“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 144 марта кўрилган.

Ўзбек насрининг энг жажжи асарлари

Қисқа ҳикоя жанри адабиётда янги бўлишига қарамай, тез оммалашди ва мухлислар эътиборини қозонди. Қисқа ҳикояларнинг отаси деб адабиётчилар Хемингуэйни тан оладилар. Ихчам жумлаларда кириш, кульминация ва ечимни ифодалаш санъати муаллифдан зийраклик, пухталик ва маълум ижодий тажрибани талаб этади.

Устоз адибларимиз оз бўлса-да, ушбу жанрда мерос қолдиришган. Ёш қаламкашлар ҳам уларга эргашган ҳолда қисқа ҳикоя­лар машқ қилиб, даврий нашрларда эълон қилиб боришмоқда.

Ҳозирга қадар мухлислар қўлига жаҳон адабиётининг кўплаб қисқа ҳикоялари китоб ҳолида етиб борган. Биз ҳам баҳоли қудрат ўзбек адабиётида таҳририятга келган қисқа ҳикояларни жамлаб, сизларга ҳавола этмоқдамиз.

 

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ

БАҲО

Танқидчи:

– Асарингиз лотин тилида ёзилганми дейман?

Муаллиф ҳаяжонланиб кетди:

– Нега... нега бундай деяпсиз?

– Ўлик тил экан...


 

Ашурали ЖЎРАЕВ

УЧТА БАНАН

У ишдан қайтишда уч нафар фарзандига гоҳ уч дона банан, гоҳ уч дона шоколад харид қилади. Кўпроқ банан албатта. Бундан болалар бениҳоя хурсанд бўлиб, бананни олишлари билан уйни бошларига кўтаришади.

– Дадам банан олиб келдилар, – деб қийқиришади. Сўнг қўлларидаги бананларни пўстидан айириб, бир-бирларига мақтаниб ея бошлайдилар.

Бобо билан буви бир-бирларига сездирмасдан қараб, астагина тамшаниб қўядилар. Иккаласи ҳам беихтиёр “мен боламга, болам боласига”, – деган мақолни эслайди…


 

Лола ЎРОҚОВА

ЖУВОН

Ойлаб қовоғидан қор ёғиб, афтини буриштириб, аламини бегуноҳ болаларидан олиб, бирига жавраб, бирини койиб, қайнонасига зарда қилиб, саволларига «ҳа» ёки «йўқ»дан нарига ўтмай, ўзиниям, бошқаларниям сил қилиб ташлаган жувоннинг юзига кутилмаганда табассум югурди, ошхонада қўшиқ хиргойи қилаётганини эшитишди.

Четга ишлашга кетган эри қайтаётган экан...


 

Луқмон БЎРИХОН

ТИНЧЛИК

– Эрингизни доим безовта, бехаловат ҳолда кўрамиз, нима гап? – сўради маҳалла оқсоқоли.

– У киши тинчлик ҳақида асар ёзаяпти, эътибор берманг, – деб жавоб берди аёл.


 

Қўчқор Норқобил

УРУШ

Қизалоқ олти ёшда.

Дийдаси тош эди.

Деразадан ташқари қаради.

Кўчада уруш.

Пардани тортди.

Оғир-оғир юриб стол ёнига келди. Тик турган алпозда оппоқ қоғозга ажи-бужи қилиб ёзди: “Кетдим. Уруш тугаса, менга хабар беринглар. Қайтиб келаман…”

Қизни онаси олис-олисларга олиб кетди.

Вақт ўтди. Вақт учди. Ўша олис-­олисларда бир қабр пайдо бўлди. Қабрт­ошда ажи-бужи ҳарфлар билан шундай ёзилганди: “Кетдим. Уруш тугаса, хабар беринг­лар. Қайтиб келаман…”


 

Анвар Намозов

ЗИЁФАТ

Америкада яшайдиган ўзбек юртга келиб, дўстларига зиёфат берди. Ошналари унинг нима иш қилаётгани-ю, қанча топаётгани билан қизиқишди. Ҳаммаси аъло эмиш! Иши беш! Ҳафтасига фалон пул! Истаганча еб-ичади!

Зиёфатга келганлар орасида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган йигит ҳам бор эди. Америкалик уни унча хушламасди. Шу боис калака қила бошлади:

– Эй, сен... ҳалиям папка қўлтиқлаб юрибсанми? Мана, мендан ўрган! Битта, иккита эмас, учта машинам бор! Вилламни кўрсанг, йиқилиб тушасан. Фирмалар очиб ташлаганман. Йирик компаниям бор! Хоҳлаган мамлакатимга саёҳат қиламан. Пулни ўйламайман. Доллар дегани оқиб келади менга! Ҳаммаси о’кей! Сен-чи, сен лаллайиб юрибсан! Қани айт, ниманг бор ўзи?

