“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 35 марта кўрилган.

Ҳабиб АБДУНАЗАР. Сувэгиз (ҳикоя). (2018 йил. 21 сон)

СУВЭГИЗ (ҳикоя)

Тупроққа оёқ боссанг товон жизиллайди. Офтобда қолган сигир чўзиб мўради.

– Ҳов қиз, моллар сувсиз қопкетди, тур энди!

– Моллар ўлади, қон касал бўб ўлади бу иссиқда! – она жиғибийрон бўлиб қичқирди.

Пахтагул кўзини уқалаб айвонда бироз тургач, тўзғиб кетган сочларини ён томонга бир силтаб, сўнг тутамлаб боғлади-да, устидан оқ рўмолини тош­дек қилиб ўради ва тандир бошидаги иккита бўш сатилни олиб, кўчага йўналди. Пахсатом бостирмаларни чор атрофдан ўраб ётган дашт этагидаги кўҳна тошқудуқ ўз ичидаги сувни кун тафтидан яшириб ётар, атрофидаги яккам-дуккам тераклар кўкка бўй чўзиб, офтобга ниманидир шивирлар, шўрхок зовурлар ёнидаги юлғунзор қип-қизил гулларини гармселдан қизғаниб, оҳиста гувранарди.

Аёл йўл ярмига келганда бирор керакли буюми уйда қолиб кетган-у, лоп этиб шу эсига тушган одамдек таққа тўхтаб, тепалик биқинидаги чайлага деб тупроқ олинган, оқбош аралаш янтоқ ўсиб ётган лой ўра томон юрди. Тўсатдан чақалоқнинг биғиллаб йиғлагани қулоғига чалинди. Йиғи бироздан сўнг кулгига айланди. Шу лаҳза янтоқ шохларини қимирлатиб нимадир судралиб оқбош тагига ўтди; типратикан ёки илон бўлса керак, ўйлади у. Саксовуллар тагини кўздан кечирди: ҳеч ким йўқ. Эти жунжикиб – қўрқувданми – қадамини тезлатди.

У қудуқ ёнига етгач, ҳалигача қулоғи остидан кетмаган чақалоқ йиғиси кўнглини эздими, ўкириб юборди; тиззалаган кўйи юзларини беркитиб уввос солди; бу заиф овоз шовуллаб турган теракларга етмасдан олов кечиб юрган қаҳрамон тепаликларга сингиб кетди. Биров кўриб қолмасин дегандек, аёл тезда ўрнидан туриб, қудуқдан сув торта бошлади. Шу пайт орқасида кимдир қараб тургандек бир сесканиб, ортига ўгирилди: малла тўн кийиб, белқарс боғлаган қисиқ кўзли бароққош йигит турарди.

Бир қалқиб тушган Пахтагул бирдан ўзини ўнглаб, рўмолининг калта учи билан юзини тўсмоқчи бўлди, аммо рўмол унинг фақат қизил ғунчадек лабларини беркитди, холос.

– Қўрқманг-э! – деди йигит қўлларини иккинчи бўш челакка чўзар экан. – Ёрдам бермоқчийдим.

Қизнинг ёнида турган Соя қудуқни паналаб, йигитнинг ёнига ўтмоқчи бўлди, аммо қуёш уни шу қадар куйдирдики, товонлари ачишиб, изига қайтди. Йигит қудуқдан сув тортиб, сатилларни кўтариб йўл четига олиб чиқди.

Пахтагул, биров кўриб қолмадимикин, деган хаёлда атрофга яна хавотирли боқди: қуриган оқбош, янтоқ ва исириқ пояларидаги сўнгги япроқларни чимдиётган уч-тўртта эчкидан бошқа ҳеч нима кўринмади.

– Уйизгача обориб қўяй? – йигит мулозамат оҳангида унга қараб, бир-икки одим ташлади.

– Йўқ, ўзим. Одамлар кўрса... – аёл сатилларни йигитнинг қўлидан олиб, елкаси билан катта йўлга бурилди-да, юрмасдан кунботарга кўзларини қисганча тикилиб қолди.

