“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 561 марта кўрилган.

ЗИЁФАТ

Музаффар АҲМАД,

Қорақалпоғистон Халқ шоири

ЗИЁФАТ

Етимлар уйининг мураббиялари, худди меҳмонларнинг кирмай ўтиб кетишларидан ғойибона хабар топгандай, катта йўлнинг ёқасида кутиб туришган экан.

Кун ботаётган пайт, ноябрнинг аччиқ изғирини ғувиллаб юрибди.

Аввал ҳокимнинг олдинда кетаётган машинаси (ҳокимнинг ўзи меҳмонлар билан бирга, автобусда эди), йўл бошлаб юрган ДАН ходимларининг «қизил, сариқ, яшил» машинаси, сўнг улар билан изма-из келаётган икки баҳайбат «Икарус» бир-бирига тақалиб бориб, оғир лорсиллаб тўхтади. Ҳайдовчининг дағдағали овози ухлаётганларни уйғотиб юборди:

— Жинни бўлган булар?! Эси бор одам ҳам йўлга чопиб чиқадими? Тағин бир эмас, икки эмас, учтаси бирданига-я? ҳе..!

Ёш ёзувчи Зариф Муҳаммад автобусда шляпасини бурнига қўндириб хаёл суриб келаётган эди. «Икарус»нинг бирдан «тормоз» босгани-ю, ҳайдовчининг томоқ йиртиб бақирганига ажабланиб, ўрнидан турди-да, ташқарига мўралади.

— Ҳа, земляк, на гап, омонликми? — орқа ўриндиқдан ҳофиз Ортиқ Отажоновнинг уйқусираган овози эшитилди.

— Омонлик шекилли, — деди Зариф Муҳаммад қайта ўрнига чўкар экан. — Кимдир колоннанинг олдига югуриб чиқибди...

— Поҳ-ҳай... охирги овтовуз иншу, шуни тўхтатмасам йўлда қолдим, дап ўйлағон-ку, бейчора. — Ҳофиз умр бўйи сафар чекиб юрган одам, йўлдагиларнинг кўнглини билади. — Биз ённи одамлари ишундийн... Кимакан ўзи, боласи йўқми қўлинда?

Шу пайт «Икарус»нинг эшиги овозсиз очилди-ю, кулги кесилди. Бир корейс аёл зипиллаб ўзини ичкарига урди. Автобусларни тўхтатишга мажбур қилган, ҳайдовчилардан «олқиш» олган аёлларнинг бири афтидан шу эди.

— Ассаламалейкум, қадрли қўнақлар! — деди аёл соф қорақалпоқ тилида. — Сафарбой Хўжаевич, сиз сўл жердемисиз? Буёғи қалай-қалай бўлиб кетди энди, қўнақлар интернатимизга туспей ўтиб кетеди, дегенди эситиб...

— Сиз?

— Мен сўп интернатда завучман. Вера Пак.

— Вера опа, сизларга телефон қилиб, отбой беришдими? Тўғри. Планлар ўзгариб қолди. Қўноқлар ҳозир тўппа-тўғри Нукусга кетаётир.

— Ова, сўни эситиб уш сағатган бери жўлингизға шиғибтурмиз-ғўй! Буёғи қалай-қалай бўлади энди? — Кўзойнак остида Вера опанинг кўзлари аниқ-таниқ пириллади. — Тоғда надо было... — Бироз жим қолди-ю, сўнг автобусдагиларга жовдираб боқди. — Дорогие гости! Азиз тошкентлик қўноқлар! Сафарбой Хўжаевич, болаларга биз не деймиз, ахир? Етим болалар... қалай-қалай...

— Иложи йўқ, Вера опа, иложи йўқ, ҳеч қаерда тўхтамай келаяпмиз. — Ҳоким «тўғрими» деган маънода Ўткир Ҳошимовга қаради.

Ўртага ғалати бир сукунат чўкди.

Делегация раҳбари — Ўткир Ҳошимов ёнида ўтирган ҳокимдан:

— Сафарбой, дўстим, ҳозир шу ердан Нукусгача неча километр ўзи? — деб сўради.

— Шу турган жойимизданми ўттиз беш чиқиб қолар...

— Ярим соат, қирқ минутда Нукусга етиб бора оламизми?

— Э, бемалол, Ўткир ака...

— Демак, меҳмонхонага кириб кийим алмаштириб чиқишимизнинг вақтини эконом қиладиган бўлсак, ўн-ўн беш минут вақтимиз бор, шундайми Мирзобек?

— Жуда тўғри қиляпсиз, Ўткир ака! — маъқуллаб бош силкиди шоир Мирзо Кенжабек.

