“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 198 марта кўрилган.

ИККИ ОҒАЙНИ ТОПИШДИ

Тўлқин ҲАЙИТ

Шеригим кимлигини эшитиб, хотиннинг жазаваси тутди.

— Келиб-келиб, ўша Гажур билан бирга боряпсизми?

Бироздан сўнг кўчадан Гажур аканинг хириллоқ овози эшитилди:

— Бу қайси бедавонинг иши? Ҳай-ҳай, бу нимаси-а?!

Нима гап? Биров билан яна тортишиб қолдими?! Ташқари чиқдим. Гажур ака чиқинди ёнида турар, қўлида чанг босган қалин китоб. У мени кўриб, баттар тутоқди:

— Қаранг-а, уйингизнинг олдида, нақ бурнингизнинг остида шундай ажойиб асар... ҳалигидақа... хароб бўп ётса-я! Қаёққа қараяпсизлар ўзи?!

— Битта-яримта бефаросатнинг иши бўлса керак-да! — дедим «мендан ва болаларимдан кўрмасин», деган ўйда.

Бундай пайтларда унга гап уқдириш бефойда. Пулини олинг, кийимини ки-йинг, энг яхши кўрган отига мининг, ғиринг демайди, аммо унинг кўз олдида китобга тегманг ёки китобингизни улоқтира кўрманг, нақ балога қоласиз. Келиб-келиб, уйимнинг олдидаги чиқинди ичидан китоб чиқиб турса-я! Маҳаллага чиқиб ноғора қоқса, додимни кимга айтаман?! Энди ёғлиқ-ёғлиқ гапларга ҳам чидаймиз. Илож қанча.

У кир китобнинг варақларини силар экан, лаби-лабига тегмай жавради:

— Бизникилар қачон одам бўлишади?! Эсиз китоб-а! Садқаи китоб кет. Уларга машина, дача, дўллар бўлса, бас; ейишса, ичишса, кайфу сафо қилишса, мақтанишса, сассиқ-сассиқ кекиришса-я! Хайф! Садқаи одам кет!

— Нервингизни бузманг, ака! — дедим уни юпатмоқчи бўлиб.

— Одам деганда ақл бор-ку! — баттар тутоқди у. — Калла нега берилган? Бўйинда кўтариб юриш учунми ёки... шунақа расво ишлар қилиш учунми?! Бу бедаволарга қачон ақл киради ўзи?!

Гап-сўзимизни хотин эшитмасин, деб яна уни юпатишга чоғландим:

— Бедаволарга гап уқдириб бўладими, ака! Қўйинг, беҳудага юрагингизни қийнаманг!

— Сиз бунақа деманг! Ҳечам бунақа деманг! — қўлини пахса қилди у. — Бепарво бўлсангиз, бу бедаволар ҳеч кимга кун бермай қўяди!

Бу гапдан энсам қотиб, индамай қўя қолдим: ўзи жавраб-жавраб тинчийди. Кун ҳам қизий бошлади. Марказга салқинда етиб олиш керак, иккинчи томони, гап-сўзни кўпайтирмасдан бу ердан тезроқ даф бўлган маъқул.

Гажур ака жавраганча ортимдан йўлга тушди. Жавраса жаврайверсин: тил, оғиз уники, чарчаса, ўзига қийин. Битта китобни деб, асабни шунчалик бузиш шартми?! Китоб «жинниси»... қизиқ одамлар бор-а! Унинг китобга ўчлигини бутун қишлоқ билади. Уйида ҳам аллақанча китоби бор. Асар муаллифларини, қаҳрамонларини, ҳатто кичик-кичик воқеаларни ҳам кечаги тушидай тез эслайди. Бало одам. Билмаган нарсаси, қилмаган иши йўқ. Даласида ҳам кутубхона ташкил этган. Тўрт йил олдин қирқ гектар ер олиб, фермерликни ташкил этиб, 37 одамни иш билан таъминлади. Қизиғи шундаки, гажурлигига бориб, уларни ҳам китоб ўқишга ўргатди.

... Қурилиш базаси ёнига етиб келганимизда, у ҳалигача шаштидан тушмаган, ҳамон чиқинди ичидан топиб олган китоб ҳақида жавраб келарди:

— Китобни олибсан, ўқибсан, номард. Кўчага ташлаганинг нимаси?! Ҳай аттанг, худодан қўрқмаган ношукр-а!

