“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 160 марта кўрилган.

ЖИННИ

Алижон ЖЎРАЕВ

Бир қарға ҳовлимиздаги ёнғоққа қўниб ўтирган экан. Менга бир оз тикилиб туриб қолди, кейин пастга шўнғиб, ток ишкомига келиб қўнди ва ғалати оҳангда қариллай бошлади. Унинг ёқимсиз овозидан қулоғим битиб, ҳайдаб юбориш учун қордан юмалоқ тўпча ясадим ва унга отмоқчи бўлдим. Шу пайт қарға:

— Ҳой, ярамас инсон! — деди хириллаб, одамзот тилида.

— Аҳ?! — қўрқиб, тарашадай қотиб қолдим.

— Кимга озор беряпсан, биласанми ўзинг?! — дағдаға қилди у. — Ахир мен катта бувангни, катта бувасиниям кўрганман-а! Ҳеч бўлмаса патимнинг қорасини ҳурмат қилсанг бўларди! Агар отган нарсанг бошимга тегиб, ёш жонимда ўлиб қолсам уволимга қоласан-ку!

— Сиз?! Сиз ўзбекчани биласизми?

— Мен дунёдаги ҳамма тилни биламан! Сени ота-бувангниям биламан!

— О, менинг боболарим! — кўзимга ёш қалқиди. — Улар улуғ олим эдилар!

— Бекор гап! Сени катта буванг Эшмат ўтинчи эди!

— Йўғ-е?

— Гапимни охиригача эшитасанми?

— Майли, майли, гапираверинг, эшитаман.

Қарға ўз ўтмишини, менинг боболарим тарихини эсга олиб узоқ гапирди. Мен оёғимдан совуқ ўтганини сезмай қор устида ҳайкалдек қотиб қолдим.

— Камина, — деб қариллади қарға. — Бундан икки юз йил олдин, айни пишиқчилик палласида таваллуд топганман. Туғилган жойим кичик тўқай йўлидаги, кекса чинорнинг коваги эди. Болалигим ўтган уйни, буванг Эшмат ўтинчи ўчоққа қалаб ёқиб юборган. Унинг қазо қилганига икки юз бўлди. Ҳозир Эшматнинг еттинчи пуштидан туғилган кичик невараси, сенинг ўғлинг Аҳмад палакат, биз — қарғаларга қирон келтириш билан банд. Шу шумтака ошналари билан биз ўтирган шохга тош отгани-отган. Одамлар ўлимдан қандай қўрқсалар, биз ҳам шундай қўрқамиз. Ўзинг тасаввур қилиб кўр: юз ёшга кирган қарға, тузоққа тушибми ёки тош тегибми, очофат мушук чангалидами, ёхуд балогинага йўлиққур, овчининг сочма ўқига учрабми ўлиб кетса, қолган икки юз йиллик умри ҳавога совурилади. Ахир бу фожеа-ку! Фожеа! Биз — қарғалар, кў-ў-ўп нарсаларни кўрган паррандалармиз.

Бу дунёда одамдан ақлсизи йўқ экан. Ёшим элликдан ўтган чоғларда қирғинборот урушингларни кўрганман. Қайдандир катта-катта олов отадиган чўп ушлаган одамлар келишди. Қалъа-шаҳарни ўраб олишди. Қалъадаги одамлар девор устига терилиб олиб карнай чалишди. Уларнинг қўлларида ҳам чопқилару ўт отадиган чўплар.

— Биродарлар! — қариллади бизнинг қарғабоши бувамиз. — Мазза қилиб яйраймиз! Одамлар тўй-тантана бошлашди!

— Тўппа-тўғри! — маъқулладилар қари қарғалар.

— Булар, — деди ёши уч юздан ошган бир энамиз. — Бирор байрам ёки шунга ўхшаш хурсандчиликка тайёргарлик кўрмоқдалар!

— Ҳали замон дастурхон солсалар бизга ҳам ул-бул емиш ортиб қолар, — умидвор бўлди, ёнғоқ чақишга ярамай қолган яна бир кекса отахонимиз.

Биз — қарғалар қариллашдан тўхтаб, умид билан одамларни зимдан кузатдик. Афсуслар бўлсин, биз пуч ёнғоқни хом санаган эканмиз. Бир пайт кутилмаганда, ўнг қўлдаги кишилар қалъа томонга худди қутурган туялардек бўкириб, важоҳат билан ёпирилиб қолишди-ку. Занғарлар, қалъа деворида турган лашкарларга милтиқлару тўплардан гумбирлатиб ўқ уза бошладилар. Шахар ичига олову оташ улоқтириб, ўт қўйиб юборишди.

— Яхшиликча таслим бўл ҳамманг! — деб бўкиришди нодонлар.

Биз осмонга учиб, уларнинг тепасида давра ясаб айланиб, инсофга келтирамиз, деб росса қарилладик.

— Ҳо-о-ой, одамзот! Нима қиласан бировнинг қўрғонига кириб?! Биз қарғаларга ўхшаб сокин, тотли турмуш кечирсанг бўлмайдими-и-и?!

Ҳеч ким эшитишни истамади. Ўҳў-ў-ў, ёмон қирғин барот жанг бўлди-да. Икки томон ҳам қора қонига беланди. Ишонсанг, биз — қарғалар қўрқиб дарахтларнинг қуюқ шохлари орасига яшириниб олдик. Мен ҳам етти кеча-ю етти кундуз, қўрқувдан «дағ-дағ» титраб, бир кавакда калима келтириб ётдим. Ахир ўспирин ёшимда бирор дайди ўқ келиб тегса, майиб бўлардим-да.

