“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 583 марта кўрилган.

БАРДОШ

 

Азамат ХАЙРУЛЛАЕВ 

БАРДОШ

Ҳикоя

Бақирсаммикан? Бақирса, дарахтларда сийрак қолган баргларни юлқиб кетаётган куз шамоли овозини қишлоқ бўйлаб ёйиб юборади.

Овозини эшитган қишлоқ аҳли бири ишини қўйиб, бири чопонига ўраниб кўчага чиқади.

Нима бўлди?

Ким бақирди?

Биров ўлдими?

Сўнг катта-кичик овоз чиққан жойга тўпланади. Кексароғи сўрайди:

Тичликми?

Бақирмади. Тишини-тишига босиб, қўлларини бошига қўйиб, деворга ёпишгудай бўлиб, оғриққа дош берди.

Бақирса бошқалар эшитишидан эмас, ота-онаси, акалари эшитишидан қўрқди. Эшитса онаси-ку йиғлар, отаси-чи, отаси ғазабланади, акалари қаҳрланади. Кейин ўзи бир умр бу уйнинг эшиги тупроғига зор бўлиб отади.

Бошига яна қамчи келиб тушди. Оғриқ … Жонни зирқиратадиган оғриқ.

Хирсдай гавдали чавандоз ғазабдан кўкариб, ҳансираганча қамчига зўр берарди. Янга, Ойсулув янга совуқ мусичадек қунишиб, навбатдаги қамчидан бошини қўллари билан пана қиларди.

Оғзидан ароқ ҳиди келаётган, оёғида зўрға турган эридан Ойсулув янга икки қадам ташласа қочиб қутилади. Ана, оғилхона эшиги очиқ, ташқарига чиқиб олса бўлди.

Лекин янга қочмайди.

— Додламайман, ҳозир ўзи уришдан тўхтайди, яхшиям оғил ичидалигимда келиб қолди. Ҳеч ким эшитмайдиям, кўрмайдиям.

Ойсулув янга қўллари орасидан, жаҳлдан кўзлари пиёладай катталашиб кетган, ташланиб қамчи солаётган эрига қарар экан, нимадир эсига тушди.

***

Кетайлик Ойсулув. Отанг совчиларимни қайтарса ким деган одам бўламан?

Ота-онам… дуоси-чи, чавандоз ака.

Сени бой отанг мен етимга қиз бермайди. Агар совчиларим қайтса, бу қишлоқда қандай бош кўтариб юраман? Сени узоқларга олиб қочиб кетай Ойсулув…

Ой нурида, дарахтлар орасида ер тепинаётган от жиловини қўйиб, йигит қизнинг қўлларидан маҳкам ушлади. Шунда қизнинг кўзлари ер чизди. Бир дамлик ойдин тун сукути. Сўнг қиз нимадандир чўчигандай, оғиз жуфтлади:

Мени беш акам-чи? Улар кейин қандай бош кўтариб юради, чавандоз ака?

***

Совчилар… Совчилар кулиб- кулиб қайтишди.

Тўй бўлди. Катта тўй.

***

— Жоним, Ойсулувим!

Тўйдан сўнг бир йил ўтди.

***

— Йиғлама, жоним!

Икки йил ўтди.

***

Кутамиз Ойсулув, кутамиз.

Уч йил ўтди.

***

Энди сен… боргин, Ойсулув.

Йўқ, чавондоз ака, яна дўхтирларга борамиз. Яхши дўхтирлар бор.

Дўхтирларга бордик-ку?!

Дўхтир бўлмаса, табиблар бор!

Эйй…! Уларниям қанчасига бордик, Ойсулув.

Дўхтир бўлмаса, табиблар бўлмаса, худо бор чавондоз ака, худо!

Тўрт йил ўтди.

***

— Ойсулув… ҳали этак-этак бола кўрасан. Боргин энди.

— Йўқ, чавандоз ака, ҳайдаманг.

Беш йил ўтди.

***

Ичдингизми?

Ичдим!

Олти йил ўтди.

***

Ҳадеб ичаверманг, чавандоз ака. Худойимниям бизга атагани бордир…

Етти йил ўтди.

