“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 85 марта кўрилган.

ҲИКОЯ

 

Шерзод Комил Ҳалил

ОЛИС ЎРМОН БОЛАСИ

Дюлекан мангу ўрмонлар қоплаган олис Тайгада дунёга келганди. У ерни мудом оппоқ қорлар қоплаб ётади. Бироз қўнғир-кулранг тусли ерни одамлар ёз келганда кўришади. Дюлекан кўр-ган дунё отаси Миргачаннинг ёғоч кулбаси, атроф-тумонатни қоплаган нинабарг арчазолару кедр ўрмонлари, чанада қўшиладиган буғулару пахмоқ итлар, осмон, булутлар ва тумандан иборат эди. У яна қутб тулкисию кўк бўрини, қўнғир ва қора айиқни, ҳамда, Тайга бот-қоқларини биларди. Отаси Миргачан гарчи унга баъзан ўзга дунёлар ҳақида ғаройиб нарсаларни сўзлаб берса-да, у бу нарсаларнинг борлигига кўп ҳам ишонавермасди. Ахир кўрмаган нарсангга ишониб бўладими?!

Бир куни Тайгага вертолёт келди. Ҳамма болалар қатори Дюлеканнинг ҳам вертолётни кўриб оғзи очилиб қолди. Баҳайбат темир қуш ҳавода айланган кўйи, шундоқ, тор қияликда жойлашган ягона ялангликдаги қор устига қўнди. Вертолётнинг ичидан юзлари бироз салқиган, узун бўйли оқ танли одам тушди. Унинг сочлари айиқники сингари қўнғир, кўзлари кўлники каби мовий эди. У Миргачан томонга қучоқ очиб келарди. Дюлеканнинг отаси ҳам у томон ошиқаркан:

— Ахийри келибсан-да Виктор, — деди.

— Миргачан кўришмаганимизга ҳам ўн беш йил бўлибди-я?.. — оқ танли одам отасининг елкасига уриб қўйди. — Ўғлинг қани, ўшанда у ҳали энди туғилган гўдак эди. Даврни тез ўтганини қара?!

Отаси Миргачан Дюлекан эндигина туғилган вақтида Виктор амаки билан тасодифан танишиб қолганди. Гап шундаки, саёҳат ва саргузашт ишқибози бўлган Виктор амаки, ўн беш йил олдин Тайгага келиб ўрмонда йўлини йўқотиб адашиб қолади. Оёқ-қўллари музлаб қор устига беҳуш йиқилади. Бахтига Миргачан чанада шу ердан ўтаётиб унга йўлиқади. У оқ танли одамни ёғоч кулбасига элтиб оловда иситади. Гиёҳлардан дамлама ичириб ўзига келтиради. Шу сабаб бўлиб улар қадрдон дўстга айланишади. Виктор амаки отасига ўзи яшаётган дунё ҳақида гапириб беради ва Миргачанга у ерга боришга иштиёқ уйғонади. Шундай қилиб Виктор амаки уни Москвага олиб кетади. Миргачан у ердан бир дунё таассурот билан қайтиб келади ва тайгаликларга ўзга дунё ҳақида мудом мароқ билан сўзлаб беради. Чунки, у ёққа Миргачандан бошқа ҳеч ким бормаганди...

Виктор амаки Дюлеканларнинг кулбасида бир ҳафта яшади. Бу вақт давомида отаси уни итлар қўшилган чанада Тайга бўйлаб овга олиб борди. Буғу қўшилган чанада эса сайрга олиб чиқди. Виктор амакининг димоғи роса чоғ бўлди. У кетиш тараддудига тушаркан, Миргачанни ўзи яшайдиган Москвага таклиф қилди:

— Йўқ, раҳмат, — қатъий рад қилди Миргачан. — Мен у ерга борганман. Яна борсам бўлмас. Ўша таассуротларнинг ўзи менга бир умрга етади. Агар қарши бўлмасанг, ўғлим Дюлекан бориб келса?.. Ўзга дунё ҳақида унинг ҳам бой тасаввури бўлишини хоҳлайман.

Виктор амаки Миргачаннинг сўзларини жилмайиб тинглаганча, бунга рози бўлди. Шундай қилиб, Дюлекан темир қуш — вертолётда Москвага келди. Дюлеканнинг ҳайрон бўлгани бу ерда биронта ҳам ёғоч кулба йўқ эди. Улар улкан тош қутиларни эслатувчи тўртбурчак уйларда худди буғулар подасидек гала-гала бўлиб яшашарди. Яна ҳамма ёқда ойнаванд миноралару рангли чироқлар илиб ташланганди. Улар шовқин-суронга тўлган шаҳар бўйлаб кечаю кундуз пориллаб турарди. Улар ўрмонларни кесишиб ялангликлар барпо этишган, кўчалардан чанада эмас, машиналарда ўтишарди. Виктор амаки уни кўнглини олиш учун сочлари эркакларникидек калта, қоринлари очиқ қизлар қийқириб ўйнайдиган гўшаларга олиб борарди. Метро, гипермаркет, лимузин, интернет, бар, дискотека, эҳ-ҳе у кўрган нарсаларни сон-саноғи йўқ эди. Булар ҳаммаси қандайдир ясама, Дюлекан учун бегона дунё эди. Чунки, бу ерда одамлар, "sms", "odnoklassniki", "facebook" "whatsapp", "фирма", "эротика" ва аллақандай кераксиз сўзлар ҳақида гаплашарди. Дюлекан эса Тайгани — ўз уйини соғинганди. Ахир у ерда одамлар тунгус тилида осмон, ўрмон, буғу ва нон ҳақида гапирарди...