Қон дарё бўлиб оқди гўё. Гулдай ўлка қизил қонга беланиб, сасиб-бижғиди. Ниҳоят узоқ вақтлардан сўнг айлана-атроф тинчланиб, сукунат чўкди. Бирдан қалъа ичидагилар қўлларини юқорига кўтариб, бир-бирларини қучоқлаб,

— Ғалаба-а-а! Биз ғолибмиз! Биз енгдик! — дея бақириб-чақира бошлашди.

Эҳ, одамлар! Нодон, одамлар! Аслида ҳаммангиз енгилдингиз! Биттангиз ҳам ғолиб эмассиз! Кимлар аҳил-иноқ бўлиб, узоқ йиллар умр кечирса, ана ўшалар ғолиб! Биз бошқа мамлакатларга учиб кетди.

Одамлар аҳилликни биздан ўрганиши керак. Очарчилик йилларида бир дона ёнғоқни ҳам қирқ қарға тенг бўлишиб еганмиз. Бирор марта бўлсин бир-биримизнинг жонимизга қасд қилмаганмиз. «Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди», деган мақол шундан келиб чиққан.

Ёшим юздан ошганда ҳам тинмай урушдиларинг. Қайси бирини айтай. Вақт ўтгани сари, жанглар шиддатли тус олди. Авваллари от миниб жанг қилар эдинглар. Кейинчалик шайтон аравалар пайдо бўлди, занғар. Осмонда учиб, ўту оташ сочадиган катта-катта темир қарғалар яратдинглар. Улар осмону фалакни ларзага солиб, ер юзига ўт қўйиб, шаҳару қишлоқларни вайрон қилди. Биз денгиз ортидаги шаҳарларга ҳам учиб бордик. Ҳамма жойда уруш, ҳамма ёқда қаҳатчилик. Ҳозир ҳам дунёнинг бирор бурчагида тинчлик йўқ. Фақат сизнинг ўлкангизда тинчлик-омонлик барқарор турибди. Биз кексалик гаштини сурамиз деб, сизнинг юртингизга, икки дарё орасига қайтиб келдик.

— Хуш келибсиз, қарға бува, — таъзим қилдим мен. — Бемалол меҳмон бўлаверинглар. Шохда қолган ёнғоқларнинг ҳаммаси сизларники. Бемалол... мабодо иссиқ чой-пой керак бўлса...

— Қорин масаласи бир гап бўлар, — деди қарға бува. — Ҳув юқори шохда ўтирган бувамнинг ёшлари уч юзда, ёнларида ўтирган дадамнинг ёшлари икки юз элликда. Мен ҳам икки юз йил умр кечирдим. Дунё сирларидан оз-моз хабарим бор. Мана шу ўғлинг Аҳмад, катта фалокатларга сабаб бўлади. Шу гапим эсингда бўлсин, Эшмат ўтинчининг авлоди.

Мен ҳайрон бўлдим.

— Нимага ундай дейсиз, қарға бува? — деб сўрадим.

— Нимага бўларди, — асабийлашиб қариллади у. — Барча фалокат кексаларга озор беришдан бошланади. Кексаларга нописандлик тарихга нописандлик. Шундай эмасми?

— Тўғри айтасиз, қарға бува.

— Ундай бўлса, ўғлингга насиҳат қилиб қўй.

Мен ўйланиб қолдим. Қарға бува учиб ёнғоққа чиқди. Унинг икки ҳамроғи, шумтираб, мен томонга қараб қўйиб, ўзаро бир нарсалар ҳақида қариллаб, фикр алмашиб олишди.

Улар учиб кетишгач, ўғлим Аҳмаджонга насиҳат қилган бўлдим.

— Биласанми, ўғлим, — дедим унга. — Биз улуғ ёшли чинорларни улуғлаб, яхши ниятлар қилиб, уларнинг шохларига туғ боғлаймиз. Юз йилдан ошиқ яшовчи қарғаларни нима учун ҳурмат қилмаймиз? Улар ҳунук овозда сайрашади, холос. Экин-тикин, мева-чеваларни чўқиб зарар келтиришмайди.

— Тўғри айтасиз, дада, — фикримга қўшилди ўғлим. — Биз қарғаларни меҳмон қилишимиз керак.

— Аҳа, баракалла!

— Уйдаги хандон писталар, ёнғоқ, бодомлар бекор турибди.

— Қойил, Аҳмаджон! Даҳосан!

— Ойимга билдирмай...

— Тўппа-тўғри! У умуман билмаслиги керак!

Биз — ўғлим иккимиз ўша кундан бошлаб, хотинимга билдирмай, кекса қарғаларни шоҳона мағизлар билан меҳмон қила бошладик. Қандай дейсизми? Оддий! Ерёнғоқ, ўрик данагидан қилинган шўрданак, писта ва бошқа нарсаларни товуқ катак устига сочавердик. Қарғалар уйимизда кўпайиб сони қирқтадан ошди. Кейин уларга олақанотлар қўшилишди, ундан кейин олақарға, хаккалар, ва ҳоказо... Ҳовлимиз шовқин сурон уясига айланди. Хотиним аввалига менга дам солдирди, лекин мен ўз маслагимдан қайтмадим. Олган маошимни мағиз сотиб олишга сарфлашда давом этдим, хотиним жанжал кўтариб сизнинг қабулингизга олиб келди. Бор гап шу, дўхтир.