“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 657 марта кўрилган.

МЕРОС

Ражаббой РАУПОВ

МЕРОС

Ҳикоя

Гумбур хола кўчадиган бўлди. Эрининг вафотидан икки йил ўтиб, унинг хотираси-ю, қолган мероси – бир эски милтиқ билан ҳовлидаги қари тутга осиғлиқ унутилган қўнғироқни олиб, зотдор сигирни етаклаб кўчяпти.

Азонда неварасини уйғотди. Уйи остонасига келтириб қўйилган бульдозерга ёв қувгандек қараб-қараб шошиб йўлга тушди.

Неварасининг:

– Мунча вақтли? – деган сўроғига ўзича жавоб топди:

– Мен бу уйга юзимни очиб эмас, паранжида келганман, кетганимни ҳам биров кўрмасин дейман-да, тойчоғим.

Бола елка қисди, чўзиб ҳуштак чалиб қўйди.

– Бобонгдан қолган ўнта теракни кестирдим, – кампир йўл-йўлакай гапириб борди. – Холаларинг: “Менга беринг-менга беринг”, деб талашиб-тортишди. Сенинг онангга етмади ҳам. Аслида-ку, сўрамади-я, барибир кўнгил-да, отасининг мулки...

– Сигир меники, а, буви?

Кампир ҳушёр тортди. Ҳарқалай кенжа қизига қоладигани шу говмиш экан-да. Ўлимлигини аллақачон пенсия пулидан йиғиб қўйган. Зориқадиган жойи йўқ.

– Ҳа, сигир сеники, болам.

Кампир бошқа гапирмади.

“Қариганда уй керак экан кишига, – унинг хўрлиги келиб, хаёлан эри билан суҳбатлаша бошлади. – Мен сизни уйим деб эдим, Ўғилжон! (Эрини кенжа қизининг исми билан атайди) Ўлимга вафо қилиб мени ёлғиз ташлаб кетдингиз-а... Кенжа қизингиз Ўғилойникига кўчяпман. Кўчяпман дейман-у, аслида нимам ҳам бор? Ўғилой сизга ўхшайди: оғир карвон, кенгфеъл... Ижроқўм “дом” берди, ўтмадим. Уч кунлигим борми-йўқми, бегона уйга кўниколмай сиқиламан. Иссиқ сув, совуқ сув деб кўп аврашди. Кўнмадим. Тайёрига ўрганмаганман, деб оёқ тирадим. Ундан кейин, сигир боғлайдиган жойи ҳам йўқ экан. “Дом” деб васиятингизни бузайми?..

Ўшанда, тириклигингизда ҳам шундай десам, “Эси паст”, деб мени жеркиб берардингиз. Аслида, кўп нарсага ақлим етарди. Дугоналарим менга бекорга Гумбур деб ном бермаган. Рост-да, уйимиз тўзимасин дейман. Ўлмаганингизда ҳовлимиз бузилмасмиди, шу йўл қурғур келиб-келиб бизга қараб турган эканми?

Сигирни айтмайсизми? У ҳам боласидан ажради. Худди сизга бўзлагандек бир ачиндим-бир ачиндим, аммо бировга сездирмадим...”

– Буви, сигирнинг шохига қўнғироқ осайми?

Кампирнинг хаёли бўлинди. Худди эрининг овози қадим мис қўнғироқда яширингандек суюнди. Қўнғироқ эрига отасидан мерос – чўпонликни касб, чўлни умр бўйи уйим, деб билган Улуғ бободан қолган.

Сигир шохига илинган қўнғироқ жарангидан чўчиб лўкиллади. Кампир “ҳой-ҳой”лаб арқонга маҳкам тирмашди. Назарида қўнғироқ акс садо бериб, бутун қишлоқни уйғотмоқда эди. Хижолатдан, уятдан дув қизариб, неварасига буюрди:

– Қўғироқни ол, ол тезроқ! Бекит!

Бола унинг сўзларига парвосиз арқонни силкитди-да, сигир билан баб-баравар югуриб, бувисидан олислай бошлади: “Ур-ра!”

