“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 769 марта кўрилган.

БАНДИ БУРГУТ

Шукур ХОЛМИРЗАЕВ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

БАНДИ БУРГУТ

Ҳикоя

Ўшанда бир қарич жужуқ эдим. Тенг-тўшлар билан ёзда тупроқ чангитиб, қишда қорбўрон ўйнаб баҳор кезларида ҳам ўзига хос эрмаклар топиб юрган беғам, бахтиёр чоғларим эди.

Биз, айниқса, кўклам кезларида тўрт-бешта бўлволиб, полиз пайкалларида изғиб юрардик. Ўтган йилдан қолиб кетган сабзи борми, лавлаги, картошка борми кавлаб, олиб қишлоқнинг четидаги бир ғариб дала шийпонига бориб, ўт ёқиб, унинг қўрига топган-тутганимизни кўмиб-пишириб ер эдик. Қўлларимиз, оғзи-бурнимиз қорайиб, бир-биримиздан кулиб, маза қилиб ўтирардик.

Шундай ўтиришларнинг бирида ҳаво айниб қолди: қоп-қора, хунук увада булутлар тепамизни бир зумда қоплаб олди-да, Худонинг қудрати билан, тухумдек-тухумдек дўл ёға кетди.

Бунинг устига, осмон дарз кетгандек момақалдироқ қарсиллайди, чақмоқ чақади, О, инсон бундай пайтда ожизлигини нечоғлик аниқ сезади. Бу самовий кучлар қаршисида йўқ бўлиб кетадигандек сезасан ўзингни.

Лекин биз «бор» эдик, бир-биримизнинг пинжимизга тиқилиб, ҳазил-ҳузулни ҳам батамом унутиб, ташқарига қараб ўтирардик.

Бир маҳал шийпоннинг орқа томонидан бир қора нарса пастлаб келиб, шундай рўпарамиздаги ёлғиз ўрик шохига қўнди. Бу қанотлари ҳўл бўлиб ёнига осилган, кўзлари олазарак бургут экан. Дўл урган бўлса керак.

Салдан кейин унинг, нисбатан ёш бургут эканини англадик. Кулангир товуқча келар, аммо қанотларини ёзса, бир қулочдан кам чиқмас эди.

Биласиз, жала ёққанда шамол хам зўраяди. Шамол денг, ён томондан увиллаб эсганда, бояқиш дарахтнинг шохлари ерга теккудек бўлиб эгилар, кейин зўрға ўнгланиб оларди. Бургутча ҳам шох билан бирга пасайиб, бирга кўтарилар, ана шунда қанотлари борича очилиб кетарди.

Афтидан, у ҳам табиатнинг бу ўйинидан ҳайратда, шунинг учун қўним топган жойини тарк этишни истамасди.

Ерга қўнмаганини қаранг: бургут-да.

* * *

Бир замон шамол секинлаб, дўл ҳам сийраклашди. Шунга баробар атроф ҳам ёришиб қолди. Табиатнинг бу товланишлари бир неча дақиқа орасида юз берди, азизим.

Қаранг-ки, инсоннинг табиати ҳам сиртқи муҳитдаги ўзгаришларга мос ҳолда ўзгарар экан: бизнинг-да лабларимизга кулги югурди. Бургут эса...

Худди энди полапондек силкиниб, ҳўл-шалаббо қанотларини ёнларига тарс-тарс уриб, парвоз қилди. Албатга, бу учишни парвоз деб бўлмас эди. Шунчаки ерга тушиб кетишни истамагани ва осмонга кўтарилишга ҳам мадори йўқлиги туфайли зўрға қанот қоқарди — тўғри қишлоқ томонга учиб кетди.

Биз тапир-тапир қилиб ташқарига чикдик. Ихтиёрсиз бир тарзда билардикки, бу қуш бора-бора тағин бир дарахтга қўнади. Унга одамларнинг кўзлари тушади: табиийки, уни тутишга ҳаракат қилишади. Нима учун?

Ўзлари ҳам билмаса керак. Ҳа-ҳа, биз ҳам унга эга бўлишни истардик, холос.

Қишлоқ биз турган ердан уч чақиримлар этакда эди, Лой кечиб, жўнадик. Қайсимиз қишлоққа олдинроқ етсак, осмон қуши ўшаники бўладигандек. Ҳа, йиқилиб-суриниб денг, томида лолақизғалдоқлар очиладиган илк кулбаларга етдик.

Қуш йўқ эди.

Сойликкача чўзилган хонадонлар, тор кўчалардан бургутнинг бирон-бир жойга қўнганидан дарак бергувчи шовқин-сурон ҳам эштилмасди.

Тарвузимиз қўлтиғимиздан тушиб, шийпон айвончасида — қўр остида қолган тотли кўммаларимизни эслаб, бир-биримиздан айб топишга чоғланиб турганимизда, эшитилиб қолди:

— Йўқо-от! Йўқот деяпман сенга! Жўжаларни еб қўяди, Бургут-ку бу!

Шундайгина олдимиздаги ҳовлидан эшитиларди аёл кишининг ваҳимали шовқини.

— Тўрақулди энаси-ку! Тўрақулга айтяпти... — шундай дейишиб, томорқани айланиб ўтдик.

Четандан қарасак, орамизда энг нимжон, бизга қўшилавермайдиган тенгқуримиз бургутнинг оёғига боғланган ипни тутиб турипти. Бургут қанотларини ёзиб ер бағирлаб ётипти. Тирноқлари ерга қадалган, қутулишга ҳаракат қилаётгани ҳам кўриниб турарди.

— Эй муни нима қилай, жўралар? — деди Тўрақул дир-дир титраб.

— Бизга бер, жўра, — дедим мен. — Менга бер...

Кейин бошқа болалар ҳам бошлашди:

— Менга бер, менга бер...

— Биринчи мен айтдим, мен оламан, — дедим мен. — Хола, менга берсин, бизда товуқ йўқ...

— Бекорларни айтибсан, — деди Тўрақулнинг онаси, — Бачаларни чалғитиб ҳар гўрларга обориб юрасан. Биламан, шийпондан, қабристоннинг остидан келяпсизлар. Бало борми, у ерда? Тўрақул, буларга қўшилма!

— Вей, муни қаранг, қандай яхши, — деди шунда Тўрақул йиғлаб-пиқиллаб.

