“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 91 марта кўрилган.

БОТМОННИНГ ҚЎШИҒИ

Неъмат АРСЛОН

БОТМОННИНГ ҚЎШИҒИ

Новелла

1

“Эй, қанотсиз одамзот...”

Ана шундай бошланарди Ботмоннинг қўшиғи. Қанчалар таассуф бор эди унинг сўзларида ва кўзларида. Ҳақиқатан ҳам биз қанотсизмиз, ўз маъносида ҳам, рамзий маънода ҳам тўғри бу таъриф, қўшиқнинг давомида айтилганидек бизда “икки оёқ бор”. Афлотуннинг ёзишича, аслида, одамзот тўрт оёққа эга бўлган ва жуда тез югурган. Ҳамма жониворларникидан зиёд бўлган унинг кучи ҳам. Бу ҳолни кўрган юнон худолари хавфсираб қолиб, қачондир одамзот бизга ҳужум қилади, деб инсон вужудини иккига бўлган ва шу икки бўлакнинг биридан аёлни, иккинчисидан эркакни бунёд этган. Шундан буён аёл билан эркак ўзининг иккинчи бўлагини қидирар эмиш. Ҳеч шубҳасиз, Афлотунни танимасди Ботмон, унинг бу мавзудаги трактатини ҳам ўқимаганди ва шу боис одамнинг оёғи азалдан (ўйлаганидек ва кўриб турганидек) иккита эмас, балки тўртта бўлганини билмасди ва табиийки, менинг бошпанам йўқлигидан ҳам хабарсиз эди бу қанотли жонивор. Модомики, шундай экан, ҳаётим давомида йигирма беш жойга кўчиб, бировларнинг уйида яшаганимни қаердан билсин?! Йигирма беш! Тасодифни қаранг! Майли, бу рақам нега мени бу қадар ғазаблантираётганини айтмай қўяқолай.

...Хуллас, сертупроқ кўчадан терлаб-пишиб борарди Одам. Кун ғоятда иссиқ, гарчи бизга нисбатан шимолий минтақада яшаган бўлса-да, Чехов ҳикояларида бор худди шундай жазирама. Бундай жазирамада оёқ остидан кўтарилаётган чанг ҳам ҳавода узоқ тутиб туролмайди ўзини ва жимгина яна ерга – чатнаб ётган тупроқ устига қўнади. Фақат шилқим ва дилозор пашша-чивинларгина баҳру диллари очилиб парвоз этадилар, одамни қувиб етадилар ва Ботмон айтганидай, беаёв талайдилар уни. Пашша деб ном олган ашаддий космополит бу жонивор тўғрисида Лукиан жанобларининг ёзганлари айни ҳақиқат. Ожизлик қилади бундай ҳолатда одам деган ақлли жонзот, қўлларини ҳавода қаттиқ тўлғаб, гоҳ ўзининг юзига ва ё бўйнига шапати уриб ҳимояланмоқ ниятида тўлғонади.

...”Эй, қанотсиз одамзот!..”, деб куйларди Ботмон. Орадан кўп йиллар ўтиб ўша қанотсиз одам ўзим эканлигимни англаб қолдим. Яна ўтдим ўша йўлдан, узоқ юрдим ўша йўл бўйлаб ва қулоқ тутдим. Катталиги бош бармоқдайгина қушча тинимсиз сайрарди. Йўл бўйидаги эскигина бино пештоқида ўтирибди, атрофга қарайди, қорамуғдек кўзларида ниманинг ифодаси борлиги менга қоронғу, аммо овозида ўша азалги оҳанг.

