“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 388 марта кўрилган.

ТОҒЛАРИМ

Жасурбек ҚОДИРОВ

ТОҒЛАРИМ

Бадиа

“Кун кўриш эмас, яшаш зарур! Боиси, вақт жуда ҳам оз...” Ўтган ҳафтадан бери, суйиб такрорлайдиганим, шу сўзлар бўлиб қолган. Эҳтимол адашаётгандирман. Майли, қўяверинг.              

Дунё деганлари чиндан ҳам кўп қизиқ бўларкан: гоҳо қандай бошлашни, баъзида бошлаб қўйганимизни – ўхшатиб, қойиллатиб якунлашни билмаймиз...

Ҳар тонг юрак бир севиниб олади. Ташқарига чиқиб, кўча бошига энтикиб қарайман: худди энг яқин, кутган инсоним келадигандек. Бугун келадигандек... Кейин, яна алланималар ёдимга тушади ва хўрсиниб уйга қайтиб кираман.

Бари тушунарсиз. Қандайдир ғалати: берилиб, яйраб бир иш қилгинг келади-ю, ич-ичингдан истаб-излаб юрганингни тополмай, оғир сукутда тағин ортга чекинасан. Гўё имкон қўлдан кетиб, олтин фурсатларинг ниҳоялагандек.

Ҳа, дарвоқе, ўтган куни бир шеърий китобда ўқиб қолдим:

“Ҳувиллаган дунё, ҳувиллаган қалб,

На қувонч, на райҳон, на ғам, на ялпиз...

Қип-қизил қумларни кечдим юз йиллаб,

Ўзим билан ўзим яшадим ёлғиз”, деб ёзилганди унда. Бироқ, на ҳикояда ва на шеърда изоҳлаб, тушунтириб бўлмайдиган туйғулар ҳам бор.

Эмишки, куч ва қудратда тенгсиз – Худо, ўликни тирик, тирикни эса ўлик қилиб қўяркан.

Фаҳмимча, “томчида қуёш” деганлари мана шу...

Эҳ, аксига олиб кун ботяпти. Шом – юракни эзадиган палла. Шоҳимардон ёқлардан салқин шабада эсяпти. Дилда бўлса, ғаройиб ҳислар жимирлайди. Хаёлим баҳорнинг оппоқ булутларига қўрқмасдан – севги изҳор қилган ўша азим тоғларга кетади.

Уларнинг менга кўксини кериб, мағрур туришлари, маъноли боқишлари ёқади. Ҳатто, берадиган саволининг ҳам – залвори бор.

Бир гал: “Осмон нега осмон?” деб сўрашганди мендан. Қаранг, ажойиб-а? Ростдан ҳам нега шундай?...

...Бугунги кун охирлаб қолди. Эртанги ёруғ тонгдан эрса – умидларим бор!

Ана, тун ҳам астойдил самога – юлдуз михлаяпти...

* * *

Кеча ичимда не бир ҳадик, қандайдир қўрқув бор эди. Ҳозир улар қайга сингиб кетди, билмадим.

Эскилар топиб айтган экан: Сув бир лойланиб, сўнг тинади, деб.

Қани энди хоҳлаганингни қилолсанг. Айтмоқчи, ахир – вақт бор-ку. У – барчадан кучли. Шу ҳикмат анчагача ҳамроҳим бўлди. Аммо...

Мен кўнмадим. Ундан қудратлисини топишни мақсад қилган эдим, вақтим бекор кетди...

Демак, кўнглимга келганини қилсам, кўпчиликни хафа қилиб қўярканман. Афсус...

Бировга ўхшаш шарт эмас. Лекин кимнидир севмай ҳам яшаб бўлмайди.

Мен бўлсам унутяпман. Кўзларим соғинган – инсонимни унутяпман. Мана шунақа: кимдир чангитса, кимдир кўлоблатиб сув сепади. Ким биринчи, яна кимдир иккинчи...

Ажриқ ҳасад, момоқаймоқ – офтобга ҳавас қиларкан. Унинг ўзи ҳам – митти қуёш-да!

Қўлларимни пешонамга соябон қилиб, олисдаги қорли тоғларимга боққанча анча турдим. Шуларни ўйладим...