“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 130 марта кўрилган.

ЎТОВДА (ҳикоя)

Ражаббой РАУПОВ

Улар кўҳна ўтов ёнида узоқ ўтиришди. Чол кийилавериб титилган сариқ чакмонини елкага ташлаб, ярми қумга ботган саксовул ғўласига ёнбошлаганча ётибди. Гапирмайди. Кампир сал нарироқда шамол ялаган тақир супачага чўнқайган. Тиззасига муштини қўйиб, иягини тираганча гап кутади.

Чол аразли эди.

Кампир андишали эди.

Эрнинг ҳорғин қиёфасида қаҳр, аёлнинг паришон кўзларида хавотир, худди эри шу тобда бир каромат қилади-ю, ўқийман деб олис шаҳарга кетган "ўзбошимча" кенжатойи чиндан омади юришмай қайтиб келади. "Отаси борма, деб эди-я... — Кампир ич-ичидан афсусланди. — Кўнмади, раъйини қайтарди. Ота деган пир бўлади. Бир ҳисобда, ўзимда ҳам гуноҳ бор, отаси катталар билан бир кўриб, мақтаб қайтган шаҳарга ўғлимнинг ишқи тушди. Ўзим бормадим, кўролмадим, лоақал болаларимдан биттаси ўқисин, дедим-да. Яхши ният қилдим. Минбаъд уни чўлдан, Чўпонотадан бездирмадим. Тўйдай гавжум шаҳардан рағбатини қайтармадим ҳам..."

Кампирни ваҳм босди. Юзларига билинар-билинмас қўлини сурди ва нимадир деб пичирлади. Кейин хавотир тўла кўзларини аста эрига тикди. Қаршисида ҳамон ўша-ўша тунд, қўрқинчли, кароматли чол. Ерга хотиржам чўккан қари туядек кўзлари узоққа қадалган, атрофга қарамайди.

Қаддини ростлаб кампир ҳам ўша томонга тикилди: қуёш ботиб, чўлга билинар-билинмас қоронғилик ёйила бошлаган, кун бўйи қизиган қумликлар кечга томон намчил куз шабадасидан қорайиб кўринди. Қизил-қум умри тугаб, қумга қоришган шох-шабба, чўкиртак — қолдиқлар, буталарнинг ўткир ҳиди аралашган тиниқ, зилол ҳавога ғарқ бўлаётган бир пайт. Чол буларни кўрмаётган, сезмаётгандек ҳамон миқ этмас, шу ўтиришича кимдандир ўч олаётганга ўхшар эди...

Чол бир ҳафтадан кейин етмишга киради. Кампир буни пинҳона бир ғурур билан ҳайратланиб кутяпти. Бу кун яқинлашган сари аёлнинг назарида эри чиндан ҳам улуғлашиб бораётгандек салобати босиб, ёнида ўзини ожиз сеза бошлади.

Ўғиллари шу кун баҳона отаси билан онасини қишлоққа жўнатиш учун аллақачон тайёргарлик кўриб, у ёқдан ун, қанд, ёғ келтириб чолга бошдан-оёқ оппоқ матодан сарпо тиктириб қайтишган.

У "Ўн уч ёшидан Гужумлида қўй боққан, отасининг айтганини қилган, бири икки бўлган" чол. Ёнида қолган иккала ўғли ҳам отасининг шу гапларини қулоқларига қуйиб улғайишди. Бири ферма мудири, иккинчиси — бош чўпон. Кенжаси эса... Тўнғичи унинг ўгитларини ғурур билан эслаб, баъзан хотинига мақтаниб ҳам қўяди: "Отам ўн уч ёшларидан қўй боққанлар. Бобомнинг айтганини қилганлар... Орден-медалларини ўзинг кўргансан..."

Чол директорнингт машинасида тез-тез келиб турадиган мухбирларга ҳам шу гапни такрорларди: "Ўн уч ёшимдан қўй боққанман..."

