“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 89 марта кўрилган.

ҲИКОЯ

 

 

 

Муяссар ТИЛОВОВА

 

КЎККЎЛ ҚЎШИҒИ

"Ўғлинг қанча кўп бўлса авлодларинг шунча бисёр, илдизинг мустаҳкам бўлади. Қиз бола бировнинг хасми, бир куни ўрнини топса, отасини ҳам, туғишганларини ҳам эсламайди. Фойда йўқ улардан. Вояга етказиб қўшқўллаб бировга топширгандан кўра, қизинг бўлмагани дуруст". Сайфи дароз бу гапларни доим такрорларди. Шунинг учунми уч ўғлидан кейин қизи Гулсара туғилганида унчалик қувонмади. Бу фарзанди худди осмондан тушгандай, ўз пушти-камаридан бўлмагандай чақалоққа эътибор бергани йўқ. Бу гадойтопмас ерларда чақалоқ туғилса унга исм қўйиш учун овулдан анча узоққа, шаҳар марказига бориш керак. Дарознинг вақт, пул сарфлаб бориб келишга кўзи қиймади. Шаҳарга қатнайдиган ҳамқишлоғидан илтимос қилиб қўя қолди. Буни қарангки, ўша таниши хўп дейишга деди-ю, лекин қизалоққа қандай исм қўйишганини сўрамабди. Иш битмай қайтишга кўнгли бўлмагач, Гулсара деб ёздириб келаверибди. Шундан бери бемаврид туғилиб қолган гўдакнинг исми Гулсара бўлиб кетди. Бу воқеадан сўнг орадан қанча сувлар оқмади. Сайфи дароз ҳозир мункиллаган чол, ҳимоясиз болакай эса бўйи етган қизга айланган. Улар яшайдиган кўккўл атрофини аввал кўрган одам энди танимайди. Кенг майдонни катта завод эгаллаган. Илгари балиқчилик билан кун кўрадиган қишлоқ одамларидан ҳеч бири балиқ овлашга кўлга келмай қўйган. Ҳозир илгариги мўл балиқлар қайда дейсиз? Баъзи турлари бутунлай йўқолиб кетди, борлари ҳам жуда кам. Қайиқ ясатиб, тўлқинлари пишқириб ётган кўлга тушишга арзимайди. Бир вақтлар шу тўлқинлар бағрида, уларнинг қаршилигига чап бериб сузган қайиқлар қишлоқда дароздан бошқа ҳеч кимда қолмаган. Чол ҳар-ҳар замон балиқчиликнинг хуморини босолмаган вақтларда ёғочлари чириб қолган қайиғидан ўзи ҳам гумонсираб, қирғоқ атрофида сузиб келади. Унинг бир қўшиғи бор. Ҳали кўлда сузмай туриб, ёнига яқинлашиши билан куйлашни бошлайди. "Агар Кўккўлнинг олдида, ўзи ҳақидаги қўшиқни айтиб берсанг, она кўлнинг меҳри ийиб кетади ва балиқларидан мўл-мўл беради" — дея изоҳ бериб қўяди атрофидагиларга.

Кўккўл — бизнинг

                онаизоримиз.

Кўккўл — бизнинг

                халоскоримиз.

Бағрида ўйнайди

                балиқлар,

Кўккўл — бизнинг

      ризқ-у рўзимиз.

Кўккўл — бизнинг

                онаизоримиз.

Кўккўл — бизнинг

      ризқ-у рўзимиз.

Сайфи дароз бу қўшиқни катта ўғли Нурматга айтиб берди. Ўғил отасининг овози азбаройи ширалилигидан сел бўлиб эшитди-ю, аммо ўзи ҳам қўшилиб куйлаб кўришга унамади. Яна айтиб беришини илтимос қилганида эса кўнгли оғриган чол рози бўлмади. Отасининг аразлаганини кўргач, Нурмат қайтиб қўшиқни сўрамади.

Сайфи дароз қўшиқни иккинчи ўғли Холматга айтиб берди. Бу ўғил эса жиллақурса акасига ўхшаб тинглашни ҳам уддаламади. Энсасини қотириб бош қашлади-да, қўшиқ охирига етар-етмас, ўрнидан туриб кетди. Шундан кейин чол ўғлига қайтиб қўшиқ ҳақида гапирмади.

Дароз қўшиқни кичик ўғли Норматга айтишни бошлаши билан ёшлигидан эркароқ ўсган йигит отасига бобиллаб берди.

