“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 294 марта кўрилган.

ҲИКОЯЛАР

Муратбой НИЗАНОВ,

Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси

ҲИКОЯЛАР

КОСТЮМ

Ёз чилласининг жазирама иссиғида мактабда бирга ўқиган синфдошимнинг идорасига борадиган зарур ишим чиқиб қолди. Йўлда соялаб-соялаб юрсам ҳам терлаб-пишиб кетдим.

— Ҳозиргина шу ерда эди, — деди котиба қиз. — Кириб ўтириб туринг, келиб қолар.

Мени раҳбарнинг хонасига киритиб юборди. Раҳбар ўн йил бирга ўқиган синфдошим бўлгани учун худди ўзимнинг уйимдагидек ялпайиб ўтириб олдим.

Орадан ярим соат вақт ўтди. Ҳозиргина келиб қоладиган раҳбардан ном-нишон йўқ. У ўтирадиган оромкурсининг суянчиғига костюм илиб қўйилган. Раҳбар кишининг иягидан тери шўрғаласа ҳам костюмини ечмайдиган одати бор-да. Бечора синфдошимга раҳмим келди.

Хаёл суриб ўтириб, орадан яна аллақанча вақт ўтганини сезмай қолибман. Лекин синфдошимдан ҳамон дарак йўқ. Столнинг устидаги қоғозларга кўз югуртираман: ҳар хил хатлар, таклифномалар... Санасига қарасам, январдаги, ўтган йилнинг декабрь ойидаги кунларнинг рақамлари билан рўйхатга олинган...

— Оға, тушдан кейин келасизми, эшикни қулфламоқчи эдим, — котиба қизнинг ийманибгина айтган сўзларидан тушлик вақти бўлганини англадим...

Эртасига ҳам шу аҳвол яна такрорланди. Қизиган тандирнинг ҳовурида нафас олгандек терлаб, кўйлагим селда қолгандек ҳўл бўлиб уйга қайтдим.

Учинчи куни унинг телефонига қўнғироқ қилдим.

— Узр, дўстим! Боряпман, деб мени аввалдан огоҳлантиришинг керак эди, — деди у хижолат бўлиб. — Мен идорада унчалик кўп ўтиравермайман...

— Қаердан билай, костюмингга қараб, унчалик узоқ кетмагансан, деб ўйлагандим.

— Қанақа костюм? — деди у ҳайрон бўлиб.

— Оромкурсингнинг суянчиғига илиб қўйилган костюм-да.

— Эҳ, шуни аллақачон алмаштиришим керак, деб ўйлаган эдим-а... — деди у унутган нарсасини эслагандек чуқур нафас олиб.

— Тушунмадим, нимага алмаштирасан?

— Энди ўзимникини илиб қўймоқчийдим, у аввалги раҳбардан қолган костюм...

 

ЁДИМГА ТУШДИ

— Бошлиғимиз бугун чап ёни билан турганга ўхшайди, — деб бўлим бошлиғи хонага иддао билан кириб келди.

— Ҳа, тинчликми ўзи? — деб сўради ўринбосари.

— Нимасини айтасиз... Эрталабдан ўзи қатнашадиган мажлисга мени юбориб... Дунёнинг писандасини эшитиб, қора тутуним чиқиб, ишхонага қайтиб келсам, котиба қиз йўлимни тўсди. “Бошлиқнинг олдига кириб чиқаркансиз, сизни кутиб ўтирибди”, деди. Кирдим. Йиғилишда нима гап бўлганини сўрайди, деб ўйласам, йўқ. “Дунёга машҳур бешта олимнинг отини айтиб бер” дейди. Бешта олим тилимнинг учида турибдими?! Кутилмаган саволдан лол бўлиб қолдим.

— Ҳа, билмайсанми? — деди чақчайиб.

— Биламан, — дедим сал ўзимни тутиб олиб.

— Билсанг, айт!

— Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Ал-Беруний, Мотуридий...

— Дунёга машҳур олимларни, деяпман сенга.

— Дунёга машҳур-ку булар ҳам!

— Булар шарқ алломалари... Яхши, боравер, — деди қовоғи очилмай. — Одам дунё илму фанидан хабардор бўлиб юриши керак. Зиёлисан ҳар­ҳолда!

Бўлим бошлиғи ҳасратидан ўт чиқиб, жағ ура-жағ ура ўрнига бориб ўтираётганида котиба қиз келиб ўринбосарни раҳбар чақираётганини айтиб кетди.

— Мен айтган олимларнинг номини такрорлаб ўтирма! — деб ўринбосарнинг изидан қичқириб қолди бўлим бошлиғи.

Ўринбосарнинг боришидан кўра қайтиши тез бўлди.

— Қалай, кўнглидагини топдингми? — деди бўлим бошлиғи.

— Йўғ-ей! Ломоносов, Менделеев деб санай бошлаётган эдим, “Чиқ!” деб бақириб юборди.

Унинг гапи шу ерда узилди. Бу сафар навбат менга келди, чопар чақириб кетди. Раҳбарнинг ҳузурига бора-боргунча қисқагина ўйлаб олишга улгурдим. Демак, раҳбаримизга қадимги юнон ёки олмон олимларининг номи керак.

Менга ҳам ўша савол берилди.

