“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 15 марта кўрилган.

ГУЛСЕВАР. Ҳикоя

Санжар ТУРСУНОВ

ГУЛСЕВАР

Ҳикоя

Одам-ку одам, бу дунёда ҳатто шамоллар ҳам гап ташийди: боғлардан боғларга, даралардан дараларга...

– Илоё, Гулсеварни ер ютсин, шу қиз сени дарбадар қилди. Шу ер ютгур бўлмаганда бинойидай яшаб кетар эдинг. Бу қиз эмас, шайтон экан, шу сени хаёл сурадиган, ариқларга термилтирадиган қилиб қўйди...

Йигирма бешга кирдим. Уйландим. Фарзандли ҳам бўлдим. Фақат онам саккиз йилдан буён, ўша олис ўсмирлик йилларимнинг тор кўчаларида қолиб кетган «ер ютгур»ни қарғагани қарғаган. Не-не азамату баҳодирларни, қоракўзу қаламқошларни индамай ютиб кетадиган ер – Гулсеварга келганда жим, гунгу соқов. Шунча яхши одамларни бағрига оладиган қаро ер – Гулсеварга келганда сахий, бағри кенг, худди бемалол яшайвер, озорланмай қадам босавер, дегандек меҳрибон.

Гулсевар... Ай, тенги йўқ Гулсевар. Бахтли болалигимнинг бахтсиз ҳамроҳи, мунаввар тонгларимнинг хайрсиз оқшоми. Тор кўчаларга шох ташлаган гилосларга илиниб қолган юрагим – Гулсевар. Майсалардан бениҳоя безанган адирларда ботиб кетган елкаларимнинг изларисан. Капалагу қалдирғочлар қанотида олис-олисларга илашиб кетган хаёлларим – Гулсевар. Биринчи тушган тишим билан том устига, кейин осмонларга чиқиб кетган ҳайратимсан Гулсевар. Гулсевар... Гулсевар...

Баҳор эди. Рости, ўшанда менинг ҳамма фаслим баҳор эди. Мен баҳордан бошқа фаслни билмас эдим ўша кезлар. Тунларим... Йўқ, у пайтлар мен ҳатто тунларни ҳам билмас эдим. Ҳар лаҳзам кун эди, ёруғлик эди. Капалаклар гулларга қўниб илк баҳор бўсасини ҳадя этса, мен юлдузларга, қушларга меҳримни улашардим.

Баҳорда – капалаклар билан лола сайлига чиқардим.

Баҳорда – балиқлар билан қувалашиб дарёда чўмилардим.

Баҳорда – мезонлар билан бирга учиб ёнғоқ терардим.

Баҳорда – муз устида сирпанардим, қизариб кетган қўлларимни куҳ-куҳлаб, қорбўрон ўйнардим.

Айтганимдай менинг ҳар лаҳзам баҳор эди...

Ўн олти ёшда эдим... Ўн саккиз минг олам пойимга гул тўшаб менга таъзим қилишарди. Еру осмон, тоғу адир мен билан узундан узун суҳбатлар қуришарди. Қушлар ортимдан эргашиб юришарди. Дарёлар мен қаёққа борсам изимдан из солишарди. Дарахтлар менинг қадамимга қараб тебранишарди. Шамоллар сочларимни силаб – худди тушларимга кирган ғойибона қизнинг бармоқларини эслатарди. Йўллар мен келаётганда майинлашиб, тупроқлари билан бармоқларим орасига кириб олиб рақс тушишарди.

Бутун дунё измида бўлган кунларнинг бирида измим мендан кетди...

Мен севиб қолдим...

Гулсевар...

Ҳеч кимга ўхшамаган Гулсеварни севиб қолдим.

Тўққизинчи синфда ўқир эдим. Мактаб ҳовлисида синфдошларим билан тутхўрлик қилаётгандим. Шунда Гулсеварни кўриб қолдим. Ўша куни мен тутнинг баланд шохида эдим. У икки тарафида қатор-қатор экилган тераклар орасидан ўтиб борар эди. Ўзимни ерга – Гулсеварни пойига отгим келди. Кейин дарахтдаги барча тутларни унга тутқазгим келди. Лекин мен на унисини на бунисини қилолдим: ҳайрону лол бўлиб тутган шохни баттар ушлаганча туриб қолдим.

