“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 1065 марта кўрилган.

БУ ЛАҲЗАНИ ЯШАГАНДАЙМАН

Ҳумоюн АКБАР — 1964 йил Андижон вилоятида туғилган. 1980-1985 йиллар Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультетида, 1997-1998 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият академиясида таҳсил олган. Ҳозирга қадар шоирнинг “Унутилган гул” (1996), “Юракдаги рангин камалак” (1997), “Дилхирож” (2000), “Кўнглим гули”(2006), “Ёшлик бекати” (2008), “Туйғулар рақси” (2010), “Интиҳосиз наволар” (2012) шеърий китоблари чоп этилган.

Ҳумоюн АКБАР

 

                       Гўзал

Бу лаҳзани яшагандайман,

Уйғонгандай ўшал туйғулар.

Бағри пора қамиш – найдайман,

Дардли шодлик, ширин қайғулар.

 

Менга таниш соҳир нафасинг,

Борлиғимдан таралар наво.

Маъюс, аммо шаддод қарашинг

Бари маълум, бариси раво.

 

Сени умр бўйи изладим

Ва қошимда бўлдинг намоён.

Менга аён айтар сўзларинг,

Одатларинг барчаси аён.

 

Бу илк бора кўришув эмас,

Биз аввалдан танишмиз гўё.

Нечун сендан айрилгим келмас,

Юрагимда яшармидинг ё...

 

                       * * *

Энг қадимги қўшиқдир алла –

Сўзларида ботин наволар.

Қўшиқ эмас, илоҳий нола

Ором олар замин, самолар.

 

Энг қадимги создир чанқовуз –

Бағри пора қамиш ноласи.

Таралганда, сокин дала-туз

Тинглар, ҳатто тоғлар дараси.

 

Кўҳна созу сўзлар сеҳрли,

Жумла олам дардини сўйлар.

Олис мозий қадарли сирли,

Лек боладай содда бу куйлар...

 

        Навоий кўчаси

Навоий кўчаси муҳташам, танҳо,

Боқийликнинг сирли осмонларида

Сомон йўли каби товланар гўё.

Тошкентнинг файзиёб оқшомларида.

 

Гоҳ Ширин, гоҳ Лайли, кўз қарошидан,

Йўлингда учрайди жўшқин наҳорлар,

Одамлар дарёдай оққан саҳарлар.

Қуёш кўтарилар кўча бошидан.

 

Ёнингдан ўтади япон, рус, озар...

Ҳазрат сиймосига боқиб ҳайратда,

Йўлдошлар сафини юз миллат безар.

Бир йўлдан боришар ажиб сийратда.

 

Келганларга мамнун ташлайди назар

Донишманд кўзлари, йўлнинг бўйида,

Нелар кечар экан Ҳазрат ўйидан.

Теваракда эса мангу руҳ кезар.

 

Мен ҳам бу кўчадан ўтаман ҳар кун,

Дарё ичра мисли бир томчи, тўлқин,

Қалбимга тўлдириб ғуруру сурур.

Ҳазрат кўчасидан таралади нур.

 

        Рангин ёмўирлар

Баҳор гулларининг ёмғири –

Пушти, сариқ, қип-қизил, оппоқ...

Сассиз, аммо уларнинг сирин

Ёяр хушбўй сочиб гуляпроқ.

 

Ёз ёмғири – заррин оппоқ нур,

Ёндиради борлиғим меҳр.

Салқин ўрмон ичра кўринур

Нур ёмғири, таратиб сеҳр.

 

Куз ёмғири – тўкилар барглар

Шамол билан йиғлашадилар.

Айрилиқдан бериб дараклар,

Сариқ рангда бирлашадилар.

 

Қор ёғади баҳорга қадар,

Қора қишда оппоқ хаёлдай.

Самолардан сочилган гуллар

Ерга учиб тушади қордай.

Мен яшайман боқиб фалакка,

Ва умримга бераман пардоз.

Шаррос ёмғир эса, юракка

Қувончларнинг кўз ёши, холос.

 

        ҚУЁШНИ СОўИНИБ

Кунгабоқар кунга боқади,

Гуллар офтоб бўлиб очилар,

Сув қуёшни қучиб оқади,

Гулбарглар нур каби сочилар.

 

Қуёшдай қайнайди булоқлар,

Дов-дарахтлар кўкка интилар,

Тун солса қўрқувлар, титроқлар,

Тонг кутилар, қуёш кутилар.

 

Офтобжамол ёр ҳам тунлари

Дилга нурли нигоҳ ташлайди,

Жумла жаҳон, борлиқнинг бари

Қуёшга сиғиниб яшайди.

       

        ЙЎЛ ФАЛСАФАСИ

Сафар узоқ бўлар ё қисқа,

Йўллар тошлоқ, қумлоқ ё текис,

Ҳатто довон йўлиқар бизга

Ҳамма жойда бордир белги, из.

 

Кимдир ёзган ўзин исмини

Қора кўмир билан – қоп-қора.

Қолдиролмай яхши изини

Нима қилсин энди бечора.

 

Узр, яна йўлга қайтамиз

Йўқ, яхшиси қайтамиз дилга:

Бу йўлларни босиб ўтамиз

Лойиқ бўлса агар манзилга.

 

                       Кактус

Тугилган мушт эди у гўё –

Борлиққа бу нафратмиди ё.

Нигоҳга санчилар найзаси

Юрагингни ўртар ғамзаси.

 

Тегиб бўлмас, кўнгилда ғулу,

Бармоғингда қолар қон изи.

Теваракка солади қўрқув

Дев унутган бу митти гурзи.

 

Авжи баҳор гуллади кактус

Хушбўй, сочиб бир ёғду, бир ҳис.

Очдимикан, ажабо, кўнгил –

Дунёдаги энг чиройли гул!

 

Кактус гули узра бўлиб маст,

Булбул сайрар, куйларида бахт.

Қара, нелар очилаяпти, бас,

Энди ҳамма гулламоғи шарт!

 

                       Ёшлик

Эҳ, сиз –

Адирларнинг оловранг гули,

Тонглар шафақидан рангин, қирмизи,

Тоғлардан уфққа туташган йўли:

Баҳорнинг эркаси,

Самонинг қизи.

Бунча беғуборсиз ва шошқалоқсиз,

Кўкламнинг авжида тўкманг гуляпроқ!

Ўзга фаслларни билмайсиз, афсус...

Эҳ, лолақизғалдоқ,

Лолақизғалдоқ!

 

                       СоҲил

Сой бўйида яшайди ялпиз,

Соҳиллардан кетолмас дарахт,

Кўза олиб сувга чиқар қиз

Ва йигитлар излаб келар бахт.

 

Сув ичгани тушади оҳу,

Бунда қушлар айтишар баёт,

Сувнинг бўйи гавжумдир мангу –

Тўлқинланиб оққанда ҳаёт.

 

 

Пайсан ПРОМНОЙ,

Таиланд адиби