“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 258 марта кўрилган.

УЧ ЧАНОҚ

Ҳабибулло АБДУКАРИМОВ

 

Қулоқ

Тўртинчи синфни битиргунимизча битта ўқитувчи дарс берган. Биринчидан тўртинчи синфгача ўқийдиган болалар битта синф хонасида аралаш ўтирардик. Синфимизда ўқитувчимиз Маматўрани қулоғини кўп чўзар, ҳар сафар «сен одам бўлмайсан», — деб койирди. Синфдошимнинг ота-онаси йўқ эди. У акасиникида яшаб, янгаси буюрган юмушлар билан банд бўларди.

Тўртинчи синфни тўрт ўқувчи — икки ўғил, яъни, мен билан Маматўра ҳамда икки қиз битирдик. Қизлар қишлоқда қолишди. Маматўра иккаламиз саккиз чақирим наридаги катта мактабнинг бешинчи синфига қатнай бошладик. Янглишмасам, ўқишнинг иккинчи кунимиди, математика муаллими «қани, янги болалар карра жадвалини айтиб беринглар», — деб қолди. Тўғриси, Маматўра карра жадвалини айтиб бера олмади. Муаллимнинг бироз жаҳли чиқдими, «қулоғинг шалпайиб, карра жадвални билмасанг, қандай одам бўласан», — деди.

Танаффусда Маматўра мени имлаб олдига чақирди. «Юр, қишлоққа кетамиз», — деди шивирлаб. Мен «дарсчи?» дедим. У менга «бари бир одам бўлмайман экан, ўқиб нима қиламан», деди. Иккаламиз ейдиган нонни латта халтасидан чиқариб менга узатди. Ярмини ол, десам олмади. Унга раҳмим келиб, орқасидан тикилганча қолдим. Кўзларим намлангандай бўлди. Назаримда тўрт йил давомида қулоғи анча чўзилган эди...

 

Кўнгил

Мактаб-интернатда Жўра исмли бола билан бир партада ўтирардик. Қанақа дарс бўлишидан қатъий назар, у китобни қийшайтириб рул қилиб, партанинг тагидан ўтган ёғочни газ, тормоз қилиб, мени машина кабинасидаги пассажир ўрнида оғзини пичирлатиб, «ванг-ванг», «би-биб», «қиғ», — деб скоростга урганда, ўнг қўли менинг оёғимга ҳам тегиб кетарди. Ҳар дарс шу аҳвол, баъзан танаффусга ҳам чиқмай «машинасини учириб ҳайдарди». Кўпинча танаффусда «орқага ҳайдаган» пайтлари ҳам бўларди. Мабодо дафтарга ёзиш ёки доскадан бирон нарсани кўчириб олиш керак бўлса, «машинасини» бемалол бир қўллаб ҳам ҳайдарди.

Саккизни битиргунимизча у мени «миндириб» қаерларга олиб бормади денг. Шу алпозда ниятига ҳам етди. Бир эшитсам Мирзачўлда ҳайдовчилик қилар экан. Кейинчалик синфдош сифатида ўзи мени излаб топди. Бортовой машинасида мени автобус бекатига олиб чиқиб қўйди.

Икки марта уйланибди. Ўғли биринчи хотини билан қишлоқда эмиш. Кейинги хотиндан фарзанд бўлмабди. Мана, яқин йигирма йилдирки у менга ҳафта — ўн кунда бир қўнғироқ қилиб туради. Баъзан учрашиб ҳам турамиз. Унинг ягона орзуси «Нексия» русумли машина олиш.

Ҳар доим миясида битта лента айланади, қандай қилиб бўлмасин, заводдан янгисини олиш. Кўнгил экан, мен уни 25-30 дақиқалаб телефонда эшитаман. Баъзан қўлларим толиб кетади, телефонни у қулоқдан бу қулоққа оламан. Нима қилиб бўлса ҳам янгисини олса, мени миндириб, анча жойларни айлантирса. Гагарин деган жойда қозоқлар туя сути сотармиш. Қамчиқ довонидаги эчки сути жуда фойдали экан. Ҳалиги эчкилар тоғма-тоғ энг доривор гиёҳларни териб ермиш.

Мана яна Жўранинг қўнғироғи. Уни ҳам тўғри тушуниш керак. Ҳозир нафақада, «уйда зерикаман», дейди.

Аъло, десам, янгисини олиб минмоқчиман деди. Ҳар доим «ишқилиб тезроқ мингин, жўра» дейман, омад тилайман. Мабодо қўнғироқ қилганида «мунча эзиласан», десам нима бўлар эди? Балки унга менинг синфдошлик меҳрим ҳам керак бўлаётгандир...

 

Куёв

Онамнинг тоғаси қўшни қишлоқдан уйланган экан. Куёв келинни отга миндириб қишлоққа кириб келган экан. Йўлда бир-биридан уялишибми, гаплашишмабди ҳам. Бир жойда от кечувдан ўтишига тўғри келганда Саъдулла бобомиз «мени маҳкам ушланг» дебди. Келин куёвнинг белидан сиқиброқ ушлаганда кўзи қўлига тушиб, баданлари жунжикиб кетибди. Қўллари қоп-қора экан. Бечора куёв тўйгача келиннинг юзини кўрмаган, лоақал бир оғиз гаплашмаган бўлса нима қилсин?!

Куёвнинг дами ичига тушиб, юзи ҳам қора бўлса керак, деган хулосага келибди. Хулосаси тўғри чиқибди. Келин шоколад ранг экан...

Йиллар ўтса ҳам қув болалар момони кўриб қолишганда мазах қилишдан тўхташмабди.

Достон қора, Достон қора,

Киндиги яра, киндиги яра,

Ишонмасанг очиб қара, очиб қара.

Шеър болалик табиатим ва руҳиятимга тўғри келмаса-да, негадир мен ҳам «Достон қора», — деб болаларга эргашганман.

Сандалнинг четида исиниб ўтирган эдим, онам бир сиқим жийдани олдимга сочиб ташлади-да, «сен менинг янгамни ҳақоратлагани уялмайсанми? Гап тоғамнинг қулоғига етиб борса нима бўлади?», деди. Мен «ҳамма болалар айтяпти-ку!?», дедим. Онам «бошқалар билан ишинг бўлмасин, сен ўзингни бил», деди. Шундан кейин «шеърни» айтмайдиган, ичимда ҳам такрорламайдиган бўлдим.

Қишлоқда тўй бўлди. Тўйхона ҳовлисига йиғилган бекорчи болалар ҳалиги «шеър»ни қайтара бошлашди. Бир маҳал Достон момо ичкаридан отилиб чиқиб, болаларни олдига солиб қува кетди. Шеър муаллифи бўлмиш Худойшукурни тутиб олиб, кенг тикилган, енглари узун кўйлагининг ичига солди. «Кўзингни катта очиб қара! Ярамикан», — деди энтикиб момо. Болакай ётган жойида «яра эмас экан, яра эмас экан», — деб бақириб йиғлаганини ҳамма эшитди. Шу ондан эътиборан бу шеър истеъмолдан қолди.

Достон момодан туғилган чиройли, бичими келишган, мағзи тўқ, ақлли, қизғиш буғдойранг қиз вояга етди. Тақдирни қаранг, Худойшукур минг маротаба шукроналик келтириб, момога куёв бўлди. «Суяк суриб», деганларидек, ёш оиланинг бош фарзанди ҳам қиз бўлди. Қизалоқнинг лаблари бир оз қалин, кўзлари момосиникидек катта-катта, қўлчалари «оппоқ» чип-чиройли эди.