“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 305 марта кўрилган.

ИТ

Ўктам МИРЗАЁР

ИТ

Унинг ичида ити бор. Ростмана. Панжалари нақ айиқникидай. Тирноқлари эса мушукникидай — кескир. Буни у ичини ити тирнаганида билади. Аммо зотини, қиёфасини тасаввур қила олмайди. Қанча ўйламасин, ўхшаши йўқ. Ҳойнаҳой, кучлилигига қараганда чўпони кўппаклардан қолишмаса керак. Ҳар ҳолда у шундай ўйлайди.

Бу ит қачон унинг ичига кириб қолганини ўзи ҳам билмайди. Катта лавозимларда юрганида ити йўқ эди. Ҳамма унга қуллуқ қилар, айтгани-айтган, дегани-деган замонлар. Бунақа пайтда ити ҳам ундан қўрққан бўлса керак-да! Думини қисиб, ичида пусиб ётган. Ҳозир эса ҳайиқмайди, нақ кўкракларини йиртиб чиқиб кетгудек тирнагани-тирнаган.

У ўзининг ичида ити борлигини мансабдан тушган кезлари телевизорда Алибой деган оғайниси кўринган куни сезиб қолди. Алибой бир пайтлар камсуқумгина бола эди. Анча бўлувди кўрмаганига. Унутиб ҳам юборувди. Ўзгариб кетипти. Салобатли, гап-сўзлари ҳам дона-дона. Бамаъни одам бўлибди. Юзидан нур балқиб турибди. Аввал, шунча чиққаннинг бири-да, ахир телевизорда ҳам кимдир кўриниб туриши керак-ку деган хаёлда эътиборсизгина эшитаётувди. Бир пайт титрда унинг каттагина лавозими, исми-шарифи ўқлоқдек ҳарфлар билан ёзилганини кўриб, бошқача бўлиб кетди. Ана кўринг томошани. Ичидаги ит ҳам болалик дўсти Алибойни таниб қолди шекилли, шу бало ташланди, шу бало ув тортди, кўкрагининг ичидан шундай тирнадики, вой-вой-вой, бечоранинг кўзларидан ёш тирқираб кетди. Нақ аччиқ гармдорини биров мажбурлаб чайнатиб тургандай анча вақтгача афтининг бужмайгани кетмади. Шу куни у на ёта олди, на бир жойда тура олди. Шу-шу ичидаги ит унга бўйсунмай қўйди.

Ҳозир юрагини роса олдириб қўйган. Бирор нарсага тикроқ қарай олмайди. Ён-веридагиларга ичида қутуриб ётган ити борлигини айтолмайди. Ўлдиришининг эса чораси йўқ. На дори кор қилади, на насиҳат. Ит эса, итлигидан қолмайди.

У баъзан ёлғиз ўтирганида бирдан хўрлиги келиб, аламидан йиғлаб ҳам юборади. Маънисиз кўзлари тепага қадалган, кўзидан оқаётган совуқ ёш сизиб келиб, бурнининг катта канагини айланиб ўтиб, лабига ёйилади. Шўртак сувдан ўзига келиб, хўрсинади ва болалигини, катта лавозимда юрган итсиз кунларини роҳатланиб эслайди.

Энди эса ит ҳам унинг айтганини қилмай қўйган.

Бирор кун, бирор соат йўқки, дам олса. Ичида ити тилини бир қулоч осилтириб, қонга тўлган кўзларини лўқ қилиб, мижжа қоқтирмайди. Унинг ҳансираганча, атрофни кузатиб ётганини яққол кўз олдига келтиради. Буни қарангки, ити унинг кўзи билан оламни кўради. Қилт этган шарпани сезса, тамом. Ичини тирнагани-тирнаган. Ҳатто, дарахтнинг сояси унгамас, ёнидаги шеригининг бошига тушиб қолса ҳам шу аҳвол. Ўзидан аввал ити сезади. Бошланади.

Кечалари ичидаги итига қўшилиб ўзи ҳам ув тортиб, ағанаб чиқади. Кун бўйи кўрган-кечирганлари кўз ўнгидан ўтади. Итига ҳисоб беради. Уни аврайди. Бироқ, ит, итлигини қилади. Кўнмайди. Ув тортаверади. Итнинг тортган уви кучлилигидан баъзан товуш унинг ҳам ичидан, бўғзидан чиқиб кетади. Бу аламли увни ўзи ҳам эшитади. Биров сезиб қолмасин, деб, дарҳол холи жой излаб қолади. Дов-дарахт, топилса, мажнунтоллар тагига кириб, хаёлларини қочирами-ей, киши кўзи учун шеър-пер ёзишга тутинган шоирдай хаёлчан юриб, ўзини овутади гўё.

