар,

Манзилгоҳин севади жондан.

 

Сира афсус чекиб юрмайман,

Кўрмадим деб асов  денгизни.

Бир кун албат бориб кўргайман,

Мармар, ҳатто Азов денгизни.

 

О, қалбимнинг эрка гулмоҳи,

Бу ошиқнинг таскини, сўзи.

Жўш уриб толмасин илоҳи,

Қалбингдаги меҳр денгизи!

 

        МАЖНУНТОЛ

Шундоққина ариқ бўйида

Барқ  уради сулув мажнунтол.

Билолмам, не унинг ўйида,

Бошин эгган қандай ўй-хаёл?

 

Оқин сувнинг тўлқинларида,

Оқизарми орзусин пинҳон?

Тунда ойнинг ёлқинларида

Ўз-ўзича куйларми нолон.

 

Кокиллари мунчалар узун,

Ўриб қўйганмикан шамоллар?

Якка-ёлғиз туради нечун,

Айтармикан, берсам саволлар?

 

Унга доим қараб ўтаман,

Қачон кўрсам бир хилда – маъюс.

Ҳолин сўрай десам дафъатан,

Унинг тилин билмайман, афсус.

 

Шундоққина ариқ бўйида,

Барқ  уради сулув мажнунтол.