“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 377 марта кўрилган.

ҚУШ УЙҚУСИ

Марям АҲМЕДОВА

 

Тонг оқармасдан бир неча марта уйғонган аёл ой ёруғида уй соатига тикилиб-тикилиб қаради. Ҳали соат уч ҳам бўлмабди. «Кечаси бунча узоқ бўлмаса», — дилидан ўтказди у. Аёл ширин уй-қудаги усти очилиб қолган дилбандларининг устини авайлаб ёпганча, ҳали уйқуга тўймаган кўзларини ишқалаганча эринибгина ташқарига чиқди.

У ғарамлаб қўйилган ғўзапоядан бир боғ олиб келиб ўчоқбошига ташлади ва ўчоққа ўт ёқди. Сўнгра хом сувоғи билан қолиб кетган ошхона ёнбошидаги кичик уйчага кириб супра ёзди. Хамир кўпчигунча бир пас ёстиққа бош қўйиб, мизғиб олишни ўйлади. Аммо молхона олдидан ўтаётиб онасининг елинига талпинаётган бузоқчага кўзи тушиб, унинг оч қолганини билиб, «энди тонг отиб қолганда, бир пас ухлаб шохим чиқармиди», — дея дилидан ўтказди ва сут челак илинган сўри томонга одимлади. У ток новдасига осилган сутчелакка бироз сув солиб, сигирини ийдириш учун бузоқнинг ипини бўшатди. Диконглаб-диконглаб онасининг елинига ёпишган бузоқчани сигирдан айриб, қолганини соғиб олди. Кейин яна онасига интилаётган бузоқчанинг ипини бўшатиб, «энди қолганини эмиб олақол, сенга», дея ғудранганича оппоқ кўпикли сут билан яримлаган челакни олиб, ошхона томонга юрди. У худди тонг  отишидан ҳадиксирагандек сутни тез докага сиздириб, тоғорачага солди ва уни тутхивчиндан ясалган катта саватнинг тагига беркитди. Тимирскиланганча супургини излаб топди. Ғира-шира отиб келаётган тонгни ҳис қилганча, нимқоронғида ҳовли саҳнини, молхона атрофлари, кўчабоши ва дарвоза олдини супуриб, йиғилган хазонларни этакка солди-да, уларни бостирма орқасидаги ахлатхонага тўкиш учун кўчага чиқди.

Итлар ҳуриб, хўроз қичқириб, тонг оқариб қолди.

Аёл ўраб қўйилган хамирини қарагани уйчага одимлади ва хамирнинг кўпчиганини кўриб, нон ясашга тутинди. Тандирни оқартиргунча нақ икки боғ ўтин кетганига юраги ачишиб, оқарган тандир ичини латта билан артди. Билакларини куйишдан асрайдиган пахтали «енгча»сини кийиб, ёзда ҳавас билан сотиб олган хивичли саватга солинган нонни билакларига кийиб олган нонга мос рапиданинг устига ташлаб тез-тез тандирга «лаппа-лаппа» ёпиштира бошлади. Мактабга бориш учун эрта туришга ўрганган саҳархез болалар билан кўзларини ишқалаб ташқарига чиққан эр юзини юватуриб, ачитиб ғудранди:

— Турганингда ярим кеча эди, ҳалиям ивирсиб, бир тандир нонни пишира олмабсан-а...

Аёл тандирдан қизариб пишган нонларни эпчиллик билан саватга узиб ташлади. Саватни даст кўтариб уйга олиб кирган аёл, уларни иссиқлигида бир-бирига ёпишиб қолмаслиги учун хонтахта устига ёйиб ташлади. Сўнг болалари ва эрининг ўрин-кўрпасини йиғиштира кетди. Уларни тахмонга териб, устига қизлигида тиккан анорнусха каштани ташлади ва нариги уйдаги хонтахта атрофига нонушта тайёрлаш учун кўрпача тўшай бошлади. Дастурхонни ёзиб, иккита иссиқ нон қўйди, тандир ичида чўғда шақиллаб қайнаётган қумғондан чой дамлаб келтирди. Сават тагидаги кечаги сутнинг қаймоғини сузиб  косага солди. Паст оловда қайнаётган ширчойни «қоринни оғритмасин», — дея пича сув ва туз қўшиб, маромида қайнатди. Доим ширчойга қўшиб қайнатадиган беҳи новдасини сузиб олди. У беҳи новдасининг ҳар дардга даволиги ва қоринни дам қилмаслигини бувисидан эшитавериб, қулоғига сингиб кетган.

Айни овқат маҳалида ўз хархашасини бошлайдиган тўрт ёшли эркатойини овқатлантиришга тушди. Бир ўзи еса, бир боласига едирди. Мактабга жўнаётган яна икки ўқувчи боласининг сумкасига тушлик учун нон ва қанд-қурс солди. Боласи билан баҳам кўраётган ширчойдан икки-уч қошиқ ё ҳўплади, ё ҳўпламади. Дастурхондан тураётиб тепага ёйилиб бораётган қуёшни кўргач, сигир-бузоқларнинг ипини ечиб, подага ҳайдашга шошилди. Молларни подага қўшиб келгач ўрнидан турган болаларининг тагида ғижимланиб қолган кўрпачаларни қоқди. Уларни ва эрини ишга кузатди. Кенжатойини боғчага югура солиб қишлоқ ўртасидаги боғчага қўйиб келди ва кўнгли тинчиб эркин нафас олди.