Ҳе, камбағалчилик қурсин, азизим. Тўрақуллар қишлоқда энг фақир оилалардан эди. Камбағалчилик одамни эҳтиёткор қилиб қўяр экан-да.

Қисқаси, Тўрақулнинг онаси қилчилвирни унинг қўлидан олиб, бургутчани ўзи судрай кетди... Ҳа, энгаракдан чиқариб, сойга оптушадиган сўқмоққа йўналди. Хайрият, ер лой-сирпанчиқ эди, холанинг ўзиям базўр қадам босарди. Биз унга эргашиб чувиллаганимиз-чувиллаган:

— Холажон, ўлдирманг. Буни дўл урган. гаранг бўп қолган. Бир кун турса, ўзига келади. Учиб кетади ота-энасининг олдига...

— Йўқол ҳамманг, — деб шанғиллайди хола. — Қорни тўқ билан қорни очнинг нима парвойи бор. Бу етимча нимани билади ҳали... Сенларга ўйин бўлса, бўлди...

Ана шунда бодомгулли йирик отда кичкина бўлиб ўтирган бир киши — қишлокдаги энг қорни тўқ зодагоннинг ўғли Йўлдошбой чиқиб кела бошлади.

«Зодагон» ким бўларди, дўстим? Колхоз раиси-да: қишлоқнинг беги.

Лекин «раис» деганда сиз этик кийган, қорин қўйган, шопмўйловли кишини тушунманг. Жуда нозик, Тўрақулга ўхшаш дардманд, рангпар киши эди у. Бўйнидан галстук узилмас, бошида шляпа, тагида — «Победа машинаси”.

Уйи ҳам...

Шоширманг, бир бошдан айтай.

* * *

Йўлдошбой ўзимиз тенги йигитча эди. Қўшни синфда ўқирди. Лекин жуда яхши кийинарди. Шундай кийинардики, бир-иккита болалар ҳасад қилганларидан унинг уст-бошини бир-икки марта йиртиб ташлашган эди.

Менга у бола ёқарди, умуман. Яхши ўқирди, информацияга бой эди. Сўнгра ундаям қандайдир, сиз айтмиш «романтика»дан бор эди. Бироқ раис оталари худди Тўрақул жулдурнинг онасидек ўғлини: биз жулдурвоқиларга қўшилиб юришини хоҳламасди: қаранг, бойлар ҳам эҳтиёткор бўлишади, а?

Хуллас, биз ота-онамиздан гап эшитмаслик учун ундан ўзимизни тортиб юрардик.

Хола Йўлдошбойни кўрди-да, таққа тўхтаб таъзим қилди:

— Ассалому алайкум, раис бобо! — Ҳа-ҳа, раиснинг ўғлиниям «Раис бобо» дейишарди. — Эсон-омонгина юрибсизми? Бобо яхшимилар? Энагинангиз?

— Раҳмат, хола, — деди у. Кўзи қанотларини ёзганича бизга тикилиб ётган бургутда. — У нима? Нима қиласиз уни? Қаердан ушладингиз?

— Ҳе, мана бу шумтакалар рогатка билан урганми, дўл урганми, шундай келиб гужумга қўнди-ю, ерга тушди. Мана бу тирриқ жўрангиз Тўрақул ушлаб олди. «Катакка солиб боқаман», дейди. Ахир, бир кечада бари жўжаларни еб қўяди.

— Емайди. Омборда боқаман, — деди Тўрақул.

Биз ҳам орага тушдик:

— Бизгаям бермаяптилар...

— Муни нима қиласиз, хола? — деб сўради Йўлдош.

— Култепага оптушиб ўлдираман, оғажон.

Шунда Йўлдошбой жонимизга ора кирди:

— Менга беринг, хола. Мунга катак ясатаман. Ташқарига чиқармасдан боқаман, — деди. Кейин яна қўшимча қилди: — Бизнинг уйдаям шундай бургутдан бири бор. Лекин у жонсиз, ҳайкал... Мен бургутти яхши кўраман...

Табиий, биз ундан хурсанд бўлдик. Бироқ бу марта ҳам унга ҳасад қилганимиз аниқ.

—   Беринг Раис бобога, беринг. — деган гаплар оғзимизда қолди. Хола рози бўлди:

— Ҳа, эса майли, оғажон. Эҳтиёт бўласиз-да. Тағин чиқиб-нетиб бизнинг...

— Холажон, йиртқич қушлар ўзларининг атрофидаги товуқ жўжаларига тегинмайди, — деди Йўлдош.

Хола чилвирни тутамлаётгандек бўлиб йиртқич қуш тепасига келди-ю, унга қўл тегизишга журъат этолмай қолди. Шунда камина югуриб бориб, бургутчанинг қанотларини ёнига босиб кўтардим. У негадир мени чўқимади. Аксинча, мени онаси деб фаҳмлагандек оғзини очиб тутди, холос.

Оғиргина экан. Кўтариб обориб, Йўлдошга узатдим. У олиб, эгарнинг қошига қўйди.

— Борсак, кўрсатасанми? — дедим.

— Кўрсатаман, — деди у. «Юный натуралист”га аъзомисан?

— Нима?

— Шундай журнал бор.

— Билмайман.

— Бўлмаса Бўзмерганни топиб сўрагин: бургут нима ейди? Бу ёш экан, нима бериш керак?

— Хўп. — дедим. — Лекин бу касалга ўхшайди. Ёки дўл урган буни.

— Опам кўриб беради, у киши дўхтир-ку. Йўлдошбой холага қўшиб бизларга ҳам раҳмат айтди-да, бўз йўрғани буриб, пастга эниб кетди.

* * *

Бўзмерган деган овчи бўларди, Ёнида бир жуфт този (ит) билан бирга гуржи (кучуквачча)ни эргаштириб юрарди. Кучуквачча муштдек бўлгани билан жуда довюрак, жангари бўларкан: тулкиларнинг инига бемалол кириб кетиб, ўзидан уч-тўрт карра катта ҳайвонни қитиқлаб ғордан чиқараркан. Кейин този итлар уни қувиб ушлашаркан. Тозиларининг бўйи мендан баланд эди: орриқ, хипча, ола-була. Тумшуғлари узун. Югурганда, леопардни ҳам орқада қолдираркан. Лекин қизиқ-да, тулки шайтон унгаям чап бериб қоларкан баъзан. Шу чап берганда, ўқдек учиб бораётган този ҳам буриларкан-у, эпсизроқ бўлса, думалаб, бели синиб кетаркан.