Мухбир:

— Пландан гапиринг, пландан! — деса у:

— Мана, — деб директорни кўрсатарди, — ўзлари айтсинлар.

"Ҳа, планлар юз-юз эллик!" — дерди директор оғзини тўлдириб. Чол бу сўзларни эшитаётиб гўё падаридан дуо олаётгандек ўзи сезмаган ҳолда юзига қўл суйкарди.

"Планлар юз — яхши гап". У ичдан фахрланар, ерда эмас, еттинчи осмонда юргандек сезарди ўзини.

Дастлаб колхоз(жамоа хўжалиги)нинг, кейинчалик совхоз (давлат хўжалиги)нинг қўйларини боқди.

Уч бор директор алмашди. "Қулман, сен — маладес!" дерди биринчиси. "Қулман ака, сиз — маладес!" — дерди иккинчиси. "Қулман бобо, сиз — маладес!" — мана, чўпонликни ўғилларига топширди ҳамки, учинчиси ҳамон шундай дейди.

"Ҳаммаси "Маладес" дерди—я! — Шунинг учун уч ўғлим ҳам чўпон бўлади, деб катталарга ваъда берганман". Чол бу гапни ёнида жимгина ўтирган кампирга бақириб айтгиси келади. Лекин тил тишлайди. Айтганини у эмас, ўғли қилмади.

Тўсатдан от кишнади. Бўрибосар қаттиқ ҳурди. Ит ўтовни айланиб, эр-хотин ёнида тўхтаб, думини ликиллатди, оғзини катта очди. Чол ўрнидан турди-да, этакларини қоқди, шошилмай чакмонини кийиб, саксовул билан тўсилган бостирма томон катта-катта қадам ташлади. Кетидан Бўрибосар эргашди.

Кампир ўтовга кириб, хира ёнаётган чироқнинг пилтасини кўтарди. Фонусни ёқиб ташқарига чиқди. Ўтов билан синчли уй ўртасидаги пастак айвон остида катта-кичик қатор ғишт ўчоқ тизилган, четдаги чоғроққина қозонда сув қайнамоқда эди. Кампир бу оқшом чолнинг севимли таоми — қайишга  ҳозирлик кўрган, ўтовда эса сирланган идишда гўшт пишяпти.

Чоли келгунча кесилган хамирни битталаб қозонга ташлади. Ўчоққа ингичка саксовул шохларидан қалади, чойидишга сув тўлдириб, оловга яқин сурди.

Чол ҳаяллади. Кампир сабрсизлик билан бостирма томонга қараб-қараб қўйди. Ҳеч ким кўринмади. Қоронғи қуюқлашиб, одам одамни илғамайдиган бўлиб қолган эди. "Ўғлим келганда "пат-пат"ни  ёқарди. — Кампир қоронғиликка кўниколмасди, бу сафар ҳам тоқат қилолмади. — Чоли тушмагур аразлаб менга қарамади ҳам".

Бугун эрталаб ўғли Маликбек келини ва неварасини олиб дўсти Ўрозбой қозоқникига тўйга кетган эди. "Келиним ҳам худди ўзимдек тўй-томошага ўч", — дея кампир уни миннатдор хотирлади. "Қозоқларнинг тўйини бир кўрайин", деб эрининг ҳам, қайнонасининг ҳам ҳол-жонига қўймаган эди. Кампир рози бўлди...

Алламаҳалда чолнинг юмушлари тугаб, ўтовга қайтди. Улар дастурхон атрофида камдан-кам ёлғиз қолишар, айниқса, бугунги танҳолик улар учун атай уюштирилгандек эди.

Хира чироқ ёруғида жимжит овқатланишди. Сопол лаган яримлаганда чол қўлини тортди: "Хамири қалин" — "баҳона" шу бўлди. "Овқатдан қолипти" — кампир эрининг юзига солмади-ю, ўзича шу хулосага келди. Чол дастурхонга фотиҳа ўқиди. Кампир аччиқ кўк чой дамлади. Эри пиёлага чой тўлдириб, эринмай шопирди, сўнг сочиқни тўрт буклаб, чойнакнинг устига ёпди. Томоқ қириб йўталди, ёнбошлади.

