“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 593 марта кўрилган.

У нур — хаёлимдир, эй кўзи наргиз!

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон Халқ ёзувчиси

 

                                       * * *

Хатларни аямай йирта бошларсан,

Ёқиб юборарсан қўймай парчасин.

Шўрлик суратларни қийиб ташларсан,

Майиб-мажруҳ этиб барча-барчасин.

 

Даврада кечганда байрам айёми,

Эски оғайнилар бўлишганда жам,

Қунту чидам билан «ўша»нинг номин

Дўстлар хотиридан ўчирарсан ҳам.

 

Унутдим, деярсан, ширин куларсан,

Ясама роҳатдан яйрарсан... Аммо

Юракдан чиқмаса қандоқ қиларсан,

Бу дардли юракка қайда бор даво?..

 

                                       * * *

                                                                      Манзурахонимга

Баргларга бош қўйиб ухлайди шамол,

Ариқ жилдирайди бир хил йўсинда.

Ҳадсиз хаёлингга уйқашиб хаёл

Инон-ихтиёринг олади.

Шунда...

 

Дарчадан хонангга сирғалган оқ нур

Чеҳрангга соларкан қатим-қатим из,

Сочинг толасига маҳкам боғланур,

У нур — хаёлимдир, эй кўзи наргиз!

 

Пардани силкитар дайди бир эпкин,

Деворга уринар, кўз йўқ-да унда!

Ел ҳолига кулиб қўясан секин,

Боғ тараф назаринг ташлайсан.

Шунда...

 

Кўрай десанг, кўзинг юмгил шу замон

Табиат зарриндир, борлиқ сим — симдир!

Кўзингни юмганда, кўринур чаман:

У чаман — ёп-ёруғ орзуларимдир!

 

Ўтруда — тошойна. Тошойна ичра

Ёстиққа бош қўйиб ётибсан кундай.

Қирқ кокил кетмишдир қирқ томон сачраб,

Йиғиб олмоққа ҳам беҳолсан...

Шунда...

 

Садолар келади садога пайваст,

Қулоғинг беркитгил маҳкам шу они!

Қулоғинг беркитсанг эшитилур сас:

У сас — дил тепиши, дилим сурони!

 

Ҳадемай ўрталиқ оқара бошлар,

Ватаним тонглари тенгсиз фусунда!

Мен уйқу бузгувчи одатим ташлай!

Бас, аста чекилай қошингдан!

Шунда...

 

Борлиққа қуюлар сокин сукунат

Ариқ ҳам тинади, тўхтайди анҳор;

Ўша сукунатда — сустлик ва суръат,

Ўша сукунатда — видо ва виқор...

 

                                       * * *

Тенгингни кўрмасмен бу баҳру барда,

Мислингга мос эрмас кун-да, қамар-да!

 

Кўзларинг нуридан чекинур, «мен» деб

Юлдузлар ўртага тушса агарда.

 

Сўйласанг, сўзингга қулоқ бергали

Иштиёқ зўр эмиш қанду шакарда.

 

Жилмайсанг, тишингдан уялибди дур,

Денгизга урибдир ўзин гавҳар-да!

 

Висолинг баёни саҳфаларда жо,

Камолинг битилмиш тўртта дафтарда.

 

Тонг чоғи ният эт, дерлар, етарсен,

Илтижо қилармен шу важ саҳарда.

 

Васлу висолингдан умидвор Али

Номингни атагай, ҳатто маҳшарда!

 

                                       * * *

Умр ҳам бир жойга бориб қолмоқда,

Жарангли кечмоқда кўнгил наъраси.

Чунки сиз чорлайсиз бир чаман боғдай,

Дўстларим давраси, дўстлар давраси.

 

Душман ёвузлиги душманликданмас,

Дўстингдан айирар, усули шундоқ.

Сени зарра билиб этса хору хас,

Заррадан ҳам чоғроқ кўнгли бўлар тоғ.

 

Ишониб сирингни айтгувчи фақат,

Дўстлар борлигидан боши осмон бўл!

Дўстингдан топ, деган сўзга йўқ тоқат,

Дўст топ деб, дўст топ, деб юрган инсон бўл!

 

Севги ўтар кетар, кетар мансаб ҳам,

Ёшлик ҳам мункиллар бир куни ҳолсиз.