Ҳе, ҳозир ундай итлар ҳам йўқ. «Гуржи»ни бўлса, «лайча» дейишади.

Хўш десангиз. Бўзмерганни топдим. Бургут ҳақида сўрадим-суриштирдим.

Кейинги куни саҳарлаб Йўлдошбойларнинг уйига йўл олдим.

Сой бўйига тушсам, Раис бобонинг хизматкори суви бўғилган ирмоқнинг кўлмакларида оралаб юриб, балиқ овлаяпти. «Овламаяпти» — териб-тутиб оляпти. Қўлида майда чивиқдан тўқилган чуқур саватча.

Бу ёнда сувдан анча баланд кўтариб қурилгандек ёғоч кўприк. Ажойиб кўприк эди: тагида туриб қарасангиз, ости шифтга ўхшаб кўринарди. Пўстлоғи арчилмаган арча хариларидан иборат. Сувнинг икки четига бир қават тош, бир қават ёғоч босилиб кўтарилган-да. устига харилардан етқизилган. Кейин уловнинг оёғи тушиб кетиши мумкин бўлган оралиқларга тош ташлаб қўйилган. Эшак ўтсаям кўприк лопиллар, ғижирлар эди. Ҳуркак ҳайвонлар эса, умуман, ўтолмасди.

Хизматкор мени кўриб, қошини учирди. Бароққош тожик йигит эди. Умуман, Раис бобонинг оиласи — байналминал оила эди, деса бўлади. Хотини — татарми, бошқирдми, ишқилиб, тили ўзбекчадан фарқ қиларди.

— Йўлдошбойга гапим бор, — дедим. У қаср томонга қаради.

— Сани келишингди биладими Йўлдошвой?

— Билади, — дедим.

— Ундоқ бўлса, ўзи эниб келаду ҳозир. Унинг дурбини бор, сани кўриб турубду.

Ҳақиқатан ҳам иккинчи қаватдаги... ҳа-да, болохонада туриб мени кўрган экан.

Сўқмокдан чопиб келаётипти-ю, мени қўли билан имлай бошлади. Хизматкор сенга рухсат дегандай бош ирғаб қўйди, мен кўприкдан шипиллаб ўтдим. Шундаям кўприк силкинди. Худдики, пружинаси бордек.

* * *

— Юр, уйга, — деди у қўлимни қўйвормай.

— Йўқ, — дедим мен. — Отанг билса, ёмон бўлади.

— Нуқул ёлғиз юраман,, — деди.

— Бир куни мениям дўл уриб кетади, — дедим.

— Зўр экансан-у?

— Онам менинг ёнимни олади. Бу бола бойқуш бўлиб ўсяпти, дейди.

— А-а, бойқуш ҳам ёлғиз яшайди. Бўпти. Юр. Қафас қилишяпти балконда... Айвонда. — Кейин билагимдан тортиб: — Бўзмерганга борганинг учун раҳмат, дўстим, — деди. — Оқшом унинг ўзи уйга келди. Бургутни кўриб: «қарчиғайлар авлодидан», деди. Унга фақат гўшт бериш керак экан. Кейин тирик қуён, каламуш, каптар...

Мен унинг гапига қизиқиб йўлга тушган эдим. Шу ўринда жиндаккина манзара тасвирини қилмасам бўлмайди.

Сойнинг биз тарафида дарахт кўп, баҳайбат ёнғоқлар кўп, ток, дўлана... Бу томонда мевали дарахт фақатгина каттакон четан қўра ичида ўсган, атрофлар — ям-яшил ўтлоқ, қамишли жойлар ҳам бор, бу ерга сув сойнинг бош томонидан қирни қиялатиб олиб келинган эди.

Бу томоннинг ҳар ёни очиқ, атрофдаги тоғлар баралла кўринар, бу ернинг ҳавосиям бошқача — тоза, ўпка тўлиб нафас олар эди. Кейин бу томонда бўш ерлар, яъни бедазорлар мўл, у ерларда бемалол чопқиллаб ўйнаш мумкин эди.

Сезяпсизми, анави қишлоғимиз ҳам ўшанда менга тор-биқиқ кўринар эди.

Уйлари ажабтовур эди: болохонасининг олди айвон. Лекин айвонни пастдан бир неча оппоқ устунлар кўтариб турар, улар орасида чипта креслолар, чиптатўгарак стол, столлардан бирида нақ чўққиларда битадиган ёввойи гуллар солинган малла сопол тувак. Шифтда уч чироқли тилларанг қандил...

Ҳа, МТСда движок ишлар эди. Кечалари соат биргача чироқ ёнарди. Буларнинг уйида бирон йиғин ё зиёфат бўлса, тонггача ўчмас эди.

Мен жиддий айтяпман: Йўлдошбойларнинг уйи ҳам, яшаш тарзлари ҳам анави қишлоқ одамларининг ҳаётидан кескин фарқ қилар, бамисоли сойнинг икки томони — икки қутб эдики, энди ўйласам, бу гўшада ўриснинг дворяни, у томонда крестьянлари яшаётгандек эди. Ишонаверинг, мен бўрттираётганим йўқ. Бунинг устига, бу ўзаро фарққа урғу беришдан менга наф йўқ. Яъни, сизга айтмоқчи бўлганим, воқеаларга анчайин дахли бор, холос.

Узун бу иморатнинг орқа томони оқ девор билан ўралган сарой эди: сигир, қўй, пичан.

Қисқаси, такхона айвонидан кўтарилган зинапоя билан иккинчи қаватга чиқдик. Бу тарафдаям, у тарафдаям — хоналар, оқ-оқ эшиклар. Оёғимиз ости — тахта пол қилинган эдики, буни ҳам биринчи марта кўришим эди.

Биз кигизнинг остидан солинадиган бўйрани билардик-да, биродар...

— Баққа юр, — деб бир хонага бошлади. Ошхона экан; газ плитани ҳам шунда кўрдим. — Юр-юр. — Кичкина раис шу хонадан очилган эшикка бошлади.

— Ундан чиқдим-у, қаршимда — сойнинг у бетида сочилиб ётган қишлоғимни кўрдим.