Ҳаммаси ғалати эди. Аммо кампирга бу ҳолат аён: эри тоқат қилолмаяпти. Унинг юраги ҳар қанча сиқилмасин, барибир, эрининг раъйига қарам: бир пайтлар у шундай — ёлғиз қолишларини орзиқиб кутганида, эри кечаси ҳам, кундузи ҳам пода кетидан кетаверарди, кетаверарди... Нега шундай, у буни ҳалигача тушунмайди. Кейинчалик кўникди. Кўнганда ҳам гап-сўзсиз, эътирозсиз кўникди. Лекин юрагида бир хира армон, узоқ-узоқларда ўрганган, кўниккан жойи — шу сирли қумликлару тепалар, қирлар остига, ортига беркиниб ётган бир ўкинч қолди. Кампир буни ҳалигача тилига чиқарган эмас.

Бир марта... фақат бир мартагина... Ёшгина келинчак, аразлаб бир ой қишлоққа — онасиникига кетди. Қўни-қўшни, қариндош-уруғ аралашиб уни келган изига қайтаришди. Ўшанда у Қулманни "Ортимдан келади", деб кутган эди. Эри эса бормади.

Орадан йиллар ўтиб шу воқеани эслаганда эри: "Менинг яхши кўрганим — бормаганим, сенинг яхши кўрганинг — қайтганинг", — деди. Эр-хотин ўртасида изҳори дил деб эслашга ва айтишга арзигулик хотира шу эди. Тағин бир марта ўтовга Қулман жундан тўқилган олахуржуннинг бир кўзига қизғалдоқ, бир кўзига қўзиқорин тўлдириб, эшак билан жўнатгани...

— Гапирсанг-чи, одамни қон қилдинг-ку! — деди чол ниҳоят ёрилиб.

Боядан бери уни оппоқ кийимда — қўлида асо, нуроний чол тимсолида кўриб турган кампирга энди осон кўчди.

— Кеч бўлди, — деди у. — Маликбек тўйда ётиб қолдимикан?

Бу гапдан чолнинг энсаси қотди. Наридан-бери чой ичган бўлиб, ечинмай тахта каравотга чўзилди.

Бугун чолнинг ҳар бир ҳаракати, гап-сўзи кампирнинг хотираларини тўзғитар, ўйлатар, иккиси ҳам ҳар кунги чол-кампир эмас, ўзга кишиларга айланиб, бир-биридан гоҳ узоқлашиб, гоҳ яқинлашиб борар эди.

У умр бўйи эрининг кулиб гапирганини, ёнида суҳбатлашиб, ундан-бундан — кўнгилочар гаплардан гурунглашиб ўтирганини эслолмайди. Эри бирор марта урмаган, сўкмаган, лекин доим ундан ҳайиқар эди. Чеҳраси очилиб, тишининг оқи кўринган пайтлар кампир учун байрам: ўша куни ўлиб-тирилиб ишлар — сигир соғар, сут пиширар, совутиб қатиқ ивитар, етим қўзиларга ем берар, ҳатто Бўрибосар учун қозонда қотир тоблар эди... Бу одатий юмушлар унга қанот бағишлар, кун бўйи эрига айтолмаган гапларни хаёлан такрорлаб-такрорлаб кўзларига ёш тўлар эди. Бунга ҳам узоқ йиллар ўтди. Ўғиллик, қизлик бўлди ҳамки, эрининг феъли ўзгармади...

Чол аҳён-аҳёнда ёнбошига ағдарилиб, икки ойдан бери кўнглини алғов-далғов қилиб шаҳарга кетган кенжа ўғлининг тақдирини ўйлар эди.

