“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 90 марта кўрилган.

ҚИСМАТ (Ҳикоя)

ҚИСМАТ (Ҳикоя)

Галина САИДОВА

У юзини ёстиққа босганча, кўзларини чирт юмиб ётарди. Аслида бундай ҳолатда кўзни очиб ётди-ю, юмиб ётди – фарқи йўқ – барибир ҳеч нарсани кўриб бўлмайди. Юзи ловуллаб ёнар, кўнглини дилгир ҳислар чулғаб олган, аъзойи баданини совуқ тер босган эди.

– Нега мен шундай ҳолга тушишим керак?

Бу саволни у хаёлан бот-бот такрорлар, аммо бирон-бир жўяли, озгина бўлса-да, таскин берадиган жавоб тополмасди.

У онасиз ўсди. Онаси уни туғиш пайтида ҳаётдан кўз юмди. Отаси рафиқаси хотираси олдида содиқ қолди, бошқа уйланмади. У ҳам ота, ҳам она бўлиб қизини тарбиялади. Қизининг энг севимли инсонига айланди. Ўн саккиз йил шундай ўтди.

Бир куни отаси тўсатдан қизига турмушга чиқиши лозимлигини айтди. Бу гап аввалига уни гангитиб қўйди, аммо лом-мим демади. Отаси буни сукут – аломати ризо сифатида қабул қилди.

Шифокорлар отасининг оғир хасталикка чалинганини айтганди. Отанинг олдида икки йўл бор эди: ё операция қилдириш ёки жарроҳлик амалиётини рад этиш. Ҳар икки ҳолатда ҳам умид кам эди. Операция қилинса, қанча яшаши номаълум, операциясиз эса умрнинг охири кўриниб қолган эди. У қизи олдидаги бурчини адо этолмай кетишидан қўрқарди. Шунинг учун операциягача қизини турмушга узатишга қарор қилди. Бўлажак куёв узоқ қариндошининг ўғли. Бу унга бироз таскин берди. Агар куни битган бўлса, қизи ишончли оилада қолишидан умидвор бўлди.

Яратганнинг марҳамати билан ота соғайиб кетди. Шифокорлар янглишиб, нотўғри ташхис қўйган экан. Қўйилган даҳшатли ташхис нотўғрилиги операция пайтида аён бўлди.

Аммо уларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Қизнинг турмуши бўлмади. Унинг хушчақчақ ва эркин феъл-атвори эрининг қаттиққўллигига бардош бера олмади. Чунки у отасининг эрка қизи эди.

Бўлмади... Чақалоғини олиб, отасининг уйига қайтишдан ўзга чора тополмади. Эрининг барча илтижо-ю илтимослари ерда қолди – у узил-кесил рад жавобини берди. Отаси қизининг мустақил ҳаётини инобатга олиб, уйланганидан кейин ҳам эрининг таклифини қабул қилмади. Бир пайтлар онаси яшаган уйга кўчиб ўтди.

У ёнида ўғли борлигидан хурсанд, умуман ҳаётидан мамнун эди. Тўғри, ошиб-тошиб кетган жойи йўқ, ўзига яраша яшарди. Унинг маълумоти, киришимли, эпчил ва чаққонлиги бир неча жойда ишлаш, пировардида кичик оилани боқиш имконини берарди. У ёш ва дилбар аёл эди. Шу боис пайдар-пай совчилар келиб турар, бироқ у яна турмушга чиқишдан қўрқар, аниқроғи истамасди. Турмуш икир-чикирлари учун ўзининг эркинлиги ва яхши кўрадиган ишидан воз кечадиган аёллардан эмасди. Уйига ўғли учун ўгай отани олиб келишни эса тасаввур қила олмасди. Оила қуришни таклиф қилганлар асосан биринчи турмушидан ажрашган ва аксариятининг фарзандлари ҳам бор эди. У ҳеч кимга ишонмади ва яна фарзанд кўриш истагини эзилган юрагининг қаърига кўмиб ташлади.

Ўғли фавқулодда истеъдодли бўлиб ўсди. Бола ўқиш ва ёзишни жуда эрта ўрганди. У шу қадар қизиқувчан эдики, ҳамма нарсани синчиклаб ўрганарди. “Жажжи мўйсафид”нинг фалсафий мулоҳазаларидан барча – қўшнилар, таниш-билишлар, болалар боғчаси тарбиячилари, кейинчалик мактаб ўқитувчилари ҳайратга тушарди. Болакай шеърлар, ҳикоялар ёзар, мусиқа басталар, қўлига тушган мусиқа асбобини бемалол чалиб кетаверар эди. У куй ва оҳангларни яхши ажратарди. Шунинг учун ўғлини ихтисослашган мусиқа мактабига берди.

Гарчи болакай суюкли, эрка ўғил бўлса-да, у фарзандини оналикнинг басир меҳри билан талтайтириб юбормади. У меҳрибон ва меҳнатсевар бўлиб улғайди. Ҳамма нарсадан қизиқарли ва фойдали жиҳатларни топишнинг уддасидан чиқарди. Дарсларни осон ва аъло даражада ўзлаштириб, онасини хурсанд этарди. Ҳаёт ҳақида катталар каби фикрлар, онасига жуда ғамхўр ва меҳрибон эди. Уруш пайтида оталари ёки акалари фронтга кетган болалар оналарига шундай жонкуяр ва ғамхўр бўлган экан дейишади.

