“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 659 марта кўрилган.

Диллардан тилларга кўчар қутлуғ сўз

 

Гулчеҳра  ЖЎРАЕВА

                       ШАРАФЛИ  ЙЎЛ

Йигирма беш йил айтишга осон

Азамат йигитнинг навқирон ёши.

Ҳар бир йил – янгилик,   кураш,

имтиҳон,

Зулматни ёритган Ҳурлик куёши

Буюк келажакдан кўрсатди нишон...

 

Гоҳ қисқа, гоҳ узун туйилди бу йўл,

Аммо эсдан чиқмас шум ўтмиш ҳамон

ўанимлар қутурган бебош ғалаён,..

Яхшиям бор экан доно Юртбоши,

Адолат амри-ла баланд келди қўл.

 

Орқага қайтишга йўл йўқ бир қадам,

Халқлар иродаси мустаҳкам омон,

Ишонч ва умидни тоблаган қасам.

Юртни асрамоққа чорлади иймон!

       

Тақдир йўлимизни қўллади абад,

Оллоҳ шафоати, аждодлар руҳи,

Шуҳрат чўққисига кўтарди меҳнат,

Юксалди бунёдкор Ўзбек ғурури!

 

Оёқлар остидан тикланди Наврўз,

Сумалак хушбўйи тутди оламни...

Хотира майдони гавжум қишу ёз,

Ёдлаймиз эрк учун фидо Одамни...

 

Тинчлик осмонида ягона юлдуз,

Нуридан баҳраманд эл, миллат хуррам,

Диллардан тилларга кўчар қутлуғ сўз

Барча хонадонда энг улуғ байрам!

 

Яшнаган диёрда бугун тантана,

Мушаклар рангидан ранг олар юрак.

Олқишлар ёғилар жаҳондан яна,

Жон фидо Ватаним,

Тўйинг муборак!

 

                       ОНА  ҚЎЛИ

Она қўли юлдузга ўхшар,

Беш бармоғи – бешта қирраси...

Ҳар бирида ҳаёти яшар,

Кечмишининг оқу қораси.

 

Ой ҳам қуёш чиқар шу қўлдан

Тун ҳам кунни қилиб мунаввар,

Мушкул келса қайтади йўлдан,

Шодлигу дард бирлашса агар...

 

Она қўли – меҳрдай юмшоқ,

Ҳумо қушнинг парига ўхшар...

Матонати қўзғолса, бироқ

Музлаб ётган тоғни ҳам тешар...

 

Меҳнат ўсган бармоқларидан

Гўзал бўлиб яшнар истеъдод.

Кафти чизган ирмоқларидан

Бой – бадавлат хонадон обод.

 

Оналарнинг боши осмонда,

Фарзандлари деса “Онажон”,

Оталари эсон-омонда

Бошларида турса соябон.

 

Қиз туғилди.

Туғилди, она,

Чақнаб келди бир юлдуз яна...

                                                                                      2011

                                       НАЗАР

                           Ёш шоирага

Хаёллар фаслида учар маҳалинг,

Ўн саккиз ёшдасан, ўн саккиз олам.

Ўн саккиз минг олам олдинда ҳали...

Қоғозга тушурар бир кун бу қалам.

 

Шеърингда ўйнайди ҳозир ҳар япроқ,

Булбулга қўшилиб бирга куйлайсан.

Гўзаллик сеҳрига тортади кўпроқ,

Тоғлар садо берса бирга куласан.

 

Ўн саккиз оламни кўрар кўзларинг,

Чиройда, ифорда, бетакрор гуллар.

Баҳорни уйғотар ширин сўзларинг,

Оппоқ қор остидан бойчечак кулар.

 

Севгига тўла қалб боқар бошқача,

Ҳаяжон укпари сенга қўшқанот.

Туйғулар бошқарар сени бошгача,

Ёғдуга ўралган бу кўркам ҳаёт.

 

Олам назарингда кафтдек теп –текис,

Баланду пасти йўқ, чўнқирлари йўқ.

Одамзод беармон яшайди тўкис,

Қушча ҳам узоққа талпинмайди, тўқ.

 

Сенга бегонадир қора соялар,

Булут ҳам, бўрон ҳам, чақмоқ борлиги,

Йўлларинг тўсмоқчи бўлган қоялар,

Ёлғону ҳасаддан дунё торлиги,

 

Алдовлар топтаса сабр, ишончинг,

Аламлар ўтига ташлар изтироб,

Уларни енгишга қодирдир кучинг,

Умидни узмагин, ўйлама сароб.

 

Юракнинг ойнаси дейдилар кўзда,

Истаса тунни ҳам зарга безайди.

Кўрмоқ, кўрабилмоқ ўз измимизда,

Тафаккур тўлқини онгда кезади.

 

 

Ўн саккиз ёшлигим қайтиб келсайди,

Яшарган кўз билан дунё кўрсайдим...

                                                                                      2009

 

        КЕЛИН  КЕЛДИ

Онажони бағридан

Оппоқ кабутар учди.

Бахтиёр хонадонга

Бахти бор келин тушди.

 

Бир қизи-икки бўлди,

Қайнота, қайнонанинг,

Остона нурга тўлди,

Бағри бутун хонанинг.

 

Келин турар эгиб бош,

Қабул айланг саломни.

Чорланг қайни, қариндош

Тўй бўлғуси санамни.

 

Келинчагу келинчак,

Тинчинг бузсин “инга”лар,

Эртами кеч беланчак

Олиб келсин янгалар.

 

Бардош ақл, саботга

Суянсанг тоғ бўлурсан.

Меҳридарё ҳаётга

Тарасанг, боғ бўлурсан.

 

Бўйнингдаги маржонинг

Сочилиб узилмасин

Ясатиғлик тахмонинг

Тахидан бузилмасин.

 

Онажони бағридан

Оппоқ кабутар учди.

Бахтиёр хонадонга

Бахти бор келин тушди.

                                                                              1985