Унга қараб ичим ачийди: шиферни ўйласа бўлмайдими?! Иккимиз ҳам баҳорда пойдевор ташлаб, уй қуришни бошлаб юборган эдик, девор кўтарилди, тахталар қоқилди, шиферга келганда эса ўзимиз «қоқилдик». Икки ойдан буён базага қатнаймиз, ана келади, мана келади билан шифердан дарак йўқ, куз келди, ҳадемай қор-қировли кунлар ҳам бошланиб қолса, додимизни кимга айтамиз?!

Қора ойнали уйчадан шоп мўйловли, ғўндалак қоровул чиқди.

— Шифер келмади, бирров телпон қип қўйсайла бўларкан! Овора бўпсизлар-да яна!

— Уф! — дедим мен. — Қачон келади? Келадими ўзи?!

— Ке-л-ади, албатта, келади, хотиржам бўлинг! — Мени ишонтиришга ўринди қоровул. — Пақат документла тўғри бўлмаётган экан. Баччағар... нафси катталар ҳам бор-да. Атайин тўғаноқ бўлишади!

Гажур ака бошини чайқади:

— Ов, қоровул ака, бошлиғингиз қанақа латта одам?! Рас эплолмас экан, бизга айтмайдими?! Бизни шерик қип борсин ўша шипер заводига! Ўша завод директори китоп-питоп ўқир ахир! А... тилини топар эдик ўша бедавонинг! Худо бўлмаса керак ҳар ҳолда!

Мен индамадим.

Гажур ака яна жавради:

— Далада иш кўп-да! Далада! Иш қайнайди, бошдан ошиб ётибди, бўлмаса, ўзим Тошкан тушиб, шарт бир вагонини келтирар эдим.

Иккаламиз бозорга кирдик. Ҳарқалай, марказга тушдик, болалар қўлга қарайди, майда-чуйда олиш керак.

Кимдир номимни тутиб чақирди:

— Садир?

Ортимга қарадим: бошида оҳори тўкилмаган янги дўппи кийган, жигарранг костюм-шимли, озғин киши мен томон ҳаллослаб келаётган эди.

— Танимадингиз шекилли?! — деди у кела солиб мен билан қўшқўллаб кўришаркан. — Карим акаман, касалхонада бирга ётган эдик.

Эсимга тушди: бурноғи йили юракнинг мазаси қочиб касалхонага тушган ва мен уни ўша ерда кўрган эдим. Жуда хасис одам. Иккита китобини мендан қизғонган эди. Бир куни жуда зерикдим. Қўшни палатада унинг ёлғиз ўзи турарди. Кўпинча ётиб олиб китоб ўқирди. Мен ундан иккита китоб сўраб олдим. Китоблар бир-икки кун столим тортмасида ётди. Фурсатини топиб ўқийман деган эдим, учинчи куни китобларини сўраб келди. Қизғанчиқ экан, дея ундан хафа бўлдим ва ўша заҳоти китобларини қайтариб бердим. Уч-тўрт кундан кейин у касалхонадан чиқиб кетди. Ўшандан буён мен уни кўрмаган эдим.

— Йўғ-э, нималар деяпсиз? Танидим, Карим ака! — дедим ўзимни оқлаган бўлиб. — Яхшимисиз?

Карим ака мен билан сўрашаркан, Гажур аканинг қўлидаги китобга кўзи тушиб, афти буришди:

— Китобни расво қипсиз-ку, биродар!

Кулгим қистади. Карим ака ҳам Гажур акага ўхшаб китоб «жинниси»га ўхшайди. Ҳозир роса қизиқ гаплар бўлса кераг-ов. Қулоғимни динг қилдим.

Гажур ака китобни силади:

— Буни мусорнинг ичидан топдик, биродар!

Карим аканинг кўзлари ўйнаб кетди:

— Қайси бемазанинг иши бу?!

Мийиғимда кулдим. «Ўхшатмаса, учратмайди». Буларнинг гаплари ҳам бир хил: биттаси «бедаво» дейди, иккинчиси «бемаза». Топганини қаранг!

Карим ака китобга қўл узатди:

— Кимнинг китоби экан?

Гажур ака худди ёш боладек қизғаниб, китобни ёнига яширди:

— «Уч мушкетер» экан.

— Сиз уни нима қиласиз? Бир ўқиб ташлаб юборасиз. Бунга муқова қилиш, йўқолган варақларини компьютерда териб тиклаш керак.

