“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 449 марта кўрилган.

РУҲ ҲАЁТГА ҚАЙТГАНДА

Санъат МАҲМУДОВА

ҲИКОЯ

Бу воқеани ҳақиқат десаммикан ёки эртак! Ҳар ҳолда Меҳри холанинг руҳи қайта дунёга келиб, набираю эваралари билан бирга яшаганини ўз кўзи билан кўрган одам менга айтиб берди. Ва мен «Бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм» деб ўша эшитганларимни ёздим.

Оиланинг энг каттаси Комил ака эллик ёш атрофида, хотини, икки қизи, бир ўғли бор. Ўзиям, хотиниям олий илмгоҳда дарс беришади.

Шу маҳалланинг кекса отахони, ёши саксондан ошган Давлат тоға Комил акани кўрди дегунча чеҳраси ёришиб кетади, узоқдан қучоғини очиб келиб, албатта раҳматли Меҳри холадан гап очади.

— Э-э, Комилжон домла! Яхшимилар, тинчмилар? Илоҳим, бувингизнинг руҳи поклари доим сизни қўллаб-қувватлаб турсин, омин! — у кичкинагина кафтларини қизил мағиз юзига суртиб жилмаяди. — Ажойиб бувингиз бор эди-да, раҳматлик, бутун маҳалла қизларига одобу ахлоқдан, чеварликдан сабоқ берардилар. Отинойи эдилар. Юрсалар йўлларида гул очиларди. Тилларидан бол томиб турарди. Совчилар ҳам етти маҳалладан атай шу... бувингизнинг шогирдларини излаб келишарди-да! Кампирим раҳматли ҳам Меҳри холанинг шогирди эди. Ҳай, нимасини айтай, бу... руҳинг шод бўлгур кампирим эллик йил бирга яшаб, бир марта дилимни оғритмапти-я. Бир марта-я!..

Давлат тоғанинг ҳозиргина кулиб турган кўзлари бир пасда ёшланиб, ўзи боладай хўрсинади. Ва бошини қуйи эгганча хайр-хўшлашади.

Комил ака энди ўйчан ҳолатда йўлида давом этади. Қизиқ, эллик йилда бир мартаям дилини оғритмапти-я. Мени-чи?!

Комил ака иш билан бўлиб, бувисини эсламай қўйганига ўкинди. «Яхшиямки, шу Давлат тоғага ўхшаганлар бор, улардан кейин нима бўламиз-а?! Онамнинг-ку сувратларини синглим катта қилдириб, уйининг тўрига илиб қўйган. Бувим-чи?! Бувим ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетаверадими?! Айтмоқчи, опамда бир кичкинагина сувратлари бор, деб эшитувдим. Шуни катталаштирсам...»

Комил аканинг қадами тезлашди. Ўзини енгил ҳис қилди. Бир ойга қолмай сувратни катта қилдириб, меҳмонхонадаги китоб жавони устига қўйди... «Бувижон, шу ердан бизга қараб ўтиринг-а», — деди.

Меҳри хола сувратда ҳам кўзларидан меҳр ёғилиб, шунчалар самимий, беозор қараб турибдики, хонага кирганки одам ундан кўз узолмайди.

Хушхабарнинг қаноти бор, деганлари рост экан, шу нурли суврат ҳам қариндош-уруғларни бир-бири билан кўриштириб қўйди. Амма-холалар, жиянлар: «Ҳай, эшитдингларми, Комил ака Меҳри бувининг сувратини катта қилдирибди», — дейишиб, бир-бирларига хабарлашиб, келиб-кетишди. Сувратни тавофу Комил акани дуо қилишди.

Меҳри холанинг руҳи тирик экан. Ёки кўпчиликнинг эъзозиданми сувратга жон битди...

Бир куни эрта билан торгина ошхонада чой ичишаётганда Комил аканинг дилини оғритишди. Кеча қизи, ҳа, фан номзоди бўлиш ҳаракатида юрган катта қизи: «Ишимга бош қўшмаяпсиз, ота ҳам шунақа бўладими?» — деб қаттиқ жеркиб ташлаганди. Бугун эса хотини гап билан узиб олди.

