“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 655 марта кўрилган.

БОДОМЗОР

Ҳабиб АБДУНАЗАР

БОДОМЗОР

Ҳикоя

Ерқўрғон тепаликларидан чанглари қоқиб олинган кўҳна шаҳар харобаларининг таъмир нусхасидек қад кўтарган пастқам лойсувоқ уйлар, туташ дўнгликларга сурув ёйган чўпон, эшакаравага янтоқ ортиб қайтаётган чол, исириқ ўриб дасталаётган қиз, отга омоч қўшиб ер ҳайдаётган деҳқон... тарих гўё шу мўъжазгина дашт бағрида қайта юз очган.

Ҳусайн ёмғирда ювилавериб тишланган нондек бўлиб қолган тизза бўйи девор билан ўралган уйнинг қийшиқ ёғоч дарвозаси табақасини аранг кўтариб очди.

– Узро!.. Ҳой, қай гўрдасан?

Тошқудуқдан сув тортаётган Узро сатилни қудуқ ичида қолдирди-ю, бошидаги рўмолини йўл-йўлакай тўғрилаганча югургилаб келиб, эрининг қўлидаги дўппидай тугунини олди ва супа устида юрган товуқларга қараб югурди.

– Кишт, ҳаҳ қирилгур, – у эгилиб ерни сирмалаганча кесак излади. Қўлига илашган хасни олиб отганди, ҳавода пардай бир айланиб, гардирўмолига келиб қўнди, товуқлар «парр» этиб супадан ўзини ерга ташлади.

– Кишт, ки-и-шт... Катакдан чиқарма дейман. Далага бериб юборай десанг, ҳузурини шақол кўради... – Узро тугунни айвонга қўйиб, сатилни олгани тошқудуқ сари кетди. Ҳусайн чуқур «уф» тортиб, уй зинасига чўкди.

– Яна ўша Бўрибойми?.. – чап томонга оғганча сатил кўтариб келаётган Узро эрининг авзоини кўриб қошини чимирди.

– Нимаймиш, ерни Жўрага қўшармиш! – Ҳусайн гўё ёнида бошқа одам бордек унга қараб гапирган кўйи хотинига дардини очди. – Қаровсиз, юлғун босиб ётган ер эди. Қаерданам шу жойни бодомзорга айлантираман дедим-а! Ўша номинг ўчкур билан бугун бундай тортишувлар йўқ эди.

– Балога йўлиққурга ор бўмапти-да, отаси, – Узро қандайдир воқеани эслагандек узун ва кенг енгини тирсаккача шимариб, кўча тарафга ким биландир уришаётгандек қўл сермади. – Ўтган йил ҳам қилиқ чиқарувди. Болам, ҳўкиз ўлган билан, кўзининг олайгани кетмайди, дерди онам раҳматли.

Узро ҳамон қўлида турган сатилдан офтобага сув солиб, Ҳусайннинг олдига келтириб қўйди-да, дарахтнинг буталган шохига осиғлиқ сутсатилни олиб, сигир соққани оғилхонага ўтди.

Ҳусайн муздай сувга ювиниб, белқарсининг бир четига юз-қўлларини артиб ҳам бўлган эдики, бир бўлак кесак тўп этиб ёнига тушди. У шундоқ ёнгинасида талтайиб, супа устига сербарг шохларини ташлаб соябон ҳосил қилган чинни гужумга қаради: у ёқ-бу ёққа аланг­лади; ҳеч ким йўқ. Болалар қушларга кесак отган бўлса, бирор айри шохга қисилиб қолган-у, кейин тушган, деб хаёл қилди-да, секин ўрнидан туриб, пешайвонга чиқди.

