“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 580 марта кўрилган.

Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай

Иқбол МИРЗО,

Ўзбекистон Халқ шоири

                       ОЙДАН ТУШГАН ЭМАС

Ҳеч кимни бахт ўз-ўзидан қучган эмас,

Қуш ҳам кўкка машаққатсиз учган эмас.

Ойдин тунлар, осойишта, тиниқ тонглар

Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.

 

Мевасин еб, боғини ҳам сўраб қўйгин,

Керак бўлса, боғ атрофин ўраб қўйгин.

Ниҳолларнинг кокилларин тараб қўйгин,

Озодлик ҳам, ободлик ҳам ўзи келмас,

Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.

 

Бу бинолар қайдан бино бўлди экан?

Ким боболар қаддин расо қилди экан?

Нечук бизни бугун дунё билди экан?

Озодлик ҳам, ободлик ҳам ўзи келмас,

Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.

 

Эртакларда мўъжизалар сеҳр сабаб,

Гулу гиёҳ кўкаргайдир меҳр сабаб,

Тафаккурнинг ҳурлигига недир сабаб?

Озодлик ҳам, ободлик ҳам ўзи келмас,

Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.

 

Ўн саккизга кирган йигит сўзига боқ,

Юзига боқ, олов ёнган кўзига боқ,

Бу энг буюк хазинадир, дўстим, бироқ

Озодлик ҳам, ободлик ҳам ўзи келмас,

Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.

 

Шижоатнинг, жасоратнинг маҳсули бу,

Ироданинг, заковатнинг маҳсули бу,

Улуғ Инсон танлаб олган ҳақ йўли бу,

Ўзбекистон, бундайин бахт ўзи келмас,

Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.

 

 

                       ЎЗБЕК ЎҒЛИ

Икки дарё  ўртаси  кенг  дастурхон,

Туз  тотгансан  тузлиғингни унутма.

Дастурхонни  белбоғ  қилиб  ўстирган

Ўзбек ўғли,  ўзлигингни   унутма!

 

Садарайҳон  букилгани – сўлгани,

Эр  йигитнинг  эгилгани – ўлгани.

Йўл  бермагил  душманларга  кулгани,

Ўзбек ўғли,  ўзлигингни   унутма!

 

Ўзбек  десам  жаранглаган  тор  келур,

Ундан  олдин  номус  ила  ор  келур.

Бургут  келур,  лочин  келур,  сор  келур,

Ўзбек ўғли,  ўзлигингни   унутма!

 

Унутмагил  насабингни,  зотингни,

Умид  билан  отанг  қўйган  отингни.

Асра  эрта  кунингни – зурёдингни,

Ўзбек ўғли,  ўзлигингни   унутма!

 

Бўшамасин  зинҳор  ёғоч  бешигинг,

Қулф  кўрмасин  дарвозаю  эшигинг.

Йиғилмасин  супадаги  тўшагинг,

Ўзбек ўғли,  ўзлигингни   унутма!

 

Кўпга  келган  кулфатларга  чап  берма,

Маҳмадана  майналарга  гап  берма,

Кўнгил  обод  бўлсин, сиртга  зеб  берма,

Ўзбек ўғли,  ўзлигингни   унутма!

 

Ночор  қолсанг  нокас  қўлини  тутма,

Арслонсан-ку  тулки  йўлини  тутма,

Ўзингдан  ўзгадан  марҳамат  кутма,

Ўзбек ўғли,  ўзлигингни   унутма!

 

                       Ёди ҳамиша ёдда

Самарқандда Улуғбек кўз ёшига чўмдим мен,

Лавҳул Маҳфузни ўйлаб, Ҳақ амрига кўндим мен.

Ер усти бойликларин тортар экан ер ости,

Хизр ёнига нодир хазинамни кўмдим мен.

 

Яна тонглар отиб кун кулгайми-кулмагайми,

Кимни бой берди дунё, билгайми-билмагайми?

Сайёралар юз йилда ёзаркан бир дастурхон,

Бундай меҳмон минг йилда келгайми-келмагайми?

 

Юрт бошига тош тушса, Юртбошига тегар тош,

Юртдошидан тош учса, Юртбошига тегар тош.

Мана, тошюраклар ҳам эриди сел-сел бўлиб,

Мана, кўзи қизариб, елка силкиб эгар бош.

 

Регистон майдонида туш кўргандай юрдим мен,

Уйғонай деб юзимга кўз ёшдан сув урдим мен.

Шоҳи Зинда ёнида фариштадай оқсоқол

“Етим қолдим, отам”лаб бўзлаганин кўрдим мен.

 

Ширин жонин буғдойдай ерга сочган отам-а,

Маънавият дурларин дилга сочган отам-а.

Сўнгги нафасигача юртим деб ёнган олов,

Умрини харжлаб-харжлаб, элга сочган отам-а.

 

Йиғласанг ҳам мунғайма, ғаним хандон бўлмасин,

Ўзингни йиғ, бардам бўл, қаддинг камон бўлмасин.