Йўлда давом этарканман, илашимли хаёллардан қутулиш учун бошимни қаттиқ силкиб олиб, Танзила тўғрисида ўйладим. Одамзот жинсидан бўлган бу қиз ҳам қанотсиз, аммо осмони ҳафтумда учиб юрган бўлса не ажаб, мени назарга илармикан? Танимасдим аслида уни, аммо тақдир ипи омонсиз етаклаб борарди мени ўша қиз томон. Қани энди, қанотим бўлса-ю, учиб борсам... Кўп рамзий маънолар бор Ботмоннинг қўшиғида. Қанотсизлик – бу иложсизликдир, деган хулосага келдим бир маҳал. Ахир, унда ҳали тўғри хулосалар чиқариш қўлимдан келмасди (Аслида, бу қўлнинг эмас, миянинг иши). Бош чаноғим ичида эса ҳали ўзим танимаган Танзиланинг хаёли ва висоли. Ҳаётда унинг мавжудми ёки йўқлигини билмайман, аммо миямнинг стреа­тум марказида унинг бор хислату фазилатларини кўтарганча кетиб боряпман.

...Орадан йиллар ўтиб биз учрашдик. Далада, гулзорда ёки йўл бўйида эмас, Жуҳутон маҳалласидаги кичкинагина, агар таъбир жоиз бўлса, товуқ катагидайгина уйчада бўлди бу учрашув. Шу атрофдаги кўчалардан бирида яшайдиган қария аммамнинг уйига кўп марта келганман. Тагичинор кўчасида турардилар аммам. Иккита тоғам бор: бири уйланган, иккинчиси ҳали бўйдоқ. Бўйдоқ тоғам скрипка чаларди. Ва менга қараб, агар уйлансанг, тўйингда ана шу куйни чаламан, дерди. “Аввал ўзинг уйлан”, дердилар аммам бечора ҳамиша ёшланиб турадиган кўзларини кенг енглари билан артиб ва сукутга ботиб. Менга унчалик ёқмасди бу хилдаги гаплар. Ана шундай ташрифларнинг бирида онам менга ҳамроҳ бўлдилар, тўғрироғи, мени бошқариб борардилар. Аниқ ёдимда, саккизинчи март эди ўшанда, ёмғир аралаш қор ёғиб турарди Жуҳутоннинг тор кўчаларида. Атрофга хавфсираб қарадим ва сўрадим:

– Она, мени қаерга олиб боряпсиз?

Оғир хўрсинди жафокаш онам, сукут қилди бир муддат, афтидан, айтадиган гапларини тарозига солиб кўрар ва менинг айниб қолмаслигим учун жўяли гап қилишни ўйлар ва яна қандайдир режалар тузарди онагинам. Қадамларим сусайиб тўхташни мўлжалладим, тайсалладим, десам, балки тўғрироқ бўлар...Ортига ўгрилиб қаради онам. Сира кутилмаганда шундай деди:

– Агар бормасанг, ўзимни ўлдираман!...

Мен ашаддий дилгир ва ўта ғамзунук йигит эдим. Шунга қарамай, кулгидан ўзимни ти­йиб қололмадим. Онам йиғлаб юбордилар. Шундагина масаланинг ғоят жиддийлигини англадим. Чунки бу гапни иккинчи бор такрорламоқда эдилар бечорагина онам.

 

2

Бундан анча аввал ёз кунларининг бирида ишдан кеч қайтдим ва онамни тандирхонанинг остонасида ёлғиз ўтирганларини кўриб ичимдан зил кетди. Тўхтаб қолиб тикилиб қарадим. Ҳа, қоронғуда остонада ўтирган менинг онам. Энг оғир дамлардагина шундай ҳолатда ўтиради аёл. Остонада ўтириш бехосият иш, аммо ночор қолганда шундай қилишдан тоймайди аёл зоти. Нохуш бир нарсани сезди юрагим ва сўрадим:

– Нимага бундай ўтирибсиз, она?!

– Ўзимни ўлдираман!.. – деган нидо келди қоронғу тандирхона оғзидан. Қўрқинчли ва беҳад ғамли эди бу манзара. Узоқ йиллар давомида тутун пуркаган эди тандир деворлару эшиксиз эшик пешонасига. Қуёш эса маҳзун лаҳзалар таъсирини янада кучайтирмоқчи ва бу билан муштипар аёлга кўмак бермоқчи бўлгандек, беомон ботиб борарди.

