“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 414 марта кўрилган.

САБРБУЛОҚ

Маъмура АБДУРАҲИМОВА

1966 йил  Тошлоқ туманида туғилган. Тошкент  Давлат  университети (ҳозирги Ўзму) журналистика факултетини тугатган.  Ҳозирда Фарғона вилояти бош нашри «Фарғона ҳақиқати»  газетасида фаолият олиб бормоқда.

САБРБУЛОҚ

Қиблага қиялатиб қурилган кўҳна уй. Бу уйда иккинчи асрга икки қадам ҳатлаб қўйган Асал эна умргузаронлик қилади. Уй шифти вассажуфтли, деворлари сомонсувоқли, терак ёғочлари арраланиб, қўл учида рандаланган-да пол қилиб қоқилган. Полга похол тўшалиб унинг устига тўқима гилам солинган. Уй меҳробли, пештоқларига ганчкорлик усулида настаълиқ хатида байтлар битилган. Токчажовонларга жуда кўҳна сопол кўза ва чиннилар, кичкина қутилар терилган. Қутилар ичида Асал энанинг дармондорилари сақланади. Агар кимдир қутиларни билмай очиб юборса, тоғ гиёҳларининг ҳиди уфуриб кетади. Тавба, бу гиёҳларни ким қачон олиб келган, биров билмайди, лекин уларнинг эскирмай, қуртламай сақланиши янада таажжубли.

Яқинда энанинг кумуш сочлари, ўртадан икки томонга очилган фарқдан бошлаб қорая бошлади. Тавба, оппоқ соч ҳам кексайганда қораярмикан? Нурсизланган кўзлари ҳам қоп-қора, лаблари қизил, худди лаб бўёғи суртилгандек. Сезгир набираларининг айтишича, юқори озиқ тиши ўрнида гўдак тиши ёриб чиқаётганмиш. Қомати ҳам бироз тиклашган. Ўша кўҳна уйда ётган кўйи хиргойи қиладими ё муножотми, англаб бўлмайди:

Вақти саҳар нола қилинг,

     бўйи Муҳаммадий келур...

Кейинги мисралар эна тилидан узуқ-юлуқ, тушунарсиз чиқади, гоҳида у пичирлаган кўйи ухлаб ҳам қолади.

Асал эна энди ҳар куни йиғлайдиган одат чиқарди. "Уйимга кетаман, у ерда оқ уйим битди" дея эски тугунчасини олиб қучоғига қўйиб олади.

"Шерзод" исмли ўжар ва саркаш чевараси бор. "Уйни бузиб бошқатдан қуриб бераман. Бекаму кўст шароит яратиб бераман", деб кўп уринди. Эна чеварадан ҳам қайсар чиқиб қолди. "Уйни мен ўлганимдан кейин бузасан", деди. Ўшандан кейин Шерзод момонинг дилига қаттиқ тегадиган гап айтибди. "Уйингиз ҳовлини кўркини бузяпти, ярашмаяпти, хуллас уйингизни "қора уй" деб номлаб қўйдим, сиз қора уй бекасисиз, тушундингизми", дебди. Аслида Шерзод ҳазил гап айтган эди. Аммо Асал эна чеваранинг бу гапидан кейин роса йиғлади. Назарида, у биринчи марта шундай йиғлаши эди. Эҳтимол, у дунёда энг азиз бўлган жон томири туташган гўшасини "қора уй" деб аташларини кутмаган бўлса керак. Ахир бу уй унга қанчалар қадрдон, қанчалар мукаррам бўлиб қолган. Ўшанда ўн тўрт кунлик келинчак эди. Куёвни номаълум одамлар туҳмат уюштиришиб, қулоқнинг боласисан деб олиб кетишган. Келин эгнига чопон, бошига телпак кийиб, от миниб, тегишли идораларга борган. Эрининг ҳақлигини исботлаб уни қутқариб келган. Барибир номинг ўчгур уруш уч бола билан йигирма бир ёшида Асал энани мардонидан айирди. Аёл икки ёнидаги бешикда эгизаклар, тиззасида бола билан бўзлаб қолаверди. Бу қора уй деганларида неча бола улғайтирганини эслолмайди эна. Фақат жиянларининг исмларини яқин-яқингача бармоғида санаб чиқарди. Қайсидир бойнинг ерида уч чаноқли пахта терганини, қўрғонида пилла қайнатганини гапириб юрарди. Қочқинда юрган акаси келиб, мен сени аканг эмасман, деганини эслаб ўкинарди. Бу муштипарнинг атиги иккита кўйлаги, битта қора бахмал камзули бўлган экан. Юзлари анордай қизил, бақувват билакли аёл невара-ю чевараларини ўзи катта қилди. Эвараларига келганда бироз кучдан қолди. Фонар ёруғида кўсак чувиди, тўн қавиди, ип йигирди, болаларини ҳалол едириб, ҳалол ичириб улғайтирди. Ўҳ-у бу уйга қанча аёллар ўзларига, болаларига шифо сўраб келардилар. Асал эна гиёҳлардан дармондорилар тайёрларди. Табибликда унчалик машҳур бўлмаса ҳам, унинг малҳам дориларидан болаларнинг ҳар қандай яра-чақаси тузалиб кетарди.