Кенжаси гапга кирмади. "Ўқийман", деб чол кўниккан умрни тўзғитиб, бўлакларга бўлди-ю кетди. Шундан бери у бир тўхтамга келолмас, икки ой эмас, икки кун ҳам каттанинг ихтиёрисиз четга чиқмаган, сўроқсиз қадам босмаган Қулман бу ҳақда ҳеч ўйламаган, ҳар қандай ҳою ҳавас унга бегона. Ўқиш ҳам гапми?! Ўқиб шаҳар олиб берармиди? Отамерос чўпонлик таёғини маҳкам тутиб қўй боқавермайдими! Э, нодон бола...

Уйланмасидан анча илгари пирлари Чўпонота номини ўртага қўйиб уқдиришди: "Чўлда хиёнат ҳақида ўйлама. Бировнинг молига ҳам, жонига ҳам кўз тикма!" Қулман бу қоидадан четга чиқмади. Бўйидан бир қарич баланд, ёшидан бир кунлик каттанинг гапига қулоқ тутди. Ҳозир Қулманга гап уқдирганларнинг кўпчилиги қишлоқда. Йиллаб уларнинг қўйини садоқат билан асради. Совуқда ўзиники қирилди, йўқолди, бўри еди, аммо уларнинг моли тугал чиқди.

Йилда "Қулманбой" деб бир-икки йўқлаб келувчилар ҳозир ҳам бор. Ўзлари билан нон, туз, чой ва яна ароқ олиб келишади. Қулман ароқ ичмайди. Ўғилларида уларнинг моли бор... "Ўғилларим ўғилларининг молини боқяпти. Невараларим невараларининг молини асрайди. Мен уларнинг айтганидан чиқмадим". Қулман узоқ йиллар хиёнатни садоқат билан  енгган бир пайтда ана шу иқрор эшигини қоқди:

"Хуш келибсиз қўноққа", деди у. Танишдилар. Дастлаб: "Меҳмонман", деди у. Сўнг: "Дўстингман", деди.

Қулман ишонди. Кўп ўтмай "меҳмон" унинг юрагидан шукрона бўлиб жой топди. Ўрнашди. Энди чолнинг ҳам ўғилларига айтадиган гапи тайин:

— Болаларим, чўлда хиёнат ҳақида ўйламанглар. Бировнинг молига ҳам, жонига ҳам кўз тикманглар... Қулман бу ўгитни аллақачон ўзиники қилиб олган.

Шукрона Қулманнинг ўтовига меҳмон бўлиб келди-ю, мезбон бўлиб қолди.

Унинг насиҳатгўйлари кўп бўлган.

У ҳозир ҳам гоҳида пинҳона, гоҳида ошкора устозларини ёд этади. Шунда овозини ўғиллари ёки хотини эшитса, дарҳол жим бўлар, қаддини ғоз тутиб, ичида шивирлар, бу одати уларнинг дарҳол ёнида тиз чўкиб, дуога қўл очиб ўтиришга мажбур этарди. Лекин барибир уч одам: отаси, колхоз раиси, ферма мудирининг номини баралла айтарди.

Қулманнинг бекитадиган сири йўқ. Ёшлигида марҳумларнинг учови ҳам унга бир-бир насиҳат қилишган, тахминан мана бундай.

Отаси: "Ўғлим Қулман, кўпдан сезиб юрибман, ўқишга рағбатинг йўқроқ. Мана, ўн учга кириб йигит бўлиб қолдинг. Колхозга ёрдамчи чўпон зарур дейишяпти. Раисга учрайми?

Сукут.

Раис:

"Қулманбой ўғлим, эси жойида бола экансан. Моллик-жойлик бўламан, десанг, шу касбни этагидан тут... сен бизга кераксан...

Сукут.

Ферма мудири:

— Қулманбой, биринчи насиҳатим: одамга тик қараманг. Иккинчидан, бугундан муаллимингиз мен бўламан. Ўксинманг, саноқни билсангиз бас. Менинг мактабим жуда содда: урмайман, сўкмайман, одам қиламан. Қани, ушланг буни, — дея у таёқ узатган ва яна деган, — Худо оёғизга куч-қувват берсин!

