“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 647 марта кўрилган.

Азизим! Нақадар шеърга ўхшайсан!

 

Усмон АЗИМ,

Ўзбекистон халқ шоири

 

                                       ХАТЛАР

                                                       1

Менинг ҳам кўп савдо бошимга тушди.

Етиб боролмадим сизга. Иймандим.

Сиздан парвозланган узлуксиз тушни —

Қўшиқли руҳ этдим фақат — куйландим.

 

Қисмат — йўриғимга юрмаган олам.

Умр — сиз тарафга таралган қўнглим...

Бахтли бўлолмайман мен сизсиз. Ҳеч ҳам.

Сиз эса менсиз ҳам бахтиёр бўлинг.

22.10.2015

 

          2

Сарғайиб учган ҳар барг

Сизга ёзган мактубим.

Азизим, боққа чиқинг,

Мени ўқинг, маҳбубим!

 

Куз яратар дардларни —

Қолмади бағри бутун!

Хазон боғда — баргларни

Босолмай йиғлаш нечун?

 

Ёзиб бўзлаган билан

Адо бўлмас куз сўзим.

Хазоннинг бир барги — сиз,

Куз эса менинг ўзим...

                                                                      27.10.2015

 

                                                       3

Азизим! Нақадар шеърга ўхшайсан!

Эсласам, нурланар руҳим ёруғдан,

Эсласам, ғижимдир дилим оғриқдан...

Сен сўзда то абад қолмоққа шайсан —

Магарким, шеър ёзсам, кечиб борликдан. 

 

Сен шеърсан! Етмоққа қайдадир сабот —

Гар ишқнинг ошкормас, пинҳонидаман.

Пинҳоннинг беқарор бир ҳолидаман...

Сен йўқсан — тош ичра қоқяпман қанот,

Сен йўқсан — фалакнинг зиндонидаман.

                                                                                      3.02.2016

    

        МУҲАББАТ

Қуёш бўлган пайтларим

Фақат кундузни қучдим.

 

Тупроқ бўлган пайтларим,

Жаъми илдизни қучдим.

 

Товуш бўлган кезларим,

Қўшиқни севдим жондан.

 

Сўзга кўчган кунларим,

Руҳни учирдим онгдан.

 

Шоир бўлган кезларим,

Кўнгилга кўнгил бердим:

 

Оламни бир гул этдим — 

Сенга шу гулни бердим.

                                                                      10.11.2015

 

        * * *

Кетаётганимда

бирор-бир

оғир юким қолмайди

дунёнгизда.

 

Ҳам-м-масини кўтариб кетаман ўзим.

 

Фақат

қўшиқларим қолади.

 

Оғир юкингизни

кўтаришиб юргани —

қўшиқларим қолади.

                                                       13.11.2015

 

                       ТУШУНТИРИШЛАР

          1

Юрак беринг дея

             айтдимми бир бор? —

Зўриқиб сўнгига магар шайланган. 

Қовурғам тагидан изламанг бекор —

Бизнинг юрак бўлгач,

                руҳга айланган.

 

           2

Қанот беринг дея

              айтдимми бир бор?

Бизга Ернинг чанги мукофот тақдир.

Ерми? Айланмоқда! Хавотир бекор!

Биз унда яшагач,

Осмон бўлгандир...

                                                       02.12.2015

                                       * * *

“Мени ҳали эслаб юрасиз”, —

деди бир аёл.

“Йўқ, — деди у. — Сизни

эслайдиганлар жуда кўп.

Мен эса, ҳеч кими йўқ

бир аёлни эслайман,

Худо хохласа;

ҳеч кими йўқ

бир аёлни соғинаман,

Худо хоҳласа”.

 

Ташқарида —

хазон ёғар.

 

“Қайси йилнинг хазони?

Бу суҳбат

қаердан келди?

Нега бунча ғуссали? Нега

бирдан соғинч ўртади жонимни?

Ҳеч кими қолмадимикан у аёлнинг?

Бир ўзи юрганмикан дунёда тентираб?

Излаб борсаммикан?..”

 

Ташқарида —

Хазон. Шамол.

