“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 111 марта кўрилган.

ВАСИЯТ

Шавкат ОДИЛЖОН

 

Ҳикоя

Нодира аяни қоронғулик ютиб юборай деди. Кексайиб бир сиқимгина бўлиб қолган жуссасини кўрпанинг ичига олди. Кўзларини чирт юмиб, алланималар дея шивирлади. Атроф зим-зиё. Ташқаридан чигирткаларнинг чириллашию, қурбақаларнинг қуриллаши эшитилади. Нодира ая юрагини босаётган ваҳимани унутишга уриниб, овозини баландлатиб калима қайтара бошлади. Ярқ этиб миясига урилган фикрдан баттар чўчиб кетди. «Ўлиб қолмай-да, ишқилиб». Аянинг кўзи илинди.

Нодира ая ўрнидан қўзғалганда ҳали тонг ёришмаганди. Инқиллаб-синқиллаб тўшагини йиғди. Чўян печкадаги кўмирнинг устига бир-иккита ўтин қалаб, пойгакдаги обдастани печнинг устига қўйди. Печкада олов гуриллади. Ташқарида азон янгради. Нодира ая таҳорат олиб бомдодни ўқиди. У намозини тугатгунча чой қайнади. Ёлғиз томоқдан овқат ўтармиди? Шундай бўлса-да, ая мажбуран бир тишлам нон еб, бир пиёлагина чой ичди. «Ёлғизлиги қурсин-а, ўйлади ая ўзича. Чоли бўлгандаям, зерикмасди. Ҳар ҳолда гангир-гунгир қилиб ўтиришарди. Мана чолининг қазо қилганигаям олти йил бўпти. Эҳ-ҳ, ёлғиз яшашнинг ўзи бўладими. Ўтган олти йилнинг ҳар лаҳзаси олти асрдек туюлди аяга. «Тавба қилдим, тавба қилдим» деди Нодира ая униқиб кетган чит кўйлагининг ёқасини ушлаб. «Ўзинг кечир, худойим».

Чоли Найрулло бобо яхши одам эди. Қурмағур ҳазилни яхши кўрарди. Каттами, кичикми кулдириб кетаверарди. Шунинг учун уни бутун қишлоқ танирди. Трактор ҳайдарди раҳматли. Тўйларда ўртакашликни ҳам қотирарди. Қандай маърака бўлмасин биринчи бўлиб Найрулло бобо айтиларди.

Улар жуда аҳил яшашди. Нодира ая ҳозир ўйлаб қараса, салкам қирқ беш йил Найрулло бобо билан бир ёстиққа бош қўйибди. «Эҳ-ҳ, ҳар тўкисда бир айб» дегани шу-да», хаёлидан ўтказди Нодира ая. Яхши яшашди-ю... фақат бахтлари сал кемтик бўлди-да. Шу боис, чоли ҳам жон берар чоғи дардими кампирига кетди. Худо уларни тирноқдан қисди. Бироқ чол-кампир бирор марта бўлсин, бир-бирларига арзи дод қилишмаган. Икковиям ўзларича эзилишарди-ю ўзаро сездиришмасди. Шунга қараб атрофдагилар ҳам бу ҳақда чурқ этиб оғиз очишмасди. Лекин барибир уларнинг кўнгли ўксик эди.

Хотиралар гирдобида ўтирган кампирнинг ўйини қўшни ҳовлидан эшитилган Салиманинг овози бузди.

— Югур, катта қора лалини оп ке. Қарасаларинг бўлмайдими, ёниб кетибди-ку!

Нодира ая қўшни ҳовлига қулоқ солиб, деворга қараб турди. «Ҳа Салима-я», ўйлади у. Ўзи ёмон жувон эмас. Фақат са-а-алгина кўп гапиради-да. Қизлик пайтидаям шунақа гапдон эди. Ўзи шу қишлоқда туғилиб ўсган. Бўйи етиб ўқишга кираман, деб тоза хархаша қилди. Отаси анча зайл одам эди. «Ўқиб шаҳар оберасанми» деб ўқишга жўнатмади. Кейин нима бўлди-ю Пирман тракторчининг ўғли — Содиқ билан севишиб қолиб, шунга тегди. Салима кўҳликкина қиз эди. Сочлари тақимини ўпмаса ҳам, ҳар ҳолда бошқа қизлардан ажралиб турарди. Содиқ қизлар ошиқ бўладиган даражада ҳуснли эмасди. Аммо бамаъни йигит. Салимаям шунисига ошиқ бўлди, шекилли... Ҳар ҳолда, неча йилдан бери ади-бадиси чиқмай яшаб келишяпти. Бир ўғил, бир қизлари бор. Содиқ хотинини бошига кўтаради, нима деса дарров муҳайё қилади. Салима қурмағур «Ўқимишли одамни икки ҳисса ҳурмат қилиш керак», дейди. Ўқитувчиниям кўнгли шоирникидай нозик бўлармиш.

