“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 849 марта кўрилган.

Вақт фалсафаси (новелла)

Танзилага

1

Вақтни тўхтатиш мумкинлигини англаган куним ҳаётимнинг узилиш ва қайта уланиш нуқтаси бўлди. Бу нуқталар улуғвор кашфиёт олдида турган одам учун зиғир донасича ҳам аҳамиятга эга эмас. Вақт тўхтаса, Иффат қаримайди. Унинг юзларига ажин тушмайди ва у ҳеч қачон Тўхта момога ўхшаб букчайиб қолмайди. Айтишларича, Тўхта момо ёшлигида жуда дилрабо қиз бўлган. Мана, энди лаблари шафтолиқоқидек қурушган, якка-ю ягона сўйлоқ тиши қоронғу ғор оғзига тираб қўйилган ёғочни эслатади. Худди ўзидек эгри ҳассаси ва букчайган қадди, чақчайган кўзлари ва томоғи остида эски латтадек шалвираб осилиб турадиган териси ва умуман бутун қиёфаси билан баайни ялмоғиз кампирнинг ўзи. Момонинг айби йўқ, бу вақтнинг иши. Мен оралиқдаги вақтни йўқ қилиб ташлаб, ёки ортга қайтариб Тўхта момони навниҳол қиз кўринишида тасаввур этишга кўп марта уриниб кўрганман. Аммо...

Тўхта момони учратиб қолсам, унинг ҳамиша тўзғиб ётадиган пахтадек оппоқ сочларига қараб беихтиёр Иффат билан солиштираман. Бир куни уларни юзма-юз турганларини кўриб бемисл контраст ҳолат қаршисида лол қолдим. Кампирнинг зоғчаникидек қоп-қора қоқсуяк бармоқлари қизнинг оппоқ ва нозик билагидан худди балиқ ушлагандек маҳкам чангаллаб турарди. “Балиқ ушлаган зоғча”. Гарчи ҳаёт ҳақиқатига мос келмаса-да, назаримда, бу энг мос ўхшатиш. Кампирнинг эгнида увадаси чиққан тўн. Иффат зарғалдоқ рангдаги нафис поплин кўйлакда... Бири иккинчисига тамоман зид бу ғаройиб манзара сира кўз ўнгимдан кетмай қолди. Вақтни тўхтатиш устида тажрибалар олиб борарканман, биринчи навбатда Иффатни ва ундан кейин бутун инсониятни қарилик балосидан халос этишни ўйлаб, кафтимни қулоқларимга босганча кўзларимни чирт юмаман. Қоронғулик ичра қолган Вақт гўё йўқолган дунёни излаб бўзлайди. Назаримда унинг гувраниши кечагидан ўзгачароқ. Шу пайтгача вақт бутунлай абстракт тушунча эди. Борлиқнинг эскириб бориши, фасллар алмашинуви, одамларнинг қариб бориши, ўлиши ва уларнинг ўрнида янгилари келишига қараб нималардир туйғуларимизга таъсир этарди. Вақт эса кўзга чалинмас, биз – инсонлар унинг таъсирини емрилган борлиқ ўрнида янгисининг бунёд бўлишида кўрардик. Модомики, энди мен ўз тажрибаларим билан вақтни тўхтатиш имконига эга бўларканман, демак, дунёни қаришдан ва емрилишдан сақлаб қола оламан!

2

Бир неча кун ана шундай кайфият билан юрдим. Кўча-куйда одамларнинг менга ажабланиб қараши, ўзларини четга олиши ва менга йўл бериши ҳамда уларнинг юз-кўзларидаги ифодалардан пайқадимки, мен бошқаларга ўхшамайман. Укам Ширвоннинг келиши ва ўртамизда бўлиб ўтган суҳбат фикрим тўғри эканлигини исботлади. Ширвон юзимга тик қарай олмади. Фикрини ҳам очиқ айтолмай ямланарди. Мен атайлаб нигоҳимни ерга олдим ва сен буюклик қаршисида турибсан, майли қараб ол дегандай, ер шохлаб туравердим. Аммо лабларимдаги табассум, тиришган пешонамдаги қатор-қатор чизиқлар, кўзларимда зуҳур этган фикрчанлик ва ўйчанлик буюклик аломати эканлигини англашга укамнинг қурби ва фаросати етармикин? Бу ҳолатни хаспўшлашга бўлган интилишим беҳуда кетди. Ширвоннинг кўрпача четида қимтинибгина ўтириши, овозидаги титроқ оҳанглар, бошидаги ола дўпписини ҳа деб айлантиравериши ва ёш боладек бурнини тортиб-тортиб қўйиши менга кўп нарсани маълум қилди. “Ака...”деди ниҳоят иродасини бир жойга жамлаб укам:

– Ака...