***

Ассалому алайкум! Турдингизми? Кеча … сал кўпроқ ичган экансиз.

Ҳалиям кетмадингми? Нима дегандим сенга?

Саккиз йил ўтди.

***

Келинг, эна, уйга киринг.

Келдим, болам. Яхши ўтирибсиларми? Вой ўлай, менга қара, кўзинг кўкарганми? Нима қилди? Илоё, урган қўлларинг синиб тушсин! Бепушт!

Қарғаманг, эна, қарғаманг.

Отангга бориб айтаман. Бу уйда бир кун ҳам яшамайсан. Акаларинг келсин бу зўрнинг олдига.

Айтманг, энажон.

Йўлимни тўсма! Ойдай адо бўлдинг-ку, қизим! Қўй энди, шу ҳўкизни! Олиб кетай, жон болам.

Бир йил кутайлик, энажон, бир йил.

Тўққиз йил ўтди.

***

Ўнинчи йил ҳам келди. Тушда Ойсулув янга ғарамдан паншаха билан емиш олиб оғилхонадаги сигирга бераётганида, ҳовлидан овоз келди:

Ҳов, қаердасан? Нима ўлиб қолдингми?

Ойсулув янга билди, чавандоз яна ичиб келибди. «Ҳозир уради». Ойсулув янга қўлидаги паншаҳани нари отиб, жимгина девор ёнида тураверди.
«Оғилхонадан чиқмайман, дўст кўзидан ҳам, душман кўзидан ҳам пана», ичидан ўтказди Ойсулув янга.

Оғилхона эшигидан тушаётган нурни тўсиб, чавандоз кўринди. Қўлида қамчи.

Кет демаганмидим сенга? Чавандоз ичкари кирди. Ойсулув янга баттар деворга ёпишди.

Кетасанми, йўқми? Биринчи қамчи тушди, сўнг яна қамчи.

Қамчилар …

«Пича чидасам уришдан тўхтайди».

Ичиб келган чавандоз хотинини уриб-уриб уйга кирарди-ю, дуч келган ерга ағнаб ҳуррак отишга тушарди. Ойсулув янга орқасидан борарди. Чавандоз кўрпа устида ётган бўлса яхши, бўлмаса унинг оғир гавдасини зўрға бир ён ағдариб, тагига кўрпа солиб, устини ёпади. Оёғидан қишин-ёзин ечмайдиган этигини торта-торта суғуриб олади. Кейин эри тургунича овқат тайёрлаб қўяди. Уйқудан уйғонган чавандознинг биринчи гапи шу бўлади:

Кетмадингми? Кет дегандим-ку, сенга.

Лекин бу сафар чавандоз уришдан тўхтайдиганга ўхшамас, баттар қутирарди. Ойсулув янга эрига бир қараб қўяркан, эрининг белбоғидаги пичоққа кўзи тушди. Ўлса-ю, ўзига урса. Йўқ, ўзи ўлиб қутилса, чавандозни ҳоли нима кечади. Чавандозни ўйлаганда Ойсулув янга ўлгиси ҳам, ундан ажралиб кетгиси ҳам келмайди. «Менсиз қандай яшайди», деган саволни ўзига берган янгани яна бир нарса қийнайди: «Мен-чи…»

Бошига қамчи кетидан қамчи тушаётган Ойсулув янганинг кўзида бир томчи ёш кўринмайди, ҳатто эрини бир оғиз қарғамайди. Ойсулув янга учун эр пайғамбар. Пайғамбарни ҳам қарғаб бўладими?!

Қўллари орасидан эрига яна бир қараган янга чавандозни орқасига бир қадам ташлаганини кўрди. «Ана кетяпти», — деб ўйлади Ойсулув янга. Лекин бирдан белида пайдо бўлган кучли оғриқдан дод солиб юборди:

— А-а-а…

Нарида ётган паншахани иккинчи марта хотинига урган чавандоз бироздан сўнг ўзига келди.

— Ойсулу-у-у-у-в!!! У-у-в.

***

Нима бўлди?

Тинчликми?

Қўни-қўшни йиғилди.