– Нима учун, она? – сўрадим, гарчи нима мақсадда онамнинг бундай қарорга келганини тушуниб турган бўлсам-да талмовсираб. Аслида, сабабини кўп марта эшитгандим, ётиғи билан ройиш қилардилар авваллари онам. Укаларимдан иккитаси уйланган, учинчиси ҳам уйланишга ҳозирлик кўрар ва мен оиланинг тўнғичи бўлатуриб ҳамон бўйдоқлигим қаттиқ ташвишга соларди онамни. Одамлар маломат қилаётганини тушунтирдилар бир неча бор, аммо тўнғичнинг розилик билдириши қийин кечди. Ана шундай кунларнинг бирида, ёз пайти товуқларга катак қуриш учунми, ёки оғил деворининг емирилган жойларини суваш учунми, аниқ эслолмайман, лой қориётганимда уйимизга меҳмон келди. Бири аёл, бири эркак, ёшлари элликларда бор. Мени ҳам меҳмонлар ўтирган хонага чорлашди. Наридан-бери ювиниб хонага кирдим. Турли ширинликлар ва ичимликлар турарди стол устида. Менга қизиқиш билан қарашди меҳмонлар ва нима сабабдандир бироз ўнғайсизланишди ҳам. Зиёфат сўнгида менга мурожаат қилдилар онам: “Ўғлим, суратларингдан бўлса, бир донасини олиб кел”. Қора кўйлак кийиб ўйчан қиёфада тушган суврат қўлимга илинди. Бепарвогини қарадим суратга: ариқча бўйида қўлларим билан тиззамни қучганча ўтирибман. Ён томондан олинган суратда бурним бироз узунроқ кўринади. Сочим қалин ва мумдай қопқора. Меҳмонларнинг аёли суратга узоқроқ тикилиб қолди, эркак меҳмон суратга қарадими, йўқми билмайман, онамнинг, ўтир, ўғлим, деб илтижо қилишларига қарамасдан хонадан чиқиб кетдим. Масаланинг моҳиятига тушунгандай эдим. Эркак ҳам, яъни менинг бўлғуси қайнотам ҳам суратга қараган, албатта. Чунки ҳар қандай даврада суратнинг қўлдан-қўлга ўтиши табиий ҳол. Яна лойга уриндим, меҳмонлар ҳовлини тарк этишди... Бахт қуши бошимга қўнишидан анча аввал рўй берган ана шу воқеалар таъсири ҳанузгача ҳароратини йўқотгани йўқ.

 

3

...Мана энди биз белгиланган макон томон боряпмиз. Суратимни олиб кетишган эди меҳмонлар ўшанда. Қизга, яъни менинг бўлажак хотинимга кўрсатишган, албатта, ўша суратни, боришимиз билан қиз мени танийди. Саволимга анча кеч жавоб қайтардилар онам, “Совчиликка”, дедилар бироз кўз ёши қилиб олганларидан ке­йин. Хуллас, биз учрашган уйда чоғроққина дастурхон безаб қўйилганди. Бурчакда катталиги нари борса ёнма-ён қўйилган иккита китоб ҳажмида телевизор. Хира қор пардаси ортидан кўринарди қандайдир одамлар ва ҳаракатлар. ”Фигурная катания” деган спорт тури экан. Иккита қиз биз ўтирган хонага кириб, чиқиб дастурхон тузашмоқда. Бирининг сочи семиз одамнинг болдиридай йўғон, битта қилиб ўриб орқасига ташлаб қўйилган. У пайтда қизлар сочларини йиғиштириб, майда ўриб, саранжом-саришта қилиб юришарди. Шўхроқ қизлар европалик дугоналарига тақлидан, “Я у мами дурочка” яъни “Мен онамнинг тентакчаси”, деган соч турмаги қилишар, табиати оғирроқлари эса “лошадка” билан чекланардилар. Сочни битта қилиб ўриб қўйиш кўпчилик европамижоз қизларга хос эди. Назардан қочирмадим ҳар иккала мезбон қизни ҳам. Буни пайқадилар онам ва “анависи” деб ияклари билан имо қилиб, сочи улоқчанинг думчасидай ўйноқлаб турган қизни кўрсатдилар.

