“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 314 марта кўрилган.

МУҲАББАТ ВА ЎЛИМ

Эркин Норсафар

МУҲАББАТ ВА ЎЛИМ

— Раҳмат, азизам! Бугунга етар! Умуман, тугади, десам ҳам бўлади. Худо хоҳласа шу бугун тунда, тонгга қадар тугаллайман! Бир-иккита чизги ва бўёқ... шу билан иш тамом!

— Қани?..

— Эртага, азизам, эртага, — деди у қизга яқинлашма дегандек бош чайқар экан. — Ҳозир мени, хонамнинг устидан қулфлаб кет. Эртага эрталаб кел. Суратни олиб кетасан. Бу мендан тўйингга тўёна!

— Азиз устоз! Қанақа тўй? Ахир, мен уни севмайман, бошқани севаман!

— Агар менинг рози бўлишимни истасанг, унга тегасан!

— Устоз, ахир, мен... сизни севаман!

— Мен суратларимдан бош­қасини тан олмайман!

— Мен учун ёнимда бўлишингиз кифоя!

— Бу телбалик! У келажакда буюк рассом бўлади!

— Мен бугунги куним билан яшашни истасам-чи?

— Айби камбағаллиги, қўли калталигими? Сурат учун оладиган пулларим сизларга ҳаммаси учун етиб, ортади. Ҳатто бахтли бўлишларингиз учун ҳам.

— Бахт мен учун ёнингизда бўлиш...

—...

— Устоз, наҳот уни тугатсангиз?

— Ҳа, азизам, у эртагаёқ тайёр бўлади!

— Уни бир бора кўриш учун...

— Эртага! Эрталаб! Хайр!

Қиз хомуш бош эгганича хонани тарк этди. Эшик ортидан қулфланиши билан у ишга киришди...

Тонгнинг илк нурлари деразадан елкаси оша мўралаб, тобора жонланиб бораётган суратдаги бўёқларда ёлқинланиб, жилвалана бошлаганда ҳам ишдан тўхтамаган эди. Гўё аввали суратга бўйлаб, сўнгра қуйи­лаётган соя ортидан қолишни истамагандек жазавада, қаро терга ботиб чизишда давом этди. Тердан бутунлай ивиб кетган эгни-бошдаги бу одам эллик ёшлар атрофида бўлиб, патак, тароқ тегмаган бир-бирига туташиб кетган соч-сақоли орасида милтиллаётган икки кўзи телбавор йилтилларди.

Суратда вайрон бўлган иморатлар, қонли тўқнашувлар, отишаётган, савашаётган оломон ва ҳарбийларнинг ҳолати акс эттирилган эди. Сурат марказида бир қўли билан қонга беланган одам — маҳбубини бағрига босган, иккинчи қўлини оломонни шафқатсиз ўққа тутаётган ҳарбийларга тўхтанг, дегандек кўтариб турган аёлнинг сурати чизилганди. Унинг бағридаги байроқни маҳкам тутган эркак аллақачон жон берганди. Бўйни аралаш елкаси тиғдан жароҳатланган жувон ҳам ҳийла ўзини орқага ташлаган, қулаётган бир алфозда эди. Ажабланарлиси, ҳарбийларнинг жароҳатлари қизил бўёқ билан бўрттирилган, ўқлардан илма-тешик бўлиб кетган инқилобчиларнинг очилиб қолган жароҳатларида эса қон излари кўринмасди. У бор кучини жувоннингнигоҳларига қаратган, наф­рат, аламзадалик ва армон уфуриб турган қарашларини шакллантирмоқда эди.

Кеча-ю кундуз тинимсиз ҳаракат қилишига қарамай, юрагига жо бўлган мазкур суратни тугата олмасди. Суратга ҳамиша нимадир етишмасди. Унинг жонланишига, ўша дамдаги воқеликларнинг фожиасини, оломоннинг шовқинини рўй-рост очиб бера олиши учун унга чиндан ҳам нимадир етишмасди. Узоқ йиллар давомида суратни қайта ва қайта яратаверди, қониқмай устидан чизги тортаверди.

У ўзига тўқ, бадавлат хонадонда дунёга келган эди. Ўтган умри давомида бирор ишга қўл урмади, бўйи меҳнатга ёр бермади. Улфатчилик, зиёфат, базм ва аёллар билан бўладиган кўнгилхушликлардан бўшамасди. Аммо кейин ҳаммаси бирдан ўзгарди. Бунинг барчаси ўша, оммавий қотилликдан бироз ўтиб бошланди. Худбинлик, маишатпарастлик унинг қон-қонига сингиб кетганди. Йиллар давомида гоҳ жандармларнинг, гоҳ миршабларнинг қўлларидан қутқариб олавериб безган ота-она одам бўлар, деган умидда уни аскарликка юбориш керак, деган қарорга келишди.