Гажур ака ҳам сўзини бериб қўядиганлардан эмас.

— Бе, нима деяпсиз. Ҳозир уйга борган заҳоти бунга муқова қиламан. Ўқиб чиққач, даладаги кутубхонамга қўяман.

— Далада ишлайдиган одам ҳам китоб ўқийдими? Чарчаб келиб ухлаб қолишади-ку!

— Бизникилар унақа эмас! — бошини сарак-сарак қилди Гажур ака. — Шунақа китоб-ларни ўқишганки... ишонмасангиз, бир кун даламга ўтинг!

Карим ака Гажур аканинг қўлтиғидан олди:

— Китобларингиз кўпми?

— Жуда кўп.

— Бариси эски бўлса керак-да?! Далада ишловчилар қўлларининг кирлари билан... а.. ушлаб, расво қилишмайдими?!

Гажур ака хохолаб кулди:

— Балки уларни эшакка тескари минишади, деб ўйларсиз?!

Беихтиёр кулгим қистади. Гажур аканинг хохолаб кулишини биринчи бор кўришим, ажиб кулар экан, гапи ҳам жуда илмоқли. Китоб ўқиган-да. Уста одам.

Карим ака дув қизарди:

— Қўйсангиз-чи?! Жинниманми шундай деб ўйлайман. Сўрадим-қўйдим-да!

Биз хайр-хушлашиб кетмоқчи эдик, Карим ака уйга борамиз, деб ёпишиб олди. Бундай одамларни тушунса бўлади: дилига яқин киши топилди дегунча ўзларини қўярга жой тополмай қоладилар. Баъзан бир баҳона-ю сабаб билан уларнинг кўплари ҳатто ака-ука тутиниб кетишади. Мен «нима қилдик? «деган савол назари билан Гажур акага қарадим. У жилмайди. Демак, рози. Бошқа жойга деса, ўлигини сургаб бориб бўлмасди... Гурунг-гурунг билан Карим аканинг уйига бордик. Топган-тутганини олдимизга қўйди, ош қилди. Еб-ичдик. Лекин Гажур акамизнинг кўзи аланг-жаланг бўлиб турди, уни таом эмас, кўпроқ Карим аканинг китоблари қизиқтираётган эди. Ниҳоят, у тараддудланиб сўради:

— Сизда том-помлар борми?

— Бор.

— Қанақалари бор?

— Навоий, Анатоль Франс, Самеюл Смайлс, Ойбек, Жек Лондон, Теодор Драйзер.. Шулар! А, Сизда ҳам том-помлар борми?

Яна кулгим қистади. Буларнинг гапларини четдан кузатган кишининг энсаси қотиши тайин. Ҳатто «иккисининг ҳам томи кетган» деб ўйлаши мумкин.

— Бор... бизда том-пом-ларнинг зўри бор! — деди Гажур ака димоғини кўтариб.

Карим ака унга яқинроқ сурилди:

— Қанақалари бор?

— Менда сизда йўқлари ҳам бор. Масалан, менда Ричард Стил, Франсуа Рабле, Жозеф Киплинг, Дени Дидро, Абул Фаражлар бор.

Карим аканинг кўзлари пирпиради:

— Зўр-у!

Гажур ака гавдасини кўтарди. Унинг мағрур қарашларида «сиздан зўр эканманми?» деган маънони ўқиш мумкин эди.

Карим ака:

— Менга Анатоль Франсни сотмайсизми? — деб сўради.

Гажур аканинг ингичка қошлари чаённинг думидек хунук қайрилди:

— Мен ҳеч қачон китоб сотмайман!

— Хўп дея қолинг!

Мен тараддудланиб гапга қўшилдим:

— Карим ака, агар шифер топиб берсангиз, рози бўладилар!

Гажур ака мени силтаб ташлади:

— Шифер топиб берсалар ҳам сотмайман!

— Менда шифер бор! — деди Карим ака қувониб.

Мен Гажур акага қарадим:

— Хўп десангиз-чи?

— Йўқ, хўп демайман! — қовоғини ўйди у.

Хотинимнинг: «Зап одам билан боряпсиз, битган ишингиз ҳам битмайди», деган гапи эсимга тушиб, баттар жиғибийрон бўлдим. Гоҳида хотиннинг гапига ҳам қулоқ солиш керак. Энди у бу ҳангомани эшитса борми, умр бўйи жавраб ўтади. Ё худо, ўзинг мададкор бўл!