Шу-шу уни ўйлайдиган, изларим маҳалласининг тош кўчаларини туп­роқ қиладиган бўлди. Уни кўрмасам юрагим ёриладигандай ҳаловатимни йўқотдим.

Кунларим тунга, баҳорларим кузга, қишга айланди. На қушлар, дарё, на шамол, на тоғ менинг измимда, бари-бари Гулсеварнинг пойида сочилиб ётар эди.

Ўн кун, бир ой, олти ой ўтди.

Тилимда бир сўз йўқ. Гунгман, соқовман. Осмонларга, ариқларга термилганим термилган. Бу савдо бошига тушганлар билишади: бунақа пайт ким нима дейдию ким нима демайди. Ўша сиз билган гап атрофимда қуюндай айланар эди.

Ҳар кун унинг маҳалласида пайдо бўлар эдим. Мени кўришини жудаям истар эдим. Кўриб қолармиканман? Шу илинж мени ҳамма нарсага сабр қилишга, бир кўриш бахти уни қанча хурсанд қилишига ишонтирарди. Бир марта кўрсам бўлди. Юрагимнинг ҳовурини босиб, нигоҳларимни тўйдириб олсам бўлди. Шундагина кўнглим бироз бўлса-да, жойига тушади.

Қуёш тандирда қолган сўнгги нондек қизариб, ботиб кетганига анча бўлди. У на сувга чиқади, на девор оша бир мўралаб қўяди...

Ниҳоят...

Ўн етти ёшимнинг баҳорида, ниҳоят, мендан садо чиқди. Ҳайқириғимдан мудраб ётган баҳор уйғониб кетди...

Наврўз байрами арафаси эди. Синф­дошлар сумалак қўймоқчи бўлдик. Бошқа тенгдош – синфдошларни ҳам бу ишга жалб этдик. Йигитларга ўтин, қозон ва ўчоғини тайёрлаш, қизларга сумалакни ўстириб, пишириб олиш чеки тушди.

Сумалак пишириш завқи ва машаққатини биласиз...

Мен унга илк бор тикилиб қарадим. Кўзларимга эрк бердим ва уни мағлуб этдим.

– Сени ёқтираман.

– ...

– Яна яхши кўраман.

– ...

– Яна... Яна... Севаман...

– ...

– Мен баҳордек бевафо эмасман.

– ...

– Қалдирғочдек ҳам эмасман.

– ...

– Дарёдек тусланмайман.

– ...

– Шамоллардек боғлардан боғларга учиб юрмайман.

– ...

– Қорлардек ожиз эмасман.

– ...

– Ёмғирлардек мавсумий эмасман.

– ...

– Боғлардек хазонни билмайман.

– ...

– Мен ҳатто йўллардек гунг, соқов эмасман...

– ....

Уни гапиришини истар эдим. Нималардир деб гап айтишини истар эдим. Шунинг учун яна такрорладим.

– Мен ҳатто йўллардек гунг, соқов эмасман...

Ниҳоят, у тилга кирди:

– Ҳайратланган одамда тил бўладими?..

... Мен овора, отамнинг жийрон оти саргардон. Яна тунларим кетиб кунларим қайтиб келди. Яна ҳар лаҳзам баҳорга айланди.

От чоптириб деворидан мўралаб ўтганим ўтган. Гоҳ юзим қайси бир бемеҳр дарахтнинг шохларига урилади, гоҳ ҳулулнинг бешафқат тиконлари юзимни тимдалайди. Менга булар таъсир қилмас, авжим келиб яна шиддат билан ўтганим ўтган.

Кеч тушганда яна отга миниб уларнинг боғига равона бўламан. Улар қишлоқдан боғига кўчиб ўтган, илиқ ёз тонгларни салқин боғларда ўтказишарди. Ой шуласида салқин боғда у менинг ҳулул юлган, шох тилган юзларимни силаб, бошимни тиззасига олиб орзулар қилардик.