Дастурхон бўйига ўтириши билан чироқ ҳам ўчди. Туриб, дераза рафидаги қорачироқни ёқди. Девор юзидаги чироққа ўзини парвонадек ураётган қора чигиртка, қўнғиз, бузоқбош энди қорачироқ шуъласига ўрмалаб кела бошлади; бўсағадаги этигини олиб, пошнаси билан бир-иккита бузоқбошни эзиб ташлади, лекин адоғи кўринмайдиган бу ҳашаротларни тугатолмаслигини билгач, бармоғи билан черта бошлади. Бу ҳам натижа бермади, дас­турхонни ўраб қўйди-да, ёстиққа ёнбошлади. Шу пайт уйнинг орқа деразасини кимдир қаттиқ чертди, эшик тақиллади, уй ичида нимадир ерга тушиб синди чоғи, жаранглаган овоз чиқди. Ҳусайн бирор ёввойи мушук қамалиб қолмадимикан деган хаёлда қорачироқни кўтариб, уйга кирди. Ҳеч ким йўқ, фақат тошойнанинг ўртаси ўйилиб, атрофига дарз кетган. Чироқ ёруғида унга қаради-ю, бир сесканди: ўз акси эмас, қўрқинчли махлуқ қараб тургандек; уни бироз Бўрибойга ҳам ўхшатди: тишлари бесўнақай, ўсиқ қошлари қабоғига тушган, кўзлари қонталаш... Ҳусайн ўзини тезда ойнадан четга олди-да, кимдир ушлаб оладигандек уйдан отилиб чиқди:

– Узро, Узро, деяпман!

Ҳеч қандай жавоб бўлмагач, елкасига тўнини ташлаб, уй атрофини айланиб чиқди: жимжит. Пастқам деворлар оша кўкка қаради. Тун аллақачон ўзининг қора сиёҳини борлиққа тўкиб улгурган. Юлдузлар шу қадар кўпки, осмон гўё юлдузларни кўтаролмай ерга эгилиб қолган гилос шохларидек тепаликларга тегиб турибди.

У юлдузлар жилвасига чалғиб, ваҳималарини унутгандек бўлди. Сўнг хотинини қидириб молхона тарафга юрди. Шу пайт орқасидан биров эргашгандек ғалати оёқ товушлари эшитилди. Ортига ўгирилиб, одам тугул ит қорасини ҳам кўрмади; яна юрагини қўрқув босди. Хайриятки, зулмат қўйнидан хотинининг зардали овози эшитилди:

– Хўш, жим!.. Ҳаҳ қирилгур. Тус дейман!

Ҳусайн овоз келган томонга бурилди. Эски тут дарахтининг япроқларини шатирлатиб тушган муштдек кесак молхона эшигига тиралган ходага тегиб, сочилиб кетди. Каллакланган йўғон шохлар тун қўйнида одамдек кўринди. Ҳусайн синчков тикилди: оддий шохлар. Қўрқувни сездирмаслик учун аста томоқ қириб қўйди.

– Қоронғида бало-қазо қозиқ атрофида айланади, – хотинига танбеҳ берди Ҳусайн. – Молни эртачироқ соғсанг бўларди!

– Иши бўмасин!.. – Узро мол-ҳол қаровига озгина бўлса-да ёрдами тегмаган эридан аразлаган бўлди; сигирнинг сағринига шапатилаб урди. Тарғил сигир бемаҳалда тинчи бузилганидан чўзиб мўъради.

Узро сутсатил устини оқ дока билан ёпиб, сават тагига қўйди-да, худди тундан кундузга ўтиб кетгандек пашшахонага кириб кетди.

Ҳусайннинг уйқуси қочди, пешайвон шифтига термулганча хаёлга толди. Ухладими-йўқми, билмади, тушими-ўнгими, англамади, чайир қоп-қора қўл белига чирмашиб, ўзига тортаётгандек бўлди. Кейин бели ва киндиги атрофини силай бошлади. Ҳусайн чирмовиқдек ёпишган дағал қўлни ушлаб тортди-ю, кўрган манзарасидан даҳшатга тушди: қоп-қора аёл шундоқ ёнгинасида ётарди. Ҳусайннинг бутун вужудидан қора тер қуйилди. Аёл кўзларини олиб қочганча, йигитни яна ўзига торта бошлади. Ҳусайннинг қулоғига туйқус азон овози эшитилди, ғайришуурий тарзда муаззинга қўшилиб қандайдир оятларни шивирлади. Шундан сўнг аёлнинг қўллари унинг белидан ажралди. Аёл митти ҳашаротга айланиб, тупроқ остида кетиб бораётган култавишак1  каби кўрпа остидан юриб, оёқ учи томондан ҳавода бармоқ қалинлигича узун оқ из қолдириб учиб кетди.

Ҳусайн кўзини очди-ю, ёнида ётган хотини ва унинг бир қўлини белида кўрди. Ўгирилиб хотинини қучмоқчи бўлди, аммо ҳозиргина унга чирмашган совуқ қўл, қора аёл ярқ этиб кўз олдига келиб, эти жунжикди. Ёстиқдан бош кўтариб бироз ўтирди-да, шу кўйи кўзи илинди.