Комил аканинг пиёладаги чойи қолди, ҳорғин хўрсиниб, эгнига жомасини илганча меҳмонхонага кирди. Бувисининг сувратига, унинг меҳрибон, нурли кўзларига илтижо билан тикилиб қолди.

— Ҳозирги келинларга, қизларга сизга ўхшаган отинойилар жудаям керак, бувижон. Эй, худойим, оҳимни эшитсанг-чи! — деб юракдан нола қилди. Шу чоғ суврат жонланди. Ҳа, Меҳри хола ойимдока рўмолининг учларини икки елкасига ташлаб, майин жилмайганча сувратдан аста буёққа чиқиб келди. «Хафа бўлма, болажоним, невара келинимниям, эвараларимниям менга қўйиб бер. Ўзим бир гаплашай...» — деди.

Комил ака шошиб, бувижонини ўтқазгани жой тополмай қолди. Кўрпача ёзмоқчи эди. Ҳамма ёқ стол-стул, каравот, турли-туман антиқа жавонлару диванлар, оромкурсилар билан тўлиб кетганини мана шу топда сезди.

Бир пайтлар онаси раҳматли қавиб берган кўрпачаларни ҳам айвонга опчиқиб, тахлаб ташлашган. Комил ака бир амаллаб ранги офтобда ўнгиб кетган яшил бахмал кўрпача топиб келди. Палос устига кўрпача ёзди. Қўлини кўксига қўйиб, бувисини таклиф қилди:

— Бувижон, марҳамат, ўтиринг.

Кейин у хотинини, болаларини чақирди:

— Ҳой, келинглар, бувижонимни кўринглар! — деди Комил ака худди боладай яйраб, эркаланиб, — мана бу сувратдаги бувим шулар бўладилар. Худо хоҳласа, энди уйимизга файз бўлиб, бирга яшайдилар.

Меҳри хола келину эвараларига қучоғини очган эди, улар хиёл қош чимириб, қўл учини узатиб «яхшимисиз» дея эркакча кўришиб қўя қолишди. «Вой, тавба, бизнинг замонларда одамлар бир-биримизни бағримизга ажабтовур босиб кўришардиг-а», — деган ифода балққандай бўлди онахоннинг нигоҳида.

Шу чоғ ҳаммаларининг кўзи девордаги соатга тушди-ю «Вой, ишга кеч қоляпмиздеб тапир-тупур отланиб қолишди. Комил ака бувисининг ёнига келиб, унинг бахмалдек майин елкасини силади.

— Бувижон, хафа бўлманг. Хизматчилик... Мана, Дилшоджон тушгача уйда, — деб, 15-16 ёшлардаги кўзлари катта-катта, ўзи ингичка, ранг­пар, новча йигитчани кўрсатди.

Меҳри хола: «Майли, ой бориб, омон қайтинглар, ишларингиз унумли бўлсин», деб Дилшоджон билан қолаверди.

«Ҳай, майли, — деб ўйлади Меҳри хола ўзига таскин бериб, — одоб сабоғини Дилшоджондан бошлай қоларканман-да. Аввало нимадан бошласам экан, бу сочи елкасига тушган, бўйнига сариқ занжир таққан йигитчанинг дилига йўл топа олармиканман?» Шу чоғ Дилшоджон бурчакдаги стол устида турган каттакон қутининг тугмасини шаққ-шуққ этиб босди-ю, бирдан шовқин-сурон кўтарилди.

Меҳри хола чўчиб тушди. Кимдир тушуниксиз тилда бақирар, Дилшод узун-узун қўлларию оёқларини ғалати қимирлатиб, куйга жўр бўлар эди. Меҳри холанинг қулоғи чиппа битди. Дилшоджон унинг қулоғи ёнига келиб қичқирди:

— Сизга қанақа кассета қўйиб берай, бабуля?

