“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 100 марта кўрилган.

ҚАТРАЛАР

Лола ЎРОҚОВА

ҚАТРАЛАР

"МАЙЛИКУ-Я..."

У маҳалла раиси олдига келиб ўзини ночордан олиб ночорга солди ва моддий ёрдам сўради.

— Қўлдан берганга қуш тўймайди, ука, — деди раис. — Яхшиси юзта товуқ олишингга кўмаклашаман. Кунига 70-80тадан тухум туғсаям рўзғорингга барака киради, сотиб, пул топасан. Товуқ етти хазинанинг бири, ахир.

— Майлику-я, — деди у чайналиб. — Лекин ҳовлимда товуқ катагим йўқда...

— Унисигаям кўндим, — оқсоқол ён босди. — Иккита йигитга айтаман товуқ катак қуришингга ёрдамлашади. Бўладими?

— Майлику-я, — у яна чайналди. — Бир товуққа ҳам сув керак, ҳам дон, деганларидай, юзта товуқни қандай боқаман?

— Бу ёғини ўйлама, — раиснинг энсаси қотсаям сездирмади. — Тўрт-беш кунга етадиган ем топиб бераман.

— Майлику-я, — баттар чайналди у. — Аммо тўрт-беш кундан кейин нима қиламан. Товуқ боқишнинг ўзи бўладими?

Раиснинг жаҳли чиқди:

— Унда кетавер. Товуқларни катаги бор, дон-дун топадиган бошқа оилага берамиз. Бўладими?

— Майлику-я, моддий ёрдам-чи? Моддий ёрдам нима бўлади?

— Моддий ёрдам сенга тўғри келмайди!.. Сур ғалтагингни...

У ўша куннинг ўзида раиснинг устидан шикоят ёзди...

 

ЖУВОН

Ойлаб қовоғидан қор ёғиб, афтини буриштириб, аламини бегуноҳ болаларидан олиб, бирига жавраб, бирини койиб, қайнонасига зарда қилиб, саволларига "ҳа" ёки "йўқ"дан нарига ўтмай, ўзиниям, бошқаларниям сил қилиб ташлаган жувоннинг юзига кутилмаганда табассум югурди, ошхонада қўшиқ хиргойи қилаётганини эшитишди.

Четга ишлашга кетган эри қайтаётган экан...

 

УМР САВДОСИ

Икки ёш ажралди. Униси у ён кетди, буниси бу ён. Жаҳл чиққан эди, ақл қочди Ақл келганида униси Мағрибда эди, буниси Машриқда. Бу ҳам етмаганидай ўрталарида учинчи дарахт кўкариб чиққанди.

Дил дилга талпиниб, Мағриб билан Машриқ ораси бир қадам бўлди. Ўртадаги дарахтни ҳам босиб ўтишди.

Жаҳл чиққанида кўприк бўлмаган, умр савдосини мол савдосига айлантирган катталар ўртадаги дарахтга нима дейишни билмай оғзиларига мум солиб олишди...

 

ОНАСИ

У давр устида эди, узатган жойига қўли етарди. Унга қуллуқ қилгувчи ҳам, соясига салом бергувчи ҳам кўп эди. Ҳамма таниш, ошна, биродар эди, тегиб кетган қариндоши борки, этагидан ушлаб олганди. Телефони бир зум тин олмас, илтимослардан қулоғи қоматга келар, баъзан кимга нима дейишни билмай қоларди.

Иттифоқо унинг даври тугаб, уйда ўтириб қолди. Хотинидан бошқа безовта қилмайдиган бўлди. Гоҳида кўча-кўйда ушланиб қолса телефони жиринглаб, таниш, рақам намоён бўлади: "Дадаси, келмаяпсиз, сизни кутиб ўтирибмиз...", "Дадаси, овқат сузаяпмиз, келақолинг", "Дадаси, телефонингиз ўчирилган экан, хавотир олдим", "Дадаси..."

Унга аёлининг овози куйдай майин, ёқимли эшитилади, ҳузур қилади ва лаблари беихтиёр пичирлайди:

"Яхшиям сен борсан, онаси..."

 

"СУЯК"

Унинг кўзига шу жувондан бошқаси кўринмади. Ҳамма нарсасидан воз кечди. Хотинидан, бир этак боласидан, кекса ота-онасидан, уй-жойи, ҳовлисидан...

Бир оғил мол боқаётган, тандир-тандир нон ёпаётган, тоғора-тоғора кир юваётган хотини кўзига хунук кўринди. Кийимидан атир ҳиди анқиб турган жувон атрофида гирдикапалак бўлди, топганини унга ташиди, йўқ нарсасини бор қилди, ўғлини ўғлим деди, қизини қизим. Ўзиникилар аросатда қолиб кетди.

Йиллар ўтиб аёлнинг қизи қиз, ўғли ўғил бўлди ва... Уни ит ғажиб ташлаган суякдай ирғитиб юборди.

 

"БЎЛАДИ"

Улар учрашиб қолишди.

— Келин қилибсиз деб эшитдим, қуллуқ бўлсин.

