“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 347 марта кўрилган.

ЖАЗАВА

Саида ТОШМУРОДОВА,

Чирчиқ олимпия заҳиралари коллежи ўқитувчиси

 

Кампир машаққат билан аввал бир кўзини, сўнг иккинчисини очди. Аммо ҳеч нарсани кўрмади. Оппоқ туман ичида қолган каби хонада ҳеч нарса илғай олмади. Бир муддат ўтиб, ниҳоят, ғира-шира шарпаларни кўра бошлади. Улар ҳам гоҳ айқаш-уйқаш бўлиб аралашиб кетар, гоҳ унинг атрофида айланаётгандай у ёқдан бу ёққа чайқалиб турардилар. Дастлаб устига энгашиб турган қизи Гулшодни кўрди. Унинг ҳам кимлигини дарров эслай олмади.

Қизи унга нимадир деди чамаси, лаблари қимирлади. Лекин унинг том битган қулоқлари ҳеч нарса эшитмади. Қизининг ёнида турган семизгина аёл, ҳамшира бўлса керак, тирсагидан юқорига нина санчди. Кампир оғриқ сезмади. Нигоҳини боядан бери оғирлашиб, қимирлата олмаётган оёғи томонга қаратди. Тўшагида, шундоқ оёқлари учида чордона қуриб ўтирган турмуш ўртоғига назари тушди. Иркит кийимда, соқоллари тикандай ҳурпайиб турган жуфти унга қадалиб тикилиб турар, кўзлари безгак иситмасидаги одамникидек йилтиллар эди.

Аллақачон бу дунёни тарк этган эрининг иигоҳи юрагига ғулғула солди. Қуриб қолган оғзида тили айланмади. Бўғзидан чиққан ҳирқирок товушдан ҳушёр тортган қизи пиёладаги сувга пахтани ҳўллаб, томизди. Кампирнинг аҳволи енгиллашмади. Уни оғриқ эмас, нохушлик азобларди. Борлиқ-йўқлигини англаб бўлмаётган танаси ўзига бўйсунмас, туби йўқ жарликка учиб кетаётгандек бўшлиқда қолгандай вужудни бошқара олмасликдан қийналарди. Кампир ижирғаниб кўзларини юмди. Яна ўша бир неча кундан бери чиқиб кетолмаётган бепоён саҳрода кўрди ўзини.

Саҳро чағир тошлар, ўткир тиканлар, шиша парчалари билан қопланган эди. Унда бир аёл номаълум томонга шошиб кетяпти. Аёл ялангоёқ, ялангбош. Бу жувоннинг юришлари анча илдам. Унинг яланг оёқлари, товонлари тилиниб кетган, яраларидан томчилаётган қон ўткир тошларни қирмизи рангга бўяйди, далва-далва жанда либоси йиртиқлари орасидан унинг ориқ, яра-чақа бадани кўриниб турибди. Хира пашша, қовоғарилар жароҳатлари атрофида уймалашар, аммо аёлнинг қўллари занжирбанд бўлгани учун уларни ҳайдолмас, орқада келаётган икки ўспирин занжирларни маҳкам тутиб турарди. О, аёл ёш болаларнинг бунчалик қаттол бўлишини ҳеч қачон билмаган эди! Улар аёлни фақат олдинга юришга қистайди. Ортига қараб қўйишга-ку, умуман, изн бермайди. Агар бироз қадами сустлашса, қўлларидаги найзага ўхшаш учи ўткир қуроли билан нуқиб-нуқиб олишади. Улардан раҳм-шафқат, иноят кутиш бефойда.

Осмонда эса офтоб ёндиради. Олов пуркайди. Чағир ўткир тошлар, дағал қумлар иссиқдан чатнаб кетади гўё. Ҳар оёқ қўйганда, жизғанак қилиб юлиб олади.

