“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 145 марта кўрилган.

ОҒИЗ ОЧИЛМАГАН КУНЛАР

 

МУҚАДДАС ОЙ

Дўсти Азизнинг кутилмаганда меҳмонга келиши Ғайратнинг юрагини ўйнатиб юборди. Қандай уят. Айни узилиш пайти келиб қолганини... Бир неча кунки, Ғайратнинг уйида қотган-қутган нондан бўлак ҳеч вақо йўқ. Ҳалиям болалари қишлоқда, ота-онасининг ёнида, йўқса, шу қотган нон ҳам бўлмас эди. Қадрдон дўсти Азиз уч йил деганда уйига бир келса-ю, унинг олдига қўйишга ҳеч вақо тополмаса.

Ғайрат Азиз билан ҳол-ахвол сўрашгач, «ҳозир» дея хотини ёнига, ошхонага кирди. Яхшиямки, Фарангиз оғир-босиқ, сабри кенг аёл.

Эр-хотин бир-бирига узоқ тикилиб қолишди. Орадан бир чой қайнагулик вақт ўтди. Бу орада Ғайрат Азизнинг ёнига икки марта кириб чиқди. Худди катта нарсага тараддуд кўраётган одамдек, «Ҳозир, сен ўтириб тур» дея чиқиб, Фарангизнинг ёнига келади. Фарангизнинг ҳам боши эгик. У чой дамлаб, чойнакни Ғайратга узатди. Ғайрат бир қўлида чойнак, бир қўлида пиёла билан қизарганча Азизнинг ёнига кирди. Шунда Азиз Ғайратнинг қўлидаги чойнакка қараб жилмайганча деди:

– Мен рўза эдим, дўстим, сен ўзинг бемалол...

Ғайратнинг юзида болаларча қувонч пайдо бўлди.

– Ия, шунақами? Мен ҳам рўза эдим. Келининг ҳам рўза. Рамазон муқаддас ой-да. Муқаддас ой! – деди энтикиб...

Умид АБДУҲАКИМОВ

 

АНДИША

Вокзалга кетаверишга яқин жойда ошхона жойлашган. Одимлар эканман, кимдир «Ҳалол шашликлар бор», деб ҳайқирса, кимдир иссиқ сомса, иссиқ чой борлигини овоза қилади, яна кимдир эса пластик картага ҳам савдо қилаверишини жар солади. Улар, асосан, ўрта ёшли кишилар, йигитлар бўлгани учун овозлари жарангдор янграйди...

Бурчакда 60-65 ёшни қоралаган, кўринишидан қаровсизлиги яққол намоён бўлаётган онахон рўмол очиб эски кийимлар, ишлатилган рўзғор буюмлари, ўқилган китоблар ёйиб ўтирибди. Жуда таниш чеҳра... Эсладим: ишга шошаётган пайтим бу онахондан пирашка олиб еб кетардим. Унинг ҳеч кими йўқлиги, ўз қорнининг ғамини шу йўл билан ейиши ҳақида эшитганларим ҳам бор эди.

Китобларга қизиқиш баҳона ёнига яқинлашдим ва «Онахон, энди пирашка сотмайсизми?» деб сўрадим.

– Ҳозир Рамазон ойи-ку, уят бўлади, болам, – деди онахон.

Кўзимни ерга олдим.

Одинахон АБДУВАҲОБОВА

 

МЕҲР

«Кун бўйи рўзадор ҳолида қурилишда, офтоб тиғида ишлади, жуда очиққандир, – ўйлади аёл эрига зимдан қараб. – Яхшиси, боя еб олгандим, қорним тўқ, деб айтаман».

«Ҳомиладор аҳволида тузук-қуруқ едиролмаяпман, – ўйлади эркак аёлига гуноҳкорона боқиб. – Икки киши учун ейиши керак. Яхшиси... дўстимникида ифторлик қилиб келдим, дейман».

Дўппидеккина паловдан эру хотин ўртасида яна ортиб ҳам қолди.