У онаси учун Яратганнинг энг олий мукофоти, умрининг мазмуни эди. Отаси қазо қилганида ўғлининг эътибори ва меҳрибонлиги унинг дардига малҳам бўлди. Доимо онаси ёнида бўлиб, айрилиқ ташвишларини енгиллаштиришга ёрдам берди. Беғубор меҳр-муҳаббати билан она қалбига илиқлик бағишлади, сиқилган юрагига мадад бағишлади...

– Нима учун мен шундай ҳолатга тушишим керак? Нега? – Бу фикр миясида ғужғон ўйнаши баробарида гўё бўғзига тиқилиб, кўкрагини исканжага олар, нафас олишга имкон бермасди.

Бугун унга бир пайтлар отасига қўйилган ташхис қўйилганди. Бунинг ягона чораси операция бўлиб, ундан ҳам умид жуда оз эди. У ўз умрига ачинмади. Умри қачон поёнига етиши унинг учун аҳамиятсиз эди. Башарти ҳаёт билан видолашгудек бўлса, ўғли кимнинг қўлида қолиши уни ташвишига соларди. Бола эндигина ўн икки ёшга тўлган, олдинда мураккаб ўтиш даври турарди. Боланинг онасидан бўлак яқин инсони йўқ.

Бир пайтлар отаси уни турмушга узатиш билан худди шундай муаммони ҳал қилишга уринган эди. Гарчи бу жуда маъқул чора бўлмаса-да, ҳар қалай отасида муайян имконият бор эди! Ана шу яхши ният, эзгу ҳаракатлар туфайли унинг фавқулодда истеъдодли ўғли дунёга келди! Унда эса ҳеч қандай йўл – чора йўқ. Нима қилиб бўлса-да, тузалишга ҳаракат қилмоғи зарур, акс ҳолда ўғли болалар уйига боришга мажбур. У ерда боланинг қобилиятини ривожлантириш ҳақида гапиришнинг ўзи ортиқча.

У дод-фарёд солишни, дардини тўкиб сочишни истар, бироқ ўғли эшитиб қолишидан қўрқиб, юзини ёстиққа маҳкам босганча, умидсизланиб ич-ичидан йиғларди. У узоқ-яқин қариндош-уруғларини эслашга уринди. Лекин аллақачон ичкиликка берилиб кетган, ҳозир қаерда экани номаълум бўлган собиқ эридан бўлак ҳеч ким хаёлига келмади. Эрини қидиришдан маъно йўқ, ундан кўра ўғлини болалар уйига топширгани афзал эди.

Дафъатан яқинда телевизорда кўргани бир раҳбар сиймоси кўз олдида намоён бўлди. Ўша раҳбар мухбирга нималарни гапириб берганини у умуман эслай олмади. Аммо негадир унинг хотирасида ўша одамга нисбатан аллақандай ҳурмат, ишонч туйғуси сақланиб қолганди. У инсонларни ўзига жалб этувчи хусусиятга эга эди. Сўзларида самимийлик, юз-кўзларида ички куч сезилиб турарди.

У астойдил ўша раҳбарни топишга киришди ва топди. Унинг қабулхонасида бир неча соат кутди. Қабулга рухсат бериши учун котибани кўндиришга роса уринди. Табиийки котибага кимлигини, нима масала юзасидан келганини айтмади. Агар ниятини ошкор қилса, кечаси ва куни билан шу инсонни қидириш асносида пайдо бўлган зиғирдай умид учқуни ҳам сўниб қолишини билар эди.

Раҳбарнинг хонасига кетма-кет одамлар кириб-чиқарди. У тобора умидсизликка тушиб борар, яна қаерга боришни, қандай чора кўришни билмасди. Шу пайт эшик шаҳд очилиб, раҳбар чиқди. У қаергадир кетаётган эди. Қабулхонанинг бир чеккасида мунғайиб ўтирган нотаниш аёлга кўзи тушди. Аёл фурсатдан фойдаланиб, икки дақиқага қабул қилишини илтимос қилди.

Жиққа ёшга тўлган ва илтижо билан порлаб турган кўзларини, қабул қилишини сўраганида овози титраб кетганими – ҳарқалай у тўхтади. Хонаси эшигини очди-да, аёлни ичкарига таклиф қилди.

– Марҳамат, киринг, фақат илтимос, дарҳол мақсадга ўтинг. Жуда шошиб турибман. Мени кутишмоқда, – деди мулойимлик билан. Гапириш оҳангидан ҳам шошилаётгани сезилиб турарди.