Мен сизга раис бобонинг уйи, ашқол-дашқоли ҳақида ҳайратимни баён қиляпман, қадрдон. Бу ҳали — унга меҳрим тушиб қолди деганим эмас.

* * *

Айвон-балконга қадам босиб, қишлоғимдан кейин кўрганим ёғоч рандалаётган уста Шодмону, бурчакда худди малла мушук каби ҳурпайиб турган бургут бўлди.

Унинг кечаги ҳўл қанотлари, патлари қуриган, ўзиям шишиниб кетгандай эди.

— Шунқор. Менинг Шунқорим, — деди Йўлдош қуш олдига чўнқайиб ўтириб. — Е, егин. Нимага емайсан? Хафа бўлма, ўртоқ бўлиб кетамиз.

У битта чўп олиб, қушдан анча нарида ётган хом гўшт бўлакларини унга сура бошлади. Бургут баттар ҳурпайиб, ишонинг-ишонманг, айни мушукка ўхшаш “фиш-фиш” этган овоз чиқарди. Тумшуғи унчалик узунмас, аммо қайтиқ, кўзлари сарғиш, оппоқ панжалари тахминан уч яшар жужуқнинг бармоқларидек келар эди.

Мен уни томоша қилар эканман, кўзларига тикилишни истамасдим. Нимагаки, унинг нигоҳида бизга нисбатанми — бир ёвузлик, ётлик бор эди.

Мен бунинг сабабини тушуниб турсам ҳам:

— Бизни ёмон кўряпти-я? — дедим.

— Бизни эмас, — деди Йўлдош. — Анавуни... Қара. Тур ўрнингдан.

— Бургутти жўжалигида олиб боқсанг, эл бўлади, — деди шунда иши билан банд уста. — Қозоқлар истелгини шунда ўргатишади овга, қўлга...

— Буни ўргатиб бўлмайдими? — деб сўрадим.

— Йўқ, бу каттариб қолган, улим. Бу эркинликнинг ҳавосини олган. Бу бандиликда узоқ қололмайди...

— Қолади! — деб дўқ қилди Кичкина раис.

— Хўп-хўп, Илойи, илойи, — деди уста.

— Бўзмерган айтди. Ҳалиям ўргатса бўлади, деди. Овқат бермай-бермай — берсанг, ейди, деди. Тирик қуён опкелади. Отам бўғалтирга товуқ жўжасидан опкелинг, деди... Юр, жўра. Юр-юр, Бу — бизнинг залимиз. Яъни, меҳмонхона бу... Қара, яхши, а? Яхши. Энди кўзингни юм! Бироз муддатдан сўнг: — Кўзингни оч, — деди Йўлдошбой.

— Мен кўзимни очиб, ҳеч нарсани кўрмадим. Уй эгаси дераза пардаларини ёпгач, шундоқ ҳам қора мебеллардан нимқоронғи бўлиб турган меҳмонхона энди тун қўйнига чўмган-у, ортимиздаги ойнаванд эшикдан тушаётган нур — баайни ойнинг шуъласи эдики, буни хам ғира-шира ҳис этардим.

— Кўряпсанми? — деб сўради сеҳргар раис.

— Нимани?

— Тўрга қара.

— Қарадим-у, кўзимнинг пахтаси чиқиб кетай деди. Анқайиб қолдим. Тўрдаги теловизор устида бир неча маротаба қабристонда кўрганим оқиш нур қандайдир қабариб-каттариб кета бошлади. Кейин у шаклга кирди: қушга ўхшай бошлади, Шунда қушнинг кўзларига кўзларим қадалиб қолади.

У кўзлар тўқ қизил бўлиб, тобора аланга олаётганга ўхшар, бунга сари бу афсонавий парранданинг шакл-шамойили ақиқ кўринар эди.

* * *

— Бургут! — деб юбордим. — Топдимми?

— Топдинг, — деди у. — Кечаям айтувдим-ку, биздаям бургут бор, лекин ҳайкали бор, деб эдим.

— Ҳа-я, шундай дегандинг.

— Қалай?

 — Зўр.

— Нимага ёниб турипти у, биласанми?

— Шу, мозордаги...

— Буниям топдинг. Буям фосфор, — деди Йўлдош. — Фосфор бургут. Дадам Болгариядан опкелган... Ҳа-ҳа! Узоқ йили курортга борганларида опкелганлар.

— Ҳе, уйларинг ажойибхона экан.

— Анави бургутнинг нимага қараётганини энди билдингми?

— Тушунмадим?

— Анаву дўл урган бургутча... Шу ёқдан кўз узмайди-ку? Кўрдинг-ку!

— Ҳа-ҳа.

— Мана шунга тикилгани-тикилган.

— Қизиқ.

— Мана, ҳозир эшикни очайин, кўрасан. Ана, ана, қаради. Бизга эмас. Дадам ҳам сендек ўйлагандилар. Кейин кузатиб билдилар, мана шу жонсиз шеригига қараб турган экан... Жуда қизиқ-а? У бунинг ўлик эканини билармикан?

— Қандайига «ўлик» бўларкан бу? Олдин тирик бўлган бўлса, унда...

— Кечирасан. Бу — шунчаки жонсиз ҳайкал эканини билармикан, ўртоқ?

— Билмадим.

— Эшик ёпиқ бўлса, тинчиб гўшт-пўшт ейди. Эшик очилдими, тикилиб қолади.

Шу-шу, мен буларнинг уйига келадиган бўпқолдим.

* * *

Чўмилишни соғинган эканмиз, сойнинг йўлини тошчим билан тўсиб, кўл, яъни “гум” қилаётган пайтимизда Кичкина раис бобо келиб қолди.

— Ана, Раис жўранг, ана бургутчи! — деб ҳасаду ҳавас билан чуғурлашди тенгдошлар.

— А-аа, Йўлдош, ке! — дедим хизматкорга тақлид қилиб. У ҳам кулумсираб:

— Мирзажон, салом! — деди. — Сизни Райис бобо чақиропти!

— Қайси Раис? — дедим атай. Биламан, ўзининг ёнига чақиряпти.

— Кичкина раис, — деди у.

Меи кўйлакни кийиб, шимарилган иштон почасини тушириб, унинг ёнига чиқиб бордим.

— Бургут гўшт емаяпти, — деб шивирлади у. Ўзи оқ-сариқдан келган болайди, ранги, умуман, оқариб кетган эди. — Мунақада ўлиб қолади, а?