– Отим – Жамил, райимсўпиликман... – деди йигит фурсатдан фойдаланиб.

Пахтагул индамади. Бироз юргач, сатилларини ерга қўйиб, ортига қаради. Йигит кўз очиб-юмгунча тераклар шохида пайдо бўлиб, қўлидаги кичкина таёқча билан барг қоқар, эчкилар бир-бирига урилиб-сурилиб япроқ териб ер эди.

Аёл бир зум қараб турди-да, сўнг уй сари илдамлади. Худди орқасидан кимдир ушлагандек, ўзини илкис олдинга ташлар, оёқлари саксовул илдизларига қоқиниб майишиб кетар, ўзини базўр тутиб олар эди; уйга етиб келгунича силтанаверганидан сатиллардаги сув ҳам яримлаб қолганди...

Пахтагул йигитни қудуқ ёнида тез-тез учратадиган, унинг ҳазил-ҳузулларига оҳистагина жилмайиб жавоб қиладиган ва ҳар галги дийдордан сўнг кейингисигача кўнгли чоғ юрадиган, ўша ҳолатларнинг яна ва яна такрорланишини энтикиб кутадиган бўлди. Гарчи Пахтагул беш йиллик рўзғоридан ҳайдалиб, ота уйига қайтган бўлса-да, ҳануз ўзини ёш навниҳол қиздек ҳис қилар, йигит қаршисида ҳар сафар ўзини ноқулай сезар ва бу ноқулайлик ўзига хуш ёқарди. Йигитга ҳам.

– Кет, – деганди эри ўшанда қатъий оҳангда. – Боласиз уй мозор дейишади. Сен эса...

Эркак уни судраб, ярим тунда ташқарига чиқариб қўйганди. У шоқоллар, итлар илиққа келиб увлаган тунда дашт даҳшатларини енгиб, Дарча қишлоғидан уйигача оёқяланг йиғлаб келган эди. Ортидан на эр, на қайнисингил эргашди, фақат уйгача таъқиб қилиб келган биргина оғриқли овоз – гўдак йиғисини у ҳанузгача кўкрак қафасида кўтариб юрарди.

Пахтагул у кунларни эслаб хўрлиги келди. Аммо ичидагини ташқарига чиқармади. Тунлар унинг кўз ёшларини йиғиб оппоқ шудринг доналаридек тонгларга берди.

У бир кун яна қоқ тушда сувга борди.

Қудуқ тубида чиғаноқ ичида ётган марвариддек порлаган асрий кўнгил изҳорлари қуёш нурларига осилиб ташқарига чиқди-да, юлғун гулларига оҳиста қўнди:

– Бироз гаплашиб ўтирсак...!

– Онам билиб қолса... – аёлнинг нигоҳлари ер чизди.

 – Тўхтанг, кўзларингиз!..

Қиз узун киприкларини пирпиратиб кўзларини юмди.

Йигит бармоқ учларини бирлаштириб, унинг қабоқларидан ниманидир олиб қудуққа отгандек бўлди.

– Нима экан?

– Жўги.

Аёл хандон отиб кулди.

– Ҳазилингиз қурсин. Боладайсиз. Нима, мени кўзимда жўги борми?

– Ана энди кўзларингиз порлаяпти.

Йигит унинг қўлидан тутди.

Ёлғиз Соя лип этиб юлғун тагига ўтди. Кўп ўтмай бу Соя улканлашди-да, бир-бирига уйғун аёл ва эркакнинг бутун вужуди билан ютиб юборди.

Бугун тонг бошқачароқ отди.

Осмонда яккам-дуккам кулранг булутлар пайдо бўлди. Аёлнинг кўнгли беҳузур бўлиб, қайт қилгиси келди.

У ўрнидан туриб, ташқарига чиқди ва мусаффо тонгнинг хушбўй, намхуш ҳавосидан ютоқиб-ютоқиб симирди.