Аёл бир зум гапни нимадан бошлашни билмай саросимага тушиб қолди. Мана бу одамга илтимосини бир неча бор ичида такрорлаган эди. Аммо буларнинг барчасини айтишга ҳозир имкон ҳам, вақт ҳам йўқлигини тушунди. Маҳзун кўзларидан оқаётган иложсизлик, айни чоғда умидворлик ёшларини артиб, муддаога кўчди:

– Ўғлимга оталик қилинг, илтимос. У жуда истеъдодли ва қобилиятли бола. Оғир дардга чалинганман, куним битган кўринади. Ўғлимдан бошқа ҳеч кимим йўқ. Операцияга, даволанишга қурбим етмайди. Қолаверса, соғайиб кетишимга деярли умид йўқ.

– Нима учун менинг олдимга келдингиз? Мен сизни умуман танимайман-ку?!

– Сизни телевизорда кўрганман. Негадир фақат сиз ўғлимнинг ҳақиқий инсон бўлиб камолга етишига ёрдам беришингиз мумкиндек туюлди. Нима учун, сабабини билмайман...

У ўғлининг суратини узатди. Бола қуйиб қўйгандай онасининг ўзгинаси эди. Ҳали норасида бола, лекин нигоҳи маъноли, аммо маҳзун, катталарникидай эди. “Кўзлари худди уруш кўрган болаларникига ўхшайди”. Раҳбар суратдаги боланинг кўзларига термулиб, беихтиёр ўйга толди.

– Биласизми, ўғлим мусиқани яхши тушунади, исталган мусиқа асбобини чала олади, шеърлар ёзади, аъло баҳоларга ўқийди. У ажойиб бола, асло сизга панд бермайди. Фақат уни болалар уйига топшириб юборманг, илтимос, – дея тўхтовсиз гапирарди.

Аёл рўпарасидаги раҳбар унинг гапини бўлиб қўйишидан ва рад жавобини олишдан хавотирланар эди.

– Менга қаранг, нега бундай қарорга келдингиз? Ким айтди сизга умрингиз тугаган деб?

– Менга шундай ташхис қўйишди. Ҳали аҳволим яхши пайтида ўғлимнинг тақдирини ҳал қилишим даркор. Бундан ташқари, унинг кўз олдида омонатимни топширишдан қўрқаман. Кўрдингиз-ку, унинг кўзлари шундоқ ҳам маъюс ва ғамгин.

У боланинг исмини сўради. Сўнгра кимгадир қўнғироқ қилиб, беморни бепул операция қилиш ва кейинги муолажаларни тўлиқ ўтказиш юзасидан узоқ гаплашди. Кейин аёлга юзланди.

– Келинг, келишиб олайлик. Биринчидан, болага бегона оила эмас, балки ўз онаси керак. Сиз ўзингизни қўлга олинг, бунақа умидсиз бўлманг. Клиникага боринг, лозим бўлган барча даволаниш курсларини ўтинг, ҳаммаси яхши бўлади. Умид қилиб яшаш керак. Иккинчидан, башарти натижа салбий бўлса, менга қўнғироқ қилинг. Ўғлингизни ўз қарамоғимга оламан. Икки ўғлим бор. Майли, у учинчи ўғлим бўлсин. Унинг тақдиридан хавотир олманг. Ўз фарзандимдек вояга етказаман, истеъдод ва қобилиятини юзага чиқаришга, албатта, ёрдам бераман. Ўғлингиз ўз мақсадига эришади. Кўнглингиз тўқ бўлсин.      

...У уйига бамисоли қушдек учиб борди.

Бир неча кундан сўнг уни операция қилишди. Жарроҳлик амалиётидан кейинги оғир даволаниш муолажаларини бошдан ўтказди. Ҳар гал “Бас, бундан ортиғига чидай олмайман”, – деб ўйларди.

Орадан икки йил ўтди. Кундан-кун ўғлининг янги қирралари очилиб, онасини хурсанд қиларди. У пьеса ёзди ва пойтахтдаги бир неча театрларга юборди. Бир куни болани театрлардан бирига таклиф қилишди. Пьеса саҳнага қўйиладиган бўпти. Болани янги ўқув йилидан иқтидорли болалар мактаб-интернатига жойлаштиришга ваъда беришди.

Аёл ўша раҳбарнинг идораси йўлагида уни яна узоқ кутди. Уни учратолмай кетишдан хавотирга тушарди. Аммо сабр билан кутди. Раҳбар одатдагидек қаергадир бориш учун шошилиб чиқди. Аёл уни кўрди-ю, беихтиёр олдига югуриб борди. Ҳаяжон билан настарин гулдастасини унга узатди.

– Ишларингиз қалай? Соғлиғингиз яхшими?

– Ҳаммаси жойида, раҳмат. Ўғлим иқтидорли болалар мактабида ўқийдиган бўлди. Пьесасини театрда қўйишмоқчи.

– Хурсандман. Кўрдингизми, ҳаммаси жой-жойига тушиб кетди. Сиз бўлсангиз... Ниҳоятда хурсандман.

– Катта раҳмат, сиздан чексиз миннатдорман!

Унинг нигоҳлари ҳам қувноқ, ҳам ғамгин эди. Шифокорлар унга узоғи билан бир-икки йил умри қолганини айтган эди. Ҳозир бу ҳақда оғиз очмади... Ахир шифокорлар ҳам ожиз банда-ку...

Рус тилидан Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ таржимаси