“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 767 марта кўрилган.

Бир хил айланади замину замон

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири

                                       ­­­* * *

Қаноат қилгил эй дилким,

                       ҳали девоналиғлар бор,

Кўринмас ишқ жамолига

                       ҳали парвоналиғлар бор.

Бу ғамлар ғам эмас ҳаргиз,

                       бу дамлар дам эмасдирлар,

Ҳали дунё ғами бирлан

               ажиб ҳамхоналиғлар бор.

Фалакнинг турланур авзойидин

                       лолсен, вале билгил:

Бу йўлда аввалу охир

                       фақат ҳайроналиғлар бор.

Неча вайроналиғ кўрдинг

                       кўнгил ободидин, эмди

Сени обод этувчи бир

                       гўзал вайроналиғлар бор.

Чекингай хайли худкомлар

                       даф ўлгай заъфи хумморинг,

Ҳали Ёрнинг хаёлидин

                       маю мастоналиғлар бор.

Жаҳондин тутма ошнолиғ,

                       ки кун келгайки  англармиз:

Бу олам аҳли бирлан

                       қанчалар бегоналиғлар бор.

                                                                                      1990 й.

 

                                       * * *

Мен кўнгил дунёсининг доғидаман,

Ҳар кўнгилнинг доғи сўроғидаман.

 

Сен мени қўрқитмагил доринг ила,

Ҳар кеча мен ишқ сиртмоғидаман.

 

Тўрт томондин елса ғурбат еллари,

Мен бир эрмас, бори тўрт ёғидаман.

 

Сен мени бўстонларингдан излама,

На гулу на булбулу зоғидаман.

 

Майлу мақсудим фақат дилдир менинг,

Токи уч-тўрт кун бақо боғидаман.

 

Икки олам маъниси жисмимдадир,

Гоҳ у, гоҳ бу қирғоғидаман.

 

Сен даводин урмагил дамлар, ки мен

Айни дарду айни руҳ чоғидаман.

                                                                                       1990 й.

 

                       Дийдор

Ота уйимизда ёзу куз, баҳор,

Ака-укалару опа-сингиллар,

Тўпланган пайтлари такрор ва такрор,

Порлагандай бўлар ўнлаб қандиллар.

 

Қуюқ хотиралар пиёласидан

Эсдаликлар ичиб ўлтирар онам.

Дийдору шодликлар шалоласидан

Барча хандон бунда, дўсту ёрон жам.

 

Тиниб қолгандайин гўё атайин

Ёғоч сўримизнинг тепасида ой.

У ҳам совуб борар тун ўтган сайин,

Мисли бир пиёла тўла сариқ чой.

 

Баҳор келаверсин такрор ва такрор.

Бизнинг тонгимизни ғариб шом қилма.

Давом этаверсин ҳаёт ва дийдор,

Худо, шу дамларни паришон қилма.

                                                                                          2007 й.

 

               Дарё

Ким шамол,

Ким отда учиб елишди,

Пешинми, шом чоғи ва ё эрталаб,

Шеърият шаҳрига кириб келишди.

Мен Тўполондарёни келдим етаклаб.

 

Сеҳрли бу шаҳар,

Гўзал бу шаҳар,

Ваъда айлар эди жозиб эртаклар.

Зангор дарвозасин очиб бир саҳар,

Мен Тўполондарёни кирдим етаклаб.

 

Бир пайтлар ҳазрати Хизрлар янглиғ

Кезган устозларнинг қутлуғ макони.

Тўтилар юрарди вазирлар янглиғ,

Мен юрдим етаклаб Тўполондарёни.

 

Нозик гулойимлар ташбеҳлар узиб,

Чалғитиб юрарди ўнгу рўёни.

Тонгги кўчаларнинг сукутин бузиб,

Етаклаб келдим мен Тўполондарёни.

 

Ярим ошқозони йўқ булбул билан

Дўст тутиндик кейин тўшаб бўйрони.

Мен унга термулдим,

У менга дилтанг:

Нима қилсак экан Тўполондарёни?

 

Улуғ уммонларнинг товуш, сасига

Дил бериб, ўргандик назмий дунёни.

Сўнгра Ёзувчилар уюшмасига

Етаклаб келдим мен Тўполондарёни.

 

Ҳайъат қабулига кирдик сўнг секин,

Хайъат бизга, биз ҳам ҳайъат ҳайрони:

– Сизни қабул қилдик майлига, лекин

Нима қилсак экан Тўполондарёни?

 

Уйли-жойли бўлди шоирлар қатор,

Шеър ахир кўнгилнинг эрка жайрони.

Бизнинг ҳам энди ўз рўзғоримиз бор,

Нима қилсак экан Тўполондарёни?

 

Шеърият, шеърият –

Ёддир, фарёд ҳам,            

Не зотлар дил аро ёш олиб кетди.

Мен олиб келганим тошқин дарё ҳам

Бир тонг хайрлашмайин бош олиб кетди.

 

Балки чидолмади ҳасадгўйлару

Мен таништирганим дўсту ёрларга.

Бир-бирин кўролмай юрган кўзлару

Кўнгли қаролар ҳам ичи торларга.

 

Лойқа давралардан ғамларга тўлди,

Кетди. Йиллар ўтди. Ўзгарди замон.

Бугун Тўполондарё сувомбор бўлди,

Мен уни етаклаб юрибман ҳамон.

                                                                                         2007 й.

 

 Хизмат Ҳудудидан ташҚарида

Ўтди майсалик ҳам, ўтди лолалик,

Не хатлар умрнинг нақшларидадир?

Йилларга сим қоқсам – олис болалик,

Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.

 

Қолмиш адирларда гўзал чоғларим,

Не ранглар далаю даштларидадир?

Энди қўзиларим, қўзичоқларим

Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.

 

Кўклам келаётир – само ҳам, ер ҳам

Селлар, чақинларнинг машқларидадир.

Тошқин пайтларимга қайтайин десам,

Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.

 

Бир хил айланади замину замон,

Ҳиндми ё Хитонинг Қашқаридадир.

Менга зарур бўлган энг тиниқ армон

Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.

 

Боғланолмай қолдим бойчечакларга,

Севгимми – кўнгилнинг ғашларидадир.

Бугун интиқ бўлсам қай чечакларга –

Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.

 

Йигитлик тулпори илдамлаб чопса,

Вақтим – шиддатлари, шаштларидадир.

У ҳам эрта-индин қирлардан ошса –

Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.

 

Ҳаёт янграйверсин, айласин давом,

Гарчи севинчлари, ашкларидадир.

Меҳру муҳаббатга бўлмасин жавоб:

Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.

                                                                    2007 й.