Сукут.

Қулман шу гапларни ҳар эслаганда ўн ёш яшарарди. Эслаганида ҳам жуда ажойиб, "Учовига ҳам ўғил бўлган куним, учовига ҳам керак бўлган куним", деб эслайди...

Кампирнинг хотиралари эса бари Қулман чол билан боғлиқ. Чолига қаради: кўзини юмганча уйғоқ ётибди. Ўзига ўрин солиб чироқни пастлатди. Ухлаёлмай нотинч хаёллар таъсирида узоқ ётди. У ҳеч қачон эридан олдин ухламасди. Эрта туриш, кеч ётиш кампирга келинчаклик давридан одат, бу уни қариганида ҳам тарк этмади. Ўғли шаҳарга кетганидан бери ўтган икки ойлик беҳаловат тун-кунлар гўё бугун уларнинг бардошини сўнгги бор синаётган эди.

Кампирнинг фикрлари чувалашиб, чолдан кенжасига, ундан қишлоққа кўчди. У ерда ҳам узоқ қолмай, орзу-умид билан келинчак либосига ўраниб ота остонасидан чиқди-ю, яна Қулманнинг ўтовига қўнди.

У кўрпани чуриб, ёстиқдан бошини кўтарди. Аланглаб ўтовга кўз югуртирди.

У пайтлар ёш, сулув келинчак эди. Тушликда эрига овқат пишириб узоқ кутар, баъзида келолмай қолса, қашқа эшагига узун ола хуржунни ташлаб, Бўрибосарни ҳамроҳликка қўшиб жўнатарди. Жониворлар — олдинда ит, орқада эшак — бир карвон бўлиб Қулманга ёш бекадан овқат, қатиқ олиб борар ва шу билан бирга ҳол-аҳвол ҳам етказарди. Кун бўйи эр-хотин ўртасидаги суҳбат, юз кўриш ақлли жониворларнинг бир бориб келиши билан ниҳояланар эди.

Йиғласа ҳам, кулса ҳам ўзи. Ўйласа ҳам, сўйласа ҳам танҳо ўзи. Кечқурун эрининг қаршисига йиғламаган — кулган, сўйламаган — ўйлаган бўлиб пешвоз чиқар, "Чўпоннинг туни қисқа, куни узун", деган ҳикматнинг ростлигига ишониб, сабрини сабрга улаб, кунни кеч қиларди.

У кўп яхши кунларни эслайди. Бир ўтовда яшаб, бир қир олисдаги эридан хушхабар кутган онлар — яхши кунлар эди. Баҳорда эри хуржуннинг бир кўзида қизғалдоқ, бир кўзида қўзиқорин юборган кун — унутилмас кун эди. Ўшанда дорга ёйилган кўйлакларга биттадан қизғалдоқ тақиб, чимилдиқда бир-бир кийиб, кичкина ойнада ясанган келинчак аксини кўргани ҳамон ёдида. Бу ўша — ўзимиди ё суратми? Шунчалик кўпмиди унинг либослари? Ҳаммасига шу қора ўтов, шу покиза тани гувоҳ: қош қорайиб, эри чарчаб қайтганида туйғулари чайналган сақичдай бетаъм, бесамар, бўлакларга бўлиниб кичраяр, эртаси, индини уни яна илитишга сарфланар, шунда у бир кун илгариги келинчак эмас, узоқ йиллар Қулман билан яшаётган хотин, деб билар эди ўзини.

Бу кунлар ҳам сувдек оқди-кетди.

Эрим деди. Одат деди. Қулманга хотин, фарзандларига чинакам она бўлди. Қариди...

— Қайтиб келади!

