“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 162 марта кўрилган.

МЕҲР

Шаҳло АҲРОРОВА

МЕҲР

Учинчи тонг отди.

Аёл уч кундирки, алаҳсирайди. Уч кундирки, ўзига келмайди. Иситмаси кўтарилади. Гоҳ вужуди олов бўлиб ёнади, гоҳ пешонасидан совуқ тер чиқиб, қалтирай бошлайди — ваража тутади. Бетобликнинг уч кунлик оғир палласи юзидан нурни, рангидан жилони олиб қўйди.

Қизча уч кундирки, онаси атрофида гирдикапалак. Унга онаси узоқлашиб кетаётгандек туюлаётганди: аёл уни эркаламаяпти, бағрига босмаяпди, қўнғир сочларини силаб, "Вой-вой-вой! Асалнинг ҳиди келади-я", дея шу сочлардан, мана уч кундирки, ўпиб қўймаяпти. Қизчанинг эса ҳар доим яхши кўриб, тамшаниб ҳидлайдиган онасининг ҳиди билан қандайдир дориларнинг ҳиди ҳам қоришиб кетган. Шундай бўлса-да у тўшакда ўзини билиб-билмай, ҳуш-беҳуш ётган онасининг пинжига тиқилади — унинг қучоғини қўмсайди. Бармоқчалари билан онасининг учиб-учиб тушаётган қовоқларини силайди — унинг кўзларини очиб қизалоғига аввалгидай меҳр билан жилма­йиб боқишини истайди. Уч кундирки, у бу нигоҳни ҳаммадан излаб кўрди — бувисидан, дадасидан, холасидан, опаларидан... Аммо ҳеч кимнинг қараши онасиникига ўхшамади.

— Намунча тиқиласан? Онангни тинч қўйсанг-чи! Ўзи дарди билан олишиб ётгани етмайдими? - боз устига жеркиб берди уни холаси, онаси уни "опажон" деб чақирадиган аёл.

Қизча жовдиради. Ана, холасининг гапини эшитдими, онасининг қўли қимирлагандай бўлди. Қўллар қизча томон салгина узалди. Қизчани қучоқламоқчи бўлди, чоғи, аммо ҳоли етмади. Яна пешонасида томчилар пайдо бўлиб, қизалоқнинг назарида "ухлаб" қолди. Қизча онасининг "уйғониши"ни, яна унга қўл узатишини кутиб, онасининг ёнида қолди. Она ингради. Қизча донга талпинган жўжадай бўйнини чўзди: онасининг "Ҳа, момоқаймоғим", дейишини кутди. Аммо, онаси демади, яна "ухлаб" қолди. Унинг ухлаши ҳам ғалати, аввалгиларига ўхшамайди. Авваллари у ухлаётганда ҳам қизчаси ёнига келганини сезарди, уни қучоқлаб оларди, қучоқлаб ухларди. Ҳозир эса қиё ҳам боқмаяпти.

— Онанг оғриб қолди, — тушунтиришмоқчи бўлишди энди учга кираётган гўдакка.

"Оғриб қолди" — ухлаб қолди, деганимикан? Қизча тушунмади, лекин у онасининг нимадандир қийналаётганини ҳис этди. Эҳтимол у уйғонишни истаяпти-ю, аммо уйғона олмаётгандир? Унга ёрдам бериш керакдир? Қизалоқ онасини туртиб кўрди.

— Тегма, дедим-ку, қизим, — бир оз юмшагандай бўлди хола ҳам, ўша, онаси "опажон" деб чақирадиган аёл.

Эҳтимол онаси оч қолгандир? Ахир анча бўлди овқат емаганига. Қизига айтар эди-ку: "Емасанг, чарчаб қоласан", деб.

Қизча онасига егулик келтириш учун ошхонага чиқиб кетди. Стол устида ўроғлиқ турган дастурхонни очиб, бўрсилдоқ нонни олди-да, ундан бир бурда синдириб олмоқчи бўлди, аммо кучи етмади. Онаси нонни чойга бўктирганда осон синиши ёдига тушди. Нонни олиб сув крани олдига борди. Оёқларининг учида туриб, бир амаллаб жўмракни кўтарди. Оқаётган сувга нонни бир оз тутиб турди. Сув нон юзидан оқиб ўтиб, қизчанинг енгини тирсагигача ҳўл қилди. Қизча яна нонни синдиришга уринди — бир оз намланиб, юмшаган нонни амаллаб синдириб олди.

Сўнг музлаткични очди — у ерда косада қаймоқ турганди. Қизча қўлидаги нон бурдасини қаймоққа ботирди.

Қизча сочиқчани яна стол устига қўйди-да, онасининг ёнига югуриб кетди. Холаси туни билан онасига қарагани боис, нариги тўшакда ухлаб қолган, онасининг ёнида бош­қа ҳеч ким йўқ эди. Қизча чўккалаб, нонни онасининг оғзига тутди — онасининг лабларига қаймоқ суркалди. Аввалига она қизалоғи ҳамон тутиб турган нонни "емади", кейин сал тамшангандай бўлди.

Қизчанинг кўзлари порлаб, юзлари яшнаб кетди — чунки онасининг оғзига қаймоқли нон ушоғи кирди. Она секин кўзини очди. Қизига қаради ва хазингина бўлса-да, жилмайди! Уч кундан бери у биринчи маротаба жилмайиб қаради қизига! Қизча ҳам жилмайди ва ҳамон қўлида қаймоқли нонни ушлаганча, онасининг бағрига бошини қўйди — яна ўша, соғинган ҳидини туйди!

Она бир қўли билан қизини қучганча, иккинчи қўлини қизалоғининг сочларига олиб борди. "Асалнинг ҳиди келяпди-я..." деди секингина. Сўнг эса, "момоқаймоғим", деди: Қанчалар ёқимли эди бу сўз! Дадаси олиб берган шоколадлари-ю, опаси болалар паркига олиб бориб, учириб келган ҳалинчакларидан, боя жеркиб берган холаси тикиб келиб, унга кийгизиб қўйган чиройли кўйлакчаси-ю, аммаларининг "тилло қиз", деб эркалашларидан минг чандон ёқимли эди бу сўз!

Қизча эриб кетди гўё. Онасининг пинжига энтикиб, маҳкамроқ суқилди. Онаси ҳам энди уни маҳкамроқ қучди:

— Мен энди касал бўлмайман!  Сен учун ҳам касал бўлмайман, момоқаймоғим...