Момо атиги бир хонадан иборат шу кулбада яшаб дунёни, ўзи айтимларда хиргойи қилгандек, ўн саккиз минг оламни англади. Алам оташларини сабрининг суви билан ўчирди. Кўз ўнгида қон қусиб ўлган отаси, урушдан қайтмаган ёри, очликдан силласи қуриган, кейин сарғайган юзлари қиблага қаратилган ёронлари, Русияга таҳсил олиш учун кетиб, у ердан ўпкаси шамоллаб қайтган ўғлони... Уни очиқ қолган кўзларини юмаётган Асал эна йиғламаган, балки бедор кўзларнинг ажри бор болам, дея дуолар қилган эди.

Эна бу уйдан узоқ кетса юрагида кўринмас тола уни яна уйига тортаверар, уч кун ўтмай яна шу муаззам уйига қайтарди. Туни билан ёниб токча деворларини қорайтирган шамлар энанинг қалб дунёсини бир умр ёритиб турди. Унинг покиза нигоҳлари зебу зийнатлар, хонтахлит уйлар, қуюқ зиёфатларни кўрмади ҳисоб. У сувратда ғариброқ кўринса-да, сийратда тенгсиз бир маъвонинг вориси, меросхўри ва пойида жаннат гуллаган хилқат эди.

У бу дунёни ҳадемай тарк этажагини сезиб қолгани учун эмас, балким ўзининг сийратини таниб қолган кундан бошлаб ва сийратини танитган уйини қора деганлардан ранжиб йиғлаётганди...

Бу йиғининг моҳиятини тушунмаган невара-ю чеваралари уни тинимсиз саволга кўмиб ташлашарди. Асал эна эса бу йиғининг сабаби нузулини тушунтириб беролмасди. Бир куни қайсидир чевараси момога тикани терилган бир дона қизил атиргул келтирибди. У гулни қўлидан қўйгиси келмади. Ўша куни алаҳлаб, ҳарорати кўтарилди. Уйидагилар "Тез ёрдам" чақиришди. Шифокор ҳамшира билан момонинг ёнига кириб саломлашди.

Кейин секин момонинг қўлини олиб томирини ушлади, аста саволга тутди:

- Яхшимисиз, моможон?

Момо бош бармоғини орқага букиб кўрсатиб билинар-билинмас овозда:

- Михдай... - деди.

Шифокор кулиб қўйди-да, момони яна саволга тутди:

- Оббо момогинам-ей, гулингизни ким берди?

- Худойим берди?!

- Ие, шунақами, ҳа яхши...

Шифокор тезда момо билан хайрлашиб, ҳовлига чиқди.