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

 

ЎН БЕШ ДАҚИҚА

«Ўн беш дақиқа қолди», пичирлади бола лой йўлдан сирғалиб чопиб бораркан. Дўконга шошиб кириб ғижимланган пулни узатди. Сотувчи қиз менсимайгина пулни оларкан, болани жеркиб берди: «Нима бало, ахлатдан олдингми?»

Бола бошини эгиб, аранг гапирди: «Ахлат тозалаганим учун олдим».

Уйга югуриб кирди, анчадан бери аёл кишининг изи тушмаган ҳовли ичкаридаги бемор каби болани мунғайибгина қаршилади.

«Келдим....» деди бола ҳансираб. У пиё­ладаги сувга иссиққина нонни ботириб, бувасининг оғзига тутди. Бемор тамшана-тамшана кўзларини юмди.

Бувасининг сўнгги ифторлиги эди бу.

Дилбар РАЖАБОВА

 

СЎНГГИ ИФТОРЛИК

Шомга яқин немислар чекина бошлади. Жанггоҳни ғалаба овозалари тутиб кетди. У борган сари тўхтаб бораётган юрак дукурини тинглар, кўзини ботай-ботай деб турган қуёшдан узмасди. Ниҳоят, қуёш ботди. «Вақт бўлди», ўйлади у.

Сўнгги кучини тўплаб, бир сиқим қорни оғзига солди.

Аслиддин ТЎЛАНОВ

 

ШУКРОНАЛИК

Маъруф ишдан ҳориб чиқди. Аёлининг «Ҳалиги, уйда айтарли ҳеч нарса қолмади, агар иложингиз бўлса, ишдан қайтаётганингизда бозорга кириб чиқинг», дегани ёдига тушди-ю, юраги эзилиб кетди. У бугун маош олиши керак эди... Аммо аксига олиб ишхонада маош берилмади. Энди нима қилсин? Маъруфнинг боши қотди. Аллоҳга таваккал қилди-ю, уйи томон жўнади. Эшик олдида уни кутиб олган Солиҳа эрининг қўлларини бўш, кўзларини маъюс ҳолда кўрди-ю, ҳаммасини англаб етди.

– Ассалому алайкум. Чарчамадингизми?

– Ваалайкум ассалом. Яхшиман. Ўзинг қийналмадингми... Аксига олиб бугун маошимни беришмади-я... Уйда ҳеч нарса қолмади, дегандинг. Бозорга ҳам киролмадим...

Маъруф кун бўйи рўза тутган аёлига бирор егулик олиб келолмаганидан юраги тилка-пора бўлар, уятдан ўзини қўярга жой тополмасди.

Солиҳа эса эрига табассум билан жавоб қайтарди:

– Майли. Қайтанга яхши бўлибди, уйимиз Расулуллоҳнинг уйига ўхшабди, дадаси! – дея жилмайди.

Улар шу туришда ҳам жуда бахтли эдилар!

Бу вақтда эса қўшни хонадонда тўкин дастурхон ёзилган, ифторлик қилиш учун казо-казолар меҳмонга чақирилган, аммо келганларнинг биронтаси ҳам рўза тутмаган эди...

Руқия УЛУҒХЎЖАЕВА

 

УЯТ

Ишхонамдан чиқиб тушлик қилиш учун уйга кетаётган эдим. Йўл бўйидаги одами гавжум ресторан олдидаги бир болакайга кўзим тушиб қолди. Чамаси, ўн икки ёшлар атрофидаги бола ресторан ичидаги хўрандаларга қараб турар эди. Қорни очдир, у-бу нарса олиб берсаммикан, деган ўйда унинг ёнига яқинлашдим.

– Нимага қараб турибсан? Қорнинг очми? Юр бирга овқатланамиз, – дедим.

– Оч эмасман.

– Унда нимага бу ерда турибсан?

У менга ғалати қараб қўйди-да, саволга тутди.

– Амаки, ҳозир биз қайси ойдамиз?

Очиғи гапидан ҳайрон бўлиб жавоб қилдим.