— Келинг, Ҳамза Ҳакимзоданинг қадамлари теккан жой экан, руҳлари шод бўлсин, ҳайданг интернатга!

— Э, раҳмат-е, яшанг-е, Ўткир ака! Ўзимам айтолмай келётувдим! — Ҳоким ёйилиб кулди, хурсандлигини яширмай ҳайдовчига қўл силкиди. — Ҳайданг етимхонага! Мана шу ердан ўнгга кирасиз... Э, ўтиринг, Вера опа!

Автобуслар етимхонага бурилди.

 

* * *

Вера опанинг «интернатимиз ана, кўриниб турибди» деган гапи ширингина ёлғон бўлиб чиқди. Ахир, икки километр дегани ҳам шунчалик узоқ бўладими?! Лекин, барибир, бу ёлғони учун Вера опани айблаб бўлмайди.

Муҳими — етимларнинг кўнглини ўкситмаслик!

 

* * *

— Хуш келибсиз интернатимизга!

«Икарус»дан тушган меҳмонлар, кутиб олувчилар билан етимхонанинг ҳовлиси лиқ тўлди. Остона ҳатлаб, ҳовлига кирган заҳоти, турфа кийим кийган, турли ёшдаги гўдакларни, болакайларни, ўспирин қизларни кўрганда Зариф Муҳаммад беихтиёр устозининг қулоғига: «Шуларнинг бари етимми?!» — деб юборди. «Кўриб турибсиз-ку, шоир, оналари туғиб ташлаб кетаверган-да!..»

Фариштадай, йўқ, капалакдай ранг-баранг, оҳорли-озода кўйлак кийган қизалоқлар, болалар гулдаста, нон-туз, ўнлаб таом тутиб, қаторлашиб юриб келишди, ейимлик-ширинликлардан тотиб кўришга ундашди, ўзлари тўқиган, ясаган буюмларни совға қилиб тутқазишди. Келганлар уларни «кел-кел»лаб чақириб олишарди. Адиб етимлар ясаган, тўқиган буюмларни кўриб, сўнг совғаларни Зариф Муҳаммадга узатаркан:

— Ўзлари қўлда қилишганми шуларни, бало экан-ку булар, ойнониб кетай ўзимнинг қизларимдан... — деб эркалади. Овози негадир титраб чиқди.

— Қани, қўноқлар, милости просим! Ичкарига киринглар! Бу ерда тураверсак, қалай-қалай бўлади энди!.. Дастурхон тайёрлаганмиз, пазанда қизларимиз ўзлари пиширган тортлар бор, самса, печенье... — деди Вера Владимировна.

Ҳамма туртиниб-қоқилиб ичкарига оқди.

Зиёфат устида ҳам Вера Владимировнанинг чакаги тинмади. Дастурхон охирлаганда кетишга чоғланаётган меҳмонларни Вера Владимировна болалар тайёрлаган икки номерли концертни кўришга таклиф қилди.

Ҳофизнинг овози янгради:

— Аяр ийшимиз концерт гўриш бўлса, гўрали! Шу кийзларимнинг ўйинини гўрмай, нера гетамиз?! Қалай-қалайи зўракан бу опабийимнинг, поҳ-ҳай...

Ҳамма залга йўналди. Вера опа залга ета-етгунча гапириб борди:

— Мана бу стендга интернатимиздан чиққан машҳур одамларнинг портретларини қўйганмиз. Биздан шу пайтгача тўртта герой чиққан, иккитаси Меҳнат Қаҳрамони! Спорт мастерларимиз бор, композиторлар, совхоз директорлари... Даже биттаси Моссоветда депутат! Аҳа, вообше-то ҳозир бизнинг интернатимизда уч юз олтмишдан зиёд бола тарбияланади. Шундан олтитаси круглий, бир нечтасининг ё отаси, ё онаси ўлган, а-а, қолганларининг ҳаммасида ота-она бор, соппа-соғ юрипти, бировлари келиб кўриб кетади, келмайдиганлари ҳам бор...

— Круглоп дедими, айноний, олтитаси ўрис эканми? — деб сўради ортда келаётган онахонларнинг бири.

— Круглий девоттила, холажон, круглий дегани ғирт етим дегани, — тушунтирди раққосаларнинг бири. — Олтитаси ғирт етим экан, бошқаларининг ота-оналари бор девоттила...

— Вой шўрим-м, вой ўлиб кетақолай...

Зариф Муҳаммаднинг томоғига нимадир тиқилгандай, қулт-қулт ютинди. Лекин нима сабабдан бундай бўлаётганига ҳеч тушунмасди...