Йигит мағрур жавоб берди:

– Менинг Ватаним бор! Ўзбекистоним бор!


 

Жасур КЕНГБОЕВ

ДУНЁДАГИ ЭНГ ГЎЗАЛ АЁЛ

«Деразадан боқаётган энг гўзал аёл» мавзусида шедевр расм чизишни ният қилган мусаввир неча ойлаб шаҳардаги кўп қаватли уйларга кўз тикиб, ўзига қаҳрамон қидириб юрди. Бироқ ҳеч омади келмади: деразалардан дунёга нафрат билан боқаётган кампирлар, уришқоқлигию шаллақилиги нигоҳида акс бериб турган хотинлар, сигарет тутатганча, оламга бефарқ боқаётган жувонлар, болаларини қарғаб уйга чақираётган калтафаҳм аёллар дуч келаверди.

Кунлардан бир куни скамейкада хаёл суриб ўтирган рассомнинг кўзи ажойиб манзарага тушди.

Рўпарасидаги маҳобатли уйнинг олтинчи қаватидаги бир дераза секин очилди. Ундан юзи офтобдай, фариштамисол аёл кўринди. У меҳр билан ювган кирини дераза дорига илаётган эди.

Шошиб қолган рассом шартта ашқол-дашқолини тайёрлай бошлади. Бу маҳалда аёл бир оёғи кесилиб, учи бураб тамғалаб тикилган шим ва кўпгина бир пой пайпоқларни дорга илиб бўлганди.


 

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

ҲАДЯ

Қиз ҳаяжон билан стол устидаги жўнатма қутисини силаб-сийпаларди.

“Қандай яхши! Қандай ажойиб! Туғилган кунимни унутмабди! У мени севади! Нақадар бахтлиман! Қизиқ, ичида нима бор экан? Узукми? Гулларми? Балки мен ёқтирган атирдир? Мана, ҳозир кўзларимни юмиб, совғани очаман ва ичида нима борлигини билволаман... Қандай ёқимли дақиқалар...”

Эшик тақиллади.

– Кечирасиз, яхши қиз, марҳамат қилиб жўнатмани қайтарсангиз... Манзилни адаштиришибди...


 

Аслиддин МУСТАФО

ТАРИХИЙ БИТИК

Ёшлигимда ўжар ва дангаса эдим. Акаларим оғил қуришаётганда ёрдам бермаганим эсимда. Ўшанда девор орасига бир шиша қолдиришган эди. Унинг ичида хат бор. Хатга шу оғилни қурган кишилар исми ёзилган. Албатта, уларнинг орасида менинг номим йўқ. Кичик акамнинг айтишича, (ўшанда) хатга “Ўрозбой укамиз лой ишларига ёрдам бермасдан бир чаккада олма еб ўтирарди. У қўлини совуқ сувга ҳам урмайдиган ўжар. Дадамиз исмини Ўжарбой қўйса яхши бўларкан...” деб ёзишган экан.

Оғилни буздириб ўрнига каттароқ, замонавий қилиб қурдириш ниятида уста қўйганимда ўша хотиралар тинчлик бермай қўйди. Шиша деворнинг қайси жо­йида эканини билганим учун ҳам усталар кетгач, кечқурун ўша қисмни буздим ва шишани олдим. Агар бирор ким ўқиб қолса аниқ “Ўжарбой” бўлишим тайин эди. Шишани топганимдан хурсанд бўлиб, уни боғ тўрига олиб ўтдим ва синдириб хатни олдим, ўша кунларни эслаб ўқишга тушдим:

“Бу оғил 19.. йил ака-ука Худойназаровлар томонидан қуриб битказилган.

Лой қорувчи: катта акаси. Ғишт қуюв­чи: кичик акаси. Ғишт терувчи: отамиз Муҳаммад Худойназаров. Чой келтирувчи укамиз Ўрозбой, яъни шу ҳовлининг бўлажак эгаси”.


 

Байрам АЛИ

ЭЪТИҚОД

Қизалоқ болалар уйида ота-онасининг юзини ерга қаратмасликка тиришарди. Улғайиб, мактабга боргач ҳам шуни ўйлади. Бир куни унга “ўғри” деб туҳмат қилишганида, энди ота-онаси ўзини ёмон кўриб қолишидан қўрқиб кетди. Йиғлади. Ота-онасига айбсиз эканини айтгиси, уларни жуда кўргиси келди...

Ахир қизалоқ уларни бирор марта кўрмаганди.


 

Шониёз МЕЛИБОЕВ

НАСИБА

Дераза ортидан лип этиб шарпа ўтди.

– Ашраф ота, – деди Ойжамол. – Нима қилдик?