– Май ойида. Нимага сўраяпсан?

– Бугун қайси кун? – деди бола кўзларимга тикилиб.

– Душанба.

– Йўқ, амаки Рамазон ойининг илк кунидамиз-ку. Ичкаридаги одамлар нега улуғ кунда рўза тутишмаганига ҳайрон бўлиб қараб турибман.

Болакайнинг гапларидан рўза тутмаганим ёдимга тушиб, уялиб кетдим.

Дилафруз ТЎЙЧИЕВА

 

ҲАЛОЛ

– Иссиққина, ёғлиққина, янги соғилган сут, сотаману кетаман, келинг, янга.

– Бунийизга сув қўшилмаганми?

– Тавба денг, янгажоним, рамазон ойида-я?!

– Айланай, шунчаки сўрадим, қўйдим-да.

– Ҳайитгача қўрқмай олаверинг, қоқиндиқ...

Бобур НУСРАТОВ

 

МАТОНАТ

Қуёш уфққа аста бош қўйди. Дам ўтмай жанггоҳдан осмон қизариб кўрина бошлади ва тезда атрофни қоронғулик эгаллай қолди.

 У ёғий қуршовида қолган бўлса-да, кўзларида қўрқув аломатлари кўринмасди. Мардларча олишар экан, бир зум тўхтади ва пешонасидаги терни артди. Белига боғлаб олган кичик мешкобдан бир хўпладию юзига фотиҳа тортди: «Аллоҳим, тутган рўзамни қабул эт»...

Шаҳзод ЭРГАШАЛИЕВ

 

ОИЛА МЕҲРИ

Бугун кечки пайт маҳалладошларимиздан бириникида ифтор экан, боя айтиб кетишибди. Ишдан келсам, бу ҳақда ўғлим худди еткизаётган хабари учун суюнчи оладигандай, мени кўргандан югуриб олдимга келиб хабар берди:

– Дада, дада, сизни кечга ифторга айтиб кетишди. Борар экансиз.

– Хўп ўғлим, хўп.

Ишдан чарчаб келганим учунми, ифторга бориш ҳам малолдай туюла бошлади. Аммо бориш керак, маҳалладош хафа бўлиши мумкин. Ифтор вақтигача бироз дам олиб, сўнг оғиз очишга ярим соат қолганда уйдан чиқа бошладим. Қарасам, хотиним аллақачон ҳар кунгидай қилиб ифторлик дастурхонини тузаб қўйибди. Дастурхонда бир идишда озроқ салат, бир стакан қатиқ, икки бўлак қозонда пиширилган чалпак, бир ҳовуч хурмо ва бир ликоп­да мевалар турар эди. Қўл калталиги қурсин, ҳойнаҳой, нимадир жиз-биз қилган бўлса ҳам аёлим гўштсиз овқат пиширган. Эшиккача бордим ва тўхтаб сонияларда ҳаммасини ўйлаб кўрдим: ифтордаги тўкин дастурхон, икки-уч хил овқат, турли салқин ичимликлар ва турли хориж мевалари... Йўқ, томоғимдан ўтмайди, ўтса ҳам барибир татимайди...

Секин ортга қайтдим ва ўзимнинг қадр­дон дастурхоним ёнига ўтириб, Қуръонни қўлимга олдим ва болаларимни ёнимга чақирдим.

Ғайрат ЙЎЛДОШ

 

НАСИБА

– Янги келин-куёвлигимизда қотган нонни қайноқ сувга ботириб саҳарлик қилардик. Куни билан меҳнат, чарчаш... Ифторликка ёвғон шўрва.

– Ҳа. Аллоҳга шукр, мана энди анвойи таомлар, яхна ичимлик­лар тайёр.

– Энди тиш йўқ, кампир! Барибир яна нонни қайноқ сувга ботириб еяпмиз...

Анчагача чўзилган кулгуни бомдод азонигина тўхтатди.

Отабек БАКИРОВ

 

НОДИРАБЕГИМ тўплади