Уларнинг боғи рўпарасида волейбол майдони бўлар эди. Волейболни зўр ўйнар эдим, лекин кўзим ҳамиша уларнинг боғига қадалавергач, мени гуруҳим ҳадеб қолавергач, мени ўйин­дан четлатишди. Ҳеч ким мени гуруҳида кўришни истамасди. Менга бу алам қиладими? Асло, қайтанга, яхши бўлди. Энди жар бошидаги нашватини шохига чиқиб уни кутар эдим. У бир жилмайиб ўтиб кетар, икки қадам наридан сув олиб келгунча мен пишган нашватилардан териб турардим. У келар, бизнинг суҳбатимиз бошланарди.

Бизлар тенгдош эдик. Кўрганлар икки тенгдош гаплашиб турибди-да, деб эътибор беришмасди. Ҳатто онаси ҳам боғ томондан бир-икки мўралаб қўяр, Гулсеварнинг айтишича, шу тенгдошинг жуда баъмани бола бўпти, икки йил олдин мени итига талатмоқчи бўлган эди, ҳозир кўрса салом бериб ўтиб кетади, деган эмиш... Ҳа, у-ку онаси, мен ҳатто Гулсеварнинг сигирлариниям, иту эшагиниям хафа қилгим келмасди. Ҳаммаси кўзимга чиройли кўринар эди.

Бир куни бир йигит Гулсеварнинг уйлари атрофида ўрлашиб юрганидан хабар топдим. Йўлини пойлаб юрдим. Қиш кунларининг бирида йўлимда пайдо бўлди.

Бу йигит ҳам ёши мендан катта, тўйларда кураш тушиб полвон деган ном олган бақувват эди. Қишлоқнинг тор кўчалари, томнинг орқасига қуёш нури кам тушганидан ёғган қорлар музлаб қолган, у икки элкасига иккита флагни сувга тўлдириб уйига кетиб борарди. Орқасидан пусиб келдим-да, бор кучим билан оёғига чил бердим. У теракдай ерга қулади. То ўзини ўнглагунча, (чунки, флагни остида қолганди) устига ўзимни отдим:

– Агар яна бир марта Гулсеварларнинг маҳалласида кўрсам, ўлдираман...

Ҳар нарсанинг адоғи – якуни бўлади. Аммо бизнинг севгимизнинг якуни, адоғи йўқ эди. Биз учун ҳар лаҳза, ҳар нарса, у қуш бўлсин, дарахт ё юлдуз бўлсин – муҳаббат эди.

Иккимиз ҳам ўн саккиз ёшга ўтдик. Янги йилда қилинган ниятлар амалга ошар эмиш. Биз янги йил киришида осмон остида – уларнинг ҳовлисини адоғ томонида ният қилдик. Биз мактабни тугатиб, бирга ўқишга боришни орзу қилар эдик.

– Отам ўлдиради. Биттаям опам ўқимаган. Мени ўқишга қўймайди. – дерди менга ўкинчли термулиб. Унинг бу нигоҳида, сен барибир ўқишга борсанг, шаҳарлик қизларни севиб кетасан, мен бу ерларда қолиб кетаман, деган аламли, изтиробли нидолар бор эди.

– Отангни кўндирамиз. Балки мактабни тугатгач унаштирилсак, ана унда бемалол кетаверсак бўлади. – Менинг фавқулодда миямга келган бу ғоядан иккаламиз ҳам бир-биримизга табассум билан термилиб қолгандик. Рости ҳам шу: унаштирилсак, ҳамма йўл очиқ. Отасиям ишонади, барибир уйланади-ку, менга нима, бориб ўқи, дейди. Майли, опаларинг ўқимади, сен ўқигин, ҳеч бўлмаса, битта қизим олий маълумотли бўлсин, деб дуо беради.

Севиб қолган одам – агар севгиси рост бўлса, йўли мудом очиқ бўлади. Қандай, кимлардир унга ҳамиша йўл кўрсатиб туради. Ҳар қандай муаммога ечим топилиб қолаверади.

Аммо...

Ҳаёт биз ўйлаганчалик содда эмас экан...

Айни ўн саккизинчи баҳоримизда бизни ажратишди. Бутунлай, бир умрга иккимизни икки томонга улоқтириб юборишди.