Ширвоннинг овози жуда узоқдан, вақт девори ортидан эшитилди. Бош кўтармадим. Сукутга бордим. Укам истиҳола қилар ва афтидан гапни нимадан бошлашни билмасди. Ниҳоят узоқ жимликдан кейин у яна тилга кирди:

– Ака, нима учун бундай қиласиз?.. Одамлар маломат қилишяпти. Онамиз бечора оҳ уриб “бобосига тортди” дейдилар-у, қандай қилиб бобомизга тортганингизни тушунтирмайдилар. Докторлар бўлса “у кишини уйлантириб қўйиш керак” дейишяпти...

“Маломат” ва “докторлар” деган сўзларни эшитиб, укамга раҳмим келди. У адабий тилда гапиришга ҳаракат қиларди. Менга ёқиш учун албатта. Маънодор бош тебратиб унга далда бердим. Шууримда эса “қанчалар буюк бўлмай, мен акангман ахир, нега мендан чўчийсан?” деган сўзлар йиғиндиси. Жигаргўшамни қўрқитиб юбормаслик учун юз ифодамни кескин ўзгартирдим ва кўзларимга ёқимли ифода бериб бош кўтарарканман, укам шошқин бир ҳаракат билан ўрнидан туриб ортига тисарилганча эшик томон чекинди. Ҳақиқий буюклик билан юзма-юз келганлиги ва ўзини ожиз сезиб чекинаётганлиги унинг кўзларидан яққол кўриниб турарди. Укамнинг ўрнида бошқа ҳар қандай киши бўлганда ҳам шундай қиларди албатта. Неча йиллардан буён уни кўрмагандим. Озиб-ёзиб бир келган жигаргўшамнинг бундай тарзда чиқиб кетишини истамасдим. “Қўрқма Ширвон, мен аканг Тавошарман” деганча ўрнимдан турдим-да, уни бағримга олиш ниятида қучоғимни кенг очиб, бир неча қадам қўйдим. Ва бу бахтли оннинг лаззатини олдиндан чуқурроқ ҳис этиш учун кўзларимни юмиб олдим. Эшик тарақлаб кетди. Кўзимни очиб қараганимда Ширвон жон ҳалпида қочиб борарди...

3

Тажриба ўтказиш ва кузатишлар мени обдан толиқтиради. Ўзимни бирозгина чалғитиш мақсадида Вақт девори кемтигидан бўйлаб қарайман. Болалик дунёсида қолиб кетган манзаралар. Ҳамма нарса оддий ва ибтидоий: Кекса тут дарахти, ёлғизоёқ йўл, тахта кўприк... Барчасида шафқатсиз вақт тамғаси бор. Кўксимни деворга маҳкам босиб турибман. Юрагим зарбидан девор титраётгандай. Соат ўн иккига яқинлашмоқда. Одатда худди шу пайтда: баъзан бироз олдинроқ ёки кейинроқ челак кўтарган бир қиз сувга ўтади. Мен яшайдиган ҳовлининг адоғида чашма бор. Усти айвончали. Чашмадан қирқ қадамлар юқорида шарқираб оқиб ётган ариқ бўлса-да, қишлоқ қизларининг ҳаммаси чашмадан сув олишни яхши кўришади. Бу ер уларнинг сирлашадиган маскани. Иффатни биринчи марта шу жойда учратганман. Ўшанда бирор оғиз ҳам гаплашмадик. Қиз сувга лиммо-лим тўла челагини илкис кўтариб бошига қўйди ва шу ҳолатда менга бир қараб олди-ю, жўнаб қолди. Кейинги учрашувларимиздан бирида мен чашманинг тарихи тўғрисида мутлақо ёлғон бир афсона тўқиб унга сўзлаб бердим. Туни билан гоҳ ухлаб, гоҳ уйғониб, алоқ-чалоқ тушлар аралаш тўқилган менинг ёлғоним мана шу чашма ўрнида ёрини йўқотиб йиғлаб ўтирган бир қиз ва унинг севгиси ҳақида эди. “Ана шу чашма – хулоса қилдим мен – ўша қизнинг кўз ёшлари”. Қисқагина, бор-йўғи бир неча дақиқага жо бўлган суҳбатимиз қизгинага ўз таъсирини ўтказган эдики, унинг қадам ташлашига қараб хаёли паришон бўлганлигини англадим. Бу ҳолат елкаси бўйлаб кенг ёйилган жамалагининг тебраниши, жамалак учидаги потисқаларнинг ўзгача жиринглаши ва боши устидаги челакдан сувнинг чалпиб-чалпиб тўкилишида ўз ифодасини топган эди. Демак, у ташқи оламдан узилиб, ўз ички дунёсида сайр этарди. Унинг ортидан қараб турдим. Жамалагидаги садаф тугмаларда қуёш нури ўйнар ва челакдаги сув чалпиб-чалпиб тўкиларди. Кейин орадан кўп йиллар ўтди, биз бошқа учрашмадик. Аммо мен хаёлан Иффат билан бирга яшардим. У билан ҳар кун суҳбатлашар, унга бағишлаб шеърлар тўқирдим. Гоҳида эса хўжайлилик дўстим Ҳайитбой Абдисодиқнинг айни пайтдаги ҳолатимга монанд мана бундай сўзлари ёдимга келарди:

Нимадир шитирлар боғда

Қўрқма, дейман севгилимга

Қўлларини маҳкамроқ

ушлайман

Юрагим “дук-дук” уради.

Вақт муаллақ туриб қолади

менинг тепамда

4

Орадан беш йил ўтди. Университетни тугатдим ва қишлоғимга қайтдим. Аммо энди чашма ҳам, мен яшайдиган ҳовли ҳам, ёввойи бутазорлару сўқмоқ йўллар ҳам йўқ. Болалигимиз билан боғлиқ хотираларнинг айрим лавҳаларигина ярқ этиб хаёлда намоён бўлади. Энди бу макон чигирткалар босқинидан кейин ҳувиллаб ётган даладай кўримсиз бўлса-да, мен учун қадрли. “Сени ҳеч кимга бермайман” деб қичқиргим келади-ю, истиҳола қиламан. Қадимий қишлоқ ўрнида қад ростлаган шаҳарчанинг шовқин-сурондан холи гўшалар ҳам бор. Ана шундай гўшалардан бири” Куркуллум” савдо мажмуасининг шимолий тарафидаги “Калта хиёбон”. Аслида бу хиёбон шаҳарчани тенг иккига бўлиб ўтадиган анҳорга бориб туташган бўлса-да, куркуллумчилар қурган улкан иншоот уни қоқ ўртасидан иккига бўлиб қўйган ва энди хиёбоннинг шимолий қисми одам кам юргани сабабли хилват чакалакзорга айланган. Савдо мажмуасида Иффатнинг акаси ва унаштирилган йигити ишлайди. Аммо улар пул тўплаш учун шу қадар бандки, бино ортида соя-салқин хиёбон борлиги ва бу хиёбонда бизнинг учрашиб туришимизни балки билишмайди ҳам.

Вақтни тўхтатиш ва инсониятни кексайиш ва ҳаттоки ўлимдан халос этиш истаги ва режалари бошимда гужғон ураркан, шу улуғвор туйғулар таъсирида Иффатни кўргим келди. Чунки барча туйғулару ҳиссиётлар марказида зарғалдок кўйлакли қиз турарди. Албатта унинг бошқа либослари ҳам бор. Иффат бадавлатгина қиз. Отаси катта фермер... Унаштирилган йигити “Куркуллум”да бошбух. Акасининг “Каптива”си бор. Шундай бўлгач, унда кийим-кечак муаммоси йўқ. Мен эса уни ҳамиша зарғалдоқ кўйлакда кўргим келади. Рассомларга хослик... Бу қавм инсон қиёфасидаги ўзига хос бирон-бир чизгини хотирасида қаттиқ сақлайди ва уни сувратда бўрттиради. Ўн йилдан кейин, ёки юз йилдан кейин қарасангиз ҳам сувратдаги қиз қаримайди, очилиб турган гул сўлимайди, қуёш ботмайди. Вақт тўхтаб туради.