...Кўп сувлар оқиб ўтди ўшандан буён, гоҳ лойқаланди, гоҳида тиниқ тортди мен айтган сувлар. Мана энди ёшим бир жойга бориб қолган, ўзим ҳам тиниқ тортганман, сочларига оқ оралаган кампирча ўтирибди ёнимда. Ундан ярим ҳазил овозда сўрайман:

– Сен Ботмон деган қушни биласанми?

– Биламан. Боши ва томоғининг таги қора рангда, худди қора рўмол ўраб олгандай. “Чилим-чилим”, деб сайрайди.

– Йўқ, сен айтаётган қуш Потмачумчуқ, ҳовлиларда ёлғиз ўзи юради, тинимсиз думини силкиб туради. Жуфти билан юрганини ҳеч кўрмаганман. Ботмоннинг жуссаси ундан ҳам кичик, бошбармоқдайгина, аммо кичик бўлса ҳам ҳикматга тўла унинг боши.

– Нима деб сайрайди? Кеча “Хамса”дан Чаковак деган қуш тўғрисида ўқиб берган эдинг, Ботмон деганинг мабодо ўша қуш эмасми, сен ўзингча ном қўяверасан баъзида.

Хуллас, бироз чўзилган мунозаралар сўнгида биз Ботмон яшайдиган ўша ташландиқ уйча томон йўл олдик. Бунинг учун Такия деган қишлоққа боришимиз керак эди. Жуда кўп қиш­лоқларнинг қиёфаси ўзгарди замоннинг зайли билан, аммо Такия бундан юз йил аввал қандай бўлса, шундайлигича қолган. Демакки, биз излаган қушчанинг ини бузилмаган. Қиш­лоқ кўчасидан борарканмиз, ногоҳ қулоғимга урилган таниш ноладан дилим ҳаприқиб кетди. Ботмоннинг овози! Тупроғи билқиллаб ётган йўл устида тўхтаб атрофга алангладим ва ташландиқ уйча пештоқида турган қушчани кўрдим. Унинг сайрашига бир дам қулоқ тутиб турдик биз. Бу сафар Ботмоннинг қўшиғини оҳиригача эшитмоқчи ва хулоса чиқармоқчи эдим. Сен ҳув анави қайрағоч тагига бориб соялаб тур, дедим Танзилага, зеро, ҳаддан зиёд иссиқ эди кун. Ёлғиз ўзим қолиб қулоқ тутдим, бу антиқа жонзотнинг ноласига. Азалдан таниш эди менга Ботмоннинг қўшиғи. Қаерда эшитганман, қайси китобдан ўқиганман эслолмайман буни, аммо “Эй, қанотсиз одамзот”, деб бошланадиган ўша шеър ёдимда қолган.

...Кўп антиқа воқеалар ўтди бошимдан. Турли хулосалар чиқардим бу воқеаларни таҳлил қилиб ва пировардида, англаганим шу бўлдики, ҳар қандай буюк одам ҳам Ботмоннинг қўшиғида айтилган ҳикматдан четда яшамас экан. Қанотсизлик қисмат экан инсонга. Шундан буён иложсиз қолганимда, чорасиз қолганимда, ғамга ботганимда Ботмоннинг қўшиғини айтаман ва таскин топаман:

Эй, қанотсиз одамзот,

Сенда икки оёқ бор.

Қанча катта бўлсанг-да,

Пашша-чивинга емсан.

Мен-чи, кичик бўлсам-да,

Пашша-чивин менга ем...

 

19 май, 2019 йил,

Навқот-Чирчиқ