Эр-хотин жигар қовуриб, энди емоқчи бўлиб туришган эди. Эгамқул афтини кескин буриштириб:

– Ошга пашша тушди. Яшир, – деди.

– Кўзимиз учиб турувди-я! Қоронғудаям тинмайди бу чол.

Ойжамол қовурдоқни яширди. Эшик очилди, рўмолга товоқ тугиб олган чол кўринди.

– Кампир ош қилувди, – деди чол. – Сизларгаям илиндик…


 

Саида ИБОДИНОВА

ҚЎШИҚ

Мастликдан юмалаб ётган йигит қўшиқ айтарди.

– Онажонинг рози қил, меҳрибонинг рози қил.

Онаизор эса бу пайтда ичкиликбоз ўғил туфайли орттирган юрак хасталигидан касалхонада азоб чекарди.


 

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

ҚЎРҚУВ

– Энди ухла, тойчоғим, – она шундай деб чироқни ўчирди.

– Ойи! Ўчирманг, илтимос. Қоронғуликдан жуда қўрқаман! – деди кўзлари ожиз болакай.


 

ОНА

– «Онажоним» номли шеърингиз шундай юксак мукофотга лойиқ қўрилибди! Табриклаймиз, – деди мухбир шоирга.

– Ташаккур! – мағрурланди ижодкор.

Буни телевизордан томоша қилаётган Онанинг шодликдан кўзларига ёш келди. Ўғли машҳур шоир бўлибди! Сўнг Қариялар уйидаги чироқлар ўчирилди. Она ўрнига чўзилди.

 

Малика ЖЎРАЕВА

ДОРИ

Қиз дорихонада ишларди. Ишдан қайтишда кунора, уч кунда бир қўшни чолга дори олиб келарди. Ҳарна-да!

Яқинда қиз ишдан бўшади.

Отахон ҳам кўпга бормади.


 

Меҳрибону МУХСИМОВА

ИШСИЗЛИККА БОШЛАГАН ИШҚСИЗЛИК

У иш столимга гул қўйиб кетадиган одат чиқарди. Индамадим. Ишхонадигилар ҳазил аралаш пичинг қиладиган бўлишди. Миқ этмадим. У энди совға берадиган бўлиб қолди. Олмадим, аммо индамадим. У бир куни никоҳ узуги берди. Рад этдим ва индамай қўя қолдим. Кейин у бирдан столимга тўйига таклифнома ва ишдан бўшатилганим ҳақида ҳужжат ташлаб кетди. Индамадим. Нима ҳам дердим. У бош­лиғим эди.

 

Нуриддин ЗИЁ

АСКАР

Она жангга кузатаётган ўғлини “бошинг тошдан бўлсин”, деб дуо қилди.

Ҳайкалтарошлар қаҳрамоннинг ҳайкалини ноёб тошдан ишлашга келишиб олишди!


 

Кенжа ЎҒИЛ

ВИЖДОН

«Пулини кимнинг номига ёзай?» – деди янга қайни укасининг қўлига тўрт дона тухум тутаркан.

Одамлар орасида ранги қизарган йигит қўлидагини пештахта устида қайтариб қўйди. Йўлда кета туриб дўкон очиши учун акасига йиққанларини берганини янгаси билмаслигига ўзини ишонтира бошлади.


 

Манзура АБДУЛЛАЕВА

ЙЎЛОВЧИ

Мен ўзимни йўловчи деб ўйла­гандим.

Узоқ сафарга отландим. Сўнгра ширин хаёллар оғушида жимгина ором олишга шўнғидим. Бирдан чақмоқ чаққандай бўлди. Даҳшатли чинқироқ товушлар ва одамнинг ўкирик овози, йиғиси аралаш фарёд қулоғим узра ваҳм солди. Танам қаттиқ чайқалди. Лоқайд ва жоҳил ҳайдовчига бақиргим келди. Кўзларимни очдим.

Нақадар даҳшат! Нақадар фожиа! Ҳайдовчи эканман.


 

Маъруф Менгли

УЛҒАЙИШ

– Улғайишни истамайман!

– Нега?

– Чунки... Отам қариб боряпти.


 

Нилуфар Сапаева

РАШК

Суд зали.

Эр:

– Бу аёл билан яшашни истамайман!

Хотин:

– Мен ҳам!

Судья: Қарорингиз қатъийми?

Эр-хотин: Қатъий!

Ҳукм: Шу кундан бошлаб сизлар қонунан эр-хотин эмассиз!

Суд залидан чиқаверишда аёлнинг телефони жиринглади.

– Ким у!? Эркакнинг овозими? Нима иши бор экан сенда?

– Ўзингиз-чи, суд давомида котиба қиздан кўзингизни узмадингиз-ку!