Худди шу воқеадан бир ой ўтиб, оломон қўзғолди. Ёрдамчи қўшин таркибида ҳаяжондан титраганича берилажак буйруқни кутиб турар экан, кўз олдида ярадорларнинг инграши, милтиқ ва тўп шовқини порох тутуни билан аралашиб кетиб, ҳақиқий жаҳаннам манзараси акс этганди. Қонлар тўкилар, жон олиб, жонлар бериларди.

Қўзғолончиларнинг олдинги сафида жангга чорлаб турган байроқдор, унинг ёнидаги ноғора урувчи ва оломон ҳарбийлар томонидан узилаётган ўқлардан тутдек тўкилди, тошлоқ ердаги майсалар эрк истар инсонларнинг қони билан суғорилди. Илма-тешик бўлган ноғорасини қучганича қонга беланган ноғорачи қулади. Байроқдор эса ҳисобсиз ўқлардан қалқиб кетса-да, байроқни қўйиб юбормасди. Унинг матонатидан ҳарбийлар ҳам ҳайратга тушишди. Уларда илк бора ғанимларга нисбатан улкан ҳурмат билан бирга иккиланиш ҳисси уйғонди. Баъзи аскарлар милтиқлари учини ерга қилишди. Бу қўзғолончиларга хайрихоҳлик, отишдан бош тортиш белгиси эди.

Бир оз кутилса ёки сусткашликка йўл қўйилса, жанг қўзғолончиларга бой берилиши мумкин эди. Офицерлардан бири ўртага отилиб чиқди ва байроқдорга кетма-кет ўқ узди. Байроқдор ерга қулади. Офицер ёрдамчи гуруҳдаги аскарларни жангга бошлади. Бир томонда тиш-тирноғигача қуролланган, машқ кўрган ҳарбийлар, иккинчи томонда паншаха, болта, ўроқ ва калтаклар билан қуролланган оломон ҳам шовқин солишганича олдинга қалқди. Ҳарбийлар тўхтар, тиззалар, атрофни порох тутуни ва ёқимсиз ҳидга тўлдириб ўқ узишар, оломоннинг сафи дув тўкилар ва яна ҳар икки томон олдинга силжирди. Қонга ташна ўқлар визиллади; этлар пора бўлди, бошлар узилди, парчаланди, оёқ-қўллар сочилиб, қонлар дарё бўлиб оқди. У тўкилаётган беадоғ қонлардан карахт эди. Ўзи ҳам ўқ узди, ер тишлатди. Даҳшатли қирғин-баротдан сўнг жуда сийраклашиб қолган оломон пароканда бўлиб, қочишга тушди. Шунда ҳисобсиз жасадлар ичра байроқдорнинг жасадини қучиб турган оқ либосли, кўркам чеҳрали жувонга рўбару келишди. Жувон бақириб йиғлаганича қарғанди.

— Қонхўрлар! Ўз биродарларингнинг ҳам қонини тўкасанларми? Илоё, сенларни ер ютсин! Балога гирифтор бўлларинг!

Унинг наздида бу қарғиш тўкилган жами қонлардан ҳам оғир, залворли эди. Юрагини оғир бир юк келиб босганлигини туйди. Мўйлови эчкининг думидек дикрайган жингалак сочли офицер аёлнинг бўйни, елкаси аралаш қилич урди...

Аёл байроқдор устига жонсиз қулади. Шунда, шунда аёлнинг нигоҳидаги наф­рат ва алам унинг нигоҳи орқали юрагига кўчганлигини, ботинида чидаб бўлмас изтироб ва оғриқ турганлигини туйди; ўзи билмаган ҳолда офицернинг бошига қараб пайдар-пай ўқ узди...

Шу он кураклари орасини тешиб ўтган даҳшатли оғриқни туйди, орқасига ўгирилишга ҳам мажоли бўлмай, ерга юз тубан қулади. Ва яна... бу сафар этни йириб, кўксини тешиб чиққан қўрғошин заҳрини ҳис қилди.

Кўзини очганда қоронғу бир уйда ётганини кўрди. Кўкси худди бировникидек, кўтариб, қимирлаб бўлмасди.