Бир пас хаёлга берилди. Совиб қолган чойдан пиёлага қўйиб бир бурда нон чайнаб олди ва яна рўзғор ишларига киришди.

Кун ёйилиб иссиқ тушмасидан томорқадаги ўт босиб ётган пиёзни ўташ учун эски калишини кийиб, томорқага кирди. Кун тиккага келгунича пиёзни ўтдан тозалади. Пешонасидан оқаётган реза-реза терни арта-арта ишларни битирди. Ана-мана дегунча кун пешинга оғди. Зирқираб оғриётган белини ушлаганча бирин-кетин мактабдан қайтаётган болаларига тушлик тайёрлаш тандирдаги чўғ тафтига тиқиб қўйилган қумғоннинг тагига олов ёқди. Мактабдан келиб, кийимларини пала-партиш ечиб отган болаларнинг уст-бошларини тахлаб, уларга кечаги овқатни иситиб, болалари билан тушлик қилди. Сўнгра йиғилиб ётган бир тўда кирни ювиш учун кирқозон тагига ўт қалади. Болалари ариқдан ташиб келтирган сувни тинитиб кирқозонга солди.

Бир пасда кўзини шамғалат қилиб кўчага отилган болаларни топа олмай бир кўчага, бир ҳамсояларникига бўйлади. Сўнг подадан келадиган молларга ем тайёрлашга киришди. Кечки овқатга уринди.

Ана-мана деб, қош қорайди. Подадан қайтган молларни молхонага киритган аёл сигирни соғишга тутинди. Ўчоқда олов ёқиб пиширилган шовлани болалари билан тамадди қилгач, ошхонани саранжомлаш, идишларни ювиш учун куймаланди..

Супрақоқдисининг елкасига ура-ура ўзи ҳам пинакка кетган аёл эри келгунча ухлаб қолмаслик учун ип-игна қутичасини очиб, болаларининг йиртиқ, тугмаси узилган кийимларини ямашга киришди. Чарчоқ ўз домига тортаётган ҳорғин кўзларини зўрма-зўр очганча телевизорга тикилди. Вақт алламаҳалга оғаётган бўлса-да, ҳали эридан дарак йўқ. Ухлай деса, эрини кутиши керак, ухламай деса, ҳорғинликдан кўзлари ҳам унга бўйсунмас эди...

Хавотирдан бир кўрпачага чўзилар, бир турар, бир таш-қарига чиқарди. "Эрим келса, мабодо эшитмасдан қолмай" дея қулоғини бериб, атрофга назар ташларди. Қани энди, келақолса...

Тун алламаҳал бўлганда дарвоза даранглаб тақиллади. Аёл кўзларини эгаллаб олган ғафлат уйқусини ирғитиб отганча калишининг бир пойини тополмай бироз довдиради-да, дарвоза томонга югурди. Зулфинни тушириб, деворга зўрға суяниб турган ширакайф «алпқомати»ни қўлтиғидан суяб, уйга олиб кирди.

Унинг қўполдан-қўпол сўкишларию ғудранишларини ичига ютганча рўзғорбошисини оппоқ тўшагига ётқизаркан, оғзидан келаётган бадбўй ҳиддан кўнгли айниб, юзини ўгирди. Дамлаб қўйган чойнакдаги чойни унинг ёнбошига келтириб қўйди.

Ғулдирай-ғулдирай ухлаб қолган эрининг уйғониб кетишидан ҳадиксираб, устига оҳиста кўрпасини тортди ва секингина кенжатойининг ёнига ўрмалади. Аёл ёпинчиққа ярим ўранганча, қўлини дилбандининг елкасига ташлаб, ёстиққа ҳорғингина бошини қўйди. Унинг бир кунлик ташвишу югур-югурлардан тинкаси қуриган вужуди сукунатни ичиб, ором гирдобига ғарқ бўлди. Ҳатто унинг рўзғор ташвишларию машаққатларидан юзига тушган ажинлар ҳам, эри ҳеч қачон сезмаган гўзаллигию лабининг устидаги мошдек қоп-қора холи ҳам, қайрилиб ойни уялтирадиган ёйсимон қошлари ва доим яқинларига меҳр билан боқадиган кўзлари ҳам уйқунинг гирдобига ғарқ бўлган, фақат аёлнинг қуш уйқусидек уйқусида чўчиб-чўчиб тушиши, жилмайиб қўйиши, болалари номини такрорлашидан унинг ҳатто уйқусида ҳам ҳаёт ташвишлари ила оддий ва серташвиш кечаётган умрига шукроналик, мамнунлик ва бахт сурати барқ уриб турарди...

Яна тонг ёриша бошлади. Аёл сигирини соғиш учун ташқарига одимлади...