— Ўлади. Овқат емаса, одам ҳам ўлади, — деб жавоб бердим.

— Юр, ичим ачиб кетяпти.

Мен ҳам унга, яъни бургутга ичим ачишини айтдим-да, кейин қайси гўрдан ҳам оғзимга келган гапни қайтармадим:

— Эй, ўшани қўйиб юборсанг-чи, Йўлдош? Униям сен билан менга ўхшаган ота-онаси бордир. Бор ахир! Ота-онасиз бола туғиладими? Улар болаларини йўқотиб, хафа бўлиб юришгандир. — Яна авж қилдим: — Балким уйларинг тепасида айланадиган бургутлар — ўшанинг ота-онаси ёки ака-укасидир?

Йўлдош менга ёвқараш қилди-да:

— Гапинг-ку тўғри, — деди. — Лекин мен уни яхши кўраман... Йўқ, уни қўйвормайман, ўртоқ! Сен билмайсан, кечалари уйғониб кетиб, ундан хабар ола-ман...

— Залди эшигини очиб қўясанми?

— Ҳа, безовта бўлаётган бўлса, бирдан тинчиб қолади... У баъзи кечалари ўзини ҳар томонга уради, жўра. Айниқса, тонг отаётганда...

— Бечора.

* * *

Хуллас, олдинма-кетин болохона айвонига чиқиб борсак, Йўлдошнинг отаси залга кирверишда курси қўйиб ўтирибди. Сомон шляпаси билан елпинаётган экан.

— Дада, келдингизми? — деди Йўлдош.

Дадаси саволга жавоб беришни лозим топмади-да (бир ҳисобда у кишининг келгани аниқ эди-да!) дафъатан менга бошдан-оёқ қандайдир ҳорғин назар билан тикилиб:

— Ҳим, оёққа бир нарса кийиб юриш керак, — деди.

— Бор эди, қолди, — дедим. Бу кишининг ана шу зерикарли нигоҳи менга ёқмас, айтиш мумкинки, бу шахсан мендан бошқаларга, колхозчиларга ҳам шундай нигоҳ билан қарар, табиийки, уларни ўзидан юз чандон паст кўрарди.

— Кийиб юр, — деб такрорлади у киши. Кейин шляпани чап қўлига олиб, ўнг қўлини бурчакда тумшайиб турган бургутга чўзди. — Шунинг феъли ёмон, — деди. — Бу эл бўлмайди, ўғлим... Лекин чиройли, мағрур қуш.

— Ҳа, чиройли. Яхши кўраман. — деди Йўлдош шошилиб. Сездимки, бу борада отаси билан ўзининг орасида қандайдир гаплар кечган бўлиши керак.

Дарвоқе, бир муҳим нарса ёдимдан кўтарилибди.

Йўлдошбой билан дўстлигимиз бошланган кунлар эди. У мени саройларига эргаштириб бориб, бедахонага олиб кириб, ундан яна бир хонанинг эшигини очди. Кейин эшикни “ёпма” деб четланди-да, қўлини чўзиб, деворларни кўрсатди.

Ёпирай, деворларда тулкининг ҳам, бўрининг ҳам, қоплоннинг ҳам териси илинган, бир нечта бурама, чангаракшох кийик ҳамда ёввойи қўйнинг шохларида бор эди.

Хонани нафталин ҳиди тутиб кетган бўлсаям, бу ердан чиққим келмай қолди! Бу маконда вақтидами, бевақтми ҳалок бўлган жонзотлардан қолган нишоналар — уларнинг арвоҳидек туюлди менга!

Ҳа-ҳа, Раис бобо буларни кўчадан териб келгани йўқ. Бирлари ўлдирилган, бирлари қопқонга тушириб нобуд қилинган, хуллас, Раис бобонинг яқин кишиларининг иши бу: табиийки, унга хушомаддан шу ишни қилишган.

Ҳе, биродари азиз, буям ҳолва экан.

— Энди бу ёққа қара, — деди Йўлдош.

Бурилиб ортимдаги деворга қарасам, ўнлаб қушларнинг — каклик дейсизми, чил, ҳакка, қумри, ҳатто жаннат чивинхўри деган думи узун қизғиш қушнинг ҳам ичига бир нима тиқилган мўласи саф тортиб турибди.

Худди тирикдай!

Кўзлари...

* * *

Энди Раис бобо билан “суҳбат”га қайтаман. Кичкина раис бургутни яхши кўриши, унинг чиройли экани ҳақида шошилиб айтди.

— Барибир бу ўлади, ўғлим. — деди Раис бобо.

— Ўлмайди! — деди Йўлдош йиғламсираб. — Шунчаки эркинликни, учишни соғинган.

— Йўғасам, қўйвор.

— Қизиқмисиз?

— Шу-да. Мен ҳам истамайман... Лекин бундан яхши чучела чиқади, ўғлим, — деди Раис бобо.

Ўшанда мен “чучела» сўзининг маъносини билмасдим. Аммо ўлган бузоқнинг терисига сомон тиқиб, онасини ийдириш мумкинлигини ҳам билардим. Раис бобо сўзида давом этди:

— Бўзмерганнинг ҳам фикри шу.

«Бўзмерганнинг?» Юрагим шув этиб кетди. Саройдаги хилватхона ва ундаги ёввойи ҳайвонлардан шилиб олинган терилар-у, арралаб, қоқиб олинган шох-лар кўз олдимга келди: демак, бу ишларнинг бошида ўша одам турса керак.

— Керакмас ўша Бўзмерганингиз, — деб, энди баралла йиғлаб юборди Йўлдош.

Унга қўшилиб менинг ҳам йиғлагим келиб турган бир пайтда, Худо шоҳид, калламга яна бир фикр келдики, унинг амалга ошганини кўриб, бошим осмонларга етди.

— Раис бобо, — дедим қунишибгина. — Йўлдошбойнинг бургути қафасда турган бўлсаям оёғи боғлиқ. Шу, қафаснинг анави томони очиб қўйилса-чи? Бургут ҳавога учарди. Тағин қайтиб келади. Агар ипи узунроқ қилинса...

— Ана, ана! — деб менинг кифтимдан қучиб олди Йўлдош. — Шундай қиламиз!

Раис бобо хўрсиниб, ўрнидан турди.

— Майли. — Кейин ижирғаниб, айвон тўсиғига борди.

