“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 35 марта кўрилган.

Қорбобонинг қайтиши

Омон МУХТОР

 

Артист ишбилармон оғайнисига шикоят қилди:

— Театрда янги ролим йўқ. Эскилари пьесалар билан бирга ўлди. Вақтида яхши пьеса ўзи кам ёзилган экан. Тўғри, айрим асарларни ҳозир ҳам тикласа бўлади. Лекин режиссёрлар орқага кўп қарамайди, олдинга юргиси келади. Тушуниш мумкин. Бунинг устига, майдонни ёшлар эгаллаяпти. Уларга йўлни бўшатиб бермай илож йўқ… Қисқаси, анча камбағаллашиб қолдим.

 — Менга қара. Ана, Янги йил келяпти, — деди ишбилармон. — Беш-ўн сўм ишлаб олмайсанми?

— Қандай қилиб? — деб сўради артист.

— Қорбобо бўлиб кўрганмисан?

— Бир-икки марта мактабларга борганман.

— Шуниси етарли, — деди ишбилармон. — Олдинлари бизда бундай расм йўқ эди. Кейинги йиллар баъзи тўқ-тўкин оилалар буюртма беряпти. Кийим биздан. Халтада совға-салом ҳам биздан. Сен бориб, болаларнинг кўнглини оласан. Мен сенга яхши ҳақ тўлайман. Бундан ташқари, борадиган жойларинг ҳам эшикдан сени қуруқ чиқармайди.

Таклиф артистга маъ-қул келди. Белгиланган кунда у Қорбобо турқига кириб елкасига халта осганича, йўлга тушди. Шаҳарнинг ҳар томонида жойлашган бешта хонадонга бош суқиши, кейин оғайнисининг офисига қайтиб келиб ҳисоб-китобни бажариши керак.

Учта хонадонда иш хамирдан қил суғургандек енгил кўчди. Артист болаларни табриклаб, уларга совға-салом улашди. Арча атрофида айланиб, шеър ўқиб берди, эртак айтди. Болаларга қўшилиб хонадон эгалари ҳам суюнишди, уни сийлашди. Тўртинчи хонадонда эса…

Бундан ўттиз йил бурун бир талабалар даврасида келишган йигит — Ҳалим Наргиза деган кўркам қизни кўриб қолиб, юрагига ўт тушди. Қизнинг йўлини пойлаб, танишишга ҳаракат қила бошлади.

— О, Наргиз!

Хабар олмайсан ҳаргиз…

Танишди ҳам!

Оз эмас, кўп эмас, ўн беш кун иккови бирга кўча айланишди. Йигит қизни, қиз йигитни ер-кўкка ишонмайдиган бўлди. Аммо орага шайтон суқилди. Арзимаган гап устида баҳслашиб, қизишиб кетишди. Ҳар бири ўзининг билимлироқ, ақллироқ эканлигини кўрсатмоқчи бўлдими-ей!

Қиз аччиқланиб, қанотга ўхшаб қўлларини силкитганча, парвоз қилди. Йигит ердан узилолмади, уни йўқотиб қўйди. Қайтиб қидиргани билан, тополмади.

— О, Наргиз!

Хабар олмайсан ҳаргиз…

Театр залларини эслатган, шифтида каттакон қандил ёнган хонага Қорбобо турқига кирган артист қўлидаги таёқни тўқиллатиб қадам босгани заҳоти, бир этак болани кўрди. Кейин оила бошлиқларига эътибор берди. Қора костюм ки-йиб бўйинбоғ таққан салобатли киши ва… узун ҳарир кўйлак кийган — кекса бўлса-да, ҳамон хушрўй аёл.

Артист илк қарашдаёқ уни таниди. Қайсидир танишларни учратиши мумкинлигини ўйлаганди. Лекин буни кутмаганди! Ҳаяжонланса-да, ўзини ҳеч нарса бўлмагандек босиқ тутиб, бўйнидаги вазифани адо эта бошлади. Қанчалик берилиб ўз санъатини намойиш этмасин, барибир шуурининг туб-тубида бир савол айланаётган эди:

«У ҳам танидимикан?! Танимадимикан?!»

— Балки, танигандир? Отнинг қашқасидек ҳаммага маълум ва машҳур санъаткор бўлмаса ҳамки, матбуотда гоҳ-гоҳ номи кўринади. Сурати босилади. Умрида театрга бормаган зот ҳам ойнаи-жаҳондан эски бир спектакль берилганида кўз қирини ташлаган чиқади! Жилла қурса, артистни овозидан танийди.

