“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 182 марта кўрилган.

Қўчқор НОРҚОБИЛ. ИККИ ҲИКОЯ

Қўчқор НОРҚОБИЛ

ОЛИСДАГИ КЎНГИЛ СОЯСИ

Ҳикоя

 

Қаттиқ бет қатронни қотирар, юмшоқ юз эпкинда қалтирар. Мўмин изза бўлди. Ҳовлининг қоқ ўртасида сўппайиб турди, кетарини ҳам билмади; оёқлари зил-замбил.

– Оласан-да шуни. Мен ўлиб кетаётганим йўқ-ку? Уҳ, Худо урди кишини... Бир сўм ириган, икки сўм чириган пайтда сен ҳам қисталанг қип турибсан-а? – Мўмин бир қалқиб тушди. Ҳошим йўрғанинг иддаоси жон-жонидан ўтиб кетди.

Уялди, Ҳошимдан эмас, Гулсумдан уялди. Ошхонадан тоғора кўтариб чиққан Гулсум атайлаб ҳовли этаги бўйлаб молхона томон йўл олди. Унга яқин юрмади. Мўминнинг кўнгли алланечук бўлди. Шарт бурилиб ҳовлидан чиқиб кетди. Берганнинг қарзини олганнинг арзи урди.

Мўмин мулзам тортди. Эҳ, Гулсум-а, Гулсум?! Кўнгил қурмағурда ниш урган муҳаббат туйғуси кун ўтса-ю ой келса, йил битса-ю умр кетса-да, мавж уриб тураверарканда-а. Бу дунёда абадий нарса шу бўлса керак, ўзинг ўлсанг ҳам муҳаббатинг яшайверади. Шу ҳиссиёт оловида ёнмаган одамлар бу дунёга нега келиб, нега кетаётганини ҳам билишмаса керак. “Қайтамга шундай кишилар бахтлидир?..”, деган ўй кечди Мўминнинг хаёлидан. Айни тоб юраги бир ўртаниш берди, ёшликни эслади – мактаб даври, синфдоши Гулсум ишқида куйган бўзболалик маҳали. Ёз тунлари, Боғариқ бўйидаги висол чоғлари. Юлдузлардан нур, ойдан қўр, офтобдан олов олиб битган мактублар (Ҳа, у пайтлар мактуб деган нарса бор эди, мактубларда инсон қалбининг тафтини туярдинг, тилга кўчмаган сирли шивирларни тинглардинг, набирагинам)... Лекин тақдир экан, қизнинг ваъдаси мўрт чиқди, ўзидай ожиз бўлди. Мўмин ҳарбийга, ҳарбийнинг ҳам қарғиш урган жойи – Афғон урушига кетгач, етти-саккиз ой хат-хабарнинг “оёғи” тортилди. Қишлоқда шубҳа ғирмирлади: “Тинч­ликмикан, нега дом-дарак йўқ. Ё госпитал-поспиталдамикин? Ярадор-марадор деганларидай...” “Эй-ей, оғзингиз оғилхона эшигидай очилиб қолаверади-я, нафасингиз қурсин. Туфф, денг-ей, туф-туф денг...” Хуллас, илгаги иринг илган бундай гапларни эшитган ота-онанинг кўнгли така-пука, юрагида қўрқув эпкини эсади, ёлғиз қизининг келиш-қайтиши ноъмалум ўғлоннинг йўлига кўз тикишини нодонлик деб ўйлашади. Қиз кўнгил ёргач энанинг эси кетади: “Ўчир овозингни! Севги-певгингминан қирилиб кетгур, бас қил! Ана Тўхли парткомнинг ўғлидан одам кеп турибди. Ҳошимга сўрашяпти сени. Шунга тегасан!!!”

