“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 168 марта кўрилган.

ЭСЛАЙСАНМИ? (ҳикоя)

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ

ЭСЛАЙСАНМИ? 

Самарқандга хизмат сафарига кетаётгандик.

Сирдарёдан ўтаётган маҳалимиз ҳалидан буён пешонасини тириштирганча ниманидир зўр бериб ўйлаб келаётган ҳамроҳим иккилана-иккилана таклиф қилиб қолди:

— Шу ерда бир синфдошим туради. Эртага туғилган куни эди. Шундай кириб, табриклаб чиқсак.

— Бирровгами? — дедим кулиб.

— Шундайроқ, — ночор илжайди Суяр. — Бўлмаса ўпкаси катталардан. "Келмадинг-а, биз ўқимаганмиз-да", деб телефон қилавериб, одамни хит қилиб юборади.

— Ўзингизникига келиб турадими, ишқилиб? — қизиқиб сўрадим.

Ҳамроҳим ўнғайсизланиб кулимсиради:

— Келганда қандоқ! Биронтасиниям қолдирмайди.

— Унда кириш керак. Оқибатли жўралардан экан.

Суяр фикримга қўшилгандай шоша-пиша бош ирғади, сўнг машинани чапга қайирди.

— Совға-чи? — дея шошиб сўрадим.

— Об қўйганман.

Кўча адоғидаги, бир томони далага туташиб кетган ҳовлига бордик. Суяр чўл офтобида роса қорайган, лаблари ёрилиб кетган собиқ синфдошини қучоқлаб табриклади, зар чопон, дўппи кийгизди, белига белбоғ боғлаб қўйди. Қизиқ, унинг оти ҳам Суяр экан. Ҳайрон қолганимни сезган мезбон изоҳ берди:

— Мактабда бу "оқ Суяр" эди, мен "қора". Шундай деса маллимларам адашмасди.

— Йўғ-э, — дея шошиб орага қўшилди ҳамроҳим, — маллимлар сени "Суярбой" дейишарди, мен оддий "Суяр" эдим.

Балки адашаётгандирман, бироқ назаримда, ҳамкасбим собиқ синфдошига андак хушомад аралаш ялтоқланиброқ гапиргандай туюлди, бу, айниқса, ўртоғига ҳамоҳанг равишда, у билан яқинлигига урғу бермоқчидай "маллимлар" деганида — "муаллимлар", "устозлар" ёинки оддийгина "ўқитувчилар" эмас, айнан "маллимлар" — сезилиб қолгандай бўлди. Яна ким билади дейсиз.

Хуллас, ҳам қора, ҳам бой Суяр бизни меҳмонхонага бошлади.

Дастурхон устида уй эгасини яна бир бор қутладик. Оқ Суяр узрини ҳам айтди:

— Ошиғич командировка бўлиб қолди, жўра. Бўлмаса эртага келиб, бирга нишонлардик.

Қора Суярбой афсусланди, албатта, бироқ ўртоғининг аҳволини тушунди:

— Ҳа, энди, сеники давлатнинг иши, ҳазиллашиб бўлармиди. Мана бизники бошқа гап, биз ўқимаганмиз, ўзимиз ўзимизга хўжайинмиз, кетмонни бугун чопсамам бўлади, чопмасамам. Хоҳласам эртагаям чопмайман.

— Буям яхши... Шунинг учун, адаш, — афтидан, темирни қизиғида босишга уринди негадир ўрнида безовта тўлғаниб қўяётган Суяр, — энди бизга рухсат. Юрганга йўл яхши.

— Э-эй, қаёққа? — шошиб қолди мезбон. — Ов­қат-пов­қат...

— Овқат еб юрган жойимиз, — қўлини кўксига қўйди Суяр. — Вақтида етиб бормасак бўлмайдиган жой.

Мен Суярга норози қараб қўйдим: ҳовлиқиб сафарни бир кун бурунга сурдиргани етмагандай, энди тайёр "овқат-повқат"дан ҳам воз кечмоқчи-я. Шу қарайман, шу қарайман, қани энди кўзи кўзимга тушса.