Тўн кийиб бел боғласа, курашга киргай ўзбек,

Ўзбекистон, жигарим, кўнглинг ёмон бўлмасин.

 

Чақмоқдек мусибатга тоғу тошдек бардош бор,

Елкангга бошин қўйган қавми инсон, қардош бор.

Отанинг ғоялари қоялардек мангулик,

Шери мардга муносиб арслонпанжа издош бор.

 

Юракларга қувватдир ёниқ шону шукуҳи,

Бирлаштирди ҳаттоки элни қайғу-андуҳи.

Ёди ҳамиша ёдда, исми тилларда дуо,

Ҳумоқушга айланиб, ёғду сочади руҳи.

 

Бу ҳаёт абадийдир, жилға сойига етди,

Жаннат барпо этган зот жаннатжойига кетди.

Ўзи бизга қайтарган даҳоларнинг ёнига,

Буюк Соҳибқироннинг қурултойига кетди!

 

                                       ЎЗБЕК

 

Манглайга кафт қўйиб олисга боқсам,

Эдил1дан кўринар бўйларинг, ўзбек.

Туш каби жимирлаб минг йил оқса ҳам

Номинг айтар энасойларинг, ўзбек.

 

Нуҳ тўфони, демак, қисмат шамоли,

Кимнингдир камоли, кимнинг заволи.

Саргашта кун кўрдинг оҳу мисоли,

Шундан ҳамон мунгли куйларинг, ўзбек.

 

Дили қонга тўлиб, кўзлари – ёшга,

Алп Тегин бир ҳикмат чегирди тошга:

«Бизнинг қайғумиз йўқ боладан бошқа…»

Болангга боғлидир ўйларинг, ўзбек.

 

Бир замон оловни илоҳ билган эл,

Қуёшга қарашни гуноҳ билган эл,

Ҳар бир босқинчини қўноқ билган эл,

Ёвга сўқмоқ бўлган кўйларинг, ўзбек.

 

Исмингни айириб кечди асрлар,

Хонликни бекликка бўлган не сирлар?

Кентларга сочилган ўрда, қасрлар…

Қумдан қорилганми лойларинг, ўзбек.

 

Дил қўзғалса, элни тўхтатиб бўлмас,

Сел қўзғалса, гилни тўхтатиб бўлмас,

Занжир узган қулни тўхтатиб бўлмас,

Тиғ бўлди ҳар битта мўйларинг, ўзбек.

 

Бўйнингдан кетган йўқ ҳали дор изи,

Қўй, қора кунларнинг ўчсин қораси!

Сен борсан – Темурнинг улуғ вориси,

Осмонингга қайтди ойларинг, ўзбек.

 

Катта қишлоқ экан Париж, Лондон, Рим,

Даламни соғиниб эзилди кўнглим.

Дунё гўзали – сен, қадоққўл синглим,

Гўзалдир ўнгиган кўйлагинг, ўзбек.

 

Ҳафталаб йўл қараб сарғаймас Кумуш,

Тоғни толқон қилди бобомерос мушт,

Тин олди давонга боқиб Алпомиш,

Тоғларни қўпорди ёйларинг, ўзбек.

 

Қўлингни кўзимга сурай, отажон,

Ёнингда ул бўлиб юрай, отажон,

Яхши кунларингни кўрай, отажон,

Совимасин қўлда чойларинг, ўзбек.

 

Онажон, ҳаволи боғлар муборак,

Ҳандалак банд берган чоғлар муборак,

Келин юзидаги доғлар муборак,

Буғдойларга тўлсин уйларинг, ўзбек.

 

Сумбула – тўкинлик, тўйлар мавсуми,

Бир қўзғалиб олар боғбоннинг хуми,

Асли, бир сатрдир шеърим мазмуни:

Тўйларга улансин тўйларинг, ўзбек.

 

                       ЮРТ ҚЎШИҒИ

Бобомнинг байти бор япроқларингда,

Момомнинг тафти бор чорбоғларингда.

Онамни эслатар райҳонинг, юртим,

Дадамнинг ҳиди бор тупроқларингда.

 

Сўлим Хонободдан Кийиксойгача

Қутлуғ остонадан суюк ойгача

Чироқлар юлдуздек порлар ҳар кеча,

Мудом ўт гурласин ўчоқларингда!

 

Тоғларинг бағрида лиммо-лим тилсим,

Минг йилким мўйсафид Шоҳимардон жим,

Сангардак қўшиғин шарҳлай олар ким?

Тилло қумлар ўйнар булоқларингда!

 

Мавлоно Лутфийлар улфатдир менга,

Шеър лутфи энг тотли суҳбатдир менга,

Улуғлар исми ҳам қувватдир менга,

Туғёним – ўйноқи тойчоқларингда.

 

Бир куйчи ўғлингман, баётим ўзинг,

Тилимнинг остида новвотим ўзинг,

Бағрим, жоним ўзинг, ҳаётим ўзинг,

Дил торим қалампирмунчоқларингда.