— Нима у катайсанг, болам?

Дилшод «Вой шуниям билмайсизми?» деб қорнини чангаллаб кулди.

— Қўй, болам, ўша катайсангни ўчир, андак у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашайлик. Ўқишларинг қандай? Ўртоқларинг кимлар, нима ҳунар ўрганаяпсан?

Дилшод бу гапни эшитдими-эшитмадими, ҳайтовур гап қотди:

— Буви, мен дарс қилмайман, эртага имтиҳон! — деди.

Меҳри хола имтиҳон нималигини билади. Шунинг учун ҳам индамай айвонга чиқди. Эшикларни зич ёпди ҳам-ки, шовқин-сурон эшитилаверди. «Катайса»даги одам худди илон чаққандек бақирарди. Тавба, деб ўйлайди Меҳри хола, бизнинг замонда имтиҳонга тинч жой топиб дарс тайёрлашарди. Энди бунақа бўб кетибди-да!

Тушда Дилшод ўқишга кетаётгандагина «катайса»ни ўчирди. Олам тинчиди.

Ҳадемай Дилшоднинг опаси Маликахон келди. Кийимлари алламбало, сочи қулоғига зўрға етган. «Тавба, бизнинг замонда қизларнинг сочи тақимини ўпарди-я» — деб юборди Меҳри хола. Бу гапга Маликахон «Тақимни ўпадиган соч супургиликка ярайди», деб ҳозиржавоблик қилди ва ошхонада турганича нимадир тамадди қилди. Кейин шошилиб, йўлакда турган чўмичга ўхшаган буюмни қулоғига тутиб «алло, алло» деб, бошқача тилда узоқ гаплашди-да, кейин: «Мен исвиданияга кетвомман» деб, шарақлаб кулиб чиқиб кетди. «Исвидания»си нимайкан-а, — Меҳри хола ўйлаб ўйига етолмади.

Ҳадемай ишга-ўқишга кетганлар ҳам кеб қолишди. Дилшод ойнаи жаҳоннинг қулоғини бураб, диванга чўзилди. Комил ака газетга тикилди. Хотини ўзича ғудраниб овқатга уннади.

Кечки овқат пишди. Ҳайтовур, дастурхон атрофида ҳамма жамулжам бўлса, бир-икки оғиз гапирарман, деб ўйлади Меҳри хола. Йўқ, кино бошланди деб, телевизор кўриб ўтириб... ҳамманинг қўли таомдаю кўзлари кинода. «Киноси қурсин, нуқул отишма, бир-бирини ўлдиришдан нарига ўтмайди. Шу кинога қараб еган-ичганлари қандоқ ичларига тушаркин-а? Таом дегани, бамайлихотир тановул қилинса ҳазм бўларди».

Кинодан кейин яна алламбало томошалар кўришди. Малика ҳам «исвидания»сидан ҳориб-чарчаб келди. Кейин ҳаммалари эснаб-эснаб уйқуга кетишди.

Эртасига ҳам худди шу аҳвол такрорланди. Биров билан бировнинг иши йўқ. Гаплашишга, ҳол-аҳвол сўрашга вақт қайда?

Улар яна ишга отланишаётганда, Меҳри хола секингина гап қотди:

— Ҳай, Комилжон болам, дам оладиган кунларинг ҳам борми?

— Ҳа-а, бор, бувижон, — деди у, — икки кун дам оламиз.

Меҳри хола чеҳраси хиёл ёришди. Демак, икки кун мириқиб... Шу пайт Дилшод гапга суқилди:

— Шанбада ойимлар билан «гап»га кетасизу. Якшанба куни телевизорда учта футбол бор. Ур-ре, кун бўйи футбол, яшасин! Кечқурун бокс.

Комил ака ўғил-қизига ғалати қарадию бувижонига кўзи тушиб, бир нима дейишдан ўзини тийиб қолди.