— Кичкиналигимиздан бери бир хил қўшиқ. Одамни хит қилиб юбордингиз. Бўлди-да, энди.

Чолга оғир ботди, лекин индамади. Чунки ўйлаб қараса фарзандининг гапи тўғридай. Ахир ўғиллари эндигина атай-чечай қила бошлаганидан бери ҳар куни қулоғига азон айтгандай шу қўшиқни айтади. Безор бўлиб кетишлари табиий. "Бу ота-бобосининг қўшиғи, нима учун эшитиш жонларига тегаркан?" Таслим бўлишни истамаган чол яна ғўдраниб қўяди.

— Ўзинг айт, қизим, қўшиқнинг нимаси ёмон? —  Дароз атрофидан ҳеч қандай тингловчи тополмагач, охири қизига юзланади. — Бу қўшиқни бобом айтган, кейин мен, энди навбат болаларимга келганида улар айтиш тугул, эшитишни ҳам исташмаяпти. Ахир ўз тарихини билмаган, ота-бобосини танимаган, уларнинг нима иш қилганини англамаган одам қандай қилиб келажак ҳақида ўйлайди? У худди илдизсиз дарахтга ўхшайди-ку. Бундай дарахт қанчалик катта ва баланд бўлмасин, барибир сўлиб қолади.

Қизи гапларини эшитдими-йўқми чолга фарқи йўқ. Фарқи бўлганидаям нима? Ахир яқин атрофда унинг эски ҳикояларини, кўккўл, ундаги балиқлар ҳақидаги афсоналарини шу эси паст қиздан бошқа эшитадиган ким ҳам бор?

Гулсара аслида ҳамма болалар тенги ақл-ҳуши жойида, келишган, хушбичимгина қиз эди. Агар ўша ҳалокат рўй бермаганида овулнинг энг шайдоси кўп қизи бўларди. Ўғилларини овга чиқишга кўндиролмаган дароз "Менам борай, балиқ тута оламан", дея кўзларини мўлтиллатган беш яшар қизчасини ташлаб кетолмади. Ўша куни ов роса бароридан келди. Ота-бола Кўк-кўлда тебранаётган ўркач-ўркач тўлқинлар оша ҳозир тахталари чириб қолган бўлса ҳам, илгари бу атрофда унга тенг келадигани йўқ қайиғида кўл ҳақдаги қўшиқни бирга куйлашиб олис-олисларгача сузишган. "Қизим, қўшиқни ўғилларимдан яхши айтяпти, ундан ҳам ниманидир умид қилсам бўлар", дея биринчи марта хаёлидан ўтказганди Сайфи дароз. Етарлича балиқ тутишгандан кейин ҳам ота қизига кўлнинг олис сарҳадларини, тиниқ сувлар ҳайқириб бошларини дам-бадам ураётган нариги қирғоқларини кўрсатгиси келди.

— Кўккўл бизнинг онамиз, — дароз ён-верини адоқсиз сувлик қоплаган кенгликка тикилиб қизига гапирди. — Бизнинг тарих жуда узоқ, ота-боболаринг ҳув анави тоғлар ортида яшашган, ке-йин тирикчилик оғирлашгач, кўл атрофига кўчиб келишган экан. Уларни кўл балиқ билан, ризқ-рўз билан таминлаган. Овулимизнинг балиқчи дейилиши шундан. Сен ҳеч қачон аждодларинг-ни боққан, доим кимлигингни эслатиб турган бу жойларга беписанд қарама. Тўғри, қўлингдан ҳеч нарса келмайди. Авлодлар, миллийлигимиз давомийлиги акаларингнинг қўлида. Қизлардан бирор нима талаб қилинмайди, жиллақурса, эслаб-эслаб тур дейман.

