“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 155 марта кўрилган.

Тўпалон (ҳикоя)

Бир неча дақиқалик тушунмовчиликдан сўнг бутун академиклар бир ёқадан бош чиқариб‚ академияга энди ишга келган ёш профессорнинг айтган гапларини муҳокама қилишни бошлади.

– У қандай журъат қилди. Кечагина келиб‚ бугун бутун инсоният эришган ютуқлардан қувониш ўрнига сўзлаётган гапини қаранг. Бахтли тасодиф туфайли кафедра йиғилишида унга илк бора сўз берилди. У бўлса:

– Ҳурматли ҳамкасблар мен илм-фан ютуқларидан қувонаман‚ бироқ тараққиётнинг ҳаётимизга бу қадар сингиб, унга ҳукмрон бўлиб бораётганига қаршиман‚ – деб айтди.

Нафақат Академияда‚ балки бутун мамлакатда ҳали бундай сафсатани ҳеч ким эшитмаганди. Ахир тараққиёт юксалаётган шундай замонда‚ юқори технологиялардан кенг фойдаланилаётган бир даврда бу гап­ларни айтиш ақлга сиғмайди.

Ҳар бир уйда идиш-товоқ ювадиган‚ уй ишларини бажарадиган машина‚ чангютгич‚ электрон мия бор. Тугмани босишингиз билан у ўрнингизга уй ишларини бажаради. Сиз эса маза қилиб дам оласиз.

Машинага ўтириб йўлда кетаётганингда адашиб қолсанг‚ қайси йўналишга юришни билмасанг‚ марҳамат, ҳар битта кўчада электрон мия ўрнатилган кабина мавжуд. Тугмани босасан, зум ўтмай‚ у сизни керакли манзилга йўналтиради. Бунинг устига у шаҳар харитасини ҳам кўрсатади. Кўнгилхушликни истаб қолиб‚ мусиқий залга борсангиз‚ электрон аппаратларнинг ҳар турларига дуч келасиз. Болаларимизга электрон мияни бошқаришни ёшликдан ўргатамиз.

– Айтган гапларига ақли етяптими ўзи? Қандай журъат этди‚ уни ҳайдаш керак?

Академия Президенти қийинчилик билан тинчликни ўрнатди.

– Ҳурматли ҳамкасб – деди у‚ – фик­рингизни бизга батафсил тушунтириб беринг-чи.

Ёш профессор бир неча марта оғзини очди. Аммо ҳеч нима айтолмади. Шунча айтилган гаплардан сўнг қалбидагини тилига чиқариши қийин кечаётганди. У танг аҳволда қолганди. Шу боис фақатгина:

– Тасаввур ва онг-чи... – дея олди‚ холос.

Бу сўздан сўнг залда тинчлик ҳукм сурди. Узоқ сукунатдан сўнг раҳбар ўрнидан турди-да:

– Ҳурматли ҳамкасблар биз бутун илмий ташкилотимиз тизимини илдизларигача кўриб чиқишимиз керак‚ – деди.

Марчелло АРЖИЛИ‚

Италия ёзувчиси


Инглиз тилидан Вазирабону АСАДОВА таржимаси