— Тавба! — Меҳри холанинг кўзлари ғамгин тус олиб, бош чайқади. — Жуда ғалати яшаркансила-я? Ҳа, айтмоқчи, анув фан номзоди бўламан деган қизингни бир кўрдиму кейин йў-ўқ бўб қолди-я. Ё турмушга чиққанми?

Дадасидан олдин Малика жавоб берди:

— Қанийди уни эр олса, бабуля. Ўттизга кирди. Қари қиз бўб қолди...

Қизгинанинг бундай беибо гапидан Меҳри холанинг эти жунжикди.

— Қани ўша опанг? Гапим кўп эди унга айтадиган, — деди.

— Сафарга кетган, бувижон, — жавоб берди Комил ака. — Домласининг олдига.

— Домласини? — Меҳри хола ҳайратдан лол бўлиб қолди. — Домулло деганинг ким?

Комил ака қараса бувисига узоқ тушунтиришга тўғри келяпти.

— Эй, бувижон, кечқурун ишдан қайтганимда ўзим сизга тушунтираман. Хўпми? Сиз ўтириб туринг.

Меҳри хола тарвузи қўлтиғидан тушиб кетгандай бўшашди. Меҳмонхонага кириб бахмал кўрпачага чўкди.

Тушгача Дилшод, тушдан кейин Маликахон «катайса»ни варанглатиб қўйиб, «дарс» тайёрлашди.

Меҳри хола қулоғи битиб, дока рўмолининг икки учини иккита қулоғига тиқиб олди...

Комил акани, келинию эвараларини орзиқиб кутди. Шу бугун айтади: «Бу ойнаи жаҳон ўлгурга бир кун дам беринглар, болаларим. Бундоқ бир-биримизга қараб ўтирайлик. Бир-биримизни тушунайлик. Маниям ўзимга яраша икки оғиз гапим бор», албатта шундай қилади. Ҳа, Комилжон ҳам айтиб кетдию кечқурун гаплашамиз деб, ҳадемай кеб қолар.

Ажаб, бир пайтлар дастурхон атрофига йиғилишганда қанча яхши гапларни гаплашиб олишарди. Ёш болалар қулоқ бериб тинглашарди. Ош-овқатдан кейин Бедилхонлигу, Навоийхонлик бошланарди. Эртаклар, дос­тонлар ўқишарди...

Шу пайт эшик тарақа-туруқ очилди. Меҳри хола «Вой-й, ер қимирладими?» деб дарров калима келтирди. Йўқ, ер тинч экану бу... Комилжон ғирт маст бўлиб келган экан. Эшикдан киргач пишқириб турди-да, кейин бувижонига кўзи тушиб, чанг, лой оёқ ки­йимини ҳам ечмай, гиламни босиб тўғри олдига борди. Тиз чўкиб бувисини ўпмоқчи бўлди. «Бай-бай, ҳиди қурсин-е».

Меҳри хола дока рўмол билан оғзини ўради. Юраги сим-сим увишди.

— Энди шу... ха-фа, бўмайсиз, бувижон, қиш... қишлоқдан шо... шогирд­лар кеб қолишувди.

— Вой-й, шогирдларига шу тариқа ибрат бўладими, киши деган. Шу ёшдаям ичса-я, товба! — деди Меҳри хола кўзларига ишонмай. — Шу ўзимнинг набирам Комилжонми?!

Келин ҳам ишдан қайтди. Эрининг турқи-тароватини кўрдию бор овози билан бобиллашга тушди.

— Яна ичиб келдингми, жонимга тегдинг, «гап»да ичиб маст бўлганларинг етмасмиди?

Ичкари хонадан Дилшод бақирди.

— Ойи, ўчиринг овозингизни. Дарс қивомман!

Малика эса ойнаи жаҳон овозини баттар баландлатди. Меҳри холанинг заифгина юраги бу аҳволга дош беролмади. У аста ўрнидан турдию рўмоли учларини елкалари оша ташлаб, суврат сари юрди. Сувратга сингиб кетди.