Тонг ёришди. Қуёш дарахтларга урина-сурина, кимнидир излагандек айвон тепасига келди, йўқотган кишисини топгандек жилмайиб, тилларанг узун бармоқлари билан Ҳусайннинг киприкларига, юзларига тегинди. Ҳусайн ачишган кўзларини уқалаб ўрнидан турди ва ҳовлида куймаланиб юрган хотинини кўрди.

– Бу ер ютгурларни қилган ишини қаранг!.. – Узро болаларни қарғаганча ерда сочилиб ётган катта-кичик кесакларни супуриб бир ерга тўпларди.

Ҳусайн ҳовлидаги кесакларни кўриб, тунда рўй берган ваҳимани эслади-ю, юраги безовта урди. Чой ҳам ичмай далага жўнади. Бедапояга таралган сувни кўздан кечириб, бодом тагида бироз чўзилди. Бўлмади. Туриб, ариқ четига арқон­ланган молларни ўтлироқ ерга силжитиб, қозиғини этигининг товони билан тепиб-тепиб қоқди.

У кун бўйи чалкаш хаёллар қуршовида гангиб юрди, ҳатто қуёш алвон этагини липасига қистириб тепаликлар ортига ўтганини ҳам сезмади.

Ҳусайн бодомзор оралаб уйга қайтаркан шу боғ ҳам унга омонатдек ­туюлди. Тахта кўприкдан ўтиб қишлоқ йўлига бурилганди, кимдир елкасига қўл қўйгандек бўлди. Ўгирилиб қарашга юраги бетламади, тез-тез юриб уйига яқинлашди. Бу ҳам етмагандек, ичкарига қадам қўйиши билан, дарвозахонанинг чап томонидаги ҳужра деразаси жаранглаб синди. Ҳусайннинг капалаги учди.

– Ҳай, нима бўлди, отаси?! – Узронинг овози уни ўзига келтирди.

– Ойна михлари занглаганми дейман-да... – деди Ҳусайн жўяли бир гап айтолмаганидан хижолат тортиб. Эр-хотин бир-бирига хавотирли қаради. Ҳужрага киришди, Ҳусайн стол таглари, тахланган ғалла қопларини кўздан кечирди. Одам ёки ҳайвон кирганини билдирувчи бирор белги йўқ. Бу хона эшиги доим ташқаридан сим билан чандиб қўйиларди.

– Хотин, ҳеч нарса сезмадингми? – Ҳусайн хаёлига келган нарсадан чўчиб кетди. – Ўғри бўлса-я...

– Йўғ-э... Отаси... Сизга гап айтишданам қўрқади одам... «ўйнашингдир» деб бирдан жазавага тушасиз...

– Гапирсанг-чи, – силтаб ташлади Ҳусайн.

– Кеча денг, – у қўлларини чўзиб, кўрсаткич бармоғи билан тут дарахтига ишора қилди, – мол соғаётувдим, дарахт тагида Холмат бангини итига ўхшаган кучук кўрдим. Қулоқ, думи кесилмаган, катталиги бузоқдай келади. Шохлар қасирлагандай бўлди. Қарасам, пешанасига қора латта боғлаган бир йигит манга қараб турибди. Тарашадай қотиб қолибман. Сизни чақирувдим, дарров кўздан ғойиб бўлди. Тавба! Уйга кираётганимда яна ўша йигитни девор устидан юриб кетаётганини кўрдим.

– Кўзингга кўрингандир-да, – деди Ҳусайн бир ишониб, бир ишонмай.

– Чи-ин. Ўлай агар...

Икки кундан бери бўлиб ўтган ғалати воқеалар ва хотинининг ваҳималари гапларидан сўнг юрагига ғулғула тушган Ҳусайн ўша тун тандирхонага жой қилиб, отасидан қолган қўшоғиз билан пойлоқчилик қилди. У ердан ҳовли кафтдек кўриниб турарди.

