“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 58 марта кўрилган.

Марҳумлар сафари

Оқшомнинг салқин шабадасига бағримизни тутиб эринчоқ сувларнинг шивирлашига қулоқ қўйганча дарё қирғоғида ўтирардик. Ботаётган қуёш ёғдуси батамом сўнмаган, сиёҳранг тутунлар олис – олисдаги чўққиларга илашган, қояларнинг қора кўланкаси водий узра секин-­аста бостириб келарди. Яна ярим соатлардан сўнг қанотларини шовқинсиз ёзиб, оқшом чўкади. Бу жойдан олис шаҳарларда эса қайноқ ҳаёт бошланди. Трамвайларнинг шовқини, автомобилларнинг гувиллаши, узра урилиб-сурилиб, уй-уйларидан чиққан одамлар оқими дарё мисол кўчаларни тўлдиради. Биз ўтирган дарё ён-атрофида бўлса намхуш тупроқ бағридан кўкка бўй чўзган қамишлар ҳар ён тебраниб, оҳиста суҳбат бошлайдилар. Табиатнинг ҳасрат китоби очилади.

– Бу менинг сўнгги ёз фаслимдир, – деди суҳбатдошим хитойлик кекса Хоу.

– Қўйинг-э,! Шундай гўзал табиат манзараларни ташлаб қаёққа борасиз? Қандай кўзинг қияди!, – дедим қамишлар оралаб юрган шарпага қулоқ тутиб.

– Қаридим... Жанубга боришим керак. Кекса Хоу энди дам олиши керак.

– Барқ уриб, гуллаб ётган боғларни ташлаб-а? Қандай кўзинг қияди? Ҳинган дарёси шаршараси атрофидан олтин қидирувчилар, мева-чеваларинг учун яхши ҳақ тўлашмаяптими? Олтинларнинг сараси сенда-ку!

Хоу, қўлини яллиғланиб турган шафақ томон чўзди.

– Хоу ўз оқшомига етиб келди. Ота-боболари чорлаяпти.

– Қўйсанг-чи? Марҳумлар ҳам кутарканми? Жон инсон танасини тарк этганидан кейин қуруқ гавдаси кимга керак ?

– Наҳотки сен, ўтиб кетган отанг­ни кўришни хоҳламасанг? Волидаи-муҳтараманг меҳрибон қўллари билан пешонангни силашини истамасанг? Билиб қўй. Тириклар, ўз уйлари сари қанчалик шошилса, марҳумлар ҳам ўз аждодлари билан юз кўришмоқ учун ошиқади. Энг қашшоқ хитойликнинг мурдасини ўз аждоди билан бирлаштириш учун қанча чиқим бўлмасин, ота маконларига олиб келишади. Мен эса оилам аъзоларини ортиқча чиқим ва ташвишга қўймоқчи эмасман. Шунинг учун ҳозирча танамда жоним бор экан, улар олдига ўз оёғим билан боришим керак.

– Марҳумлар ўз оиласи бағрига қайтишини сен қаердан биласан?

Хоу жигарранг юзини мен томонга бурди. Шу топда унинг юзи ўзим ўтирган қирғоқнинг нам тупроғи каби униқиб кетгандек кўринди.

Агар халқим урф-одати, эътиқодини масхара қилмасанг, айтаман. Билиб қўй, марҳумлар, албатта, ота маконга қайтиб келади.

У митти кўзларини менга қадади. Ўз навбатида мен, юзимдаги бирон – бир ноўрин имо-ишора билан, унинг сўзларига ишончсизлигимни сездириб қўймасликка интилдим. Зеро, шу аснода ишонч­сизлик суҳбатдошимнинг лабига тамға босиб қўйиши мумкин эди-да.

Хоу, марҳумларнинг қайтишини тушунтиришга киришар экан, ингичка қўллари билан жануб томонни кўрсатиб, ҳавода ярим доира шакл чизди.

– Гуйчжоу томонларга бормаган бўлсанг керак. Э ҳа, қаёқдан ҳам борардинг. Гуйчжоуга камдан-кам ажнабийлар боради. У ерларда оташ аравалар йўқ. Гуйчжоу тоғ ва жарликлар, шўх дарё ва шаршаралардан иборат. Аммо бу қадар ложувард осмонни бошқа бирон-бир юртда учрата олмайсан, – деди у ҳикоясини бошлар экан.

