“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 574 марта кўрилган.

ЁР-ЁР

  Сайёра Жабборзода

ЁР-ЁР

Ҳикоя

Эсладим... Тўрт яшарлигимда онам мени қўшни қизнинг тўйига олиб борган эди. Ўшанда гўшанга ушлаган янгалар ва бир момо келинни кузата туриб шу қўшиқни айтишган эди.

Токчадаги дукордни занг босибди ёр-ёр,

Чиқадиган бикани ғам босибди ёр-ёр.

Мен учун ато этилган хотира қурилмаси ҳам ана ўша куни ишга тушган бўлса ажаб эмас. Фахрланишга арзийди. Ахир илк ёдим яхши кундан бошланган экан.

Оқилжон момо... Қоромон қишлоғининг суюкли момоси. Барча учун азиз бўлиш қандай ёқимли. Бир инсон учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.

 Бечора, бир умр фарзанд кўриш бахтига илҳақ ўтди.

Қишлоқнинг катта-ю кичиги кунига жилла қурса бир бор уларнинг ҳузурига, зиёратга ошиқишарди. Мен ҳам болалигимда момонинг меҳрига пешвоз чиқишга интилар, шу сабаб бўш вақт топдим дегунча уларнинг уйига чопардим. Ҳовли ҳудудига қадам қўйишим ҳамоно узун-узун теракларнинг япроқлари шамолда силкиниб, хурсандлигидан чапак чалаётгандай кайфиятимни алқайди. Йўлакчага яқин қурилган қўрадаги қўй-қўзиларнинг маъраши ариқ лабидан отқулоқларни узишга ундовга ўхшайди.

Момонинг қўштабақали эшиги олдида қатор қилиб узумлар экилган. Айни ёз чилласида пишадиган чиллаки, хирмони, ҳусайни, тоифи каби яна ҳозир мен номини эслолмаётган турфа нав узумларнинг тоти тилни ёради. Ҳовли бағрини тўлдириб, шохлари тарвақайлаб кетган икки гужум ўсади. Гужумлар олдида кичкина сўри. Сўри тагидан лойли сув тўла солма (ариқ) оқади. Сўри устида кўк чойни эрмаклаб, ҳаётнинг баланд-пастидан мириқиб суҳбат қураётган Оқилжон момо ва Мулла бобога жилмайганча салом бераман. Ҳар сафаргидай улар мени кўриб, қувониб кетадилар. Бундан ийиб кетганимдан сўри устига ўрнашиб ўтириб оламан. Мулла отам дарров дастурхон устидаги ширинликлардан олиб, қўлларимни тўлдирадилар. Момом пиёлага илиқ чойни қуйиб узатади-да, секин қўзғалиб ичкарига йўналади. Бу мен кўриб, кўникиб қолган ҳолат эса-да, бу сафар момом яна қандай тотли ширинликлар олиб чиқар экан деган қизиқиш устунлигида кута бошлайман. Момо оқ қийиқни тўлдириб чиқиб, менинг олдимга қўяди. Қийиқдаги ҳолва, пашмак, жийда, қурут, ёнғоқ ва майизларнинг қайси бирини олдин ейишни ўйлаб, оғзимнинг таноби қочади. Ширинликлардан ҳам кўра бу икки қариянинг меҳру-муруввати, дарёдиллиги биз болаларни бу хонадонга қайта ва қайта чорлайверган бўлса, ажаб эмас. 

– Мулла, – дейди момом, – Сайёрага боғдаги олмалардан териб бермайсизми?      

– Э-э-э, албатта, момоси, албатта. Ҳа ўзи  асал қизим келса олма териб бераман деб айтиб ўтиргандим-ку сенга. Яхши эсимга солдинг. Юра қол қизим.

Ўзимизнинг боғда ҳам олма бор.  Аммо, момомнинг боғидан терилган меваларда ўзгача тот бордай эди гўё. Мулла отам териб берган олмалардан кўйлагим этагини тўлдириб, момом ёнига келаман.

 – Момо, нега отамга Мулла дейсиз? Улар муллалик қилмайдилар-ку?

Менинг саволимдан момом мийиғида жилмаядилар. Кейин тушунтира бошлайдилар: – Бобонгни асли исми «Бекпўлат» бўлган. Қишлоқдаги одамлар ўқиб-ёзишни унчалик билмайдиган пайтлар у кўпчиликнинг саводини чиқаришда бош-қошлик қилган. Шунданми, одамлар уни «мулла ака» деб атай бошлаганлар...

– Қўй Оқил, боланинг бошини ачитма. Тур, ундан кўра қизимга ниначи ушлаб берамиз. Қара, сен кир ёядиган дор устига қаторлашиб қўниб олишибди.

Болалик шавқи устун келиб, ботинимдаги истак тилга чиқади:

 – Момо, менинг тўйимда ҳам ёр-ёр айтасизми?

Оний лаҳзада момомнинг юзларида зоҳирланган нурдан тасаввуримда киноларда кўрганим, эзгулик фаришталари  билан бақамти тургандек сезаман ўзимни.

– Вой момогинанг айлансин, айтаман болам, айтаман!

– Сиз етмиш икки ёшга кирганингизда менинг тўйим бўлади. Худди (отамнинг онаси) Ҳожар момомдек енги узу-ун кўйлак ва оппоқ лачакларингизни ўраб, менга ёр-ёр айтгани борасиз, хўпми момо?

Улар менинг гапларимга завқланиб кулишади.

– Илоҳим, айтганинг келсин, Яратганнинг Ўзи шу кунларга етказсин болажоним! 

Болалигимни завқу шавққа тўлдирган бу файзли хонадон ва хонадон соҳибларини ўйласам, юрагим қадрдон меҳр тафтидан оловланади.

Йиллар ўтиб Мулла бобом тўшакка михланиб қолдилар. Ўнг қўл ва ўнг оёқ ҳаракатсиз қотган, унинг устига тилдан ҳам қолган эдилар. Кимдир “Мулла ака бечорани қоронғуда жин чалган” деса, яна кимдир “Урушда яраланганининг асорати бу” дерди. Биз эса, уларнинг уйига ўрганиб қолган бутун қишлоқ болалари астойдил хафалигимиздан ўйин-кулгуни ҳам унутгандай эдик.

Йиллар шафқатсиз. Мулла бобо ўнгланмади. Етти йилдан сўнг оламдан ўтди. Оқилжон момом ёлғизгина мун­ғайиб қолаверди.

Ўша ўйноқи болалик кунларида айтилган икки оғиз калимага фаришталар “омин” дейишган эканми, Оқилжон момом етмиш икки ёшга кирганларида менинг ота уйимда ёр-ёр сас берди ...   

Кумуш қошиқ ўйнаган қизинг бўлгай ёр-ёр,

Алпомиша ўхшаган ўғлинг бўлгай ёр-ёр.

Яратган, бандасини бу фоний дунёга йўллар экан, унинг бағрини ўғил-қизларга тўлдиради. Одамизот ортимда қолар изларим бор деган юпанч кучидан, бу алдоқчи фоний дунёнинг ғам, ситамларига қайта ва қайта тўшини тутиб, умр йўлларини манзилига етказади. Онамнинг уларни эслаганда ачиниб, таассуф билан айтадиган сўзлари хотирамда жонланиб, юрагим ўртаниб кетади...