“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 111 марта кўрилган.

МАНЗИЛИГА ЕТМАГАН КЎЗЁШ

Муҳиба ИСМАТУЛЛАЕВА — 1994 йил Самарқанд вилояти Булунғур туманида туғилган. ЎзДСМИ талабаси.

 

Тиббиёт соҳасида ўқиганлигим сабабли ишхонамиздан беш кишини малака ошириш учун Москвага юборишди. Москва чиройли шаҳар. Кўчаларида ҳамиша одам гавжум. Осмонўпар бинолар одамнинг ҳайратини орттиради. Ҳали келганимизга ўн кун ҳам бўлгани йўқ. Аммо мен дарров уйни соғина бошладим. Малака ошириш институтидан чиққач, кўчаларни бироз пиёда сайр қилгим келди. Ҳаво тоза, баҳорнинг салқин шабадаси танга хуш ёқади. Хаёлларга берилиб одимлаяпман. Шу пайт қулоғимга қаердандир «Юра идём», — деган чақириқ эшитилди. Аланглаб овоз келган томонга қарадим. Сочлари тилларанг, кўзлари мовий, ўн саккиз ёшлар чамасидаги йигит чопиб ўтди-да, дўстлари ёнига борди. Уларнинг ортидан тикилганча қолдим. Бу исмни эшитиб хотиралар ёпирилиб келди…

* * *

Бу воқеага анча йиллар бўлди. Ўшанда мен ҳали ёш қизалоқ эдим. Ёзнинг иссиқ кунларида ҳовлимизда энди қурилиш ишлари тўхтаган, фақат ҳаммом чала қолган эди. Уни битказиш мақсадида отам уйимизга Юра исмли кафел терувчи устани олиб келди. Уни кўриб, мен негадир худди ноёб ўйинчоққа эга бўлган боладай қувонган эдим. Негаки кечқурунлари мен билан беркинмачоқ ўйнайдиган янги ўртоқ топилган эди-да. Юра жуда камтарин, кулиб турувчи, юзи кўп ичганидан қип-қизил, оғзидан доим вино ҳиди анқиб турарди. У ўзбекчада қийналиб гапирса, мен негадир қувонардим. Юра ўзбекларга ўхшаб болажон эди. Мени ўз тилида эркалаб, юзларимдан ўпар, мен эса вино ҳидига чидолмай юзимни бужмайтирардим. Юра эса бундан мириқиб куларди. Ҳар кунги кечки овқатдан сўнг, опаларим, акаларим ухлагани кириб кетишарди. Мен бўлсам, Юранинг ҳар кеч отамга айтадиган ўз ҳаёти ҳақидаги ҳикояларини худди эртак эшитгандай қулоғимни динг қилиб тинглардим. Унинг ҳикоялари жуда аянчли ва дардли эди. Юранинг касби уста бўлгани учун, у қишлоқма-қишлоқ юриб ким ишга чақирса боради. Бизнинг уйга келишдан олдин у бир ҳовлида кафел терган экан. Бир куни Юранинг қўлидан бир ўрам кафел беҳосдан тушиб кетади. Уй эгаси эса уни роса дўппослаб, бир тийин ҳам бермай кўчага ҳайдайди. Шунда Юра отамга: «Кўрдингми, Қодир, одамлар қанақа. Ўшанда калтаклардан мени танам оғримади. Мана бу ерим — у кўксини муштлаб, — мана бу ерим оғриди», — дея йиғларди. У йиғидан тўхтагач, бир нуқтага тикилганча, негадир маъюс жилмаярди. Юранинг қалбида катта дард яширинган эди. Биз буни кейин билдик. Ёз охирлашиб қолган кунларда Юра ҳаммомни кафеллаб тугатди. Онам унга янги кўйлак совға қилди. У болалардек қувониб, кўйлакни дарров кийиб олди-да, онамга узоқ миннатдорчилик билдирди. Дастурхон атрофида ҳаммамиз телевизор кўриб, овқатланаётганимизда хорижий каналлардан бирида Россия халқининг байрамларини кўрсатиб қолди. Юра гапиришдан, овқат ейишдан тўхтаб, телевизорга тикилганча маъюс жилмайиб йиғларди. Отам унга русчалаб таскин берар, Юра эса худди ёш болалардек қўллари билан кўзёшларини артар, ўзини тўхтатолмай, елкалари силкиниб: «Я люблью свою Родину, очень скучаю», — дея йиғларди. Митти қалбим билан Юрага раҳмим келар, унга қўшилиб йиғлардим. Ўшанда мен эркак кишининг йиғлаганини биринчи кўришим эди. Айниқса, Юранинг телевизорни кўрсатиб, отамга қараб: «Там есть папа, мама, сестра. Я пойду свою Родину. Я пойду», — дея айтган охирги сўзлари ҳалиям қулоғим остида жаранглайди. Орада қанча сувлар оқиб кетди. Бир куни биз Юранинг вафот этгани ҳақидаги хабарни эшитдик. Юра ўз Ватанига қайтолмади…

* * *

Бугун мен Юра бутун умр қайтишни орзу қилган Москва кўчаларида юриб кетяпман-у, кўзларим ёшга тўлган. Мен Юра учун қадам ташлаётгандекман. Мен Юра учун хурсандман. Ҳа, жудаям хурсандман.