Куз ёмғири.

 

Нималарни

хоҳлаяпти

Парвардигор?

 

Йўл эса,

унча олис эмас:

 

ўттиз беш кузакдан

ўтилса,

бўлди.

                       5.12.2015

 

                       ҚАЙТИШ

Эслайман, бу жойда бор эди ҳовуз.

Атрофи айлана — толлар. Қайрағоч.

Шамолларнинг эса сози — чанқовуз,

Яланг, тўзғинсоч.

 

Соялар салқинда оларди ором —

Теварак супалар узра ёстаниб.

Бесўз изилларди дилимда туғён —

Тақдир ёзгани.

 

Юрак саҳросидан келардим беҳол —

Сағир қисматимни сололмай шеърга.     

Ҳовуз бир ҳовуч сув, соясини тол

Берарди менга.

 

Ҳовузнинг сувлари қуриди қачон?

Толларни ким кесди? Қайрағоч қани?

Қандай у йилларни сақлайсан омон,

Хотирам маним?

 

Умрим ўткинчилик зайлига ёрдир.

Азал — хотирни ҳам йўқликка йўйди...

Шеърнинг ўлмайдиган одати бордир —

 

Шеър ёзиб қўйдим.

                                                       7.12.2015

 

                       * * *

Умр бўйи сизга ёздим хат —

Қоғоз эмас; шамолга, вақтга...

Умид ила баҳорда; беҳад

Хазонлиғда — кузак етган пайт —

Соғинч ила ғуссали бахтда.

 

Соғинганим! Узун ҳижронда

Боғлар қанча хазонлар тўкди.

Хатлар ёздим — қайси замонда? —

Манзилингиз қайси осмонда? —

Сизга етиб боргани йўқми?

 

Умр бўйи сизга хат ёздим!

Ҳижрон билан дамим — мунг суҳбат.

Қосид вақтдан кутиб жавоб хат,

Руҳдан тошдим, ақлдан оздим...

Сиз тарафга бормайдими Вақт?

 

Сиз борсиз-ку! Сезаман, сиз ҳам

Умр бўйи битгансиз хатлар!

Нега йиғлаб турибсиз бу дам?

Вақт мен томон келмаслигини,

Хатлар менга етмаслигини,

Сизга охир айтдимми, эгам?

 

Хатларимиз асрлар бўйлаб

Замонларда чалкаш толдими?

Вақт қўлида ёхуд ёндими?

Ё хатларни ўғирлаб йўлда

Абадият олиб қолдими?

                                              29. 10. 2015

 

                                       * * *

Кўчангдан ўтаверсам,

Ҳар кун ўтади, дема —

Худо йўлимни бурса,

Қайтмас бўлиб кетарман.

“Сени севаман”, десам,

“Бўлди! Етади!”  дема —

Тақдир ўзга йўл қурса,

Айтмас бўлиб кетарман!

 

Эй ёр-о! Азиз ёр-о!

Дарвоза тирқишидан,

Бир майин боқсанг қани —

Бир кулиб, ёқсанг қани?

Бир севгим сиғмаётган

Кўнглингнинг тор ишидан

Менинг учун ним шафқат,

Ним сабр топсанг қани?

 

Кўчангдан ўтаяпман,

От устида — ғайғайлаб,

Қўшиғимни эшитган

Дунё бир тутам қуюн...

Мен севгимни тош айлаб,

Жисмимни тупроқ айлаб,

Сен юргучи кўчага

Тўшаб кетаман бугун.

                                                       3.1.2016

 

    ТАРАҚҚИЁТ

Тақвимга қарама —

Аллақачон куз.

               

Бор-йўғи, вақт етди —

Ёзда танаффус.                                              

 

Тақдирингни эса,

Қарғама ёмон —

 

Уни бахтга ўзинг

Бергансан, нодон.

 

“Нима бўлади?”, деб

Ўйлаш ҳам жафо —

 

Сендан ҳам қолади

Ахир, бу дунё!

 

Кетяпсан... Кетишда

Бор ажиб маъно:

 

Ортингда юксакроқ

Тортади дунё.

                                     5.11.2015