Овга чиқаётганларида осмон тиниқ эди, аммо тушга бориб булутлаша бошлади. Қайиқни ортга бурганларидан қуйишни бошлаган ёмғир зум ўтмай қаттиқ бўронга айланди. Дароз илгарилариям бундай ҳолатга кўп дуч келган. Бироқ ўша пайтларда ё бир ўзи, ёки ёнида забардаст бирор шериги бўларди. Энди-чи, энди ўзи-ку майли, ёнида ҳимоясиз қизи бор. Боягина умрида биринчи марта қизини одам ўрнида кўриб, у билан дилдан гаплашаётган одам, қутурган шамолда қайиқ ўзига бўйсунмай қолгач "Аёлларга қарғиш теккани шу-да, улар бор жойда фалокат оёғинг остидан чиқаверади", дея аччиқланди. Туси ўзгарган отасидан, умрида кўрмаган ваҳимали шамол, кўпикланган тўлқинлар ичида чорасиз эканликларини ҳис қилганидан юрагига ваҳима тушган қизча қайиқнинг орқа бурчагига бориб ғужанак бўлиб қунишиб олган. Отаси эса эшкакларни ёлғиз эшавериб ҳолдан тойган, атрофни қоплаган қоронғилик ичида тез-тез чақаётган чақмоқ ёруғида узун қўлларининг ҳар чиранганида бўртиб кетаётган томирлари кўринади. Тинч пайтларда нари борса туянинг ўркачига тенг бўлган тўлқинлар ҳозир овул атрофидаги тепаликлардан баланд, ўкириб ўзини қайиққа уради. Ёғоч қайиқ ҳар силкинганида қарсиллаб иккига бўлиниб кетадигандай ёки тўнкарилиб тушадигандай туюлади. Отасининг жаҳл устида турганини кўлни, шамолларни бўралаб сўкаётганидан, ҳар-ҳар замонда қайиқ тумшуғига мушт тушираётганидан сезган қизалоқ, қанчалик қўрқаётган бўлмасин, ундан паноҳ, ёрдам сўролмади. Шунинг учун қайиқ атрофдаги тошлардан бирига урилиб, синиб кетганида у отасидан узоқда, боши нимагадир урилиб, ҳушини йўқотгач анчагача сувда қолиб кетганди. Жони омон қолишга қолди-ю, эрталаб уларни қидириб овулдаги бошқа балиқчилар келгунича отаси билан кичик оролчада, ёмғир остида қолиб кетишди. Гулсаранинг бошидаги жароҳат тез битди, аммо яранинг ўрнигина битди, холос. Дароз ортиқча харажат деб қизни шаҳардаги касалхонага олиб бормай, ота-бобоси қўллаган усуллардан фойдаланиб қўя қолди. Ҳаммаси ўшандан бошланди. Гулсара аввалига ўша кунни, кейинроқ болалигини, қишлоқдошларни унута бошлади. Ота-онасининг кимлигини, ниҳоят, ўзининг кимлигини унутганида келиб текширган доктор вақт ўтганини, энди иложи йўқлигини, ҳаракат қилган билан фойдасиз эканини  айтди.

"Одатда қизлар уйини эрга текканидан кейин унитарди, меники эса шунгачаям етолмади. Худо бу ишда ҳам қисганга ўхшайди", дея секингина ғўдраниб қўйди докторнинг гапидан кейин дароз.

Кўл атрофида заводнинг қурилгани ҳаммадан ҳам Сайфига қийин бўлди. Уч ўғлиям шаҳарда ўқиб келгач, шу ерга ишга жойлашишди. Энди уларда балиқ овлашга вақт қаёқда дейсиз? Бунинг устига она кўлда балиқлар илгаригидек сероб эмас. Заводнинг оқава чиқиндиси тўғри кўлга келиб қуйилади. Соҳилдаги харсанг устига чўккалаб кўлни соатлаб кузатадиган чол унинг суви тортилиб бораётганини, бошини соҳилга ураётган бебош тўлқинлар ҳам аввалгидек тоза, зилол эмас, ранги қандайдир хўмрайиб,  тундлашганини пайқайди. Фақатгина устида чағалайлар учаётган кўлга қараб бир вақтлар бу ерларда ўзининг овулдошлари билан кўплашиб балиқ овига чиққанларини, ўлжанинг кўплигидан қийшайиб қолган қайиқларни елдириб келишганини эслайди. Ўшанда одамлар ҳозиргига ўхшамасди. Эҳтимол, жуда ақлли бўлишгандир, эҳтимол, эси пастроқ. Лекин ҳаммасининг кўнглида номлаб бўлмайдиган нимадир бор эди. Турли овозларнинг бирга янграганидан, осмон-у фалакка ўрлайдиган қўшиқ акс-садоси дарознинг қулоқларини жазиллатиб ўтгандай бўлади. Овулда ўзи тенгилардан ҳеч ким қолмаган. Чол қисиқ кўзларини олисларга қадаб бошқаларнинг ҳисоби учун ҳам кўлга узоқ термилади.

Сўнг ортига ўгирилиб, йигирма беш йилдан бери ҳар куни шу кўл атрофида изғийдиган Гулсарага сўз қотади. Қиз гап маъносига бормаса-да, худди ўзини эшитаётгандай кўрсатиб, бошини қуйи солганча жим тураверади.