Шу-шу Гулсум Ҳошимга боғланди, тўй бўлди. Кимсан Тўхли парткомнинг сазасини ўлдириб бўлармикин, бундан кўра сазойи бўл-ей, дейдиганлар ҳам топилди. Шунгаям мана ўттиз беш йилдан ортиқ вақт ўтибди. Мўминнинг кўнглида эса шу қурмағур Гулсумнинг ўти ўчмаган.

Ҳошимнинг ҳовлисини ўлиб қолса ҳам хатламасди. Аслида-ку, шу пулни Гулсум туфайли берувди. Ҳошим келиб: “Оғайни икки минг топиб бермасанг бўлмайди. Тўй қиляпман. Харажат ҳансиратиб қўйди...”, деганда кўз олдига Гулсумнинг мунгли қиёфаси келди. Ўйлаб-нетиб ўтирмади. Шахт уйга кириб икки минг доллар олиб чиқди. “Ма, бори шу. Боққа ишлатаман, деб йиғиб қўювдим. Сеники зарил экан, ол?” – деди. “Раҳмат, биродар. Тўйдан сўнг қайтараман”. Шундай гап. “Тўйдан сўнг”ги муддат ҳам уч йилга чўзилди.

Икки йилдирки Мўминнинг ўн гектар гилосзори эрта баҳорда тошиб-кўпириб, қишлоқ одамлари таъбирича “бошини еб”, қийғоз гулга киради. Рўйи-замин шу боғнинг ҳосили тагида қолади-ёв, деб ўйлайсиз. Қаёқда?! Кўз тегадими, гирдинбало бўладими, ишқилиб, айни чангланиш чоғлари, қаердан келади, бандасига ноаён, бир совуқ-изғирин гилосзорга қирғин солиб кетади. Икки йилдан бери иқлим номардлик қилади, гилосзорни аёз уради...

Топганини тагига бостирмай шу боққа сарфлаган Мўминнинг эса алами ичида бўлади, унинг ботинини аёз уради. Бугун ҳамёнида шамол ўйнаётганининг боиси ҳам шу.

Орадан бир ҳафта ўтди. Мўмин ҳовлида ўз кўйига андармон бўлиб, нимадир қилиб, куйманглаб юрарди. Катта темир дарбоза тарақлади, ичкарида қадди-бас­тига пўримлик мосу хос, Яратган давлатдан қисмаган Илҳом бой савлат тўкди. Мўмин ҳайрон бўлди. Нега келдийкин?

– Ассалому алайкум, полвон ака. Сизни анчадан бери кўрмовдим, соғиндим, бироз суҳбатингизни олай дедим, – бой ўзини дилхушу дилдош этиб, Мўминга қучоқ очди.

Ҳорманг-бор бўлингдан сўнг улар чорпояда чордона қуришди. Суҳбатнинг равиши ён-атроф, об-ҳаво, нарх-наводан нарига ўтмади. Мўмин эса ич-этини еб ўтирди – нега келдийкин? Бекорга бу ерга бош суқмаган бўлса керак.

Илҳом сергагу сезгир йигит, суҳбатдоши кўнглида қўзғалган безовталик мавжини ҳис қилди. Гапни чувалаштириб ўтирмасдан муддаога ўтди:

– Полвон ака, сизни яхши кўраман. Мард, ҳалол инсонсиз. Одамларга кўп яхшиликлар қилгансиз. Бу энди ҳаёт-да, ҳар хил ҳолатлар содир бўлади. Эшитишимча, бироз қўлингиз юпқа тортибди, маблағга муҳтож бўлибсиз. Бирор тўй-маърака, мавлуд ташвиши борми? Сиқилманг ака, биз қараб турмаймиз.

Мўмин нима деярини билмай қолди. Боши қизиб, пешонасида тер кўпчиди. Дабдурустдан Илҳомнинг ҳотамтойлик қилишга чоғлангани ҳайратини тоширди. Нима деярини билмай энди оғиз очиб ҳам эдики, Илҳом мадорага чек қўйди, Мўминнинг оғзига қулф урди:

– Ака, қўйинг энди. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади, кўнглингизда туғилган ўй-ниятларингиз амалга ошсин. Манавини олинг, икки минг, – у қўйнидан хатжилд олиб дастурхон четига қўйди.