Ўшандаям баҳор эди. Ўшандаям Наврўз эди. Фақат Наврўздан бир кун кейин эди. Ичи қора одамлар уни қоп-қора болага олиб беришди...

Мен ҳеч нарса қилолмадим.

У ҳеч нарса қилолмади.

Ҳеч ким ҳеч нарса қилолмади.

Нима қилган бўлса, унинг отасию совчилар қилишди.

Аламимдан ҳовлисига тошлар отдим. Том шефирлари сина бошлади. Менинг юрагим синганда, Гулсеварнинг қалби синганда шефирлар парчаланиб кетмайдими, менга нима. Сигирларини, эшагу итини кўчада кўриб қолсам таёқ билан солдим. Бизнинг еган зарбамизни олдида буларники нима бўпти. Бир кеча бориб дарвозасига қулф осдим. Бизнинг бахт қасримизни қулфлаганларга бу кам. Акаси қулф калитини тополмай девордан ошиб тушди. Кейин болта билан қулфни узиб ташлади. Мен ҳар кеча қулф осардим. Акаси ҳар тонг қулфни бузар эди. Уйимизда биттаям қулф қолмади. Дўконда биттаям қулф қолмади.

Бир тун бориб оғилидан бор молу қўю эчкисини кўчага чиқариб юбордим. Дарвозаси олдидаги ўриндиқни таг-туги билан қўпориб ташладим. Аламим босилмасди. Изтиробим тугамасди.

Ниҳоят, ўша машъум кун келди.

Уни олиб кетишди. Бутунлай, бир умрга ўз уйига олиб кетишди.

Тор кўчани тўлдириб куёв келди. Куёв жўралар ўйинчи экан. Оёқлар зарбидан ер гурсиллаб кетди. Гулсевар йиғлар, уни овутолмай бир маҳалла қизу, бир кўча кампир овора эди. Ўйин кулгу анча давом этди. Ёр-ёрлар айтилиб келинни кўчага олиб чиқишди. Ўша тўйда айтилган қўшиқнинг бир сатри ҳамон қулоғим остида:

Тошбағир доира, ёрилсин қорнинг...

Келинни олиб кетишди. Машинанинг ортидан анча жойгача югуриб бордим. Чанг тўзон ичида қолиб кетдим. Қишлоқни машиналарнинг қув­ноқ сигнали босган. Болаларнинг шовқини еру кўкни титратарди. Мен машина ортида югурардим. Куёв бола бир-икки қаради. Гулсевар бир парчагина бўлиб мунғайиб ўтирибди. Мен овозимнинг борича йиғлар, мени овутолмай бир гала жўраларим овора эди. Машина ғилдирагидан кўтарилган чанг юзимга урилар, кўзимдан оқаётган ёш лой бўлиб юзимга ёпишарди.

Бу воқеадан кейин қишлоқдошлар мени телбага чиқариб қўйишди. Отам тутга боғлаб роса савалади. Мен адоқсиз изтиробда эдим.

Ва ниҳоят, Тошкентга ўқишга кетдим. Уйландим. Ҳозир шаҳарда яшайман. Ҳар ёзда борганимда қишлоқ четидаги теракзорда соатлаб ўтираман.

Бундан анча олдин бир қизиқ гап бўлди. Мен ижарама-ижара, овораю сарсон яшардим. Онам шундан қаҳрланиб Гулсеварни қарғаб қоларди. Онамнинг ўйлашича, менинг бу дарбадарлигимга у сабабчи эмиш. Яқинда ҳаётимда мен кутмаган ишлар бўлиб кетди. Ишларим юришди. Бундан биринчи бўлиб онам хурсанд бўлди ва менга ғалати гап айтди:

– Илоё, Гулсевар ҳам омон бўлсин. Умри узун бўлсин. Илоё ер ютмасин, Гулсеварни. Ер одам билан тўйиб қолармиди. Фарзандларини роҳатини кўрсин... Кўп яшасин.

Онамнинг қарғиши ўтмаган эди...

Мен ҳам илтижо қиламан, онам айтганидай умри узун бўлсин, Гулсеварнинг..

Одам-ку одам, бу дунёда ҳатто шамоллар ҳам гап ташийди: боғлардан боғларга, даралардан дараларга...

Мени тушунгандирсиз...