 

* * *

Зариф ичидан отилиб чиқишга тайёрланаётган сассиз-овозсиз, чексиз-поёнсиз йиғини, йиғи эмас, бир балои азимни ҳар гал минг бир азоб ила, зўрға-зўрға ортга қайтарар, лабларини қимтиб, дудоқларини тишлари орасига жуфтлаб тортар, лунжларини сўриб, тилларини тишлаб, ҳадеб ғажирди.

Ҳадеб ғажирди...

Сочини ўттизинчи йиллар суратларидаги кашшофлар сингари тараган қиз қувноқ-тантанали овозда эълон қилди:

— Хор! «Бизнинг интернат!» Бул қўсиқди интернатимиз кўркем ҳавескерлерининг хор коллективи атқаради!

Қиз саҳнани тарк этмасданоқ йигирма-ўттиз чоқли ҳаваскор ижрочи бир тўда бўлиб, дубур-дубур-дубур кириб келишди, ҳар ким ўзининг жойини дубур-дубур эгаллади. Олдинги қаторда жажжи-жажжи етим қизалоқлар гулдор кўйлакларининг этакларини ёйиб ушлаб турарди, кейинги қаторни бўйчанроқ етимчалар тўлдирди. Қомат-андомлари етилиб қолган етим қизлар учинчи қатордан жой тутди. Курсига чиқиб олган узун-қисқа бўзбола етимлар сўнгги — тўртинчи қаторда саф тортдилар...

Қўшиқ, асосан, етимхонадаги бахтли-завқли ҳаётнинг тинч ва осойишта, зерикарсиз ва ташвишсиз эканидан мужда берарди. Қўшиқ бандлари Зарифнинг қулоқларига шиппа-шиппа, ийрон-бийрон ёпишиб қолмоқда эди.

Биринчи банд:

«— Эй, Зариф Муҳаммад! Гўзал шаҳарда яшаб, обрўли ишларда ишлаб юрган Зариф Муҳаммад! Ҳар куни қирқ-эллик варақлаб мақола ёзасан, ҳикоя ёзасан. Аммо онангга бир варақ салом хат ёзишга эринасан!..»

Иккинчи банд:

«— Эй, Зариф Муҳаммад! Ҳикоялари, қиссалари чоп этилиб, юртга танилаётган Зариф Муҳаммад! Хотинингга, жазманларингга гуллар, атир-упалар, кўйлаклар совға қилишни унутмайсан. Аммо онангга байрамда бир оғиз табрик сўзингни раво кўрмайсан!..»

Учинчи банд:

«— Эй, Зариф Муҳаммад! Китоб ёзаман, машҳур бўламан деб пойтахтда қолган Зариф Муҳаммад! Халқ дарди — менинг дардим деб қоғоз қоралайсан. Аммо онангни етим қилиб ташлаб кетганингга ор қилмайсан!..»

Қўшиқ шу ерда тугади. Зариф Муҳаммаднинг кўз олдини ҳалқа-ҳалқа ғубор босди.

— Оёқўйин! «Қувноқ болалар!» Тўрт ёшлилар группасинда тарбияланувчи Боғдагул Сотиболғонова ҳамда Алёша Тимофеевлар...

Мусиқа чалинди. Қўғирчоқ Мальвина каби безанган Боғдагул ва Буратинонинг қалпоғини ияк остидан танғиб олган Алёша саҳнанинг икки томонидан югуриб келишди, залдагиларга енгил таъзим қилиб, бир-бирларининг қўлларидан тутганча, оёқлари тўп-тўп садо бериб, рақс тушиб кетдилар. Орқадаги раққосаларнинг бири пиқиллаб йиғлаб юборди. Зариф билан ёнма-ён ўтирган Қаҳрамон Дадаев: «Қизлар, тс-с...» деб огоҳлантирган эди, раққоса ҳиққиллади:

— Боғдагулнинг пайпоқлари... пайпоғининг ранги ҳар хил!..

Боғдагул эса, боғдаги гуллар янглиғ ранг-баранг Боғдагул, барча йиғилару ҳайратларга бепарво Боғдагул қўлларини силкиб, оёқчаларини пўт-пўт босиб, куйга монанд ҳаракатлар қилмоқчи бўлиб туришар, у билан гоҳ ёнма-ён, гоҳ эргашиб одим ураётган Алёша ҳам муқомлар сонида, маҳоратда ундан ортмас, хуллас, бу икки норасида жуфтнинг томошабинларни лол қилиб қўйган жозибаси шундан иборат эдики, уларнинг саҳнада, мусиқа остида айланиб юришлари (яъни рақслари) — сира-сира рақсга менгзамасди! Инсониятнинг икки бегуноҳ маҳсули — Боғдагул ва Алёшанинг ўзи ҳам ҳозир одам зурёдига эмас, балки, саҳнага кириб қолиб, чиқиб кетишга йўл излаётган, йўл тополмаётган, ҳуркак ва маъсум... оҳучаларга ўхшаб кетарди.