– Э-ей-ей, керакмас, укажон. Керакмас. Сизга буни... қизиқ бўлди-ку, – Мўмин эсанкиради.

– Ака, бўлди. Гап битта. Худо хоҳласа, яхши бўлади. Энди... – бироз ўнғайсизланди Илҳом, – шу у-бу нарсага муҳтожлик сезилса, тортинманг, поччамга эмас, менга айтаверинг, ака. Опам айтдилар, поччамдан қарз сўрабсиз, уларда ҳам ҳозир шу нарса танқисроқ экан. Биласиз, боғдан барака кетди – қишнинг қаҳри қаттиқ келди.

Мўмин ўзини ўнглаб-ўнгламай Илҳом ўрнидан қўзғалди, кўча эшикка қараб йўл олди. Хайру хўшни қисқа қилиб, ҳовлидан ташқарига чиқиб машинага ўтирди.

Бироздан сўнг, гандираклаб чорпоя ёнидаги ўриндиққа мук тушди.

Мўмин ўзини қўярга жой тополмади. Шу топда Ҳошим йўрғанинг уйига бостириб бориб унинг ёқасидан тутмоқчи, тавбасига таянтирмоқчи бўлди. Ўрнидан яна шахд билан турди... Лекин кўз олдида Гулсумнинг чеҳраси намоён бўлди ва гандираклаб жойига ўтириб қолди...

 

ТОШГУЛНИ ЖИН ЧАЛДИ

Ҳикоя

Тоштепа – тоғ тагидаги қишлоқ. Тубканинг тубида.

Хайри холаникида тадбиру тавозе – “Бўмишгул” бўляпти. Эскидан қолган аёлларнинг маросими бу. Динимизга алоқаси борми-йўқми, бунисини билмайман. (Хуллас, Сурхон томонларда “Бўмишгул”, водий ва Тошкент тарафларда “Биби сешанба”, “Мушкулкушод” дейишади...)

Хайри хола кўз қири билан разм солди – этаги бутуннинг бари шу ерда. Ойнали айвонда майнадай чуғур урган аҳли аёл бири қўйиб, бири олиб гап сотади. Хуллас, маҳалла-кўйнинг хотин-халажи жам, биргина Тошгул кам. Хола пойгакда патак калишини эндигина ечаётган келини Қирмизгулга сўроқ отди:

– Тошгулни айтмаганмидинг?

– Айтувдим эна, айтувдим. – Келин бешик тебратардай тебраниб турди. – Келмабди-да...

– Бор, яна бориб айт. Энам чақиряпти, де. Тавба, қуш беги билан шавла емабди...Сондан чиқса ҳам элдан чиқмасин. Бу гапимни ҳам айт!

Қари-қуридан иборат “момодавра”да пирпирак пиликдек нур таратиб турган Қирмизгулнинг қораси ўчди – чиқиб кетди.

– Дугон, сазайингни созойи қип нима қиласан! Барибир кемайди. – Ҳамиша фитнанинг уясига олов урадиган Турди момонинг туршак-тиришқоқ юзида киноя ўти гуриллади. Момонинг алами ичида эди; сабабки, ўтган куни неварасига “чилла чиқди” қилиб таниш-билишни чорлаб худойи қилишувди. Қаттиқроқ йўталсанг девори зириллайдиган жон ҳамсоя бўлиб шугина Тошгул чиқмади, ҳамма келди, яқин-йироқ, хешу бегона дегандай. Фақат Тошгул ўлгур...

– Холчучик момонинг, ундан сўнг Нормурод бованинг жанозасида ҳам кўринмади, – деди Раҳима хола.

– Ҳалима қиз узатди. Шуникига ҳам келмади. Тўғрими, Ҳалима? – ўсмоқчилади кимдир.