– Оламга ёйди бу тирмизак, – кампир ўрта йўлда титраганча қолаверди.

– Жаранг-журунг!.. “Тавба, – ўйлай бошлади кампир, – ҳар нарсанинг ярашиқлиси бўлар экан, сигирга қўнғироқ осиш ярашмас экан. Балки, бу гуноҳдир”.

“Жаранг-журунг!..”

Кампир кетиб бораркан, қимматли хотираларга тўла азиз гўшасидан кўз узгиси келмас, эндиликда ҳувиллаб қолган ҳовлисига юрагини кўмиб ҳансираб борарди.

 

* * *

Мана у: пастаккина беш болорли уй. Чап бурчакда сандиқ, ўртада сандал. Сандиқ устида кўрпа-тўшак, ёстиқлар, сандалда қадимий пиёлалар, хум чойнак, коса, тақсимчалар терилган.

Қибла деворда узун эски милтиқ...

Ўшанда у тушдан сўнг уриниб-суриниб жағи қапишган бузоқни зўрға даҳлизга судраб кирганди. Остига эски чопон ёпиб ётқизгач, боши айланиб эшикка суянди. Ўзини зўрға уйга олди. Ётди. Ажинларидан тер тошиб, кўз ёш билан қўшилди-ю, ёстиғи жиққа ҳўл бўлди. Қариганда не кўргилик бу! Савоби гуноҳга айланди...

Бир ой муқаддам йўл бўйида, уйларига қарама-қарши томонда баланд иморатлар қурилиб битгач, одамлар кўчиб келганди.

– Энди биз сизга қўшнимиз, бувижон, – дастлаб эшигини қоққан йигит салом-аликдан сўнг ўзини таништирди. – Чақалоғимиз бор. Ўзимиз ичмасак ҳам, шунга озгина сут бериб турсангиз.

“Мулойим йигит экан. Тили ширин, одоби ҳам жойида. Туман газетида ишларкан, ақлли бўлади-да...” Шундай хулосадан сўнг ҳар эрта янги қўшнига сут бериладиган бўлди.

Кампир кўп ҳам ўйлаб ўтирмади. Туман марказига беш-олти чақирим наридан кўчиб келган қўшнини мусофир деб билди. Ўзи, раҳматли эри маҳалланинг туғди-битдиси эди. Икки қизини ҳам узоққа – бегонага чиқармади, маҳаллага узатди.

Кенжа қизининг ўғли ўн бир ёшли Олимжон кампир билан яшар, эрталаб сутчой ўрнига бир пиёла қаймоқ уники эди. Кунора севимли машғулоти – қатиқ ивитар, гуппи чалиб сарёғ оларди. Сарёғни қизларига улашар, баъзан сотиб, Олимжоннинг ҳою ҳавасига харжларди. Янги туққан говмишнинг сути оиласига етиб ортарди. Дарвоқе, сигир ҳам эридан мерос, марҳум ўлими олдидан васият қилди: “Мен ўлсам, сигирни сотма. Сени шу боқади...” Эрининг сўзларини муқаддас билиб, сигирга янада маҳкамроқ боғланиб қолди. Унга эримдан қолган суяк деб суянди...

Ҳафта ўтмай қўшнилар кўпайди. Бир кун газетачи бола бошдан-оёқ зангори кийинган йигитни бошлаб келди. Иккаласининг қўлида иккита коса. Саломлашгач:

– Кўпайдик. Бу киши ҳам қўшнимиз, – деб тушунтирди эски мижоз. Йигит курашчи – полвон экан. Кампир унинг қадди-қоматига тикилиб, ҳавас билан кузатди: зап қоматдор, келишган йигит.

“Неварам Олимжон ҳам курашга қатнашади, Худо хоҳласа, шу акасидек полвон бўлади. Муаллими Олимжонни зўр, деди-ку...”

Кампир улғайган, кучга тўлган неварасини кўз олдига келтирди-ю, ийиб кетди. Олимжон уйқуда эди. Унга аталган қаймоқни меҳмонларга тортди. Кулча синдирди. Полвон йигит мақтаб-мақтаб қаймоқ симирди... Бироқ шу кундан бошлаб сут камайди.