Марҳумлар салтанати, худди ана шу осмонўпар чўққилар бағрида макон топ­ган. Инсон ўлиши билан унинг арвоҳи, аждодлари хоки томон йўлга тушади. Бу тоғлар орасида, тарки дунё қилган кўплаб дарвешлар умргузаронлик қилишади. “ФА-СИ” орденига ўшалар асос солган. Бу тоғу-тошларда инсон қалбига ҳузур-халоват бағишловчи лаззатли нарсалар йўқ. Шунинг учун ҳам одамларни абадий ҳақиқат йўлига бошловчи тариқат, “буюк – дао” сўқмоғидан енгил одимлайди. Ҳар йили ёз ойи бошланиши билан одамлар оқими ўша томонга интилади. Ўз тавба-тазарруларини осмон руҳларига етказмоқ учун гуноҳкорлар оқими кун са­йин орта боради. Айрим дарвешларнинг тавба-тазарру сафари эса, шу сўқмоқ йўлларида интиҳосига етиб қолади.

Хўш, бундай кезларда унинг қариндош – уруғлари нима қилади? Ёлғизоёқ йўллардан тобут кўтариб юриб бўлмайди. Инсон боқий дунёга сафар қилар экан, унинг танаси бир парча гўштдан бошқа нарса эмас. Ана шундай кезлари, “ФА-СИ” орденидан дарҳол роҳиб чиқарилади. У келиб мурдага уч бор таъзим бажо келтиргач, мурданинг бошини кўтариб, иссиқ танасидан руҳ чиқиб кетсин, дея марҳумлар салтанатига муножот қилади...

Шундан кейин марҳум ётган еридан тик туради. Танаси ҳаракатга келади, лекин кўзи очилмайди. Сабаби, унинг кўзларига ўлим ўз муҳрини босиб қўйган бўлади. Тириклардан биронтаси бу муҳрни синдиришга ботинмайди. Сўнг марҳумнинг қариндошларидан бири олдинга, роҳиб эса ортга ўтиб, мурдани ўртага олишади. Роҳиб хушбўй ҳид таратувчи шам ёндиради. Улар шу ҳолатда йўлга равона бўлишади. Марҳум на ўнгга ва на сўлга бурилмай тўғри юради.

Улар шу ҳолатда бир неча кун йўл юрадилар. Тириклар йўл-йўлакай тўхтаб тамадди қилиб, дам оладилар. Марҳумнинг гавдаси эса четан деворга суяб қў­йилади. Нега дейсанми? Ахир у кекса отаси билан учрашувга, онасининг меҳрибон қўлини боши узра кўришга шошилаётган бўлади-да.

Бир неча кун шу зайл йўл босиб, аждодлари ошёнига етиб келишади. Бундай кезларда, Худо кўрсатмасин марҳумнинг биронта қариндош-уруғи, рўпарадан оби-дийда қилиб чиқиб қолса борми, ўша ондаёқ марҳумнинг таънаси парчаланиб, ер билан битта бўлади-қўяди.

Мурдани овоз чиқармасдан аввалдан тайёрлаб қўйилган тобут ёнига келтирадилар. Шу шартлар сўзсиз бажариб бўлингач, марҳум абадият қучоғига сингийди ва авлод-аждодлари бағрида бўлади.

Хоу тўхтаб қолди. Борлиқ табиат тунгги сукунат оғушида.

Олис чўққиларга туман батамом пардасини ёпган. Илон изи оқаётган дарё узра сокинлик ҳукм суради. Чексиз осмон ва мудроқ босган ер сирли тун қўйнида уйқуга кетади. Худбин тафаккурим эса табиатнинг менга қоронғи сиру синоатлари бўлмиш ҳаёт ва ўлим ўртасида жонсарак тентирайди.

Айни шу чоқда мен ҳам онамнинг ҳароратли қўлларини пешонамда ҳис этиш учун олис тоғ сўқмоқлари узра, дўстим Хао билан тириклар ўртасида кетаётган марҳумлар сафида борардим.

Альфред Хейдок (1892-1990)

Рус ёзувчиси


Рус тилидан Жўра Маҳмуд таржимаси