Қўшни ҳовлида овоз тинди. Нодира ая секингина ўрнидан туриб, дарвозадан чиқди. Кўчада одам саяпсиб[1] қолибди. Ишга, ўқишга борувчилар эрта билан кетган-да. Ая оз фурсат атрофни кўздан кечирди-ю яна ҳовлисига кириб кетди. Уззун-кун гоҳ уйга кириб чўзилди, гоҳ сўрида ўтирди. Амаллаб шом қилди.

— Ая, уйдамисиз? — ташқаридан келган овозни Нодира ая таниди.

— Содиқ, ке болам, — деди ичкаридан туриб. Остонада қадам товушлари эшитилиб, эр-хотин лаганда ош кўтариб, олдинма-кетин кириб келишди.

— Ўғлингиз аямни кўриб келайлик деганди, — деди Салима. Оғиз жуфтлаб яна нимадир демоқчи эди эри «кўп гапирма» дегандай олақараш қилди. Улар ярим тунгача гурунглашиб ўтирди. Найрулла бобони эслашди.

— Содиқжон, — деди Нодира ая ҳижолатомуз оҳангда. — Ўзларинг келсаларингам хурсанд бўламан. Бунақа майда-чуйда кўтариб овора бўлманглар. Ҳар кунги ўтиришим бўлса, овқат ташиб...

Аянинг гапи бўғзида қолди. Содиқ босиқлик билан гап бошлади.

— Отам ўлганда энди ўн олтига киргандим, — деди у хўрсиниб. — Ҳеч эсимдан чиқмайди. Тобутни кўтариб мозорга бордик. Отамни қабрга қўйдик. Шунда атрофдагилардан бири «Майитни юзи ёпиқ қолсин», деди. Бошқаси «Юзини очиб қўйинглар», дея эътироз билдирди. «Бизда очишади, бизда ёпишади». Қабр тепасида тортишув бошланди. Ҳамма ўзиникини маъқулларди. Бир киши ўртага чиқди-да, «Майитни юзини қиблага қаратиб, очиб қўйинглар», деди баланд овозда. Ҳаммамиз унга қарадик. Найрулло бобо гапини тугатар-тугатмас ўзи қабрга сакраб тушиб, отамни юзини қиблага буриб, очиб қўйди. Оломон бирдан жимиб қолди. «Мусулмон одамнинг юзи қиблада бўлади», деди Найрулло бобо. Ўшанда бобомга нисбатан кўнглимда аллақандай илиқ ҳисни туйгандим. Эсингизда бўлса, тирикчиликдан қийналардик. Бобом рўзғоримизга қарашиб турарди. Менга, укаларимга кўп хизматлари сингди, ёрдами тегди. Бу қарзимни ҳеч қачон узолмасам керак...

Содиқ жим бўлиб қолди. Салима ҳам миқ этмасди. Нодира ая эса шу тобда унутиб юборган ўтмишни бир-бир хаёлидан ўтказарди. Ростданам, чоли тушмагур уйга битта нон келтирса, ярмини уларникига чиқариб берарди. «Қўшнинг тинч, сен тинч» дерди шўрлик. «Ўртоғимни болалари оч бўлса, мендан овқат ўтармиди» дея кў-ўп такрорларди. Нодира ая бошини кўтариб эр-хотинга қаради.

— Ёшинг ўтган сари у томонга тайёр тураркансан, — деди Нодира ая маъюс. — Тишларинг ўтмай қолади. Сочинг оқаради. Белингдан қувват кетиб, қалтироқ тутаркан. Менам бир жойга бориб қолдим. Эрта-индин... — ўйланиб қолди ая муҳим бир гап айтмоқчидай.

— Қўйсангиз-чи ая, — деди Салима ялинганнамо. — Ҳали тетиксиз. Худо хоҳласа, невараларингизни тўйида бир ўйнаб берасиз...

Шу пайт Салиманинг қизи кириб келди. Ая уни айланиб-ўргилиб қолди. Дастурхондаги ширинликдан бир сиқим олиб қўлига тутди.

— Ая, — деди Содиқ хотинига бир қараб олиб. — Неварангиз бугундан бошлаб сиз билан яшайди. Катта бўп қолди. Эрта-индин мактабни тугатади. Елиб-югуруб хизматингизни қилсин.