Бургут бирданига ўқрайиб қолди. Бу ҳам етмагандай, қанотларини ёнига сал кериб, худди: «Урушасанми? Бир куч синашайлик!» дегандай панжарага етиб, бирдан тортилиб кетди. Сўнгра бир оёғи думи томонда қолганича тўхтаб, бағрини ерга бериб ётди. Шу ётишида ўлжасини пойлаётган оч бир махлуққа ўхшарди. Ҳамон ҳайрон, ҳайронлар бўламан, қадрдон. Бу банди қуш анави жонсиз ҳайкалга нечук бунча қизиқиб қолган экан? Уни ўз қавмидан эканини билгани учунми?

Балки унинг уй тўрида эркин турганига ғашлик, оэодликка интилмаётганидан ҳайратда, балки ғазаби ҳам шундан эди.

Кулманг, азизим. Биз ҳали паррандаларнинг тилини билмаймиз-у, туйғуларини қаёқдан ҳис қиламиз?

Эртаси томоша бошланди. Қишлоқ бўйича том бошига чиқиб олиб, Раис бобонинг қасри томонга қарамагани йўқ эди, десам бўлади.

Ўзингиз ўйлаб кўринг: ям-яшил қир остидаги зумраддек ўтлоқ ўртасида қад кўтарган оппоқ иморат устида — тепасида бир баҳайбат қуш айланаётир.

Шундай тез айланардики, боши айланиб йиқилиб тушмаганига ҳайрон қоласан!

Тағин: бир хил баландликда, тахминан бир арқон бўйи тепада чарх урмоқда ёввойи — йиртқич қуш! О, ана қаранг энди! Тоғнинг бағирларидан пистирма ичида ётган «миг» самолётлари каби сонсиз бургутлар учиб кела бошлади. Улар раис бобонинг уйи тепасига етгач, секинлаб айланишга тушдилар. Улар баландда. Тутқун — оёғида капрон занжири бор бургут эса пастда... У титраб, чинқироқ овоз чиқаради. Тепадагилар унга жўр бўлишиб, айримлари бандининг ёнидан учиб ўтишади. Учиб ўтишади-ю, бу “йигитча”нинг не кўйга тушганига ақллари етмагандай яна баландлаб кетишади ва зорланиб овоз чиқаришади.

Мен сизга ўша манзара-ю ҳолатни қандай етказяпман, билмайман, аммо ўшанда кўзларим ғилқ ёшга тўлган, бироқ лабларим кулар эди: менинг «ихтиром» рўёбга чиқиб, шу туфайли бургутча эркинроқ парвоз этаётганидан бир қаноатим ҳам бор эди, бироқ... бунча шерикларининг ёпирилиб келишидан, инсон деган махлуқнинг бир ҳийласи туфайли мағрур инилари кўклай олмаётганидан ҳайрон бўлаётганлари ҳам мени маҳв этар эди.

О, инсон, бошинг омон бўлсин-у, нақадар маккорсан!

Дўстим, мен ҳозир ҳам тўлиқиб кетаётибман: у — ажойиб ва фожеавий бир манзара эди.

Тасаввур этингки, уни томоша қилаётганлардан кўпларининг юзларида кулгу бор, Раис бобонинг ўғли қилган ишдан фахрланиш, унга тан бериш бор, тағин: театр, телевизор деган нарсалардан бехабар гумроҳларнинг лақмаларча анқайиши бор... ўй, мулоҳаза — йўқ эди, десам бўлади.

Бир маҳал бургут шундай айланишга тушиб кетдики, туйқус қафасга урилдими ёки хизматкор қаттиқ тортдими — худди ўқ теккандек бир ағдарилиб, пастлай бошлади. Кейин уй атрофида худди ипга боғланган ажабтовур варрак каби айлана-айлана айвонга тортилди.

Мен тасаввур этдим: бургут ўз қафасида ҳансираб ётибди шу тобда. Илло, кўпдан бери бундай парвоз қилмаган! Шубҳа йўқки, шу тобда меҳмонхона эшиги очиқ, у ерда Раис бобогина эмас, у кишининг хотини ва ўғли ҳам бор.

Шубҳам йўқки, толиққан, ип тортилганда балки бирон ери шикастланган яна зал тўрига кўз тикиб қолган. Балки энди қушнинг важоҳати бурунгидан ҳам баттардир: ахир ўз маконида парвоз этиб келди.

Анави нотавон эса ҳамон уйнинг тўрида қотиб, кўзлари ловуллаб турибди.

* * *

Худди шундай бўлган экан, қадрдон.

Йўлдошбойнинг туғилган куни муносабати билан чорлаган меҳмонлар, яъни “айбдор”нинг падари бузрукворию, волидаи муҳтарамаси, тағин иккита фельдшер билан Йўлдош ўқийдиган синф раҳбари ва биз жужуқлар — ҳе, стулда тўғри ўтиришни билмайдиган, айримининг оёғи ерга тегмай тагига қатлаб олган қишлоқ шумтакалари даврасида бургутнинг илк бор узун ипда учирилгани ҳикоя қилинар эди.

— Менимча, шу ҳайкални ёмон кўриб қолган, — деди Раис бобо инжиқланиб. У киши даврадан туриб кетишни истар, аёли қўймас, афтидан, яна уч-тўрт дақиқа ўтиришга ундар эди. — Буям одамзодга ўхшайди-да, — деб давом этди у киши. — Чиройли бир гўшада яшаётган кишига бошқаларнинг рашки келади.

— Шундай-шундай, — дея тасдиқлашди дўхтирлар.

Ўқитувчи эса иримига яраша:

— Шундай қилманглар, болалар, — деди бизга. — Рашк яхши фазилат эмас...

Чоғимда, Йўлдош ҳам уларнинг сўзидан ўзига тегишли маънони чиқариб ололмаётган эканми, гапни бўлиб:

— Вей, ўша куни ёввойи бургутлар бирам қочиб қолишди! — деб кулди. — Кейин осмонга чиқиб кетишди. Кейин секин-секин товуш чиқаришди.
Кейин буям секин-секин ингради.

Ёпирай, униям кўзи ёшга тўлиб кетди. Ҳаммамиз бир сония жим қолдик.

Шунда Йўлдош улуғ бир хулосани айтди:

— Дада, онажон, бугунги кун меники, менинг гапимни қиласиз, тўғрими?