Фақат дўстлик билан боқий бу олам,

Дўстлик қаримайди дунёда ёлғиз!..

                                       ТОПИШМОҚ

Топишмоқ айтасиз, қийин топишмоқ...

Топишмоқ, сиз билан қийин, топишмоқ...

 

Шундай топишмоқсиз, ечими бўлмас,

Топсам ҳам жавобдан бу кўнгил тўлмас.

 

Жавоб топа билмай топишмоқларга,

Кетганлар бор олиб бош йироқларга.

 

Аммо сиз ёнимда, ёнимдасиз, оҳ,

Табиат менга бахш этган топишмоқ!

 

Сизни-ку топарман, топганим чоғда

Ўзимни йўқотиб қолдирмай доғда.

 

Жавоб топайин деб, сизга бойланиб

Ўзим топишмоққа қолдим айланиб...

 

Топишмоқ айтасиз, қийин топишмоқ,

Топишмоқ, сиз билан қийин, топишмоқ...

 

                                       * * *

Хаёлимни, ўйларимни водийга сочдим,

Ажаб, водий яшнаб кетди, кўрк-чирой очди.

 

ўуруримни инъом этдим кўк ўпар тоққа,

Тоғ гердайиб назар солди йироқ-йироққа.

 

Осмонларга баланд қўйдим овозим бирдан,

Осмон яна юқорилаб кетди-ку Ердан!

 

Аламимни жарликларга солгандим тўкиб,

Жарлик баттар чўкиб кетди, яна ҳам чўкиб...

 

                                       * * *

Ошиқ маъшуғини интизор кутгай,

Роҳат-фароғатлар баҳридан ўтгай,

Жаҳоний ишқини ичига ютгай...

Сўнг дарду изтироб лашкарин енгар!

Севсанг — сенга яхши, севмасанг — менга.

 

Тоғларда сакрабон ўйнаган оҳу,

Бадбин назарларни тортар ногоҳ у,

Кўзидан бошқа йўқ гуноҳи, ёҳу!

Зинҳор бирон корим тушмасин сенга...

Севсанг — сенга яхши, севмасанг — менга...

 

Оламда севмоқдан ортиқ нима бор?

Мол-дунё, бойлик-зар, барчаси бекор!

Сен матлуб яралдинг, мен-чи — талабгор!

Оллоҳим, қўшсинлар тенгини тенгга!

Севсанг — сенга яхши, севмасанг — менга!..

 

Сарв дарахтимни эъзозлаб доим,

Унга сўз отарман, ширин, мулойим.

Тўзим бер, тўзим бер унга, Худойим!

Торга тор бу жаҳон, кенг эрур кенгга...

Севсанг — сенга яхши, севмасанг — менга!..

 

                                       * * *

Кўрсат, шижоатнинг беқиёс кучин,

Ақлли ақлни бизларга кўрсат!

Озод Ватан учун, истиқлол учун

Жон фидо қилмоққа етгайми фурсат?

 

Бир бор назар ташлаб англар ҳар оқил,

Билар у, замонлар ўқдай еладир.

Бу куннинг ишини бу кун адо қил,

Эрта ўз ишини олиб келадир!..

 

                                       * * *

Шўхлигим ёқади, қарайман зимдан,

Доим тегажоқлик этиб юраман.

Не қилай, одат-да, болалигимдан

Ҳаддидан ошишни яхши кўраман.

 

Дердилар, чатоқ иш қилмагин шошиб,

Афсуслар чеккайсан ўзинг олиб тан.

Кўрингиз, мен бевош ҳаддимдан ошиб

Шул бағри қаттиқни севиб қолибман!..

 

                                       * * *

Кўнгил ошно бўлмоқ истагидан маст,

Макон тутсам, дейди, ошёнингизни.

Бошимга кўтарай ерларни эмас,

Ёлғизгина порлоқ осмонингизни!

 

Оҳ, дилда туғилар ғаройиб бир шеър,

Офтоб тўкис қиздай жилмайиб боқар.

Арши аълодан то рутубатли Ер –

Илҳомлар селида тўлғаниб оқар...

 

Севаман! Севгимни тутолмасман сир!

Узаман тилкалаб бор ришталарни!

Тупроқдан яралган бўлсам-да ахир,

Нетай, кўнглим тилар фаришталарни!.