5

...Иффат ҳамишаги жойимизда ўтирарди. Боши эгик. Бир ўрим сочи кўкси устида қабариқ шакл ҳосил қилиб тиззасига тушган. Қўлида заъфарон япроқ – Сариқ ранг ҳукмида қолган терак япроғи – бандига яқин қисми яшилтоб, учлари қизғиш тус ола бошлаган. Сариқ ранг – Ван Гог тасаввурининг оҳанрабоси. Қизнинг ҳолати эса кузнинг ўзидай сокин. Умуман, Иффатда кузга хос жиҳатлар кўп. Мен вақтни айнан шу ҳолатда тўхтатиб қўйсам, дейман. Сокинлик. Заъфарон ранглар ва ана шу ранглар орасида ўтирган қиз. Йўқ, рассом сифатида эмас. Дунёни бир варақ қоғозга жо этадиган бу санъатдан йироқман. Вақтни тўхтатиш қўлимдан келишига эса ўзимдан бошқа ҳеч ким ишонмайди. Дунё пайдо бўлганидан буён вақтни жиловлашга ҳеч ким уриниб кўрмаган. Мантиқан олганда мен ҳақман. Уриниб кўрмагандан кейин қандай қилиб бирон бир натижага эришсин! Мен эса тажрибалар ўтказяпман. Бунинг учун энг аввало, вақт оқимини ҳис қилиш керак. Уни эшитиш ва ҳатто кўриш ҳам мумкин! Ҳа, худди шундай: Қўлингиз билан қулоқларингизни маҳкам беркитинг. Гоҳида кафтингизни бирозгина бўшаштириб, қабариқ ҳолатда тутинг, шунда улуғвор бир гувраниш эшитилади ва сиз вақтнинг шиддатли оқимини ҳис этасиз. Бу гувраниш қанчалик ваҳимали бўлмасин, ундан ажралгингиз келмайди. У беҳад чуқур ва бепоён. Бутун борлиқни қамраб олган ҳад-ҳудудсиз ана шу оқимда ўзингиз ҳам оддий ва ожиз бир хас ёки бир зарра каби сузиб бораверасиз. Ва шу ҳолатда уни тадқиқ этишга, англашга интиласиз.

Мен вақтнинг шовурини кашф этганимга кўп йиллар бўлди, аммо бу ҳолатни нимага йўйишни билмадим. Шунчаки ўйин, эрмак сифатида қарадим. Тўғрироғи, бу гувранишнинг ҳақиқатан ҳам вақт оқими эканлигига аввало ўзим ишонмадим ва бошқаларни ҳам ишонтира олмадим. Ногоҳ бир кеча алла маҳалда уйғониб кетиб бошимда кучли шовқин, миллионлаб жизилдоқларнинг бараварига “жаззи-и-ит! Жаззи-и-ит!” деган овозини эшитдим. Овоз ташқи дунёдан келяптими ёки миямнинг мубҳам қаватларида ҳосил бўляптими, буни билиш учун тўшагим устида чўккалаб ўтирганча, қулоқларимни кафтим билан маҳкам беркитдим. Жизилдоқлар овози тинмагани ҳолда, коинотни қамраб олган соҳир бир гувраниш шууримга урилди. Аммо бунинг вақт оқими эканлигини орадан анчагина ойу кунлар, балки йиллар ўтиб англадим. Менинг тажрибиларим ва доимий машғулотим кейинчалик Хронохрон ускунасини ясаш ва вақтни тўхтатишдек оламшумул кашфиётга бориб тақалди. Ускунанинг Хронохрон деб номланиши кўп нарсаларга боғлиқ. Аввало, “хроно” сўзи юнонча вақтни англатишига, ундан кейин, файласуф Бахтиннинг хронотоп назариясига асосландим. Бу ташқи кўринишидан қумсоатга ўхшаш ускуна. Уни айнан шу шаклда ясаш, вақтнинг тепадан пастга томон бир маромда қуйилиб туришини кузатиш бундан кўп йиллар аввал бир духтирнинг қабулида бўлганимда унинг хонасидаги қумсоатга қараб туриб хаёлимга келган. Кейинчалик шаҳар дўконларидан худди шундай соат изладим. Вақт – қум. Ёки қум-вақт. Қўнғиртоб майда заррачалар шиша мослама ичида бир маромда оқади ва вақт оқимини аниқ кўрсатади. Балки у қадар аниқ ҳам эмасдир, ҳар ҳолда унга қараб вақт оқимини кўриш мумкин. Дўконларда эса қумсоат сотилмас экан. Аммо фикримдан қайтмадим. Шундай соатим бўлишини жуда-жуда истардим. Узоқ уринишлардан кейин эскигина бир қумсоатни қўлга киритдим. Уйга олиб келдим, бир неча кун унга термулиб ўтирдим. Қумсоатнинг тепадаги бўлмачаси бўшаб қолиши билан назаримда вақт ҳам тўхтарди. Шунда мен бу антиқа ускунанинг ўймакор поячасидан авайлаб тутиб “Оёғини осмондан” қилиб қўяман. Аслида унинг бош-оёғи йўқ. Ҳар иккала шиша бўлмача ҳам бир хил шакл, бир хил сиғим ва бир хил кўринишга эга бўлиб, уларни уч дона ёғоч устунча бирлаштириб туради. “Оёғини осмондан қилиш” ёки тепадаги бўлмачанинг қуми тугаб қолиши билан вақтнинг тўхташи, албатта, бу тасаввур ҳосиласи. Хуллас, мен ясаган хронохрон ускунаси шаклан қумсоатга монанд. Энди бу мўъжизадан фақат ёлғиз ўзимгина баҳраманд бўлишни ўйлар ва бу буюк кашфиёт олдида ўзим ҳам ожиз эдим. Айни пайтда ҳали ҳеч кимга насиб этмаган бахт туйғуси билан яшардим.