– Нима бўлди, қизим? – она Пахтагулнинг сочларини силаб, пешонасига кафтларини босди. – Иссиқ кўтардими, а?

Она безовта бўлиб, ошхонага югуриб кетди-да, у ердан бир бўлак нон билан пичоқ олиб келиб, нонни қизининг бошидан айлантирди, пичоқни атрофида ниманидир кесгандек силкиди. Нонни думини ликиллатиб турган лайчанинг олдига ташлади-да, қизининг қўлларини силаб, яхши бўлдингми дегандек унга илтижоли боқди:

– Одамларни кўзиям ёмон-да...

Пахтагул тезда ўзига келди, вужудида енгиллик, кўнглида ёруғлик сезди. Ҳовлини супуриб, сув сепди; молларга ўт ташлаб бўлгач, сатил кўтариб қудуқ бошига шошди. Аммо йигитдан дарак йўқ эди. У қудуқ атрофларини айланиб, терак­лар, юлғунлар остида йигитни соатлаб кутади. Бундан хавотир олган она қудуққа яқин тепалик устига чиқиб, қўл силтайди:

– Пахта-ю-у-ув!

Аёл кўзлари қизарган ҳолда қўлида икки челак билан онага яқинлашади.

– Киндигингни йўқотдингми?! – кўзларини чақчайтиради она. – Уй тўла сув-ку, нима қилиб юрибсан қудуқда? – Сўнг қизининг кўзларига қараб, шаштидан тушади. – Йиғладингми, жон болам?

Пахтагул онасининг кўксига бошини қўйиб, ўкириб юборади.

Она кўзларига ёш олиб, тақдирдан нолинади: “Болам, ўлмаган қул ҳар балони кўраркан. Бошимизга бу кунларни солган Холмат қирилсин! Сабр қилса, болаям бўларди-ку. Худонинг марҳамати кенг!”

Пахтагул бир кунда икки, баъзан уч бор сувга қатнайди. Уч ойдирки, йигитдан дарак йўқ. Умидини узди шекилли, йигитни бошқа кутмай қўйди. Аммо ўзида ғалати ўзгаришларни кўриб, аввал ҳайрон бўлди, сўнг қувонди. Юраги остида нимадир ғимирлаган, нафас олгандек бўлди. Қорни ҳам бироз кўтарилибди. Юзларига доғ тушибди.

Бу ҳолни англаган она жаҳл қилди:

– Ё эринг билан-а?

Пахтагул индамай қўя қолди.

Бир куни азонда аёлни тўлғоқ тутди.

Она Сарахон дояни бошлаб келди. Қуёш бир тирсак бўйи кўтарилгач, аёлнинг кўзи ёриди. Ҳайратини яширишга улгурган доя кампир синиққина жилмайганча онага юзланди:

– Сувэгиз экан, дугона...

Аёл ҳозир фарзандини оёқларидан ушлаб биғиллатганча унга кўрсатишини, у эса гўдакни бағрига олиб, тўйиб-тўйиб эмизишини хаёл қиларкан, кўзлари ёниб дояга термилди.

Доя жимгина қараб тураверди.

Пахтагул эшик ёнида турган Жамилни кўрди: устида малла тўн, белида белқарс, қўлида – йўргакланган чақалоқ. У жилмайиб аёлга қаради, кейин эшикни бесас очиб, гўдакни кўтарганча ташқарига чиқиб кетди. Аёл чақалоқнинг юз-кўзларини аниқ кўришга улгуриб қолди: юзлари лўнда, оппоқ, кўзлари қисиқ...

Пахтагул қўлларини чўзганча ташқарига қараб йиғлай бошлади:

– Она, қаранг, у боламни обқочди! Болам-м!

Аёл ҳушини йўқотиб, тўшакдан озгина кўтарган гавдасини ёстиққа ташлади.

Она ва доя кампир чўчиб эшик томон қаради, у ерда ҳеч ким йўқ. Эшик шамолда оҳистагина тебраниб турарди.

Доя кампир чуқур уф тортди.