Аёлдан олдинда, бир мунча олисроқда бир отлиқ ҳам жадал кетяпти. Аёл уни фақат орқадан кенг елкалари, тик кўтарилган боши, чайир ва йўғон бўйнини кўра олади. Кийиб олган қимматбаҳо тўнига, тагидаги отига қараганда, бадавлат бўлса керак. Унинг қоп-қора отда адл ўтириши, этаги эгардан пастга тушиб, отининг сағриларигача ёпиб турган зарбоф тўни уни анчадан бери мафтун қилиб келади. У отлиқни танимайди. Унинг давлатманд, ҳожатбарор, олижаноблигини тахмин қилади, холос. Аёл қандай қилиб бўлса ҳам, отлиққа етиб олиш пайида. Бу кимсасиз даштда биттаю битта нажот шу одам деб билгани учунгина унга интилади. Унга етиб олса, барча азоблардан қутуладигандай туюлади.

Аёл отлиқни кўздан қочириб қўйишдан қўрқади. Шунинг учун уни қоралаб, юришдан тўхтамайди. Яккам-дуккам саксовуллар, сийрак майда баргли пакана дарахт буталарнинг соясида бир зум дам олиш имкони туғилса ҳам, тўхтамайди. Отлиқнинг бутунлай кўринмай қолишидан қўрқиб, кучининг борича олға интилади.

Бу саҳронинг поёни бормикан, нима учун, нимани излаб кетаётганини ҳам аниқ билмайди. Фақат олдинга юриш кераклигини англайди, холос. Агар аёлдан отликдан нимани исташини сўраса, қандай жавоб беришни ҳам билмайди. Чунки унинг талаблари кўп. Қайси бири асосий, у шуни бйлмайди. Нима учун отлиқ унинг барча ҳожатларини раво қилиши кераклигини ҳам тушунмайди. Лекин унинг бирдан бир илинжи — шу отлиқ.

Отлиқнинг чеҳрасини аёл ўзича тасаввур қилади. Дашт шамолида қорайган буғдойранг чеҳрасида нурли табассум. Лекин шу ерда аёл иккиланади. Негаки, отлиқнинг айри тилини чиқариб заҳар солишга шай турган илон боши шаклида ясалган қамчи дас­тасини маҳкам ушлаган ингичка бармоқлари ўликникидек сариқ ва совуқ.

Аёл отлиқнинг изидан маъюс тикилар экан, борган сари юриш оғирлашаётганини, йўлбошчисидан тобора кўпроқ орқада қолаётганини сезди. Мана жазиллаб куйдираётган қуёш нурида отлиқнинг бармоқларидаги узук кўзлари минг жилва билан ярқиради. Аёл бу узукларни илк марта кўрган вақтида, улар ўзиники бўлишини қанчалар истаган эди. Узуклар ҳар қандай кишининг эсини ўғирлайдиган даражада гўзал эди, Аёлнинг ўша вақтларда бу узуклар ўз бармоқларини безаб туришини юраклари сув бўлиб истагани ёдида. Ҳозир булар уни ортиқча қизиқтирмайди.