...Иффатнинг ёнидан жой оларканман, кафтларим билан қулоқларимни беркитдим ва қизга ҳам шундай қилишни уқтирдим. Биз шу ҳолатда анчагина ўтирдик. Кейин мен қизнинг юзига қараб сирли жилмайдим ва овозимга ҳам сирли тус бериб сўрадим:

– Нимани эшитдинг?

– Ҳеч нарсани.

– Ҳеч нарсани? Наҳотки!?

Унинг жилмайиб ва айни пайтда ажабланиб, шу билан бирга савол назари билан қараб турганини кўриб мен ҳам ажабланганимни яширмадим, аксинча, кўзларимни катта-катта очиб қошимни чимирганча бир лаҳза қотиб қолдим. Менинг бу ҳолатим уйқудаги ипак қуртини эслатарди. Кейин кутилмаганда ўзимда улкан бир журъат сезиб, унинг қулоқларини кафтларим орасига олдим. Қиз буни кутмаган бўлса-да, қаршилик кўрсатмади. Биз шу пайтгача ёнма-ён ўтириш, нари борса қўл бериб кўришиш ва қимтинибгина сўзлашишдан нарига ўтмаган эдик.

6

Октябрь. Зардолулар, олчаю алволилар арғувон либосда. Фақат тут дарахтларининг япроқлари заъфарон. Иффатнинг кўйлагига монанд. Агар ҳозир Иффат тут дарахтининг устига чиқиб ўтирган бўлса, мен унинг фақатгина оппоқ юзини ҳамда қоп қора соч турмагинигина фарқлашим мумкин. Табиат вақт таъсирида. Иффат ҳам. Сочини боши узра турмаклаб юриши менга ёқади. Саксонинчи йилларнинг аёлларига ўхшайди. “Турраи таррорингга салламно” деб таҳсин айтаман ичимда. Сочни бундай турмаклаш унинг ёшини бироз катта қилиб кўрсатади. Бу энди вақтнинг иши эмас, аммо гапнинг сирасини айтганда, вақт жуда ақлли хилқат. Шошилиш унга ёт. Бир маромда ишлайди, масалан, юзингизга қачон ажин тушганини сезмай қоласиз. Ҳеч ким айтайлик, “ўнинчи октябрь соат ўн иккидан уч дақиқа ўтганда юзимга ажин тушди” деёлмайди. Дарахтларнинг япроқларидаги ўзгаришлар ҳам худди шундай содир бўлади. Ҳа, вақт илондай муғомбир.

Иффатни кўрмаганимга ҳам анча бўлди. Энди бир йўла тажрибаларимни якунига етказиб кейин унга рўбарў бўлсам, дейман. Чунки вақт кетяпти, шошилмоқдаман, Тўхта момо соғ-омон юрибдимикин ўзи?.. Деворга осиб қўйилган тақвимнинг варақларини йиртмаяпман. Унда 24 октябрь санаси. Тўхта момони худди шу куни кўргандим, шанба эди, балки жумадир... Иффат билан юзма юз туришганди. Тақвимда белгилаб қўйганман. Ана, йигирма тўрт рақами ёнида қизил сиёҳ билан “соат уч” деб белгилаб қўйилган.