Тўсатдан янграган овоз хаёлини бўлди. Аста ёнига бурилди. Чолнинг кўзлари ҳали ҳам юмуқ, лекин ҳозиргина айтган гапини дона-дона қилиб қайта такрорлади:

— Қайтиб келади! Сарсон бўлади! Бад, ўғлингга чўпонлик ҳайф!

Кампир бир лаҳза қотиб қолди. Чолнинг донишона, гўё илоҳий сўзлари кенжасини ўлим чангалига судраётгандек аъзойи бадани қақшаб, титроқ турди. Шу тобда эри чинакам пайғамбарга айланган, хотиржам, оёқларини қучиб, пешонасини босди, сиғинди. Унсиз йиғлаб:

— Кечиринг, мен гуноҳкорман, — деди. — Мен, мен...

Чол оғриқлари босилган бемордек тиниқиб кўз очди.

— Эгам, у ҳали ёш, гуноҳидан ўтинг, қарғаманг уни! — кампир овоз чиқариб йиғлади.

— Тур ўрнингдан!

У эрига итоат этиб, бошини кўтарди.

— Ёт, ухла!

Кампир шарпасизгина ўринга кирди. Кичкина кўрпа остида йўқ бўлиб, кўринмай қолди...

 

* * *

Тонг отарга яқин уларни машина "дут-дут"и, Бўрибосарнинг акиллаши, отнинг чўзиб кишнаши — безовта товушлар уйғотди.

Олдин чол, кейин кампир ўтовдан чиқди.

Кабинадан таниш бензавозчи билан чол-кампирнинг набираси Икромжон тушиб келди. Кампирнинг юраги бир нотинчлик сезгандек уларга бетоқат қулоқ солди. Салом-аликдан сўнг набираси нимадир айтмоқчи бўлиб лаб жуфтлаган эди, Турсун шафёр сезиб, "тсс!" деб уни босиб қўйди ва:

— Суюнчи чўзинг, Қулман ота! — деб кафтларини ишқалади. — хушхабар олиб келдим.

Чол соқолини бепарво силаб:

— Қани, уйга киринглар, — деди. — Сассиқ ёғдан бошқа нима ҳам олиб келардинг сен. Ойда бир кўринасан, шунда ҳам унга сув қўшиб келасанми-ей, пат-пат ёнмай одамни хит қилади.

— Қувсиз-да, Қулман ота, қувсиз!

Чолнинг чеҳраси очилиб,  бостирма томон юрди. Кампир меҳмонларни ўтовга бошлаб кирди.

— Чолингиз ғалати одам-да, биби! — Турсун шафёр ўзидан гап кутган кампирнинг кўзларига қараб сирли жилмайди. — Келинг, сиздан фойда, ўзингизга айта қолай: Эгамжон ўқишга кирибди! Суюнчини каттароқ чўзинг, беш қўйдан камини олмайман!

Кампирнинг қулоқлари чиппа битди.

— Тоғамдан хат келди, мана, — деб Икромжон чўнтагидан қоғоз чиқарди. Кампир гаранг, кўзларига ишонмай қайта-қайта "Нима, ростми?" деб сўради.

Икромжон қайта бошдан тушунтирди:

— Хат, тоғамдан, ўқишга кирибдилар. Бобонг билан  бувингдан суюнчи ол, деб онам юбордилар. Сизга тоғамдан ҳам, онамдан ҳам салом келтирдим...

— Оҳ! — кампир қучоқ очди. — Норасида гўдак тилагингдан айланай. Ростми шу!? — Кампир боланинг қўлидан хатни юлиб олди. Уни қайта-қайта ўпиб, кўксига босди. "Ўғлимнинг хати, тумор қилиб осаман", дея у унсиз — овозсиз йиғламоқда эди.

— Бобонгга айтманглар, ишонмайди у, — кампир ёлвориб сўрай бошлади. — Бобонг алданмасин. Куюниб юрганлари ҳам етар. Беш қўй эмас, ўн қўй берай, айтманглар. Озроқ сабр қилинглар, жон болаларим...