Осмонда ўлаксахўр қушлар чарх уради. Унинг бош устида лип-лип соялар айланди. Аёл сергакланди. Ҳозир яна қора қушларнинг ҳужуми бошланади. Бу тумшуқлари қайрилган, ўткир тирноқли баҳайбат қушлар юксакда сокин айланиб, бирдан шиддит билан човут солар, этидан узиб-узиб оларди. Баданидаги жароҳатлар шундан. Баъзан ўткир тирноқларини бошига, қулоқ-чаккасига ботириб, бамайлихотир ўтириб олади ва кўзини чўқишни бошлайди. Қон ҳиди ҳашаротларни жалб қилади. Пашша, чивинлар яра атрофида ўрмалаб унинг ғашини келтиради, сўналар сўриб безор қилади. Баъзи қора қушлар эса нарироқдаги бирон саксовул ёки бутага қўниб, ўткир кўзлари билан уни кузатади, ўзига маъқул қулай жойни олдиндан мўлжаллаб қўяди. Аёлнинг этидан бир-икки парчани учиб олади-ю қаергадир ғойиб бўлади. Лекин бу ҳали улардан қутулди дегани эмас. Ҳаял ўтмай уларнинг ўрнида ранг-баранг ялтироқ патли, олифта қушлар пайдо бўлади. Улар таманно билан аёлнинг атрофида айланишади. Виқор билан тумшуқларини патларига суриб, ўзларига оро беришади. Булар қоралари каби гўштини узиб қочмаса ҳам, жароҳатларига қўнган ҳашаротларни териб ейди. Аммо бу ҳам роҳатбахш эмас. Шусиз ҳам очиқ, сирқираб турган жароҳатлари баттар бўлади, сал қотган эски яраларнинг юзи сидирилиб, яна қон силқийди. Аёл сезадики, улар ҳам қора қузғунлардан қўрқади, қузғунларнинг шарпаси кўриниб улгурмай бу танноз қушлар жуфтакни ростлайди. Ҳайтовур улар анча сийраклашиб қолган. Аммо қолганлари илгаригилардан ҳам ваҳшийроқ, очроқ. Ноилож, у буларнинг барига чидашга маҳкум. Отлиқ бундай кўргуликлардан холи. Чунки уни иссиқ-совуқдан ҳимоя қиладиган ажойиб кийимлари, чаққон тулпори бор. Аёл-умидвор. Агар отлиққа ета олса, мингаштириб олса ҳам, ажаб эмас.

Аёл бу қийноқларнинг барчасидан бира тўла қутулиш йўлини билади. Унинг отлиқни таъқиб қилишидан мақсади ҳам шу. Отлиқнинг тақими остига босилган, четлари рангдор пўпакчалар билан безатилган хуржунида ғаро­йиб ёмғирпўш бор. Гарчи аёл уни сира кўрмаган бўлса ҳам, борлигини аниқ билади. У кичкина халтачага тугилган, хуржуннинг бир бурчига шундоқ тиқиб кўйилган. Ўзи кулранг, астари юмшоқ, уни кийганда бадани қанчалар ҳузур қилиб кетишини ҳозирдан ҳис қилади. Аёл уни эгнига ташлаб, қалпоқчасини бошига илса бас, на жазирама офтоб, на ҳалиги қушлар, на уни аста-аста емираётган ҳашаротлар дахл қила олади. Бунинг учун эса отлиққа етиб олиш, ундан ўша ёмғирпўш­ни сўраш кифоя. Аёл бу сирли хуржунида сафар учун барча зарур анжомлар борлигига ишонади. Ўзини бу нарсаларга тўла ҳақли ҳисоблайди.

Аёлнинг буткул дармони қуриди. Энди дарғазаб ўсмир йигитчаларнинг найзаси ҳам кор қилмай қўйди. Отлиқ ҳам қайси бир муюлишда бурилиб, буткул кўздан йўқолди. Аёл бор гавдаси билан, юзтубан тиғдор тошлар устига йиқилди. Кучли оғриқдан эмас, аламдан фарёд солиб юборди. «Оҳ!» Занжир сиқиб турган қўлларини жуфт қилиб қоқ ерни муштлаб пичирлади: «Аслида менга ҳам сенинг керагинг йўқ!» Ажабо! У мустаҳкам пўлатдан, деб ўйлаган занжирни занг емириб юборган экан, узилиб кетди. Гарчи у бу гапни шунчаки, ўзига таскин бериш учунгина айтган бўлса ҳам шу фикр миясига ярқ этиб урилган заҳоти онги тиниқлашгандай бўлди....

Кампирнинг кўзлари чарақлаб очилиб кетди. Хавотир билан қараб турган қизига хушнуд боқди. Вужудида пайдо бўлган ажиб енгилликдан чуқур тин олди. Боядан бери маҳтал кутиб турган эрига дадил қўл узатди.