— Балки, танишмагандир? Орадан қанча сувлар оқиб ўтди. Афт-ангори ўзгарган. Қолаверса, Қорбобо либосида, кўздан бошқаси кўринмайди. Овоз ҳам ёшликдагидан буткул фарқ қилади. Дағаллашган. Маҳзунлашган. Артистнинг номи-чи? Бирор ерда Наргиз эҳтимолки, ҳатто тўқнаш ҳам келмагандир?!

Дарвоқе, ўттиз йил бурунги баҳсни «арзимаган» дейиш аслида ҳақиқатга зид! Ўшанда гап моддий ва маънавий бойлик устида, минг йилларки, одамларни қизиқтирган, иккисидан қайси бири устун эканлиги тўғрисида борган эди. Ҳалим — ҳаётда тажрибасиз, хаёлпараст — шоирона кўйда тирикликнинг асоси моддий бойликни инкор этган, қайсарланиб мен учун шароит муҳим эмас, деган эди. Агар ҳозир ўша лаҳза «тирилса», Ҳалим шуб-ҳасиз, бундай баҳсдан ўзини тияр, маънавий томони бўлмаган моддий бойлик, моддий томони бўлмаган маънавий бойликда маъно йўқ, бировга бахт келтирмайди, буларни қарши қўйишнинг ўзи нодонлик, деб файласуфона фикр юритарди! Афсуски, ҳаётни орқага қайтаролмайсан.

Қандай бўлмасин, Наргизанинг ранг-рўйидан у Ҳалимни танигани ёки танимагани билинмаётган эди.

Арча атрофида ўйин-кулги давом этарди. Инсон олами нақадар мураккаб! Ҳалимнинг хаёли паришон, юраги озурда. Аммо бу ёлғиз унга ва ёлғиз Худога аён. Ёруғ-ёрқин хонада аксинча, у негалигини англаш қийин бир тарзда руҳланган, куч-қудратга тўлган… Ажабки, то ҳозир театр саҳнасими, экранми, қайсидир даврами — бирон ерда, бирон пайт бунчалик ошириб-тошириб ўз маҳоратини кўрсатмаган эди!

Ахийри, томоша тугади. Хонадонда барча афтидан, мамнун эди.

Қора костюм кийган салобатли киши олийҳиммат экан. Қўлидаги безакли қимматбаҳо тўртбурчак соатни шартта ечиб, Қорбобонинг қўлига тутқазди.

Даврадан узилиб, артист эшикка йўналди, остонага етганида ногаҳон хушрўй аёл унинг ёнида пайдо бўлди. Сездириб-сездирмай катта бир боғлам пулни халтага солди. Кейин, артистнинг нақ қулоғи остида шунчаки ғудрангандек, паст товушда:

— Иккиси ҳам муҳим экан! — деди.

Артист Наргиза уни танигани, йиллар ўтиб эски баҳс бобида Наргиза ҳам у каби хулосага келганидан таъсирланиб, чайқалиб кетди.

Кўчага чиқиб, бир дам тўхтади. Дастлаб алланечук хижолат чеккандек ҳолатни туйди. Бироқ тезда бу ҳолат уни тарк этди.

— О, Наргиз!

Хабар олмайсан ҳаргиз…

Янги йил оқшоми, тақдирни қарангки, тасодифан бўлсин, Наргиза ундан «хабар олган» эди! Бу — ҳаётнинг инъоми эмасми?!

Умуман, инсон учун яшаб юриб муайян бир ҳақиқатга етиб келишнинг ўзи — ҳаёт инъоми, бахт эмасми?!

Шундан сўнг, у катта йўл бўйига чиқиб, машина ёллашга тутинди.

Яна бир хонадонга кириб чиқиши керак.

Оғайнисининг офисига бориши…

Тезроқ! Тезроқ!

Ишни якунлаб, жуда кеч бўлмай уйга қайтиши шарт.

Ахир, унинг ҳам уйида байрам. Хотини, болалари, неваралари у кўчадан нималардир кўтариб кириб келиши, табриклашини кутиб, эшикка қараб ўтиришибди…

Артист машинага ўтирди. Аммо… ҳайдовчига нима дейишни билмай тараддудланиб қолди.