Бечоранинг кўзлари торт­ган азобидан киртайиб кетган.

Атрофидагилар бу одамни сира тушунмайди. Гаплашиб ором топмайсан. Ройи келса, кўрган одами билан ё бош ирғаб саломлашади, ё йўқ. Хаёл сурган киши бўлиб, ёнингиздан ўтиб кетаверади ҳам. Ити уйғониб қолишидан чўчийди. Ахир, бирортасининг кўйлаги ёки туфлиси, ё бўлмаса бирор нарсаси, дейлик, ўзини тутиши ёқмаслиги мумкин-да! Тамом. Шу куни итига ем бўлади. Тин йўқ!

— Эй Худо, нега мени шундай яратгансан, нима гуноҳим учун шундай дардга мубтало этгансан? Бошқалардай ўйнаб-кулолмасам, чойхоналарда, дўстлар, оила-аъзоларим даврасида ором ололмасам?! Ҳатто, невараларимни бағримга босиб, роҳатланолмасам, ўғлимнинг бўй-бастига боқиб, ғурур туймасам, бу қандай кўргилик, бу қандай жазо? Нима қилай?!

Бечора кўнглидан отилиб чиқаётган бу нидони овоз чиқариб ҳам айтолмайди. Қўрқади. Биров эшитиб қолса-чи? Ким деган, нима деган одам бўлади? Шундай қилиб, ичидаги итига ем бўлиб қолган.

Оғриқнинг зўридан итига ён беради. Унинг зайлига кўнади. Қўшилишиб, ўзи ёқтирмаган одамларга ташланади. Шундай ғашиғадики, оғзидан кўпиклари сачраб кетади. Ҳургани-ҳурган. Ити ичида, ўзи ташида. Кўзлари қизариб, олайиб кетади. Шундай қилса, оғриқ сезилмайди. Бироз енгил тортади. Аммо бу ҳол кейинги пайтда, афсуски, тез-тез такрорланадиган бўлиб қолди. Бунинг ҳам ўз сабаби бор.

Бир куни ўзига яқин олиб юрган, нописандгина қараб юрадиган ошнасиникига бориб қолди. Биргалашиб, каттароқ лавозимдаги «ока»лардан бириникига боришадиган эди. Издиҳом эгаси йўлбошиликни келиб-келиб ўша ошнасига топширганди. На илож, йўл усти бўлгани учун уникига киришга мажбур бўлди. Обрўлигина акаси туфайли у билан кўча-куйларда салом-алик қилиб юрар, борди-келдиси йўқ эди. Эртароқ бориб қолибди. Дўстини қўймай ичкарига таклиф қилди. У ҳам ошнасининг туриш-турмушини бир кўрай-чи, деган хаёлда, қизиқсиниб ичкарига бош суқди.

Ҳовли ўртасидаги нақшинкор чорпояда парқу болишлар. Кўринишидан ошнаси бир неча сония аввал ана шу болишлар оғушида хондай ўтирган. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Чунки, ҳовлида ундан бошқа ёши каттароқ одам йўқ. Бирдан: «Вой ярамас-ей, шу даражада ўзини яхши кўрмаса бу кас», деган хаёлга тутқун бўлди.

Шу пайт ошнаси, устидаги куйлаги унча уринмаган бўлса-да, хонадон ичкарисига қараб амрона буйруқ қилди:

— Онаси!

— Лаббай!

— Янги кўйлагимни олиб чиқинг!

— Хўп бўлади, адажониси.

«Вой, пандавақи-ей, бу жуда бало-ку», деган хаёл аввалгиларини қувалаб ўтди.

Хотин нозиккина чинақайчасига оппоқ кўйлакни илиб, ҳавода елвагай ҳилпиратганича, ирғана-ирғана ҳовлига чиқди. У томонга қараб бир нималар деб сўрашдими-яй, қулоғига гаплари кирмади. Эр ҳам ўнг қўл чинақайининг бир учи билан куйлакни оласолиб, эгнига ёпди-да, енгига қўл суқиб яна амр қилди:

— Туфлигим билан пайпоқни ҳам ола чиқинг!

— Хўп бўлади, адажониси!