— Бу ёғи қизиқ бўлди-ку... Ҳеч бўлмаса бир тўғрам нон еб, бир пиёла чой ичиб кетарсизлар, — алоҳа таслим бўлди мезбон.

— Ҳа, албатта, мана, мана. — Суяр шошиб нон синдира бошлади, орада менга мулозаматам қилди: — Олинг, олинг.

Келин бўлса керак, бир аёл остонага чойнак қўйиб кетди. Суярбой узалиб чойнакни олди, кейин катта пиёлада шошилмасдан чой қайтара бошлади-ю, дастурхондан кўз узмаган кўйи ногоҳ "пиқ" этиб кулиб юборди. Мен ҳайрон бўлиб мезбонга қарадим.

— Эсингдами, адаш, — деди Суярбой бирдан ҳамроҳимга маъсум нигоҳини тикиб, — эсингдами кечалари ухламай тарвуз ўғирлаганларимиз. Опкетолмаганимизни ёриб кетардик. Ариқлар буруннинг қонидай қип-қизил бўлиб қоларди.

Суяр чайнаган нонини ютолмай, қалқиб кетди, илжаймоқчи бўлди, аммо эплолмади, юзи қизариб, ғўлдиради:

— Ҳа, энди, болалик...

Ногоҳ хурсанд бўлиб кетган мезбон яхшилаб жойлашиб ўтириб олди, катта пиёладаги чойни жуда секинлик билан чойнакка қуяркан, завқли хотираларга берилган одамдай хушнудлик билан, яйраб гапида давом этди:

— Эсингдами, кечқурун Собираникига борганингда йигити сени ўлардай қилиб уриб ташлаганди. Одамларга кўринишга бетинг чидамай, бир ой уйдан чиқмагандинг...

Бир амаллаб ютинган оқ Суяр нажот истаб пиёлага қаради, аммо ҳаракатлари суст, лекин тили тобора бийрон бўлиб бораётган қора Суяр чой узатишни хаёлига ҳам келтирмасди.

— Эсингдами, Суяр, физикадан "икки" олганингда оқшом журнални ўғирлаб чиқиб, ёқиб юборгандинг. Худо ўшанда бир асраган экан, мактаб ёниб кетишига сал қолганди-я...

Ниҳоят қўлига теккан пиёладаги қайноқ чойдан шоша-пиша ҳўплаб, оғзини куйдириб олган, кўзлари ёшланган Суяр нимадир деб эътироз билдиришга уринди, аммо улгуролмади - Суярбой эпчиллик қилди:

— Эсингдами, олимпиадага борганимизда шаҳарлик болалар билан уришиб қолганимиз. Ўшанда кал биттаси бир калла қўйиб, сенинг оғзи-бурнингни қон қилганди.

— Энди... — заифона эътироз билдиришга яна бир бор ҳаракат қилиб кўрди Суяр, бироқ ҳузурбахш хотиралар оғушида қолган мезбон уни эшитадиган аҳволда эмасди.

— Эсингдами, райсентрдаги ресторанда овқатланганимиз, кейин тўлашга пулимиз етмай қолганди. Ўшанда сен официантга чой заказ қилдинг, у кетгандан "Қочдик!" дединг. Кейин қочдик...

Менинг олдимда бўлари бўлган Суярнинг бўзариб кетганини кўриб, ўзимча энди етар-ов, деган ўйга бордим. Лекин Суярбой бош­қачароқ хаёлда шекилли, шоён тарзда азиз хотиралари билан ўртоқлашишда давом этди:

— Эсингдами, бозорда бир ёймачидан чиройли носкади ўғирлагандинг. Қишлоққа келганимиздан кейин уни нима қилишни билмай, Қоржов бованинг деворига қўйиб кетгандинг...

— Мен эмас, сен... — заифона саси эшитилди Суярнинг, бироқ бу эътирозни ўзи ҳам аранг эшитган чиқар.