 

Аҳмад Али ДИЛМУРОД

КЕЧ ҚОЛГАН ҲАҚИҚАТ

Бир йигит йўлдан кетаётиб, кўзи ожиз бир эркакка урилиб кетди.

– Узр, – деди, эркак...

 

НОТАНИШ ТАЪМ

– Қайтишингизда боламизга хўроз­қанд олиб келарсиз...

Фасллар ўзгарди, фасллар бир-бирининг ортидан қувди.

– Ўғлим, қайтишингда неварамга хўрозқанд олиб келарсан...

– Она, биласиз-ку, хўрозқандни ёмон кўраман!


 

Нурияхоним МАМАДАЛИМОВА

ОҒРИҚЛИ САВОЛЛАР

Учта қизнинг отасига:

– Бу сафар ҳам қизми?

Аёлга:

– Алкаш одамни бошингизга урасизми?

Етимга:

– Ота-онанг борми?

Қолоқ ўқувчига:

– Одам бўласанми?

Абитуриентга:

– Бу сафар ҳам ўхшамадими?

Беморга:

– Ўзгариш сезилмаяптими?

Докторга:

– Қанча умрим қолди?


 

Дониёр ҚУРБОНХЎЖАЕВ

ВАЪДАГА ВАФО

Осмонга термулиб турган қизга йигит:

– Сенга осмондаги ойни олиб бераман, – деган ваъдани берди...

Орадан йиллар ўтиб, икки нафар қиз фарзанд кўришди, оиланинг катта бекаси:

– Отангиз ваъдани бериб устидан чиқмайди, бир замонлар осмондан ойни олиб бераман, деганди.

Сочларига оқ тушган киши:

– Икки қизимизни осмондаги ойдан қаери кам? – дея жавоб берди...


 

Дилобар АСЛИДДИН қизи

ЭШИК

Опамнинг яна кўзи кўкарган. Бу гал ҳам эшикка уриб олибди.

Онам:

– Бўлди. Бас. У кунда билан яшамайсан. Ажрашасан.

Опам:

– Йўқ, у – эшик менинг ҳаётим.


 

Байрам Оға

ОРЗУ ВА ТАШВИШ

Жума куни эди. Эрталабдан она-бола тез-тез юриб борарди.

– Ойи, катта бўлсам, бой бўламан, кўп пул топаман-а? – деди етти-саккиз ёшлардаги болакай онасига кемтик тишларини кўрсатиб илжайганча.

– Бўласан, болам, бўласан! – синиққина жилмайиб қўйди онаси.

– Ўшанда синглимни даволатамиз-а?

– Ҳа, болам. Тез-тез юрақол! – онаси астагина койиди.

Она ўғлининг қўлидан етаклаганча масжид томон шошар, болакай эса бир олам орзу билан онасининг ёнида пилдираб борарди.

Масжиднинг ёнига келгач, онаси ўғлига энгашиб, сочларидан силаб қўйди:

– Сўзларинг эсингдами?

– Ҳа, – деди болакай мунғайиб ва сўзларини такрорлади. – “Илтимос, озгина нонга пул бериб кетинг.”


 

Муҳаммадхон ЮСУПОВ

ОПТИМИСТ

– Янги пойабзал сотиб олганимда доим битта қўшимча боғичга эга бўлишимни ўйлаб, қувонаман. Умуман кийилмайдиган иккинчи пой ҳақида эса ўйламасликка уринаман…

 

ХАТО

– Бизнинг касбда хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Аммо бошқа ҳамма касб хато қила-қила ўрганилади-ку, тўғрими? – куйиниб сўради сапёр.

– Тўғри, – деб жавоб берди жарроҳ…


 

Шароф БОШБЕКОВ

«ОҒИР ЗАМОН»

Ичкиликвозликка қарши кураш айни қизиб, бир кружка пиво ичганни ҳам миршаблар мошинга солиб олиб кетадиган замонлар. Домла Азиз Абдураззоқнинг бир эски портфели бўларди. Жуда машҳур портфель эди, чунки ичида ё тўла, ё ярми ичилиб тиқинланган виноми, ароқми, коньякми – албатта топиларди. Бир куни Азиз ака “Табассум” радиожурнали таҳририятига кириб келдилар. Қўлларида ўша машҳур портфель. У киши билан сўрашяпмиз-у, лекин ҳамманинг кўзи “хазина”да. Радиожурналнинг режиссёри Раҳмат Жумаев умид билан портфелни кўтариб-кўтариб қўйди-да, Азиз акадан сўради:

– Устоз, портфель оғирми?

Азиз ака ҳазин овозда жавоб қилдилар:

– Йўқ, бўтам, замон оғир…

 

Нодирабегим Иброҳимова тўплади