 

Қизғалдоқзорингда кўмилиб ётдим,

Биллур шабнамларда чўмилиб ётдим,

Дунёни унутдим, ўзни йўқотдим,

Мен ҳам Ватан бўлдим қучоқларингда!

 

                       ОНА ТУПРОҚ

Авлиёлар, даҳоларнинг бешигисан,

Нақшбандлар топган жаннат эшигисан,

Тирикликнинг навоси ҳам қўшиғисан –

Сен азизсан, муқаддассан, эй саждагоҳ,

Ўзбекистон, ота макон, она тупроқ!

 

Юрагимда тулпорларинг дукурлари,

Қайси юртнинг бордир буюк Темурлари?

Оловлардан омон чиққан Семурғлари,

Сен азизсан, муқаддассан, эй саждагоҳ,

Ўзбекистон, ота макон, она тупроқ!

 

Кимларнингдир кўкрагида тумор бўлдинг,

Кимларнингдир кипригида ғубор бўлдинг,

Гоҳида мард бир ўғлонга хумор бўлдинг,

Сен азизсан, муқаддассан, эй саждагоҳ,

Ўзбекистон, ота макон, она тупроқ!

 

Асл фарзанд меросига посбон бўлгай,

Озод элнинг орзулари осмон бўлгай,

Боболарим исмин айтсам достон бўлгай,

Сен азизсан, муқаддассан, эй саждагоҳ,

Ўзбекистон, ота макон, она тупроқ!

 

Ота уйин фароғатин билмаганлар –

Иккиси бир, бири икки бўлмаганлар,

Тупроқтеги бўлиб зор-зор йиғлаганлар...

Сен азизсан, муқаддассан, эй саждагоҳ,

Ўзбекистон, ота макон, она тупроқ!

 

Дарёларнинг изларида дарё бўлгай,

Даҳоларнинг авлоди ҳам даҳо бўлгай!

Фидо бўлса, шу Ватанга фидо бўлгай,

Фидо бўлса, шу Ватанга фидо бўлгай!

 

АВВАЛ КЕЛИНГ, КЎРИНГ ЎЗБЕКИСТОННИ

 

Йироқларда дўндирасиз ёлғонни,

Учирасиз, қўндирасиз ёлғонни.

Эй, тўнини чаппа кийган жаноблар,

Аввал келинг, кўринг Ўзбекистонни.

 

Ман-ман дея кўксингизга урибсиз,

Тоғ деб ўйлаб, яйдоқ қирда юрибсиз,

Абу Райҳон топган ерда юрибсиз,

Аввал келинг, кўринг Ўзбекистонни.

 

Маънавият уммонида дур тердик,

Маёқ бўлиб йўлсизларга йўл бердик,

Муҳтож қолган ғанимга ҳам қўл бердик,

Аввал келинг, кўринг Ўзбекистонни.

 

Тарихларга савол ҳар бир биноси,

Ҳар қадамда даҳоси, авлиёси,

Дардингизни олар Ибн Синоси,

Аввал келинг, кўринг Ўзбекистонни.

 

Отанг бозор, онанг бозор дейдилар,

Кимлар учун бозор – мозор дейдилар,

Бекорчидан Худо безор дейдилар,

Аввал келинг, кўринг Ўзбекистонни.

 

Гуллаётган, ўсаётган элдир бу,

Зулмат йўлин тўсаётган элдир бу,

Инсон номин безаётган элдир бу,

Аввал келинг, кўринг Ўзбекистонни.

 

                                       БЎЛМАГАЙ

 

Яратганнинг инояти – кўкдан келар имдодлар,

Оби раҳмат деб ёмғирга кафтин тутган аждодлар,

Тўғон қуриб дарёларга тўғаноқ бўлган зотлар,

Офтоб сочган зиёларнинг йўлин тўсиб бўлмагай,

Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай.

 

Бу дарёда қозоқ қувган маролнинг ҳам ҳаққи бор,

Махтумқули экиб кетган ниҳолнинг ҳам ҳаққи бор,

Нон урмасин, туз тутмасин Оролнинг ҳам ҳаққи бор,

Самум чалган наволарнинг йўлин тўсиб бўлмагай,

Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай.

 

Қишда қорни қизғангувчи пастдан Ўзи асрасин,

Ҳамсояга чоҳлар қазган касдан Ўзи асрасин,

Табиатдан қайтар қасос-қасддан Ўзи асрасин,

Сирли-сирли нидоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай,

Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай.

 

Хасадгўйнинг  қўрғонига қуш ҳам қўнмас дейдилар,

Худойимнинг берганига номард кўнмас дейдилар,

Ношукрнинг тўғонию  кўнгли  тўлмас дейдилар,

Саболарнинг, ҳаволарнинг йўлин тўсиб бўлмагай,

Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай.

 

  1. Эдил — Волга дарёси