— Ака, хўп десангиз-чи?! Иш битиб турганда, оёқ тирашингиз нимаси? Қанақа одамсиз ўзи?! — дедим қақшаб-қалтираб.

У менга совуқ қаради:

— Ҳарқалай, фаришта эмасман!

Кўнглим лангиллаб ёнди. Бу қанақа одам ўзи? Ҳозиргина ўламан саттор, шифер керак, деб турганди. Энди бу нимаси?

Унинг жавобини эшитиб, Карим аканинг афти куйиб кетди. Анатоль Франсни қўлга киритмагунча тинчимаслиги аниққа ўхшаб турарди. У бизни кутубхонасига олиб кираркан:

— Мана, кўринг, хоҳлаганингизга алмаштираман! — деб жовдиради.

Гажур ака кенг кутубхонага, жавондаги китобларга бир-бир кўз югуртириб чиқди.

— Яхши-и!.. Жуда зўр! Иҳм.. кутубхонамиз деярли ўхшаш экан! — деди жиддий ҳолатда. — Ҳаммасини ўқиб чиққанмисиз? — сўради кейин.

— Ўқиб чиққанман! Мен буларнинг ҳаммасини дарсда фойдаланаман!

Уларга қараб турарканман, кўз олдимда хотинимнинг буришган қиёфаси гавдаланиб, қулоқларим остида унинг: «Яна қуруқ келдингизми?» дея шанғиллаган товуши эшитилиб, юрагим қисилаёзди. Ишқилиб, ишимни ўнглагин, деб Худога яна нола қилдим. Шу орада Гажур акага вақт кеч бўлаётганини эслатдим.

Карим ака тараддудланди:

— Хўш, нима қилдик?

— Нимани нима қилдик?! — деди Гажур ака бепарво оҳангда.

«Э худо, — дедим ичимда, — шу гажур, гапга кўнмас бандангга инсоф бер!»

Карим ака унинг қўлтиғидан олди:

— Анатоль Франсни-да!

Гажур ака:

— Айтдим-ку! — деди яна ўша бепарво оҳангда.

— Бирон йўли бордир! — дея гапга қўшилдим.

— Ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг йўли бор! — деди Карим ака бироз ҳовлиқиброқ.

Гажур ака елка қисди. Бу унинг «мен билмадим» деганими ёки «бўлмайди» дея ишора қилганими?! Ҳарқалай, бу ишорасининг маъносини англолмадим.

Карим ака Гажур акага юзланди:

— Бўпти, мен шиферни сизларга сотаман, сиз эса Анатоль Франсни вақтинча бериб турасиз!

— Энг яхши таклиф! — дедим мен Гажур ака айниб қолмасин, деган хавотирда.

— Сизда қанча шифер бор? — сўради у.

— Нимайди? — Карим аканинг диққати ошди.

— Шиферингиз шеригимга ҳам етса, розиман!

— Қанча шифер керак сизларга?

— Саксон бештадан! — дея шарт жавоб қилдим мен.

Карим ака яйраб кулди:

— Иккалаларингга бемалол етади, ортиб ҳам қолади: менда икки юзта шифер бор!

«Хайрият! Худога шукур!» Мен енгил нафас олдим.

Гажур ака менга юзланди:

— Сиз юзта оласизми?

— Берсалар, оламан! — дедим ҳовлиқиб.

— Мен ҳам юзтасини оламан! — деди Гажур ака жилмайиб ва Карим акага қўл ташлади. — Розимисиз?

— Розиман!

— Эртага машина билан келиб, олиб кетамиз!

— Анатолнинг отасига раҳмат-э! — қийқириб юбордим.

Кўчага чиқдик. Мен Гажур акага касалхонадаги воқеани гапириб бердим ва Карим акани ўта хасис одам экан, деб ўйлаганимни яширмадим.

Гажур ака кулдилар:

— Китобсеварлар ёмон одамлар эмас! Уларни тушуна билиш керак фақат! Тушуна билиш учун уларга йўлдош бўлиб кўриш керак!

Бу мен учун янги гап эди. Энди хотиним Гажур ака ҳақида ғиринг деса, оғзига боплаб ураман: «Китобсеварнинг нияти бошқача бўлади. Унга йўлдош бўлсанг биласан буни...», дейман.