Узоқ ва машаққатли давом этган ўйин ниҳоят тугади. Боғдагул ва Алёша таъзим қила-қила саҳнадан чиқиб кетдилар. Зариф Муҳаммад ҳеч кимга қарагиси, ҳеч кимга кўз ёшларини кўрсатгиси, ҳеч кимнинг кўз ёшларини кўргиси келмасди. У фақатгина бир нарсани — тезроқ бу томошаларнинг тугашини тиларди...

Вера Владимировна ҳамманинг кўнгли қон бўлганини тушунди шекилли, концертни шу жойда тўхтатишни маъқул топди.

— Ну, мана бизнинг ҳаваскорлар! Эндиги сўзни қўноқлардан эшитсак. Сўз — писатель... то есть, ҳаммамиз яхши кўрган Ўткир акага!

Етим болалар шапур-шупур чапак чалишди. Адиб ўрнидан туриб ўртага келди.

— Мен... — Адиб жим бўлиб қолди. Залда сув сепгандай сукунат.

— Мен...

Не-не давраларни, учрашувларни гуллатган, не-не юксак минбарларда оташин нутқлар сўзлаган одам гапиролмай турарди. Зариф устозига қаради, дилхун аҳволда кўрди, кўзларининг намланиб кетганини кўрди, ич-ичидан бўзлаётганини кўрди.

Адиб ютинди. Сўнг:

— Ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади... Сизлар чин инсон бўлинглар, болаларим! — деди-да, ҳеч кимга бошқа ҳеч нарса айтмай, залдан чиқди-кетди.

Залдагилар қўзғала бошладилар. Шу пайт бирдан:

— Дурунг... Дурунгло!.. Ман бир оғиз... Ман бир оғиз... — деган овоз эшитилди. Ҳаяжонли овоз ҳаммани ўрнига қайта михлади.

Ҳофиз ўртага келди.

— Ман... ишу... ишу болларим учун бор пулимни қолдираман! Ёнимда юргани ишу... Нурулла, мошиннан пулларни опкелинглар!

Ҳофизнинг ёнида юрадиган аккордеончи йигит тез-тез юриб чиқиб кетди.

— Мен... алоҳида бир галаман ҳоли, концерт кўймако... Сафарбой, ишунда стадионингизни берасиз, ман шу болаларим учун гун бўйи ашулло айтаман! Ишунда ҳаммасини сизлара дашаб гетаман!..

Бу пайтда онахонлар, раққосалар ва бошқа меҳмонлар ҳам чўнтакларини, сумкаларини ковлаштира бошлаган, қип-қизариб кетган Вера Владимировна қўлларидаги пулларни қаёққа қўйишини билмай, ҳадеб:

— Қалай-қалай бўлди бу ёғи, — деб такрорларди. — Қалай-қалай... ахир... бизнинг ўзимизнинг пулларимиз бор... Етарли! Ҳамма нарса бор!.. Сафарбой Хўжаевич, ўзингиз бир нарса денг! Қўйдиринг ахир буларни! Апай, қўйинг, пулингизни олинг!..

— Нега, қизим? Манам уйда ўн икки фарзанд ўстириб, оёққа қўйганман! Қирқ саккиз неварам бор! Тошкентнинг эски шаҳарига тушиб, Райҳон хола десангиз, ҳамма билади, — деди онахон, Вера Владимировнанинг қўлларига пул тутқазаркан. Кейин ёнидаги болаларни биттама-битта чўлпиллатиб ўпа бошлади:

— Онагиналаринг ўлсин санларнинг, хўпми, онагиналаринг ўлсин! Агар тирик юрган бўлса, онагиналаринг ўлсин, хўпми, болажонларим... Оналаринг ўлсин!

 

* * *

— Ўтиринг, шоир... яхши иш қилдингиз...

— Наси яхши, Ўткиро... Қобула гечикмадикмакан ишқилиб?..

— Кечиксак... зиёратда эдик, деймиз-да!

— Дўғри, дўғри, поҳ-ҳай...

— Ё тавба-а!.. Умрим бино бўлиб мунақа сўник кўзларни кўрмаганман! Биронтасининг нигоҳида нур йўғ-а, шоир, нур йўқ, нур йўқ!

— Қўйинг инди, Ўткиро, ўртанманг...

Автобуслар оғир силкиниб йўлга тушди.