— Аристотель, Афлотун, Герцен, Эйн­штейн, Нобель...

Раҳбар қаламини столга уриб таққиллатди. Бу “бўлди, бас” дегани эди.

— Ҳеч бирингиз илмга қизиқмайсиз-лар! — дея афсусланиб, астойдил хафа бўлди. — Майли, боравер. Менга иккинчи бўлимдаги Чинибойни чақириб юбор.

Индамай бўйнимни эгиб эшикка қараб юрдим.

— Оға, кечирасиз, яна бир олимнинг номи ёдимга тушди, — дедим бўсағага бориб.

— Ким?

— Ньютон!

— Ким-ким? — раҳбар йўғон гавдаси билан столга эгилиб, олға интилди. — Ким дединг?

— Ньютон. Бошига олма тушиб, бутун олам тортишиш қонунини кашф этган олим.

— Хўш-хўш, ўша олимнинг исми нима эди?

— Исаак! Исаак Ньютон!

— Баракалла! Отангга раҳмат! Мен анави гўрсўхталарга ана шу олимнинг отини айттира олмай қора терга тушиб кетдим-ку. Боравер, раҳмат сенга.

 Беш нафар олимнинг номини тўғри топа олмаганимга қаттиқ қўрқиб қолган эканман. Ташқарига чиққач, бўшашиб, эшикка суяниб туриб қолдим.

Раҳбар кимгадир энтикиб қўнғироқ қилди.

— Хотин! Ёдимга тушди. Ҳозиргина эсладим. Исоқнинг тўйи экан-ку! Туни билан ўйлаб, тўй эгасининг отини тополмаганимизни қара-я. Айтдим-а, қандайдир бир олимнинг исмига ўхшаш деб... Кийиниб, тайёрланиб ўтир, ярим соатларда сени олиб кетгани бораман.

 

ЎҒЛИНГИЗ ҚАЕРДА
ИШЛАЙДИ?

Бемор ётган ўрнида икки бўкилиб тўлғанар, оғриқнинг азобига чидай олмай инграр эди. Шифокор унинг бошида у ёқ-бу ёққа юриб, бу касалликнинг тарихи ва унинг оқибати нималарга олиб келишини тушинтириш билан овора.

— Ёшулли, яхшиям сизнинг кўричак бўлганингизни биз ўз вақтида аниқладик. Бўлмаса, худо сақласин... Болаларингиз борми?

Бемор гапиришга ҳоли келмадими, “бор” дегандек бошини эгиб имо қилди.

— Америкада кўр ичакни чақалоқ туғилган вақтидаёқ олиб ташлашади. Тўғри қилишади улар. Сабаби, кўр ичак оғриса... Ўғлингиз қаерда ишлайди?

Бемор бармоқлари билан компьютернинг клавиатурасини териб кўрсатди. Шифокор унинг ўғлининг бор-йўғи оператор эканини осонгина тушунди.

— Кўр ичак баъзида овқатдан заҳарланганга ўхшаб кетади, — деб гапини давом эттирди у. — Бундай ҳолатда айрим шифокорлар беморни юқумли касалликлар шифохонасига жўнатишиб, катта хатоликка йўл қўйишади. Лекин биз ақл билан иш тутдик... Ўғилларингиз нечта?

Бемор биргина бармоғини кўрсатди.

— Тиббий ташхис қўйишда хатоликка йўл қўйиш — беморнинг ҳаёти учун хавфли бўлиши мумкин. Сабаби, кўр ичак ёрилиб кетса... Қизларингиз бордир?

— Иккита қизим бор, — деди бемор инқиллаб.

— Турмушга чиқишганми?

— Ҳа...

— Яхши экан. Қиз болалар ота-онасига меҳрибон бўлишади... Ҳалиги айтганимдай, мабодо кўр ичак ёрилиб кетса борми, унда ўша ичакда кўп йиллар давомида йиғилиб қолган заҳар бир зумда организмни заҳарлайди. Хўш, демак... Қизларингиз қаерда ишлашади?

Беморнинг аҳволи аста-секин оғирлаша бошлади. Пешонасидан муздай совуқ тер чиқди. Бироқ шифокор саволига жавоб кутиб тургани туфайли қийналиб бўлса ҳам улар туғруқ таътилида эканини икки қўли билан қорнини катта гумбаз қилиб тушунтирди.

— Ҳаа-а... Декретдами? Иккаласи ҳамми?

Бемор унинг сўзини маъқуллаб, бошини қимирлатди.

Шифокор сўзлашда давом этди.

— Заҳар организмга ёйилиб кетди, деган сўз, хўш... Куёвларингиз нима иш қилишади?

Бемор бирпас пешонасини тириштириб турди. Сўнгра бор кучи билан:

— Т... Т... Терговчи! — деди товушини чўзиб. 

Шифокор бирдан жонланди.

— Гулсара! — деб қичқирди йўлакка қараб.

Оқ халат кийган қиз югуриб келди.

— Операция столини тайёрла!

— Аллақачон тайёрлаб қўйибман.

Шифокор беморга томон ияги буриб ишора қилди.

— Тез олиб боринг!

Сўнг астагина шивирлади:

«Назаримда, кўр ичаги ёрилиб кетди-ёв...»