Кузда кеч тушиши билан дала-дашт илиққа келган шоқоллар овозидан жунбишга келарди. Бугун ҳам дашт бўйлаб шоқоллар ваҳимали ит­ҳуриш қилди, улар бир-бирига бас қилиб, шунақа шовқин кўтаришдики, гўё қишлоққа мўр-малахдай бостириб келаётганга ўхшарди. Ўқтин-ўқтин итлар ҳам ҳуриб қўяди. Овозлар тингач, кўп ўтмай ҳовлида шипиллаган қадам товушлари эшитилди. Ҳовлига изма-из кесаклар отилди. Дерзаларни кимдир бармоқлари билан чертди, эшик ғижирлаб очилди. Уй ортидан кимдир дукурлаганча чопиб ўтди. Ҳусайн хавотир ичида пашшахонага қаради, чинни гужум шамол бўлмаса-да, қаттиқ силкинди, пашшахона четлари ҳилпираб кўтарилди. Хотини қичқирди, болалари дод солди. Ҳусайн ўқдек учиб бориб, пашшахонани юл­қиб отди. Ҳеч ким йўқ. Ҳусайн болалари ва хотинини тинчлантириб, ичкарига киритиб юборди. Сўнг бирор қорани илғамаган бўлса-да, девор бўйлаб икки марта ўқ узди. Ўқнинг момақалдироқдек овозидан дашт шоқоллар йиғисига тўлди. Ҳусайн хотини ва болалари ўтирган хонага кириб, эшик, деразаларни маҳкам тамбалади. Қўрқувдан нафаси ичига тушиб кетган болалар ҳиққиллаб йиғлар, Ҳусайн дераза олдига борса, изидан пилдираб эргашар, эшик ёнига келса, улар ҳам эшик ёнига келишарди.

 Ҳусайн бетоқат бўлиб айвонга чиқди. Зинадан пастга тушмай эшик олдида қўшоғиз билан пойлоқчилик қилди. Ҳовлига ўқтин-ўқтин отилаётган кесаклардан бошқа ҳеч нарсани кўрмади; тунги чигирткалар чириллашидан бошқа ҳеч қандай овозни эшитмади.

Тонг ота бошлади. Оқ ёғду япроқларни шитирлатди, девордан уваланиб тушган пахса ушоқлари овоз берди. Девор ортидан далага кетаётган одамларнинг ғўнғир-ғўнғири эшитилди. Ҳусайн ичкарига кирди. Болалари – бири деворга суянган, бири ўтирган жойида ёстиқни қучоқлаганча донг қотиб ухларди. Ҳусайннинг ўпкаси тўлди.

«Агар мол-ҳолга келган бўлса... Йўқ, унда келганини атайлаб билдирмасди. Зиён етказиш бўлса, буни ҳам аллақачон уддаларди...» Кети йўқ жумбоқларга ечим тополмай чорасиз қолган Ҳусайн қарийб ўн кеча уйқу бетини кўрмади.

Ҳар куни кесаклар ёғилади, кутилмаганда деразалар синади, том устида қандайдир милтираган кўк шуълалар пайдо бўлади... Охири ака-укаларини ҳовлининг ҳар бир жойига ўра борми, жўяк борми, ғўзапоя ғарами ичими, ҳатто том устига ҳам пойлоқчи қилиб қўйди. Улар ҳам кесакларни кўрди-ю, одам қорасини кўрмади. Ҳатто улар яширинган жойдан ҳовлига кесак отилди.

Гоҳ-гоҳида Узрога ит етаклаган, пешонасига қора тасма боғлаган йигит кўриниб кетарди. Шундай паллаларда Узро эрининг отини тутиб қичқирар, эри келиши билан йигит кўздан ғойиб бўларди.

– Кўзингизни боғлабди, – Узро йиғлаб юборди, – мен кўраман десам ишонмадингиз...

Ҳусайн эртасига хотинининг қистови билан қўшни қишлоққа бориб, Фарида жўгини бошлаб келди. Фарида оқ бўздан тикилган халтачасини қўйнига қистирганча ўзига ўзи пичирлаб ҳовлини бир сира айланиб чиқди. Сўнг эски тутнинг тагида тўхтаб, ерга чўкди, ичида бир нималарни ўқиб, халтачадан пичоқ олиб ерга санчиб суғурди. Пичоқни бурни тагига олиб келиб ҳидлади. Яна бир-икки жойга пичоқ санчиб ҳидлаб кўргач, бошини сарак-сарак қилиб Ҳусайнга қатъий оҳангда деди:

– Ҳай, уяси шу ер! Мана шу ердан туриб жинкесакларини ҳовлига отган улар. Бачам, тез манга бир тоғора сув, озгина оқ бўзми, рўмолми келтиринг.