Меҳмонлар ҳам «тўғри» деб тасдиқлашди. Мен унинг чеҳрасидаги нурли бир изтиробни кўриб ҳайратга тушдим. Гапни ҳам жуда кекса одам қазо қилганида сўзлаётган имомдек тантанали ва фожеавий тарзда бошлаганди-да. — Шу бургутни, шу қушни, — дея титраб ўрнидан турди. — Ҳозир қўйворайлик... А, жўралар. тўғрими гапим? Биз уни, йўқ, сизлар уни тутиб олдинглар. Мен... биз уни тузатдик...

Бизга бирдан жон кирди-ку!

— Қўйвориш керак! — дедим.

Бошқа болалар қам ўз мулоҳазаларига кўра бу фикрни, яъни Йўлдошнинг илтимосини маъқуллаб, Раис бобога қарашди. “Зиёфат айбдори”нинг онаси ҳам бу фикрга ҳайрон эканини яширмайдиган бир назар ила эрига боқарди.

Раис бобо мийиғида кулимсирар экан, пешонаси тиришди. Касалманд қиёфаси тағин мискин бир тус олди.

— Раҳмдиллик — яхши нарса, — деди. — Сизларнинг ёшларингда бўлганимда, мен ҳам шу фикрни айтган бўлардим эҳтимол... Бироқ йигитчалар, билиб қўйингларки, бизнинг фалсафамизда ҳамма нарса инсон учун, дейилади. Табиат ҳам, гуллар ҳам, мана шу бургут каби қушлар ҳам. Улардан завқланишимиз лозим. Ана шунинг учун ҳам бизда зоопарклар бор, қўриқхоналар бор. Биз ноёб паррандалар ва камёб ҳайвонларни асраймиз. Тўғри, уларнинг ўргатилган бўлишлари шарт эмас.

— Албатта, албатта, — деди ўқитувчи, — циркнинг йўриғи бошқа.

— Балли, — деб давом этди уй эгаси. — Лекин биз бу шунқор қушни хонадонимизга ўргатмоқчийдик. Бир ҳисобда шунинг учун ҳам унинг бу ерда туришига рухсат этувдим...

—   Лекин ўрганмади. Ўрганмас экан, — деди Йўлдош отасининг нима демоқчи эканини англагандек. — Бўзмерган айтдилар...

— Ана бу бошқа гап, — деб яна табассум қилди отаси. — Демак, бунинг жойи — бу ер эмас.

— Демак, бунинг жойи — осмон! — деб юборди Йўлдош ва мен енгил тортиб кетдим.

— Э, йў-ўқ, — деб бош чайқади отаси ва... Йўлдошбой йиғлаб юборди.

— Бунинг жойи, бунинг жойи... сарой-да, а? Айтинг, тўғрисини, дада! Айтинг... Йўқ, айтмайсиз ҳозир. Аммо мен биламан: сиз бунинг терисини шилиб, Бўзмерганга берасиз, У устасига обориб, чучела қилдириб келади. — Раис бобо қизишиб кетиб, ғулдираб ўрнидан турди. Онаси Иўлдошнинг билагидан ушлаб бир нималар деб ёлворди. Энди Йўлдош ўзини тўхтатолмас эди: — Чунки бу — ноёб қуш, а, дада? Шунқорлар авлодидан! Ёки қарчиғайлар оиласиданми? Дада, деяпман! Ана кўрасиз,  қўйвораман  шуни...

Эшик оғзига етган Раис бобо ўғлига илкис қаради.

— Ўзингни босиб ол. Меҳмонлар бор. Жўраларингниям биринчи марта келиши, Кансерт кўрсатма, ўғлим. Ҳа, бир гап бўлар. Ундан кўра,
таомга қаранглар, де. Еб-ичиб ўтиринглар. Кейин, ана, бургутингни учир. Онанг бир тасмага: «Ўғлим, туғилган кунинг муборак!» деб ±зиб қўйипти.  Гулназарни чақир, тасмани бургутнинг оёғига боғласин.  Кейин учиринглар.

Раис бобо чиқиб кетди. Салдан кейин уй бекасининг имоси билан меҳмонлар ҳам туришди, яъни катталар қўзғалишиб, бошқа хонага ўтадиган бўлишди.

Биз болалар ҳам беихтиёр ўрнимиздан турган эдик: ўзимиз қўлга туширган қарчиғайни, йўқ — шунқорни, бас, бургутни ўз қўлимиз билан ҳавога учириб томоша қилишни истардик.

Албатта, уни буткул озод қилиш — фақат Раис бобонинг иродасига боғлиқ эди.

Хулласи калом, бургутни учирдик. Вай-вай, бундай гўзал манзарани кўриш кишига камдан-кам насиб этади: бургут парвоз қилиб айланаётир, бир о±ғига боғланган оқ тасма ҳилпираб эргашган, ундаги қизил ёзувлар кўриниб-кўриниб қолади.

Вей, бундай манзарани кўрганмисиз? Буни тўқиб чиқариб ҳам бўлмайди, дўстим!

Аммо ўзи жўнгина муносабатлардан келиб чиқди. Ҳа, ҳамма буюк нарсаларнинг отаси — соддалик.

Бироқ, жиндак хаёлга толсангиз, шу манзара ҳам фоже манзара эканини уқасиз: ҳа, дўстимизни кўкдан туриб табриклаяпмиз! Яхши, Кўпга кирсин Йўлдошбой.

Аммо банди-занжирбанд бургутдан фойдаланяпмиз-ку? У қушнинг бағри қон-ку?

Бизга — пастда қийқириб чапак чалаётганларга қараб у, агар ақли бўлса, нимани ўйлаётган экан?

Шубҳасиз, биздан жирканар, нафратланар эди бу  гладиатор бургут...

Лекин сал вақт ўтмасдан томошанинг пачаваси чиқди: йиртқич қуш ортидан илон каби эргашган нарсани пайқаб қолиб қўрқиб кетди, шекилли, шундай учишга — айланишга тушдики, мотори бузилган «миг»дан фарқи қолмади. Ёки шамол оқимига тушиб қолгандек ҳаракат қила бошлади: дам пастлаб кетади, дам юқорилаб ва бирдан тўхтаб тескари томонга учади.

Хуллас, шўрлик бургут думига пақир боғланган қандайдир махлуқ ҳолига тушди.