— Эсингдами, пахтага чиққанимизда Зойир маллимнинг мотоциклини ўғирлаб олиб чиқиб, ҳайдайман деб жарга тушириб юборганинг. Ҳалиям яхши одам эди бечора, "Ўзинг омон қопсан, шунгаям шукр" деб индамай кетаверди. Бошқа одам бўлганида энангни кўрсатарди: камида уч баравар қилиб ундириб оларди... — Ногоҳ яна недир ёдига тушган мезбон энтикиб кетди: — Эсингдами, Робиянинг отаси ўлганида, бутун синф йиғилишиб боргандик, ўшанда ҳамма йиғлаганди, битта сен пиқ-пиқ кулгандинг. Мактабга келганимиздан кейин Қудрат маллим сени обший дафтар йиртилиб кетгунча урганди...

Буниси ҳаддан ортиқ эди. Мен оқ Суярдан сал нарироқ сурилиб ўтирдим. Қанақасига? Азада ҳамма йиғласа-ю, бу акам пиқирлаб кулиб турса...

Кайфиятимни илғади шекилли, ҳамкасбим жон ҳолатда:

— Иккинчи синфдайдик... — деди бўғилиб.

Ақллилигини қаранг, кўнглимдаги гапни Суярбой айтди:

— Азада ёшнинг фарқи йўқ.

Ўсал бўлган Суяр бўшашиб-букчайиб қолди.

Мезбон навбатдаги далолатларни санашда давом этди:

— Эсингдами, уйланга­нинг­да Ғанининг узугини олиб туриб, кейин "йўқотиб қўйдим" деб бермай кетгансан.

Суяр бу сафар эътироз билдириб қолишга муваффақ бўлди:

— Берганман! — деди у хириллаб. — Янгисини оберганман! Буни ўзиям айтди-ку сенга, Суярбой!

Мезбон пинак бузмади:

— Грамми камини обергансан... Эсингдами, "Уй олишга керак бўлиб қолди" деб Болбойдан қарз олгансан, кейин...

— Қайтарганман! — бўкириб юборди Суяр. — Қайтарганман!

— Тўғри, қайтаргансан, лекин пул қадрсизлангандан кейин қайтаргансан, доллар курси бўйича ҳисобламагансан, Болбойниям ўқимаган, ҳеч нарсани тушунмайди деб ўйлагансан-да, — асло таслим бўлмасди мезбон. — Эсингдами, машинанг бузилиб қолганда Носир трамблёрини алмаштириб берган. Лекин сен...

— Ахир ўзи пул олмади, кейин янги трамблёр олиб келиб бердим-ку! — жон аччиғида яна бир бор ўзини оқлашга ҳаракат қилиб кўрди Суяр.

Мезбоннинг асабларига балли — бир туки қилт этмасдан, бағоят сокин овозда тушунтириш бердики:

— Опкелганинг китайский экан, Носир қўйгани корейский бўлган... Эсингдами, мактабни битирганимизнинг ўн йиллиги вечерига албатта келаман деб, ҳаммани алдаб кетгандинг. Шундаям командировкани баҳона қилгандинг...

Мезбон тобора илҳомланиб борарди-ёв, буни унинг кўзлари чақнай бошлаганидан тусмол қилса бўларди:

— Эсингдами, ўқишга киролмай қолган йилинг олти ой отангнинг ўрнида ишлагандинг. Ведомостга адашиб ўзингнинг қўлингни қўйиб юборгансан. Кейин ревизор келиб қолиб қилган тўпалон, қилган тўпалон. Отанг бир ғунажин бериб, аранг қутулганди.

— Ўшанда...

Аммо тоғдан шиддат билан тушаётган пўртанани тўхтатиб бўлармиди — Суярбой ҳам ҳозир шундай аҳволда эди:

— Эсингдами, мактабни битирганимизнинг беш йиллигига бағишланган йиғилишда сени шоир деб ўртага чиқаришганди, шунда сен гапиролмай, дудуқланиб қолгандинг, ҳаммамизни уятларда ўлдиргандинг. Собира "Бунақанги шоир Шармандийдан ўргилдим-эй!" деб роса мазах қилиб қилиб устингдан кулганди...

