“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 269 марта кўрилган.

КУЗ ЁМҒИРИ Ҳикоя

Биби Робия САИДОВА

Ёмғир шивалаб турган чоғида қирқ-қирқ беш ёшлардаги қотмадан келган бир аёл етти-саккиз ёшлардаги ўғлини етаклаганча ўтиб бораётиб, дўкон ёнига келганда чақин ургандек бирдан тўхтади. Нигоҳини дўкон ичига йўллади. Сўнг яна кўзларини ерга тикканча бир-икки қадам ташлади. Яна тўхтади. Гўёки кимдир уни гоҳ олдинга, гоҳ орқага тортқиларди. Ахийри, дўкон эшигига яқинлашди. Болакай эса бундай антиқа жойга келиб қолганига қувониб, онасининг қўлидан юлқинишга уринарди. Аёл кузги пойабзалларни ўзгача бир ҳавас билан кўздан кечира бошлади: мана ялтироқ чармлилиги, ён тасмачаларига рангли тошлар ёпиштирилгани, пошнаси баланди, учи қуш тумшуғидай чўзилгани-ю, гул шаклидаги мато билан безатилгани. У ўзини музейдаги қимматбаҳо ашёларни томоша қилаётгандек тутарди. Дўкон бурчагидаги охирги сафларда турган туфлининг ёнига келганда эса таққа тўхтади ва бир муддат тикилиб қолди. Ўтган йилги мавсумдан бери савдоси юришмай келаётганиданми, ҳеч қандай безаксиз, оддийгина бу туфлининг нархи арзонроқ эди. Аёл беихтиёр қўлини узатди, аммо нимадандир истиҳола қилдими, дарҳол тортиб олди ва сўради:

– Бу... қанча туради?

Саволни берди-ю, бутун вужуди қулоққа айланди. Сотувчи айтган баҳо жуда арзон эди. Аммо нархни эшитган аёл бехосдан кафтлари орасидаги жажжигина қўлни қаттиқ қисиб юборди. Унинг сониялар ичида ўтган бутун изтироблари ана шу тарзда ифодаланган эди. Ўғли кутилмаган оғриқдан чинқириб юборди. Она дарҳол жажжи бармоқчаларни силади ва сотувчига хижолатомуз табассум қилганча, дўкондан чиқиб кетди. Ана шу дақиқаларда аёлнинг урингангина кўйлагига ва оёғидаги пойабзалнинг едирилиб кетганига кўзи тушиб қолган сотувчининг кўнг­ли алланечук бўлиб кетди.

Бугун савдо ғилдирагини айлантиришга вақтнинг ҳам қурби етмади. Кичкина қизи шамоллаган, дўконни эртароқ ёпиб уйга жўнаш керак. Шундай ҳам қилди.

“Саҳар турсанг, ризқ-насибанг мўл бўлади, ишларинг юришади”. Бу гапни онасидан кўп эшитган эди. Шунинг учун эртаси куни дўконини одатдагидан жуда эрта очди. Сўнгра қора булутлар кузатуви остида дўкони олдига сув сепиб супурди. Хонага бостириб кирган ернинг нам ҳиди руҳини аллақаёқларга чорлагандек бўлди. Қишлоғидаги таниш манзаралар кўз олдидан ўта бошлади. Сотувчи тўйиб-тўйиб, чуқур-чуқур нафас олди-да, кўчада мудраётган ҳаётнинг уйғонишини кутиб, кўзини китоб­га тикди.

Шамол оёғи куйган товуқдек у ёқдан бу ёққа югурарди. Кун пешинга яқинлашган. Саҳарда кўп гап борлигини пешма-пеш сотилаётган моллари тасдиқлаб турарди. Мана, ҳозир ҳам дўконнинг ичида иккита харидор бор. Сотувчи улар билан андармон бўлаётган бир вақтда баҳайбат қора машина савлатига яраша овоз билан “ғийқ” этиб дўкон олдида тўхтади. Машинанинг орқа эшигидан ўзгача услубда тикилган мактаб формаси кийган ўн тўрт-ўн беш ёшлар чамасидаги қизалоқ ва олд эшикдан бошидаги кепкасини тўғрилаганча башанг ки­йинган бир киши тушди. Аёл уларни дўкон ичига кириб келгунларига қадар кузатиб турди ва шунча дабдабага ярашмаган ҳиссиз юзларига қараб, уларнинг суратини чизган “рассом”га истара, қувонч ранглари етмай қолганига таажжубланди. Гўёки бундай одамларнинг юзига сув сепиб ўзига келтириш керакдек туюларди. Дўконга кирибоқ ота ҳали танланмаган туфли учун орқа чўнтагидан занжирбанд этилган қуллардек турган, аслида эса ўзини ҳам қул қилишга қодир бўлган пулларини қўлига олди. Қизча кутилганидай юқориги қаторда, алоҳида мавқе эгаллаган пойабзалларга кўз югуртирди-ю, ҳам нархи, ҳам пошнаси бошқаларига қараганда бир қарич баланд бўлган туфлини бармоқ учлари билан кўрсатиб:

– Ана шунисининг ўттиз еттинчисини беринг, – деди.

Сотувчи талабни бажаришдан олдин беихтиёр қизнинг оёқларига назар ташлади. Оёғидаги бежиримгина феруза тошли туфлиси қўлидаги сумкасининг ранги билан бир хил эди. Қиз танлаганини кийиб кўрар экан, юзидан қисқа табассум югуриб ўтиб кетди:

– Буни кеча олиб берган маржонингиз билан ҳам кийсам бўларкан. О, мана бунисини ҳам оламан.Уйимиз ёнидаги дўконда шунга мос шарф ҳам кўргандим.

Ота пойабзалларнинг нархини сўраб, сотувчига пул тутқазди.

Қора булут, ниҳоят, ичидаги дардларини ёрди. Ёмғир шаррос қуйиб юборди. Ана, яна сотувчига таниш бўлган мактаб қўнғироғи жаранглади. Бугун даромад нисбатан мўл бўлганини ўйлаб ўтирар экан, эшикдан таниш икки қиёфа кўринди. Боласини қўлидан ушлаганча ўша аёл кириб келди ва пешонасидан сизиб оқаётган томчиларни артаркан, остонадан бир қадам ўтиб тўхтади. Сотувчи дарҳол уларни таниб, хушмуомалалик билан ичкарироққа таклиф қилди. Аёл юзида қотиб қолган ним табассум билан ўғлини етаклаганча қил кўп­рикдан ўтаётгандек эҳтиёткорлик билан юриб бурчакка борди ва ўша илгари кўриб кетган туфлисига бир муддат тикилиб турди. Ўғли эса, кўчада булут тўккан ёшлар ёқинқирамаган, шекилли, жимгина турар, хархаша қилмасди. Онаси кўзини ердан узмаган кўйи туфлининг нархини яна сўради.

– Бу... қанча туради?

Бола сотувчи оғзидан яна ўша нарх янграгунга қадар бўлган муддатда онасининг юрак товушини эшитди. Сотувчи айбдорона оҳангда ўша рақамларни қайтараркан, нима учундир хижолат тортди. Шунда фарзанд нигоҳларини онасининг оёқларига қадади. Бола онасининг шунча йиллардан бери кийилавериб орқаси эзилиб кетган, олд ва ёнларидаги баъзи жойларнинг чоклари сўкилган пойабзалини кўриб, гоҳ волидаси юзига, гоҳ ерга тикиларди, тикилгани сайин кўзларидаги мунг қуюқлашарди. Бир ҳафтадан сўнг дўконда боланинг ўзи пайдо бўлди ва индамасдан ҳали сотилмаган, сотилиши ҳам гумон бўлган ўша туфлининг ёнига бориб турди.

– Ўғлим, онанг яхшими, кўринмайди? – деди сотувчи юмшоқлик билан. – Нега у сени мактабдан олиб кетмаяпти?

Бола кўзини ердан узмаган кўйи деди:

– Йўлни ўзим топиб бора оладиган бўлдим.

– Катта бўп қолибсан-да.

Бола бош ирғади.

– Менда бирор ишинг бормиди? – сўради сотувчи аёл ҳамон қаққайиб турган боланинг мақсадини билиш ниятида.

Бола қўли билан туфлини кўрсатаётиб, сўради:

– Бу... қанча туради?

Унинг овози оҳангидаги онасиники каби шикасталик сотувчи қалбини поралаб юборгандек бўлди-ю, савол жавобинини айтиш ўрнига дўкондаги ягона ўтмас матоҳнинг харидори юзига ажаблангандек қараб қолди.