“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 770 марта кўрилган.

Майса бўлиб гуркирайди умидлар

Носиржон ЖЎРАЕВ

                                       * * *

Бош устига қанча ташвиш келди, кетди,

Бу ташвишлар ярми янглиш келди, кетди.

Шарт эмасдир балки айтиш, келди, кетди,

Англолмадим: қайда келмоқ, қайда кетмоқ.

 

Ҳеч кимга қилмадим тақлид овозимни,

Ажратиб қўйдим шу тахлит овозимни,

Дилим билан қилдим яхлит овозимни,

Ахир энди ярашмагай майда кетмоқ.

 

Гарчи ҳозир хазон ёқиб исинаман,

Димоғимда майсаларнинг иси ҳамон

Ва кўнглимда муҳаббатнинг изи омон,

Бу ҳисларнинг тақдири – манглайда кетмоқ.

 

Одамликдан шоирликка ўсган руҳман,

Фавқулодда бахтман ва шундай андуҳман.

Худо шеърга айлантирган битта “уҳ”ман,

Демак, менга лозиммас бефойда кетмоқ.

                                                                                                     

                                       * * *

Мен бағоят санъаткор Кузман,

Кўзбойлағич каби сеҳргар.

Қиёфамдан кўзингиз узманг,

Сиз ҳам сингиб кетинг сеҳрга.

 

Бор сиримни кўрсатмоқчиман,

Ҳар мавҳумга битта реал ҳол:

Оҳларимни музлатдим – туман,

Дайдиб юрган хазонлар – хаёл.

 

Ҳосиллари йиғиб олинган

Анов бўм-бўш далалар – манглай,

Бу ёмғирлар (овози тинган)

Кўксимдаги эски жаранглар.

 

Тўзғин, қўнғир, чигал сочларим –

Қировларда ивиган токзор.

Шароб ҳидин сезар ундан ким,

Кимдир бир бор силамоққа зор...

 

Мен бағоят санъаткор эдим,

Хўрсиниғим – олов, кулгим – гул.

Аммо энди обдон ҳоридим,

Юзларимда сўнмоқда жим гул.

 

Жодуладим муҳаббат билан,

Лек тақдирга бермадим фириб.

Ҳислар ўлди сўнг навбат билан,

Сиз умримга келганда кириб.

 

Сизни қачон ташлаб кетди завқ?

Шу кўксим, шу манглайни босиб,

Тирикчилик важидан, бефарқ

Ишга-уйга қатнайсиз шошиб.

 

Сеҳр битди! Мўъжиза тамом!

Мен айландим оддий одамга.

Энди ўзим қараб қўрқаман

Кўзгудаги жўн қиёфамга...

 

                       БАНДЛИК

Меъдаси тўқ одам – тинч,

Нафс йўлига юрмагай.

Нафс ҳам уни йўлдан ҳеч

Уришга улгурмагай.

 

Мен ҳам шу – тушган бошга

Бир Ишқ билан сармастман.

Не бахт, кўнглим тўқ, бошқа

Севишга мажбурмасман.

 

                       КИБР

Магар сенга малолдир, ҳисларим

кишанлайман

Ва висолинг ўрнига ҳижронинг

нишонлайман,

Аммо имоним комил, сен ҳам

ожиз бандасан –

Мени севмаслигингга ҳеч қачон

Ишонмайман...

 

                                       ҚАРОР

Мен сенинг кўнглингда омонат иқрор,

Гул баргига шудринг қўнган бир дамдек.

Ёки ғирт нотаниш шаҳарга илк бор

Хизмат сафарига борган одамдек.

 

Тушун, зерикканман мусофирликдан,

Ахир мен дайдию дарбадар қушмас.

Бир сенга боғлансам қалбан ва фикран,

Ўйлайманки, осмон узилиб тушмас.

 

                                       * * *

Ёмғир...

Гўзал гулдастадек шаҳарга

Майин-майин сув пуркайди булутлар,

Ёмғир...

Шунча муҳиммиди баҳорга,

Майса бўлиб гуркирайди умидлар.

 

Нақ дарвозам устунига суяниб

Ҳаётимни кузатади. Кейин “Сен

Севги учун яралгансан!” дер ёниб

Кўйлагини ёмғир ивитган апрель.

 

Рад этаман!

Рад этаман мен уни!

Ортимдаги кузга ўксиб қарайман.

Наҳот унутаман азиз қайғуни,

Наҳот энди баҳор билан қарийман!

 

Бунча санъат!

Бунча санъат баҳорда!

Мен унга енгилдим, боғландим, севдим.

Ортга қаролмайман, ортда ҳар ҳолда

Кузлар бор, мен эса айтмасдан келдим.

 

        МАГАР КЎЗИМ ЮМУҚ...

Магар кўзим юмуқ – суряпман хаёл,

Магар сукутдаман – дилимда оҳанг.

Ўзгача туйилса сизга эҳтимол,

Мудроқда эмасман, хавотир олманг!

 

Қўрқув-ҳадиклардан энди қалб йироқ,

Қалтироқ бошқадир, бошқа қалдироқ,

Тоғлардек ларзага тушаман, бироқ

Титроқда эмасман, хавотир олманг!

 

Сизнинг наздингизда бағри доғлиқман,

Кимгадир малҳамман, кимга оғриқман.

Мен онгли равишда Ишққа боғлиқман –

Сиртмоқда эмасман, хавотир олманг!

 

                       ФАРҚ

Менинг кўзим тундаги чақмоқ,

Сенинг кўзинг офтобдай чақноқ.

Менинг сочим бўрон, шамолдир,

Сенинг сочинг бир мажнунтолдир.

Менинг кўксим гулдираган тоғ,

Сенинг кўксинг осойиштароқ.

Менинг қўлим қартайган илдиз,

Сенинг қўлинг энг хушбўй ялпиз.

Менинг бошим ўтди эгилмай,

Сенинг бошинг ўтди дард билмай.

Менинг қалбим муҳаббат, аммо,

Сенинг қалбинг бундан мустасно.

 

   ЁШЛИКНИ КУЗАТИШ

Хона. Эшик ёпиқ. Ёлғизсан.
Стол узра китоблар уюм.
Бугун тугар энг гўзал қисса —
Сен ёшликни кузатасан жим.

Аллақанча суратлар ташлаб,
Яна аллақанча нарсани
Қўлларингга топширар шошмай
Ва якунлар сўнгги дарсини.

Шунда оғрий бошлайди бирдан
Танангдаги жами ҳужайранг.
Ўчиб кета бошлар хотирдан
Сен ўрганган миллионта ранг.

Ва гупурар бир ҳовуч қонинг:
Алам, афсус, кейин изтироб.
Тўрт девордан чиқмас исёнинг —
Нега бехос тугайди китоб?!

Хона. Эшик ёпиқ. Алвидо.
Ҳадди сиғиб кирмайди ҳеч ким.
Фақат — деразангнинг олдида
Ёшлик сени кузатади жим.