Узро айтилганларни муҳайё қилди. Фарида жўги енгларини шимариб узоқроққа бориб турди. Ҳусайн жўги кўрсатган ерни белкурак билан ковлаб, тупроғини рўмол устига ташлай бошлади.

– Бўлди, бачам, – деди Фарида жўги, сўнг Узрога қараб: – Сиз рўмолдаги тупроқни қўлингиз билан яхшилаб уқалаб бир четга олаверинг, хай. Бирор нарса қўлингизга илашса, дарров айтинг, бўлмаса амал қочади.

Узро айтилганидек қилди. Фарида жўги бир нималарни ўқишга тушди. Бир вақт Узро «Мана, топдим!» деб бақириб юборди. Унинг қўлида бир бўғим келадиган, қора ип билан чандиб ташланган тугунча. Фарида жўги Узронинг қўлидаги тугунчани олиб, тоғорадаги сувга чайди. Сўнг ипларни ечиб тугунчани очди.

– Айтдим-ку, сизларга, бачам, амал бор деб. Мана буниси тирноқ – озиб кетсин деган; буниси соч – тўкилиб кетсин деган; буниси тиғ – дўхтирга иши тушсин деган... – тугунчанинг ичида нима бўлса бир-бир кўрсатиб, изоҳлай бошлади. Сўнг Узрога юзланди: – Энди буларни ариқ сувига оқизинг!.. Уйингиз тоза бўлади, бачам. Ким амал қилган бўлса, ўзига қайтарма қиламан, хайми?

Ҳусайн ва Узро жўгининг «каромат»ларига таҳсин айтиб, анча енгил тортишди. Фарида жўги бу хизматлари эвазига боқувдаги семиз қўйлардан бирини танлаб олди. Камига Узро сарпо-суруқ ҳам бериб кузатди.

Аммо кўпга чўзилмаган хотиржамликдан сўнг, Фарида жўгининг кароматлари ҳам фойда бермади, чоғи, кесак отишлар баттар кучайди. Эҳтимол, Фарида жўги айтганидек, тугашидан олдин бир «қўзғолопти»ми?

 

     * * *

Бир кун Бўрибой келди. У ердаги кесаклардан бирини олиб, у ёқ-бу ёғини обдан айлантириб томоша қилди.

– Жинкесакмиш, оддий кесак-ку, – деди у гўё бу кесакларни метеорит хаёл қилган-у, аммо у кутган воқеа содир бўлмагандек ҳафсаласи пир бўлиб. – Болаларни шўхлиги... – деди яна истеҳзоли кулиб, сўнг худди тепасида биров милтиқ ўқталиб тургандек, тез-тез юриб дарвоза сари йўналди. Ҳусайн ҳайрон бўлди. Бўрибойнинг бу ҳаракатлари унга сал эриш туюлди, тўғрироғи, шубҳа уйғотди. У оқсоқол бўлса, балки ораларида бўлиб ўтган арзимас можаро сабаб, у бу воқеаларга пинагини ҳам бузмагандир. Нима бўлганда ҳам, Ҳусайн бироз оғринди. Хаёлига келган шайтоний фикрлардан, тавба қилиб бирдан воз кечди.

 

     * * *

Бўрибой илгари қўшни қишлоқда қассоблик қилган, топиш-тутиши ҳам яхши эди. Қизи кейинги пайтлар ғалати одат чиқарди. Ранглари синиққан, одамови, болаларга қўшилмай бир четда ёлғиз ўзи ўйнарди.

– Шу қизингни иши дўхтирлик, – дерди уни кўрган киши хавотирланиб. – Рангида қон йўқ. Симёни чиқиб кетган.

Бир тонг онаси уни ётоғида кўрмади. Аввалига она қаттиқ қўрқди. Қизчасини тунлари ­уйқусираб чиқиб кетиб, катак ёнида ухлаб ётганида бир неча бор олиб келганини эслади-ю, ўша ёққа юрди. Қизча у ерда ҳам йўқ. Кечга бориб уни Бўрибойнинг кушхонаси ёнидан топишди. Қизалоқнинг бўйнига кўзмунчоқ ва унга қўшиб бўрининг қозиқ тиши, оловранг чарм тумор тақилган. Оппоқ кўйлаги, сочи ва юзларида қон доғлари қорайиб кўринарди. Онаси қизчани кўриб қўрқиб кетди. У қизчани кўтариб йиғлаганча уйга югураркан, ҳар замонда ерга қўйиб, у ёқ-бу ёқларига қарар, тинмай суроққа тутарди:

– Нима бўлди, жон қизим?! Гапир!

