“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 574 марта кўрилган.

«ҚУЁШ ҲЕЧ ҚАЧОН СЎНМАЙДИ»

Зулфия УМИРОВА,

Муқимий номидаги мусиқали драма театри актрисаси:

«ҚУЁШ ҲЕЧ ҚАЧОН СЎНМАЙДИ»

Инсондаги ҳар қандай иқтидору истеъдодни, шаксиз Яратганнинг ўзи юқтиради. Меҳнат, тинимсиз меҳнат истеъдодни юзага чиқаради. Актёр бўлиш учун Худо туғма қобилиятдан ҳам қисмаган бўлиши лозим, деб ўйлайман.
Наздимда санъатга муҳаббат, ошуфталик қалбга томирлардаги қон билан киради. Баъзан театрни, саҳнани бу қадар севишимнинг боиси ҳақида ўйга толаман. Ота-онам театр, спектаклдан анча узоқда бўлса-да, санъатнинг ҳақиқий шайдоси эдилар. Айниқса, бобом мусиқани жуда севар, турганда ҳам, ўтирганда ҳам қўшиқ ҳиргойи қилиб юрарди.
Театрга, санъатга улар туфайли кўнгил қўйганман.

Мактабда ўқиб юрган кезларимда, биология, кимё фанларини бошқаларига қараганда яхшироқ ўзлаштирардим. Дадам шифокор бўлишимни истарди. Қалбим эса актрисалик иштиёқи ёнарди. Касб танлаётганингда кўнглингда ўша соҳага нисбатан қандайдир майл уйғонмаса, ўзингга нисбатан ишонч туймасанг, яхшиси бу йўлдан кетмаганинг маъқул. Бу энг катта хатолардан бири бўлади. Актёрлик бўладими, шифокорликми ёки педагоглик — ҳар қайсисига лаёқат, истеъдод сув ва ҳаводек зарур. 

Она фарзандини қанча заҳматлар чекиб тўққиз ой вужудида кўтариб юради, дунёга келтириб, тарбиялаб вояга етказади. Бир куни келиб берган тарбиясининг ортидан дилбандининг орзу-ҳавасини, роҳатини кўради. Актёр ҳам ҳар бир ижро этаётган ролига ўз боласидай қараши, меҳр бериши ва шу роли орқали халқнинг меҳрини қозониши керак. Театр саҳнасига қадам қўйганимга  ўн уч йил тўлди. Фаолиятим давомида фақат бош қаҳрамонлар ролини ўйнашимга тўғри келган. Бу жуда катта масъулият талаб қилади. Илк ролим, илк ҳаяжонимни эсласам, ҳали-ҳанузгача бутун вужудимга ширин титроқ киради.  Бу ижро — “Париқишлоқ афсонаси”да Умида роли эди.

Аслида юмористик руҳдаги, комик ролларни ижро этишни истайман. Лекин режиссёрларимиз сиз лирик актрисасиз, сизга кўпроқ лирик роллар мос келади, дейишади. Мумтоз адабиётимизнинг йирик намояндалари Зебуннисобегим, Нодирабегим, Увайсийлар каби шоиралар ролини ижро этишимни хоҳлашади. Шу сабабданми менга “Тоҳир ва Зуҳра”да Зуҳра, “Аршин мололан”да Гулчеҳра ролларини беришган. Бу ижроларимни томошабинлар илиқ кутиб олган.  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, устоз Аҳад Фармонов томонидан ўтган замон ва ҳозирги давр талқинида уйғунлаштириб саҳналаштирилган мазкур спектакль сабаб кўплаб мухлисларимнинг ёдида Гулчеҳра сифатида қолдим. Бу образ ўзимга ҳам жуда ёқиб қолган. Ролга шу даражада киришиб кетганимдан нафақат, спектаклга тайёргарлик жараёни, саҳнадаги ижроим давомида, ҳатто кўча-кўйда, уйда бўлган вақтимда ҳам Гулчеҳрага айланиб қолгандим. Қаҳрамонимни ҳар жиҳатдан идеал образ бўлгани учун ҳам яхши кўриб қолганман. Ўша қаҳрамоним образида бир умр қолиб кетсам, яшасам ҳам рози эдим.

Бутун умр қалбимдан, хотиримдан чиқаролмайдиган яна бир образим — “Ўтган кунлар”даги Кумуш бор... Бу образни яратиш, саҳнада ижро этишга жуда қийналганман. Фожиали қисмат, фожиали якун сабаб руҳий изтиробга тушиб қолгандим, ич-ичимдан қаҳрамонимга ачинардим. Тўғрироғи, ўша пайтда Кумушлигимга ишонардим. Пешонасидаги ёзғириқ нима билан тугашини олдиндан биладиган инсон ҳолатида эдим. Анча вақтгача тушкунлик кайфиятидан чиқиб кетолмаганман. Балки шунинг учун ҳам барча қаҳрамонларим бахтли бўлишини истарман... 

Айримлар актриса учун ташқи гўзаллик муҳим, деб ҳисоблайдилар. Бу — янглиш фикр. Инсоннинг сурати ҳам, сийрати ҳам бирдек чиройли бўлиши зарур. Аммо ташқи кўринишга алданиб, ўз устида ишламаслик — фожиа. Гўзаллик мисоли баҳор ёмғиридан кейинги камалак, истеъдод эса — мангу порлаб турувчи қуёшдир. Чиройингиз бир кун келиб сизни тарк этганда ҳам, иқтидорингиз бутун умр қолади. Аслида томошабин сиз ижро этган ролларни гўзаллигингиз учун эмас, балки сиздаги иқтидорнинг ҳосиласини севиб томоша қилади...

Жамолиддин АБДУЛЛАЕВ ёзиб олди.