Салима ялт этиб эрига қаради. Нодира ая нима дейишини билмай турарди. «Қўй болам, ҳожати йўқ», деди зўрға. Аслида Нодира аянинг кўнгли бўшаб, ўпкаси тўлиб кетганди. Салима ҳам ниманидир ўйлаб пича сукут сақлаб турди-да, эрининг гапини маъқуллади. «Яхши», деди ая ёшлар ўжарлигини қўймаслигини билиб. Лекин вазиятга қараб: «Бугунча бора қолсин, эртадан бошлаб неварам билан бирга яшайверамиз», деди.

Нодира ая яна ёлғиз қолди. Аммо негадир кўнгли хотиржам эди. Ўзини бардам сезарди. «Одам тафтини одам олади-да», ўйлади у устига кўрпани тортиб. Шифтга термулиб ётди. Юрагида ҳаётга, яшашга бўлган иштиёқ жўш ураётгандек туюлди ўзига. Хаёл суриб ётаркан, кўзларини уйқу элитаётганини ҳис этди.

Азонда кўнгли хижил бўлиб уйғонди. «Астағфурилло» деди ая ўрнига чўккалаб ўтириб. Оқшом кўрган алағ-жалағ тушларини эслади. Содиқни аниқ-тиниқ кўрди. Ёнида Салимаям бормиш. Икковлашиб Найрулло бобонинг трактирини бузишяпти. Қизлари аянинг олдига чопиб келиб, бир нималар деб йиғлайди. «Астағфурилло, астағфурилло», дея такрорлади Нодира ая. Эрталабдан авзойи бузилиб, кўнглига ҳеч нарса сиғмади. Намозини ўқидию яна жойига чўзилди. Кўрган хосиятсиз тушининг таъбирини билолмай баттар сиқилди. Шу ётганича пешинга яқин турди. Чой дамламоқчи бўлди. Печканинг ёнидаги чой қутини олди, бўм-бўш. «Обжўшга бир чимдим чой ташламасанг мазаси чиқмайди-да», деди Нодира ая пичирлаб, худди бировга гапираётгандай.

Дарвозадан чиқиб, кўчага қаради. Одам сийрак. Секингина қадам ташлаб, кичиккина дарчанинг рўпарасига келди. Тақиллатиш ёдидан чиқдими ёки истамадими, ҳар тугул эшикни очиб ичкари кирди. Ҳовли жим-жит. Одимлаб деразанинг ёнига борганда, уйдан Салиманинг ғўнғирлагани эшитилди.

— Ҳе, тилингдан тирсак чиқсин, — дерди у ғалати оҳангда. — Кампирнинг беш кунлиги борми, йўқми. Қараб турсанг, ўлиб қолмайсан. Тўғрими, дадаси? Кампир эрта-индин оёғини узатса, уй-жойи бизга қолади. Боласи бўлмаса, қариндош-уруғи бўлмаса. Яхшилаб қарасанг, даданг битирув кечангга ўзинг кўрсатган кўйлакни олиб беради. А, дадаси?!

Сўнг Содиқнинг овози келди.

— Кампир ҳали бери ўладиганга ўхшамайди, — деди у дағал товушда.

— Ўлмай қаёққаям борарди, — бобиллади Салима. — Манави ер ютгур уч-тўрт кун қараб турса, яхши бўларди. — Афтидан у қизига шама қилаётганди. — Агар бошқа биттаси шунақа қилса, баридан қуруқ қолишимиз аниқ.

Нодира аянинг қулоқлари шанғиллаб кетди. Кўнглининг туб-тубида аллақандай туйғу исён қила бошлади. Оҳиста юриб ҳовлисига келди. Бошида миллион ўй чарх урарди. Сўрисининг бир учига қўнишибгина ўтирди. Хаёллари уни чексиз бўшлиқлар сари етаклади. Узоқ ўйга толди.

Ўйлари миясини ғовлатиб юборди, шекилли, Нодира ая уйга кириб кетди. Сал ўтмай қўлида сарғайиб кетган, дафтардан каттароқ қоғозларни олиб чиқди. Яна сўрига ўтириб, нимадир ёза бошлади. Ая дарвозадан чиққанда, қўшни дарчадан Салиманинг қизи кўринди.

— Қаёққа кетаяпсиз? — сўради қиз аянинг олдига келиб.

Аввалига Нодира ая шунчаки «Айлангани» демоқчи бўлди. Бироқ ниманидир ўйлади чоғи қизга тикилиб қаради.

— Юр, қизим, икковимиз «Маҳалла»га бориб келамиз!

 



[1] Сийраклашиб. Шевада