Олимжон қаймоқ емаганига аччиқланди. Кампир:

– Уйимизга полвон келди, қаймоқни шу киши еди, – деб тушунтирган эди, бола кўнди.

Лекин бузоқчани кўндириш жуда қийин кечди. У гапга тушунмас, онасининг сутини буткул ўзиники деб билар, тўрт елинни тортқилаб-тортқилаб эмишга тиришарди.

Бир эрта говмишни соғишга ўтирди-ю, ҳаял ўтмай сигирнинг елини тош қотди. Ҳадеб юлқилаб чўзса ҳам сут келмади. Таажжубланди. Туриб сигирга қаради. Қорни мешдек – тўқ. Сув ҳам ичган эди. Охурида беда нишхўрдлари. Ноилож сигирни ийдириш учун калта боғланган бузоқни иккинчи марта ечди. Жағидан маҳкам ушлаб, тумшуғини елинга тегизди. Бузоқ эмар-эммас дарров тумшуғини тортиб, иккинчи елинга тегизди. Тезда бузоқнинг оғзи кўпикланди. Сигирнинг елини таранглашди. Кампир бузоқни шарт судраб, боғлаб қўйди. Челакни қўлига олар экан: “Ҳа айёр!” деб говмишни силади.

Соғишга ўтирди. Бузоқ онасига интилди. Сигир “ҳм” деб ичини тортди. Кампир шанғиллади:

– Тортмай ўл, болангга ҳам қолдираман! – Елинни бир-икки чўзар-чўзмас сигир юриб кетди. Кампир орқага йиқилиб, бели қаттиқ лат еди, челак юмалаб, сут ерга тўкилди. Сигирнинг бундай одати йўқ эди-ку! Кўз теккан. У шундай деб ўйлаб исириқ тутатишга шошилди.

Эрталаб у мижозлардан уялди. Улар кампирнинг гапига ишонмади. Эртасига у яна сигирни соғишга уриниб кўрди. Олимжон билан иш битмади. Сўнг вақтлироқ йўлга чиқиб одам кутди. Ниҳоят таниш муаллим кўринди. Кампир уни дарвозадан киритди-ю, қўлига ип тутқазди:

– Жоним болам, сигирни тушовла!

Говмиш тушовланди, ҳар бир кўзи пиёладай патнаб, баданига титроқ кирди. Сигир соғилмай азобланар, оёғини ерга тарсиллатиб урай деса, тушовланган. Кампир ноилож ишонқирамай елинига қўл тегизди-ю, тортиб олди. Елини иссиқ, лўқиллар эди.

– Ечинг, болам, ечинг, – унинг овози титраб чиқди. – Сигирим касал.

Оқшомгача кампир тинчимади. Бузоқ ҳолсизланиб, очликдан оёқлари қалтираб, зўрға тик турарди. Кампир челакдаги сутдан шишага солиб боласининг оғзига қуймоқчи бўлди. Лекин бузоқнинг жағи қапишиб, оғзи очилмай, сут ерга тўкилди.

Кечга яқин дўхтир келди. Сигирни кўриб бор гапни айтди. Кампирнинг қулоғига киргани унинг “Кесамиз” деган сўзи бўлди. Кутилмаганда у довдираб қолди. Кампир сийнаси кесилган аёлни кўз олдига келтирди. Эмаман деб тирмашган оч болани эслади. “Уф” деб ерга ўтирди. Қулоғи битиб, кўз олди қоронғилашиб, дўхтир гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай узоқлашди.

Кампир рози бўлмади. Худди биров қувлаётгандек уйга шошилди. “Бу дунёда ҳар ким болам деркан-да”, – у алам билан ўйлар, ҳеч ким уни, сигирни демаганига ўксинар эди.

– Нималар бўляпти, Ўғилжон? Уйимизга бало келди, қўрқяпман, Ўғилжон! – кампир чўккалаб, рўмолини кўзига босиб йиғлади. Сўнг яна “Олимжоннинг бобоси”, деб милтиққа мурожаат қилди: “Яхшилик қилмоқчи эдим, Говмиш ўлгур бузоғини деб ўзига жабр қилди. Бизга ҳам жабр қилди...”