— Қуллуқ, қуллуқ. Битта ўғлим бор, қанақа келин тушаркин, деб ўйлаганим ўйлаган эди. Худога шукур, кўнглимдагиси учради, бирам абжирки, асти қўяверасиз. Ҳамма ишни қўлимдан олди, пиширган овқатининг мазаси оғзингиздан кетмайди. Каллайи саҳарлаб туриб ҳовлини, кўчаларни супуриб сидирган, нонушта тайёрлаган. Фаҳм-фаросатини айтмайсизми, ишга кетаётсам: "Яхши бориб келинг, ойижон", деб кўчагача кузатиб қўяди. Ишдан қайтсам: "Яхши келдингизми, ойижон?", деб сумкамни олади, туфлимни артади, қўлимни совуқ сувга урдирмайди. Қизларимга: "Ҳаммангни сотиб келинимга едираман", дейман ҳазиллашиб. Ишим чорпояда ўтириб ўзимни елпиш бўлиб қолди...

Орадан бир йил ўтиб улар яна учрашиб қолишди.

— Яхши юрибсизми? Келин қандай, хизматингизни қиляптими?

— Бўлади...

Унинг овози зўрға эшитилди...

 

ВИРУС

Касал десанг соғдай, соғ десанг касалдай кўринади у. Гапирган гапининг туз-намаги бўлмасаям қалампирдай аччиқ. Мақтаган матоҳидан биров барака топмайди-ю, ўзини якто санайди. Билмасдан йўлидан чиққанни ё майиб қилади, ё мажруҳ. Тегиб кетган киши этагини кесиб юбормаса, балонинг тўрида қолади.

Компьютерга тушган вирусга ўхшайди у.

 

ПАРВОЗ

У осмонларда узоқ учди. Қанотларини кериб, виқор билан. Кўкнинг ҳавоси ҳаволантирди, пастга қарамади ҳам.

Иттифоқо қаноти қайрилиб кетди, лат еди, учишга ярамай қолиб, ерга тушди.

Бироқ юришга қийналди, увишиб қолган оёқларининг чигилини ёзолмай, уйида биқиниб олди.

Қуш қанчалик баланд ва узоқ учмасин қўнар манзили ер эканини унутган эди у.

 

ОПА-СИНГИЛЛАР

Опа-сингиллар турмушга чиқишди: бири мол-дунёси беҳисоб эркатойга, иккинчиси сўмни сўмга улаб яшаётган бечораҳолга.

Опада данғиллама уй, қатор-қатор машина, калондимоғ қайнона, олифта эр.

Сингилда пахса уй, нураётган девор, содда қайнона, меҳнатдан боши чиқмаган эр.

Унисининг қадами ўлчовли, сўровли, терговли. Ўз уйида бегона.

Бунисида борини баҳам кўришган, уйим-жойим деб туришган. Яримта нон-роҳатижон.

Қизиқ, кичик қиз опасига ҳавас қилади...

Опа эса синглисига...

 

ЭШАК

Эгаси эшакни роса ишлатди, куч-қувватини олиб, силласини қуритиб. Халачўпини ниқаб қўйса бас, кўрсатган томонига йўрғалаб, ҳали у юкини ташиди, ҳали бу юкини. Баъзан шалоғи чиққан аравани елкасига ортмоқлаб юрди. На кунни, на тунни билди, олдига ташлаб қўйилган бир боғ похолни еб ишлайверди.

... Пули кўпайган эгаси машина олди ва эшакни даргоҳидан қувиб юборди. Қайси томонга юришини билмай кўчанинг қоқ ўртасида қолиб кетди одамга ўрганиб қолган эшак.

 

ЧУМОЛИ

Чумолилар тўдаси устидан бир челак сув қуйиб юборди бола. Чумолилар типирчилай-типирчилай ариққа ғарқ бўлдилар.

Омон қолганлари бу кўргуликни табиий офатга йўйишди.

 

ЛИБОС

У ўзини иймонли-эътиқодли қилиб кўрсатиш учун ўраниб-чирманиб олгани билан ичини қурт босиб кетган ва бу қуртлар ўрмалаб тилидан чиқиб, амалида кўринади: ўзидан бошқани одам ўрнида кўрмайди, кези келса эрини ҳам чақага олмайди.

Либос — сувратни беркитиши мумкин, сийратни эмас.

 

САБОҚ

У куёвини қизига иситиш учун қилмаган ирим-амали қолмади. Бир оёғи фолбинникида, бир оёғи дуохонникида бўлди. Бирови иссиқ-совуғини, бошқаси қайтармасини, яна бири дам сувини қилиб берди. Қай бирини ичирди, бошқасини едирди, яна бирини септирди.

Пироварди шу бўлдики, куёви қизини ташлаб кетди...

Кўнгил дунёсини фақат кўнгилгина иситишини ҳисобга олмади у.

 

КЕКСАЛИК

Ундан қочиб ҳам бўлмайди, бекиниб ҳам. Танага сездирмай кириб, ўргимчак тўридай ўраб олади. Аёл ё эркак, шоҳ ё гадо, унга барибир, сочлар қировидан, юзлар чизиғидан кулиб қарайверади.

У келиши билан ёшлик синиб, шижоат ўлиб боради. Кимдир асога суянади, кимдир хотирага. Кимнинг тилидан ҳикмат, кимнинг дилидан ғурбат ёғилади. Биров ундоқ қарийди, биров мундоқ. Қандай қарисаям меҳрга боладай ташна, танаси оғриқ билан ошна.

Нима бўлгандаям инсон зоти борки унга етишишни, у билан юзлашишни, кексалик деб аталган дунёда ҳаёт кечиришни ният қилади.