— Қимирлама, аскар, қимирлама! — деган овоз эшитилди. — Жароҳатинг оғир!

Бир ой давомида даволанди. Ўзгарди. У ўша отишмада ўлган, мутлақо бошқа одам бўлиб дунёга келганди. Жисм ўзиники, аммо руҳ, қарашлар аввалги ғафлатдаги қарашлардан бегона, аммо жуда ёқимли, оғриқли ва ёниқ эди. Ярадор ётган кезлари унинг қалбида ҳаётга нисбатан қандайдир некбин, кўз илғамас, фақат туюш мумкин бўлган туйғу ситилиб кириб, руҳига жо бўлган эди.

Ўнгида ҳам, тушларида ҳам ўша, байроқдор ва унинг садоқатда тенги йўқ рафиқасининг, қонга беланган жанг манзараси турарди.

— Чиз, — деди тушига кирган аёл унга. — Бизнинг эрк учун курашганларимизни, садоқат, матонат ва муҳаббатимизни абадиятга дохил қил!

У ўшанга қадар қўлига қалам олмаган, мусаввирлик нима эканлигини ҳатто англамасди ҳам.

— Чиз, — деди яна тушига кирган аёл унга.

— Бизнинг эрк учун курашганларимизни, садоқат, матонат ва муҳаббатимизни абадиятга дохил қил!

У нима қилишни, ишни нимадан бошлашни билмасди.

— Чиз, — деди яна ва яна тушига кирган аёл унга. — Бизнинг эрк учун курашганларимизни, садоқат, матонат ва муҳаббатимизни абадиятга дохил қил!

У ўзи билмаган ҳолда чиза бошлади ва яратиқларидан ўзи ҳам ҳайратга тушарди.

— Наҳот шуларни мен чизаётган бўлсам?

Кейин яратиқлари билан ўзгаларни ҳам ҳайратларга сола бошлади...

Сурат тайёр бўлди. Фақат бир бўёқ суратга жон бағишлаши мумкин эди. У буни билганди, англаб етганди, муҳими — тайёр эди.

— Вақт етди! — деди у ва чап қўли томирини тилди. Қонни олдиндан тайёрлаб қўйилган махсус суюқлик аралаштирилган идишга тўкди. Аралаштирди ва суратга солди. Қўзғолончиларнинг, байроқдор ва унинг хотининингжароҳатига суркади. Улардан сал нарида, курагидан ўқ еган аскар — ўзининг жароҳати эса очиқлигича қолди.

Ҳавога ҳам, булут-у ботаётган қуёш нурларига, ерга ҳам, милтиқ, учаётган ўқ, тутаётган порох, портлаётган бомбага ҳам шу бўёқдан суркади, суркайверди. Ҳар бир қўзғолончининг жароҳатига, қорачиқлардаги жанг манзараси аксига ҳам, ҳар бир буюмнинг соя изларига суркади. Майсалар, тош йўлаклар ва деворлар ҳам унинг қирмизи қонидан алвон-алвон бўлди.

У қонсираб, ҳолсизлана бошлади. Аввалига ҳаммаси аста-секин хиралашиб, бир муддат ҳеч нарса кўринмай қолди, кейин ўзини бироз ҳолсиз бўлса-да, жуда енгил ҳис қила бошлади...

Қиз кириб келганида рассомнинг жонсиз танаси ерда чўзилиб ётар, пол ҳалқоб қон, деразадан тушиб турган ёруғлик чекинган, олам аҳлини ҳайратга солувчи буюк санъат асари эса ўзидан илоҳий жилва таратар, қизнинг кўз олдидаги суратда эса бутун воқелик жонланди; наъралар, ярадорлар инграши, жангга даъват этувчи ноғоралар товуши, ўқ ва тўп шовқинлари, портлашлар, порох, қон ҳиди, ҳамма-ҳаммасини рўйи-рост намоён бўлди. Ҳисобсиз жасадлар ичра байроқдорнинг жасадини қучиб турган оқ либосли, кўркам чеҳрали жувон бақириб йиғлаганича қарғангани эшитилди.

— Қонхўрлар! Ўз биродарларингнинг ҳам қонини тўкасанларми? Илоё, сенларни ер ютсин! Балога гирифтор бўлларинг!..

Қиз устози бошини қучганича ўксиб-ўксиб йиғлади, кейин суратни матога ўраб кўтарганича уйдан чиқиб кетди. Уни-да, суратни-да қайтиб ҳеч ким кўрмади...