Хотини уларни олиб чиққунича ошнаси қаддини ғоз тутганича куйлакнинг тугмаларини тақиб, енгига ўтганди. Бир қўлида яп-янги пайпоқ, иккинчисида ялтираб турган туфли ажойиб бир латофат, ажойиб бир карашма билан ирғана-ирғана келаётган хотинини кўриб, чорпоя рахига илиниб ўтирди-да, чап оёғини кўтарди. Хотин аввал пайпоқни кийдирди, сўнг туфлини. Ўнг оёққа ҳам шундай ҳурмат бажо келтирилди. Ошнаси яна қаддини тутиб, кўйлагининг этакларини шимининг ичига тиққунича хотин туфлининг попукдай ипларини ҳам ҳалқача-ҳалқача қилиб боғлади.

Ана кўринг иззатни. У буни кутмаганди. Ошнасининг уйидан кайфияти бузилиб чиқди. Издиҳом ҳам татимади. Уйига қайтгач, хотини кўзига кундадай кўринди. Шунча кўргиликларни кўриб, ғашиғиб ётган ити ўртага тушди. Қўшилишиб, хотинни талай кетди. Ердан олиб ерга солди. Аёлмасга чиқарди. Ошнасининг хотинини мисол қилиб, бечорани зор-зор йиғлатмагунча қўймади. Алқисса хотинга ҳам тил битди. Жон аччиғида эрига шўртаккина гап қилди:

— Намунча итлигингиз тутмаса?!

У бирдан жим бўлди. «Ярамас, у ҳам ичида ити борлигини сезган шекилли. Хабари бор экан-да!» Дарҳол «шоирлиги тутди». Хаёлга берилганча мажнунона нари кетди. Мана шунақа гаплар. Хотини ҳақ. Итлиги тез-тез тутадиган бўлиб қолганидан ўзи ҳам хафа.

Кеча аллағайтиб, яна бир яқин танишникига эрталабки ошга борганди. Ўша йигитда анчайин оқибат бордай. Ҳол-аҳвол сўраб туради. Қўли доим кўксида, боши қуллиқда. Шу боис уникига келувди. Тумонат одам. Бировини таниди, бировини йўқ. Мезбон унга бироз эътиборсиздай туюлди. «Ўзи тўй қилса, шунча одам келармикан?» Кўпчилик келиб у билан ҳам сўрашиб кетди. Элчилик, тишини тишига қўйиб, қаторда тураверди. Ичкарига таклиф бўлди. Меҳмонлар дастурхон атрофида жамланди. У ҳам шулар қаторидан жой олди. Кўз қири билан ёнидагиларни кузатган бўлди. Кўпчиликни танимади, ёш-яланг, ҳамма ўзи тенгилар билан суҳбат қуришмоқда. Улар кўзига қаланғи-қасанғи бўлиб кўринди. Бир пайт кўнглидан: «Менинг тенгим шулармиди?», деган ўй лоп этиб ўтди. Тўй эгасининг мулозамат кўрсатмагани, эҳтиром билан, бир пайтлардагидай алоҳида хос хоналарга таклиф қилмагани учун жаҳли чиқди. Ичидаги ити уйғониб қолишидан чўчиб, нафасини ютиб ўтирди. Бўлмади. Шунинг ўзи етарли эди. Итнинг қулоқлари динг бўлди. Ириллади. Валлоҳи алам, бир пайт ит шундай тўлғандики, нақ, бор бўйи билан тик туриб у ёндан бу ёнга ағдарилгандай бўлди. Кўксини қўшоёқлаб шундай тирнадики, пичоқдай тирноқларнинг кесиб ўтмаган жойи қолмади. Азобдан инграб юборди. Биров эшитиб қолмасин, деб, қорни оғриган одамга ўхшаб, ўрнидан турди-ю, таш­қарига отилди. Тўйхонадан жадал узоқлашиб, ўзини ён атрофдаги дарахзорга урди. Япроқларнинг шилдир-шилдирига шайдо бўла-бўла итини тинчитди. Қайтиб киришга қувват тополмади. Узоқдан тўйхонага кириб-чиқаётган одамларни ҳавас билан бироз кузатиб турди-да, бу даргоҳни тарк этди.

Итдай дайдиб-дайдиб, уйига борди-да, хоналардан биридаги тўшагига ўзини ташлади... ва қайтиб уйғонмади. Хотинининг айтишига қараганда, елкасидан тортиб, ўнгламоқчи бўлганида эрининг ичидан бир марта «инг»иллаган овоз ҳам чиқибди.