- Ҳуши жойида эмас. Қон босими пастлаяпти. Томир уриши жуда секин. Муолажанинг фойдаси йўқ, тайёргарлик кўраверинглар, - деди бир тўп бўлиб турган хонадон аъзоларига юзланиб.

Ўшанда қиш чилласининг биринчи куни эди. Ҳаво совуқ бўлса ҳам қуёш чарақлаб турар, илиққина нурларини ҳовли саҳнларига таратишга уринарди. Чилланинг учинчи куни, чоршанба куни ҳам қуёш ана шундай кулиб чиқди. Лекин кўҳна уйдан ҳовли эгалари йиғлаб чиқдилар. Асал энанинг жони узилди...

- Тавба, - дейишди азахонада бел боғлаб хизмат қилаётганлар. Асал эна қуёш чиқиб турганда, ерлар қор-қировдан холи, муродбахш кунда, индамайгина кетиб қолди-я?! Сокингина, саранжом-саришта кампир эди, умри ҳам шундай ниҳоя топди...

Айтишларича, тобут шу қадар енгил эканки, кимдир бунинг ичида майит борми, ўзи деб юборишдан ўзини тиёлмабди.

Асал энанинг тўйи деб бу уйда аза тутилмади. Қиш ҳам ўтди-кетди. Баҳор келди. Кўҳна уйнинг биқинидаги бодом гуллади. Ҳа, бодом бу баҳор Асал энасиз гулга кирди. У ҳаёт вақтида, бодом гулига боқиб: "Шукр, Оллоҳнинг ўлмаган қули баҳорга етибди", дерди. Ҳеч ким бодом гулига қараб Асал энанинг бу гапини эсламади.

Шерзод уйни бузишга киришди. "Шу ерга энам айтгандек оқ уй қураман. Пойига мармар плиталар ётқизаман. Кейин шу уйда болаларим билан ўзим яшайман" деди ва уйни бузишга киришди. Уй ичидан ҳеч қанча буюм чиқмади. Эна раҳматлининг чевара қизи: "Тўқима гиламни ювиб музейга топшираман", деди, лекин Шерзод: "Зах ҳиди келяпти" деб кўнмади. Нималардир ёқилди. Сопол идишларни бир нечтаси синиб кетди. Хуллас, устазодалар келишиб, дуои фотиҳа қилишди-ю, уйни бузиб ташлашди. Уй устида деворларнинг майин тупроғи қолди. Қолган ҳамма нарсалар машинага юкланиб ташиб чиқиб кетилди.

Эртасига Шерзод меъмор билан уй режасини тузиш учун тупроғи текисланган уй ўрнига келди. Ернинг қаеридандир сув сизиб чиқар, тупроқ лойга қоришиб борарди.

- Ие, қаердандир сув силқиб чиқяптими? - деди Шерзод тупроқни белкурак билан аста титкиларкан.

Тез кунда Шерзод геолог-минеролог, гидрология мутахассисларини топиб келди. Қишлоқда узоқ вақтгача текширув олиб борилди. Кимдир қачонлардир бу ерда булоқлар борлигини тахмин қилди. Яна бошқаси бу қишлоқнинг номи бир пайтлар Сабрбулоқ деб номланганини таъкидлади. Кўп тортишувлардан кейин бу ерни ҳовуз қилиб қўйишга келишилди.

Фақатгина сўнгги баҳс ниҳоясида Шерзоднинг тилаб олган кенжа ўғилчаси бир гуруҳ текширувчилар олдига келди-да, дадасининг қўлидан тортқилади. Шерзод ерга чўккалаб боланинг сўзларини эшитишга тутинди.

-   Дада, анавиларга айтиб қўйинг бу ҳеч кимнинг булоғи эмас, Асал энамнинг булоғи, - деди ва ортига чопқиллаб кетди...

Балки, бола беғубор қалби билан шу гапни айтгандир. Асал энанинг умри давомидаги гўзал сабри учун Яратган томонидан берилган неъматдир бу булоқ... Сабрбулоқнинг кўзи очилди. Асал энанинг сабр булоғи...