Кампир меҳмонлар шарафига қувониб дастурхон ҳозирлади. Катта товоқда тўлатиб сирли идишдан ўз ёғида қовурилган яхна жиз олиб, қозонда тоблаш учун ўчоқ бошига кетди. Ниманидир унутган каби қўлида икки бош арчилган оқ пиёз билан тезда ортига қайтди. Кириши билан:

— Жон болаларим, бобонгга айтманглар, — деди. — Бобонг ишонмайди, у бу хабарни кўтаролмайди...

— И-я, сизга нима бўлди? — Турсун шофёр ажабланиб сўради. — Чолни ғалати десам, сиз ундан ҳам ўтдингиз-ку!

Кампир эшик томонга бир қараб қўйиб:

— Шунча йил, шунча замонлардан буён мен сендан бирор нима ўтинганмидим? — деди илтижо билан.

Шофёр жиддий тортиб:

— Хўп, хўп бўлади, онажон, сиз нима десангиз шу-да, айтмайман, — деди. — Барибир ҳеч нимага тушунмаяпман, Икромжон, сен-чи?

Бола бўйнини икки елкасига тортиб, қошларини чимирди, гапирмади.

Кўп ўтмай эшикдан Қулман чолнинг юлғундан йўнилган ҳассаси, сўнг ўзи кўринди.

Унга биринчи бўлиб кампирнинг кўзи тушди. Чол дийдираб, ўтовга паноҳ излаб кирган кичкина, юпун йўловчига ўхшарди.

— Келинг, меҳмон!

Ҳамма ўрнидан турди. Кампир сўнгги икки ойдан бери чолга зеҳн солиб, илк бор тик қаради. Во ажаб, "Келинг, меҳмон!", деб эрига ким айтди? Суюнчихўр меҳмонларми? Ёки унга шундай туюлдими?

"Келинг, меҳмон!"

Кампир чолни таажжуб ичра кузатди. Ҳурмат юзасидан тўрга чорлади. Чол аввалгидек хотиржам кўринса-да, ишдан безовталиги сезилиб турди.

— Хуш кўрдик, омонликми? — дея улар билан сўрашди чол.

— Шукур, ўзингиздан сўрасак, Қулман ота?

— Биз энди от билан туя бўлармидик.

Икромжон шофёрнинг қулоғига пичирлади: "Айтманг".

Шивир-шивир олдин чолнинг қулоғига, сўнг юрагига бориб етди. У ҳушёр тортиб олдин меҳмонларга, кейин хотинига қаради. Ҳамма жим. Назарида ўтовга жимлик билан бирга яна қандайдир нотинч бир сир қамалгандек туюлди. Лаҳза сайин чолнинг шубҳаси ортиб, назарида эгнидаги ўзига ярашиқли бодомнусха тўни чок-чокидан сўкилиб кетаётгандек дамо-дам енгларини сидириб-сидириб қўярди.

Сирни биринчи бўлиб кампир ошкор этди: индамай, чолдан сўроқсиз ўтовдан чиқди-да, ўтган йили мукофотга беришган нафис қирмизи гулли чинни лаганда устига пиёз сочилган қовурдоқ кўтариб кирди. Димоққа хушбўй ҳид урилди. Оғзининг таноби қочган Турсун шофёр:

— Э, бормисиз, бувижон! — дея чўккалаб ўтирди.

Кампирнинг юзида табассум зоҳир, қувончдан яшарган чеҳрасида нур, севинч алангаланди. У ҳамон чолни зимдан кузатишда давом этди. Чол худди бегонадек миқ этмай турар, йиллар давомида чеҳрасида аксланган улуғворлик, жаҳл қаёққадир ғойиб бўлди. Назарида чоли кичкина одам эди.

У шу кулбага сиғарди.

 

1. Қайиш – хамир овқат: кулчатой, бешбармоқ номлари билан машҳур тансиқ таом.

“Движок” маъносида.