“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 459 марта кўрилган.

Ёдинг ҳар нарсани ёддан чиқарди

 

Усмон ҚЎЧҚОР

МУҚАРНАС

Шарқ меъморчилигида муқарнас деб аталувчи усул бор. Биноларнинг гумбаз ва қуббаларига ушбу усулда ўйма ёки қабариқ қилиб ишланган бир хил шакл, айни ўлчамдаги нақшларида ўзига хос ҳаётий фалсафа ҳам яширинган дейишади. Мумтоз адабиётда бу сўзнинг “осмон”, “кўк гумбази”, “фалак чархи” каби маънолари ҳам бор. Шеъриятимизда иккиликлар ўз жанрига кўра турфа номлар билан аталса-да, мен ўз машқларимни муқарнас деб аташни ҳавас қилдим. Муаллиф.

 

Эй Навоий, тоқини мен доғи ашкимдан йиқай,

Чун менга қисм этти бу чархи муқарнас йиғламоқ.

                                                                                      Алишер Навоий

 

                                       * * *

Кенг битта тўн кийсам, хоҳ терс, ўнг кийсам,

Тиздан қуйи тушиб турса енглари.

                                       * * *

Ҳам азал, ҳам абад менинг кўнглимда,

Унга дуч келгайсан қай ёндан келсанг.

                                       * * *

Тонг ўрнин шом олар, не тонг, хазондек

Учириб кетса бул шамоллар мени.

                                       * * *

Мен сенга юзма-юз чиқмоқчи эдим,

Юзимга урилди ўтрук шамоллар.

                                       * * *

Нафсимнинг ҳур ити ҳуриди, эвоҳ,

Тишланган ойларга ташланмоқ бўлар.

                                       * * *

Ўйинга тушса-да шомон шамоллар,

Шом олди қуволмас рўёларимни.

                                       * * *

Кўлкадан ўтаман чумоли каби,

Кўлка эгасига тушмайди кўзим.

                                       * * *

Азал жамолидан бир шамол келди –

Йиғлади азалнинг жамолисан деб.

                                       * * *

Овозанг эшитдим, овозингни – йўқ,

Юзингни кўрсаму тоғдай кул бўлсам.

                                       * * *

Елланиб ўтаркан этагинг ели,

Тўзғиб кетсам Қаҳкашон каби.

                                       * * *

Йўл индим, ялиндим, такбирга келдим,

Хок эдим, пок бўлдим Акбар отингдан.

                                       * * *

Юрагимга тушди буюк бир қўрқув,

Қўрқмасдан қўйдим мен энди ҳеч кимдан.

                                       * * *

Кўнглимнинг уйига тўрт девор қўйдим –

Ишорат, иродат, ибрат, итоат.

                                       * * *

Эргашиб борадир қаерга борсам,

Сужудга бордиму вужуддан бездим.

                                       * * *

Кўрмана керакмас, келиб кўр мани,

Тикилиб турибман кўзларим юмиб.

                                       * * *

Теран хилватларга қочганим сари

Теранлашиб борди сенинг нигоҳинг.

                                       * * *

Ошиқдан ошиқроқ ошиқмоқдаман,

Эшигин бекитмай турсайди Тавба.

                                       * * *

Шам оппоқ йиғлади, мен йиғладим қон,

Билдим, алвон экан муҳаббат ранги.

                                       * * *

Куз айтди баҳоринг олдиндадир деб,

Баҳор йиғлаб мени кузга кузатди.

                                       * * *

Фаслингдан умид йўқ, умид – васлингдан,

Еган олмам учун афу эт мени.

                                       * * *

Ярқ этиб кўнгилнинг кўзи очилди,

Юм-юм меҳр тўкиб чиқар ҳар кеча.

                                       * * *

Бол оққан, сут оққан ариқлар дея

Нафсим қитиқлама... Менга васлинг бас.

                                       * * *

Кўнгилнинг уйини кенг қилдим беҳад,

Энди унга сиғмас Сендан ўзгаси.

                                       * * *

Қон қонга, жон жонга қоришиб кетди,

Тандирдан нон эмас, сув чиқиб келар.

                                       * * *

Уҳ, мени кемангга олгин, уҳ, мени,

Ботиб бораётир ерга оёғим.

                                       * * *

Ёдинг ҳар нарсани ёддан чиқарди,

Дўзахга кирсам ҳам – ёдда Сен ўзинг...

                                       * * *

Ювсайдим, қувсайдим Улуғ кунгача

Буғдойдан бошланган гуноҳларимни.

                                       * * *

Умримга бепоён таскин битта сўз:

Кўнгил, кўнгил; кўнгил, кўнгил; кўнгил, кўн...

                                       * * *

Куй энди, юракнинг ёнмоғи гумон,

Руҳ учди, қолган бу вужуд – куйинди.

                                       * * *

Қошларинг хаёли кетмас қошимдан...

Очунда қоч ундан, очунда қоч ундан...

                                       * * *

Ёрдан чиққан бу жафо ётдан чиқмас,

Кўнгилдан чиқмагай, ҳеч ёддан чиқмас.

                                       * * *

Лабо-лаб қонли май ичдим лаб оллаб,

Балойи ишқдан озод лоуболийман.

                                       * * *

Умид юлдузларинг пир-пир чекинди,

Ҳар битта қайғуни бир-бир чек энди.

                                       * * *

Қаёнда эдинг сен, қай онда эдинг,

Эй менинг пинҳоним, аёним менинг.

                                       * * *

Гумон уммонини босди бир туман,

Еру осмон чўкди, иймон чўкмади.

                                       * * *

Ул-булдан куйган бир чўғми бул булбул,

Ёнди ул қўнган гул, чаманлар куйди.

                                       * * *

Ҳайрато, биз ҳайратомуз гул кўрдик,

Шабнам бўлиб йиғлашни маъқул кўрдик.

                                       * * *

Муаззин, овозинг бунчалар ҳазин,

Ишққа чақирмаслар. Кўнгил ухламас.

                                       * * *

Ҳузурига юз буриб айтма узрлар,

Бу ўтдан ҳузурлар қилгин, ҳузурлар.

                                       * * *

Тунлар юлдузларга боқиб ётурман,

Ҳали ёпилмаган умиднинг томи.

                                       * * *

Ишқ – бу не тўзонди, қўлим узанди,

Ердан оёғимни ўзинг уз энди.

                                       * * *

Куйиб кетмоқдаман кўрмайин ҳали,

Жамолинг кўрганда не кечар ҳолим.

                                       * * *

Шунчалик кенгсанки, кечмоққа шайсан

Қилиб улгурмаган гуноҳларимни.