Ярим тунда уйғониб ускунанинг юқори бўлмасида – (хронохрон бўлмалари қумсоатникидан ўн битта кўп) энг юқоридаги биринчи бўлмасида – хира туманликка ўхшаш алланарса сузиб юрганлигини кўрдим. Миллион-миллион майда заррачалардан иборат туманлик гоҳ қизарар, гоҳ қўнғир тус олар ва дам ўтмай тиниқ сариқ рангда намоён бўларди. Қани, энди буни Ван Гог кўрса! Японлар сузишни эплайдиган болаларнинг бошига, айтайлик, қизил шабпўш кийдириб сувга туширсалар, ҳали яхши сузолмайдиганларининг бошига сариқ шабпўш кийдиришади. Чунки сариқ ранг бошқа барча рангларга нисбатан кўзга яхши ташланади. Мана, мен ҳам шиша ичидаги ҳолатни аниқ кўряпман, ваҳоланки, кўзим тобора хиралашиб бораётганини пайқаганимга анча бўлган. Дарвоқе, ҳассам қани? Ёлғиз умримнинг бу содиқ ҳамроҳини хонанинг қайси бурчагига суяб қўйганимни мана энди эслолмай турибман. Тиззам қақшаб оғримаганда-ку, учига резина қалпоқча кийдирилган етмиш етти сантиметрли оддий бир таёққа сира эҳтиёж сезмаган бўлардим.

7

Шиша идишда кўринаётган туманлик рўё эмасмикин, балки ҳали уйқум очилмагандир, ёки... кўзларимни кафтим ва бармоқларим билан ишқалаб қайта-қайта қарадим. Сариқ туманлик ўрнини кулранг-қорамтир маъво эгаллаб борарди. Бошим айланаётганини пайқаб, йиқилиб кетмаслик учун стол четига таяндим. Ва яна хронохронга тикилдим. Юрагим гурсиллаб қаттиқ-қаттиқ урар ва унинг зарбидан шиша идиш ичидаги туманлик (балки суюқликдир) қалқиб турарди. Назаримда, вақт тўхтаган! Деразага қараб, тонг ёришиб келаётганини кўрдим. Тонг! Тонг! Ҳазрат Навоийнинг ғазалларида вақт рўзномасининг бу фасли субҳ деб ишлатилган:

Кўкрагимдир субҳнинг

пироҳанидин чокрок,

Кипригим шабнам тўкилган

майсадин намрокрок.

Кўзларимдан шашқатор оқаётган ёш юзимни балиқчилар тўридай қоплаган ажинлар бўйлаб турли тарафга тараларди. Юрагим ҳаприқиб, бўғриққан хонанинг биқиқ муҳитида энди бир сония ҳам қололмаслигимни англадим ва ўзимни эшикка урдим. Йўл четида жулдур кийинган бир кампир ҳассага таянганча деразамга тикилиб турарди. Қадди букилган, сочлари пахтадек оқ... Унга яқинлашиб бордим. Бўғзимдан хирқираб отилган нидо кампирни ҳаракатга келтирди, деразадан кўз узиб менга томон ўгрилди, сўник кўзларида кул остида қолган чўғдек нимадир йилт этиб кетди. Бу навқирон ёшимизда ишқ ёққан олов қўрамтасининг ҳали сўнмаган чўғи. Балки тасаввуримда шундай бўлгандир, ҳа, шундай. Заифлашиб қолган кўзларим энди хира туманлик, қора-қура нуқталар ва қўнғиртоб пардадан бошқа нарсани илғашга қодир эмас. Тўхта момони ҳам ана шу туманлик пардаси ортида кўрдим. Ва унинг қуруқшаган қўлларини кўзимга суртиш учун эгилдим:

– Тўхта момо! Онагинам... о, онагинам...

Кўксимдан отилиб чиққан нолакор бу нидо ва бу илтижо титроқлари ҳали ҳавода сўниб улгурмай, Вақт девори ортидан сўник бир овоз қулоғимга чалинди:

– Адашдинг, Товашар, мен Иффатман...

 

Неъмат АРСЛОН