— Бизнинг мана бу еримизга, — дароз мушти билан кўкрагини муштлайди, — асли ким эканимизни, кимларнинг фарзанди эканимизни ва қандай яшашимиз кераклигини ўргатиб, қон-қонимизга сингдириб кетишди. Биз-чи? — гапининг шу ерида кўзларида милтиллаган ёш ҳалқаланади. — Биз нима қилдик? Ҳатто, ўз болаларига гапи ўтмайдиган гўрсўхтага айландик. Сен, она кўлга қара. Уни бир   вақтлар сулоласининг бошини, ота-боболарини боққан одамларнинг авлодлари ҳалок қиляпти. Мен балиқчиларга сардор бўлганимда ҳали ёш ўғилларимга қараб ўлмаслигимни, уларнинг, набираларимнинг сиймосида қайта-қайта туғилаверишимни ўйлаб фахрланардим.

Гулсара отасининг гапини охиригача эшитмади. Соҳил бўйлаб бепарво юриб кетди.

Ҳафсаласи пир бўлган дароз қизининг ортидан қўлларини асабий силкитиб, яна харсанг устига ёнбошлади. Аммо, аммо шу пайт Гулсаранинг майин овози янграй бошлади.

Кўккўл — бизнинг

                онаизоримиз.

Кўккўл — бизнинг

                халоскоримиз.

Бағрида — ўйнайди,

                балиқлар,

Кўккўл — бизнинг

      ризқ-у рўзимиз.

Сайфи ота қандай ўрнидан туриб, ўша ёққа бориб қолгани эсида йўқ. Маъносиз нигоҳлари тўлқинларга қадалган қизига ўзгача меҳр, ҳайрат билан боқарди.

— Сен, сен, — отанинг лаблари титраб кетди, — сен бу қўшиқни биласанми?

Гулсара жилмайиб бош силкитди.

— Қаердан биласан?

— Бошим тошга қаттиқ урилган куни айтиб бергансиз. Жудаям чиройли куйлагандингиз.

Гулсара гапи тугагач, тағин уй томон шошилиб кетди. Ортидан термилиб қолган чол эса нима дейишини билмасди. Шу чоқ отанинг кекса кўнглида минг йиллардан бери мудраб ётган пўртана бош кўтарганди. "Мени кечир, қизим, аҳмоқ отангни кечир. — Дароз қай томон юраётганини ўзи билмас, фақат шахдам одимлаётганидан қайсидир ёдидан кўтарилган муҳим ишини қилмоқчига ўхшарди. — Мен қари аҳмоқ авлодимнинг давомчиси фақат ўғилларим деб ўйлабман. — Чол яна нималардир деб ғўдранар, эски қайиғи боғлаб қўйилган жойга яқинлашгани сари оёқ олиши тезлашарди. — Она Кўккўл, ҳали сен ҳақингдаги қўшиқ унутилмабди. Афсуски, уни мен ишонган ўғилларим эмас, эси паст қизим куйлаяпти. Бунинг учун одам авлодларида айб йўқ, ҳамма гуноҳ менда". —Сайфи дароз чинор шохларидай узун ва ингичка бармоқлари қалтираб, эскилигидан сирти моғорлаб қолган қайиғини сув томон сурди. Анчадан бери қимирламай туравериб, оғирлашиб қолибди. Ота амаллаб сувга туширди. Кўл доимгидай сокин, тўлқинлар қуёш нурида жимирлайди. Дароз эшкакларни аввалига қийналиб, кейин эса енгил эша бошлади. У ёлғиз, эски аммо қадрдон қайиғида кўлнинг охири уфққа уланган томонига қараб сузиб кетди.

Гулсара ҳали кетмаган экан, у анчагача чолнинг бир бўлагига айланиб қолган қўшиғини эшитиб турди. Отаси узоқлашиб, кўздан йўқолгач, овози ҳам, қўшиқ ҳам тинди.

Ўғиллар тун яримдан оққан эса-да, қайтмаган оталарини роса қидиришарди. Дароз ер-у кўкда йўқ, бироқ уларнинг ҳеч бири Гулсарадан бир оғиз сўрамайди. Cунки қиз сонда ҳам, савоқда ҳам йўқ эди.

Буни билган, идрок этолган қиз эса,  — у Кўккўлда, мен яхши кўрган қўшиқни айтяпти, — дея биров эшитмайдиган қилиб шивирлаб қўяди.