– Ойсоат опанинг қудачақирдисига ҳам келмади. Томир-помири сувга текканов шунинг, – кесатди Норой опа.

– Томирини билмадимов, боши осмонга теккани чин, – ўдағайлайди Раҳима хола.

– Нима мундай деяпсиз, овсин? – ижикилайди Норой опа.

– Бир боласи Англиями, Панглиями шу ёқларга оиласи билан кўчиб кетибди. Бизнесчи-ми, бир бало. Ҳа, анави Тошкентдаги бой парзанди (фарзанди демоқчи) бор эди-ку, Нурматми, Қулматми, шунисини айтаяпман. Яна бирови, индамасгина бўлиб юрадигани бориди, шунисининг оти...

– Ҳа, шунисини оти Нурмат. Анави Англияга кетгани Қулмат у, Қулмат, – гапга суқилади хотинлардан бири.

– Ҳа, – ишқилиб, шу Нурмати Оқтепа томонда узум завод қураман деяптимиш, – Раҳима хола ичидаги куйиндини босиш учун сопол косадаги ўрик шарбатини даст кўтарди.

– Ҳей, замонингдан айланай? Чет эл дегани ҳам катта ариқнинг нариги бетидай яқин бўп қолди. Харрак кўприкнинг нарёғи чет эл, хулласи гапи... – Ойдин момо билағонлик қилди.

Аммо... Аммо... уй соҳибаси Хайри холанинг алами ичида заҳм еб, ҳовури ҳамон босилмаганди. Шу пайтгача сухани сояда қолмаган эди-я. Ўқласа ўқлови ҳам ўқ отарди. Даврага қараб:

– Нима бало, бу Тошгулнинг элдан бети куйганмикан? Элга эт бўлмаган шайтонга кет бўлади, дегувчийди энам раҳматли, – деб юборди.

– Икки-уч ойдан бери кўчага чиқмай қўйган, – деди тўрдаги Замира хола.

– Нима бало, чиллага кирганми? – кесатди ёнидаги аёл.

Энди давранинг шамоли Тошгулнинг аъмолига қараб эсди.

– Эри ўлгандан бери одамови бўп қолди-ёв.

– Эри ўлганига бир йилдан ошди, келиб-келиб энди одамови бўладими, ўйнаб-кулиб юрувди-ку? Сиз ҳам қизиқ гапирасиз-а?

– Мен қаердан билай? Буни эри ўлганлардан сўранг, сизга қизиқчи бўлиб қолдимми-а?

– Мунча тизилламанг. Келмаса келмабди, Тошгулсиз қолдикма? Қўйинг. Сиз оғзимиз сенга бормасин...

Давранинг ўт олган ўчоғига Замира хола мой урди:

– Тошгул ҳамсоям ўзини ўқитиб-мўқитиб ташламаса бўлмайди. Ҳовлиси пешонамизда-ку, кўзим тушади: чорпояда уззукун нимагадир тикилиб ўтиргани-ўтирган. Тунов куни борувдим, мени кўриши билан шахт ўрнидан туриб қорасини ўчирди. Қўлида шапалоқдеккина бир ойнами, билмайман, шунга қараб-қараб қўйди-да, уйига кирди-кетди. Итмисан, эшакмисан, нимасан, демади-я...

– Иб-е-ей, Тошгулни жин чалибди, эмасам, – деди Хайри хола, – қўлидаги шайтоннинг ойнасидир-да. Одам бундай пайти нима кўтариб юрганини билмайди.

Шу тобда, хотинларнинг маърака-мажлиси авжига минаётган пайтда пешайвонда Қирмизгул келин қимтиниб бўй кўрсатди. Давра дими-дирс тортди. Ҳамманинг нигоҳи Қирмизгулда, ҳаммасининг қулоғи динг.

– Нима деди? – Хайри хола келинига кўз қадади.

– Боролмайман, деди...