– Ҳеч нарса, – дерди қизча хотиржам бармоқларидаги қотиб қолган қон доғларини уқаларкан. – Ўзим...

 Орадан икки кун ўтгач, қизчани бу гал товуқ катагидан топишди. У хўрозларнинг тожини юлиб, қонини юз-кўзларига суртиб ўтирарди.

Қизча қонни боши ва юзларига сурганда қувноқ бўлиб қоларди. Гўё бошини ўраб турган чамбарак сим чирс-чирс узилгандек. Кўзлари чақнаб, шўх-шодон болалар тўпига ўзини урарди. ­Бошқа пайтлар эса яна маъюсланиб, овлоқ бурчакларни ахтарар, бошига кийдирилган саватни олишга уринаётган одамдек сочларини чангаллаб тортарди. Ота-она ваҳимага тушиб, уни муллага ўқитишди, фолбинларга қаратишди. Улар қизча «қўл» олади дейишди. Руҳшунослар қизчадаги бу ҳолатни отасининг касбига йўйишди. Ниҳоят, эр-хотин гапни бир жойга қўйиб, қишлоқдан кўчиб кетишди. Бўрибой қассобликдан кечиб, қишлоқ оқсоқоли бўлиб олди. Қизчаси ҳам бора-бора ғалати одатларини ташлади.

 

     * * *

Қиш эшик қоқди. Кесак отишлар тинчиди. У билан боғлиқ ҳангомалар ҳам. Аммо Бўрибойнинг ўғлининг бевақт ўлими ҳақидаги гап-сўзлар барчанинг оғзига тушди.

Ҳусайн жанозадан қайтаркан, олдинда кетаётган чолларнинг ўзаро суҳбатини эшитиб бошидан бир сатил совуқ сув қуйилгандек бўлди.

– Бўривойнинг қилмишлари Худога хуш келмади-ёв. Ростми-ёлғонми, Ҳусайнни уйига отилган кесаклар Бўривойди иши дейишади.

 – Ҳа, кесак отганлар тоғликлар экан, уларни Бўрибой ёллаганмиш.

– Оласиз-да сизам! Тоғликлар атай шунча йўл босиб, Ҳусайнни ­уйига тош отиб кетармикан? Сал ақлни ишлатинг-да, Нормат авғон.

– Э-э-э, сен қайданам билардинг, ўша тоғликларни катта пулга ёллабди-да.

– Бўмаган гап, бу ерда эскичалик бор. Бўривой дами ўткир жинмуллага ўқитган. Ҳамма бало ўша муллада-ёв. Шунинг учун ҳам ҳар гал намозда тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан ҳам паноҳ сўраймиз-да. Бунақа нарсалар билан шуғулланган одамнинг етти пуштига зиёни бор дейишади.

– Қўйсанг-чи, мулла-пуллангни, тоғликларга катта пул ваъда қилганакан, бермаган, ўшани учун мапия қара мошинда келиб, Бўривойди ўғлини чайлада ўлдириб кетибди, қизталағлар...

Ваҳимали кечаларни энди-энди унутай деб турган Ҳусайн бу гапларга ишонишини ҳам, ишонмаслигини ҳам билмади.

Тушга яқин ёмғир шивалай бошлади. Ҳусайн даладан қайтаётиб Бўрибойнинг дарвозаси ёнидаги курсида ўтирган девонасифат аёлга кўзи тушди. У кафтларини очиб, ўтган-қайтганга илтижо қиларди:

– Дуо қилинглар, ёлғизгина ўғлим... Дуо қилинглар...

Шу пайт Ҳусайннинг оёғи тагига каттагина кесак тўп этиб тушиб сочилиб кетди. Ҳусайн бирдан ўша томонга қаради.

– Қўрқманг, амаки, кесакни товуққа отувдим, – деди Бўрибойнинг қизи кемшик тишларини кўр-сатиб, ғалати илжаяркан.

Ҳусайн унинг юзларида, оқ кўйлагида қотиб қолган қон доғларини кўриб, сесканиб кетди. Сўнг ортидан биров келаётгандек, у ёқ-бу ёққа аланглаб қадамини тезлатди.

 

 

 1 Култавишак — тупроқ остида яшовчи ҳашарот.