Қўллари дир-дир титрай бошлаган Суяр шошиб чап енгини тортди, бироқ қачонлардан бери соатсиз юриши ёдига тушдими, чўнтагидан қўл телефонини олиб қаради, кейин ошиғич чўккалаб ўтирди:

— Узр, кетмасак... кетмасак...

— ...бўлмайди. — Чуқур мамнуният ила адашининг гапини якунлаган Суярбой кўп афсусланиб, бош чайқади: — Э-эй, ўтирибмиз-да гурунглашиб, ўтган кунларни эсла-аб.

Суяр тишини тишига босди:

— Ўзинг тушунасан-ку.

Мезбон бош ирғади:

— Ҳа, тушунаман, давлатнинг иши билан ҳазиллашиб бўлмайди. — Баногоҳ унинг юзи ички нурдан ёришиб кетгандай бўлди, ўзиям ҳаяжондан типирчилаб қолди: — Айтгандай, эсингдами...

Бу гал Суяр вақтида от қамчилаб:

— Эсимда йўқ! — деди-ю, шошиб қўлларини дуога очди: — Қани, омин...

Ҳовлига чиқдик. Зипиллаб кетаётган Суярга базўр етиб борардим.

Машина ёнида адашлар қучоқлашиб хайрлаша бошлаганлари маҳал Суярбойнинг яна тили қичиди:

— Эсингдами, Ҳайитмуроднинг тўйида "Вақтим йўқ" деб кетиб қолгандинг. Болалар "Оқ Суяр тўёнадан қочди" деб роса ғийбат қилди. Номус кучли, оримиз келиб ўртага "беш-беш" ташладик. Аста орқангдан борсам, отангнинг уйида бемалол ўтирибсан...

Қалтираб кетган оқ Суяр шошиб машина эшигини очди:

— Яхши қол.

Мезбон мамнун бош ир­ғади:

— Яхши боринглар. Насиб қилса, адаш, бу йилам туғилган кунингга боришни мўлжаллаб турибмиз. Иш­қилиб, яна командировкага қочиб қолмайсанми?

Суяр сесканди, буни билдирмасликка уриниб, мин­ғирлади:

— Телефон қиламан.

Мезбон гердайди:

— Туғилган кунга чақирмайдилар. Кўнгил яқин жўраларнинг ўзлари бостириб келаверишади. Эсингдан чиқарма-я, болаларни олиб, бу йилам боравераман... Айтгандай, эсингдами, оқшом янги йилни нишонлашга келаётганларингда маст жигитлар сенларни меҳмон деб ўйлаб роса пийпалашган. "Нега ароғинг йўқ?" деб сенинг оғзингга қор тиқишган. Қизчанг йиғлаган, хотининг дод солган...

Яшин ургандай жойида бир лаҳза серрайиб қолган Суяр бир амаллаб кабинага чиқди, ғайришуурий тарзда калитни бурадию, мен ёнига ўтирар-ўтирмас газни босди.

Ортга қарадим. Мамнунликдан кўзлари чақнаётган Суярбой ортимиздан узоқ қўл силкиб қолди; баайни, ҳозир қайтсак бас, "Эсингдами..." дея ўзи учун ҳузурбахш яна бирон воқеани эринмасдан ёдга оладигандай...

Оқ Суярга ўгирилдим. Ранги адашиники сингари қорайиб кетган, жағида пайдо бўлган олхўридай ғудда нари бориб-бери келаётган ҳамроҳимнинг лаблари пир-пир учарди.

— Ке-ке... — деб қолди у туйқус.

Ажабки, ҳамроҳим дудуқланмоқда эди...

То ҳамкасбим қийналиб, не машаққатлар ила "Келсанг бир бало, келмасанг минг бало", сўнг эса бир йўла "Келади... барибир келади... туғилган кунимга..." демоқчи ҳам бўлганини аниқлагунимга қадар Самарқандга етиб келдик...