Мижозлар яна бир кунга чидадилар. Иккинчи кун эрталаб қўшнининг хотини чиқди, қуруқ
қайтгач, газетачи бола қош-қовоғини осиб кампирникига кириб келди. Даҳлизда ётган қора бузоққа, сўнгра кампирга кўзи тушди-ю, англади: “Ростдан ҳам буларга бир бало бўлган”. У аёлнинг ёнига омонат чўкди:

– Тузукмисиз? – дея кампирдан ҳол сўради. У индамагач ўзи давом этди, – сизни касал деб эшитдим. Аммо ўғлимиз Сатторжон сут сўраб бизни қийнаб қўйди. Мен ҳам, келинингиз ҳам сутга ўрганиб қолдик...

Кампир сут илинжида келган йигитга қарамади. Қани энди ёнида ҳеч ким бўлмаса, бегона овозни эшитмаса. Ҳеч ким сут сўрамаса, Говмиш ҳам касал бўлмаса...

– Ўғлим, – деди у ниҳоят шивирлаб, – қайтиб келманг... Сигиримиз касал бўлиб қолди...

Йигит жимгина эшитди. Кампир бироз енгил тортди. Шу пайт йигитнинг оёғига деразадан тарақлаб сумка келиб тушди. Кампир иккиси чўчиб, бир-бирига қарашди.

– Кетаман! – деган Олимжоннинг овози эшитилди. – Курашдан йиқилдим. Сутни ўшаларга беринг! Қаймоқни ўшаларга едиринг!

Кампир йигитга қаради. У кўзини олиб қочди.

– Бола-да, – кампир узр сўраган бўлди.

Олимжон дераза ортида йиғлаб турар, бугун машқда рақибидан йиқилиб, сабабини қаймоқ емаганига йўйган, шунинг учун ҳам бувисида алами бор эди.

– Эшитдингиз-а, болам, энди келманглар, – деди деди у қатъий.

Қайтариқ йигитга оғир ботди. Хайрлашмай чиқиб кетди.

– Сут ичирдингизми, буви? – Олимжон бузоқни кўрсатиб шивирлади.

– Ичолмаяпти.

– Ўзим ичираман, – дея бувисининг бағридан чиқди-да, сут солинган шишани олиб даҳлизга ўтди. Тўхтаб бирпас ўйланиб қолди.

– Яна сут борми? – деб сўради. Бувиси йўқ, деб бошини қимирлатди.

– Бувижон! – улар бир-бирини қаттиқ қучди. Томоқларига нимадир тиқилиб, овоз чиқаришга халақит берар, аммо бу ёқимли эди. Кампирга ёшлиги, олдинги куч-ғайрати қайтгандек, невараси эса айни дақиқаларда улғайгандек, кучига куч қўшилгандек эди.

– Бобонг... – кампир гапиролмади.

Бола бувисини жимгина тинглар экан, ойнадан кўчага қараб анча туриб қолди. Буви сўзсиз қотган неварасига энгашганча у тикилган томонга хавфсираб кўз югуртирди. Кўзи таниш манзарага – кўча, паст-баланд деворлар, каллакланган тутлар, якка-ярим одамлар ва пахтазорга тушди. Бола буларни кўрмас, бу ҳақда ўйламасди ҳам.

Сутхўр қўшнилар яшаётган баланд бино ёнида яна иморат тикланаётган эди. Бола буни шу пайтгача сезмаганига ажабланар, уни тушида кўраётгандек миқ этмасди. У уйларига томон тақалган янги йўлни ҳам кўрди.

– Олимжон... – у бувисини эшитмади. Қаддини ростлаб, индамай уйдан чиқди-да, шарақлатиб дарвозага занжир солди.

... Эртасига кампир коса кўтариб қўшнисиникига сутга чиқди. Кўп ўтмай қўшнилар янги гап тарқатди: “Гумбур хола кўчармиш...”