– Энам чақиряпти демадингми? Бир уй аёл сизга муштоқ, кўзи учиб турибди, демадингми?

– Дедим.

– Хўш...

– Бетоб эканлар, – келин ийманиб бош эгди.

Шу маҳал айвонга ўн-ўн бир ёшдаги зумраша, кампирнинг эрка набираси Кенжавой учиб кирди-да, бурнини торта-торта, бада-банг арзи-ҳол этди:

– Момо, чечам алдаяпти. Тошгул хола бормайман, қишлоқнинг хотинларидай, сенинг момонгдай бекорчимасман, деди. Йиғин-пиғинингдан ўргилдим, дунёбехабарлар деб кулди. Чиндан ҳам Тошгул хола бошқача-да.

Давра муз ургандай бўлди. Кимдир иҳраб юборди.

– Чиниминан уни жин урган.

– Э-бей, ана бўлмасам.

– Сени еб-ютайин-да, ўзинг гўрда, сенинг дунёдан хабардорлигинг ер бўлармиди?!

– Бу бир нарсага йўлиққан.

Хотинлар гапининг калаваси чувалди.

Тошгулнинг “томорқаси” тошга тўлди:

– Яна нима деди? – кампир неварасига ўдағайлади.

– Ҳеч нарса демади. Менга... Менга... Айтаверайми?

– Нега каловланасан? Гапир.

– Менга қўлтилпонини кўрсатди. Айпон. Зўр. Ўғли Лондондан жўнатибди. Антинаси ҳам ўзи билан. Тилпонига кампутер улабди. Худди тиливизор дейсиз. Дунёни кўриб ётибди. Кимлар биландир гаплашяпти ҳам. Ўзим кўрдим, чачи сори (сочи сариқ демоқчи) ўрис, тағин қоп-қора негр аёллар билан ҳам тилпонда гаплашаркан. Шулар билан дугона бўлдим, деяпти Тошгул холам.

– Ҳой тирмизак, нима деб жавраяпсан? – Хайри хола набирасига анграйиб қараб қолди.

Набира ҳам дилидагини тили билан отди:

– Момо, мен жаврамайман. Сиз жавраяпсиз. Сиз, манави дугона-пугоналарингиз жаврашади. Сизлар тушунмайсизлар. Мен Тош­гул холаникига ҳар куни бораман, холанинг қўлтилпонида ажойиб-ажойиб, зўр нарсалар бор. Менга ҳам кўрсатади. Хола айтади, мен бутун дунёни кўриб тураман, булар эса мана шу Тоштепа қишлоғидан нарини кўрмайди, бечоралар деб сизларга раҳми келади. Тушундингизми? Менга ҳам шундайчакин тилпон оп беринглар...

Уй ичи бир қалқиб тушдиёв. Аҳли ожиза издиҳоми ғимирлаб қолди. Қош қоққан ким, кўз учирган ким, бош чайқаган ким, лаб бурган ким... Хуллас тирмизак набиранинг вайсаши тагидаги иддаони ҳеч ким тўлиқ ҳис этмаган бўлса-да, болакай тарафдан этни жунжиктирадиган совуқ бир эпкин эсгандай бўлди. Ҳа, куппа-кундуз куни, ёзнинг айни чилласида шундай бўлди. Буни деярли ҳамма ҳис қилди. Хайри холанинг эти жунжикди:

– Тошгулга қўшиб менинг неварамни ҳам жин чалганга ўхшайди...

...Қишлоқда ҳаёт давом этаверди. Тоштепада тонг отиб, кун ботаверди.

Қулмат бобонинг кампири Норой хола бандачилик қилди. Тошгул хола эшитмади. Бормади.

Ойдин момо омонатини топширди. Тошгул хола бехабар қолди.

Сайфи тоға ҳам бу дунёни бизга ташлаб кетди. Тошгул хола уйидан чиқмади...

...

Тошгул хола...

...

Тошгул хола...