Натижа шу бўлдики, толиқдими, бошқа бир нарса таъсир этдими, секинлаб секинлаб, айвондан пастга шундай осилди-қолди. Боши пастда, қанотлари қайрилиб тумшуғига тушган.

Томда туриб челакда лой тортган сувоқчидек уни тезда тортиб айвонга чиқардик.

У қанотларини ёзиб ётиб олди.

Вой, нақадар ғамгин кўринди у менга!

У касал эмас эди, йўқ — банди эди: биз унинг бандилигидан...

Боя бургутни ўз ҳолида қолдириб, катак эшигини атай ёпмасдан кирган эдик: бир пайт патир-путур қилиб ўзини нари-берига ура бошлади-ю, биз ташқарига чиққунча у ҳавога парвоз қилди.

У энди оҳиста учар эди. Таажжуб: бояги чарчоғидан асар ҳам йўқ.  Кўкда бироз тўхтаган бўлиб, титроқли овоз ҳам чиқарди. Бояги бургутлар (боя тасма билан учирганимизда ҳам бир неча шериги кўкда пайдо бўлган эди) яна аллақаёқлардан етиб келиб, тағин баландда айлана бошлашди. Биз ихтиёрсиз бир тарзда унинг осмонга интилишини кутардик. Лекин у интилмас, шу баландликда учишга ҳам рози бўлгандек.

Кейин, тепани қўйиб, тобора айвон қаршисида айлана бошлади. Ниҳоят, айвонга кириб ҳам ўтди.

Биз бундан қувониб ҳам кетдик: назаримда, бургут “ўз қафаси”га ўрганаётганга ўхшар.

Бир маҳал қарасам, ёши улуғ меҳмонлар ҳам ошхона деразасидан қараб томоша қилишяпти.

Капрон чилвирнинг учи Йўлдошбойнинг қўлида эди. У дамо-дам: «Уч! Осмонга чиқ!» деб гўё далда берар, биз ҳам унинг сўзини такрорлар эдик.

Ана шундай анқайиб-анграйиб, қувониб-суюниб турган чоғимизда шунқор, йўқ — қарчигай, ундай эмас — бургут яна айвон ичини разведка қилгандай учиб ўтди-ю, бирдан шитоб билан айлана кетди. У айланар, бизнинг бошимиз ҳам айланарди. Худо урсин, кўзим тинай деганда, уни яна, ҳа, демак, охирги марта тепамда кўрдим, холос.

Кейин, меҳмонхонага ўзини урди ва ичкарида тақир-туқир бўлиб кетди. Ичкарига кирсак, фосфор бургут чил-чил синиб кетган, бизнинг овунчоқ эса телевизорнинг оёғи остида қанотларини ёзиб жонсиз ётибди.

Меҳмонлар ҳам орқамиздан чопиб киришган эди. Унинг тепасига келишди.

Йўлдош қушга эгилганча қўлини тегизишни ҳам, тегизмасликни ҳам билмай ҳиқиллаб тураркан, Раис бобо келиб тиззаларига кафтини тираган кўйи қушга бир муддат тикилди-да, хўрсиниб қоматини кўтарди.

— Тамом бўпти. — деди, — Саройга обориб ташлаш керак, — Ниҳоят, телевизор устига, кейин атрофда сочилиб ётган ҳайкал синиқларига боқиб ачиниш билан бош қимирлатди. — Эсиз ҳайкал.

Кейинги куни тонг пайти эди, уйимизнинг деворини биров дукиллатиб урди. Мен сигиримизни подага қўшиш учун уйдан чиқаётган эдим. Айвон четига бориб, уй ортига қарасам, Йўлдошбой бўз отида турибди. Олдига пахмоқ адёлга ўралган бир нарсани ўнгариб олган. Кам ухлагандек қовоқлари шишиб кетган.

— Муни, муни нима қиламиз? — деди. — Отам чучела қилдиради барибир...

— Ҳим, эслатиб туради. Ёмонми? — дедим.

— Йўқ, эслатмасин ўзини... Барибир ёдимда қолди энди. Буни яна эрмак қилишмасин.

Кўзим чарақлаб очилгандек бўлди: дарҳақиқат, тўғри айтяпти бу!

Калламга келган илк фикрни айтдим:

— Кўмамиз.

— Ҳа, — деди у.

— Сен шийпонга боравер бўлмаса. Мен бу ёкдан сигирди ҳайдаб чиқаман.

— Майли. Ҳув, ўша кулба-я?

— Ўша.

...Атрофини симтўр билан ўраш ҳам одамларнинг хаёлига келмайдиган, тўғрироғи, бу ҳолни хаёлларидан чиқаришган, яна-да тўғриси, бунга рухсат этишмайдиган, бундан ҳам тўғриси — обод қилишни ўйлаган одамни қишлоқдан бадарға этилишига сабаб бўладиган қабристонга етиб борганимда, Йўлдошбойнинг ёнида Тўрақул, яна бир-икки бола бор эди.

Биз хас-ҳашакларни еб юрган эшакларни ҳайдаб юбориб, қабристоннинг тоғ томонига ўтиб, чўккан бир гўрни кўрдик. Унда одам суяклари бўлса керак, деб ўзимиз гўр қазишга киришдик. Биримиз чўп билан, биримиз плугнинг занглаган тиши билан хўп уннаб чуқургина лаҳм қаздик.

Кейин сор бургутни адёлга яхшилаб ўраб лаҳмга қўйдик-да, кўмдик. Қабристонда шаҳид ўлганларнинг. яъни ҳув гражданлар уруши даврида Озодлик, Мустақиллик йўлида курашиб ҳалок бўлган “босмачи”лардан ҳам бир нечасининг қабри бўлиб, халқ уни пинҳон тутар, биз жужуқлар ҳам бировга оғзимиздан чиқармас эдик: уларнинг белгиси — бир қулоч чўпу ярим газ чурук бўз эди.

Бу фикр мендан чиқди десам — хато бўлар, ишқилиб қайсимиздандир чиқди:

— Туғ қадаб қўяйлик, а?

Биз ўзимиз англамаган ҳолда озодлик йўлида кўп интилиб, бағри қон бўлиб, ҳалокатдан ўзга чора тополмаган, шу ишни ҳам ўзига хос бир тарзда адо этган сор бургутни баайни “шаҳид” деб дафн этдик.

1996.