“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 508 марта кўрилган.

ЧЎЛИ ИРОҚ

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ

ЧЎЛИ ИРОҚ

Ҳикоя

Муҳаббат эрини уйғотмоқчи бўлиб уйга кирди-ю, мириқиб ухлаётганини кўриб фикридан қайтди. Ширин уйқусини бузгиси келмади. Астагина стулга ўтирди. Бахтиёр худди ёш боладек пиш-пиш қилиб беозор ухларди. Унинг ораси очиқ қалин қошлари пирпираб қўяди. Муҳаббат эрининг қошларига термилиб, ўйлади: “Мунча ораси очиқ. Эскиларнинг гапида ҳикмат кўп. «Қошларининг ораси очиқ йигитлар узоқдан уйланади, уларнинг кўнгли ҳам очиқ бўлади», деганлари рост экан. Бўлмаса, бу киши қаёқда эдию, мен қаёқда эдим. Етти ухлаб тушимга кирмаган... У-чи? У ўйлабдими менга уйланишни?”

Уларнинг тўйи ўтганига эндигина бир ой бўлди. Тўйдан олдин бир-бирига жуда яқин, сирдош эдилар, ҳатто тортинмас, унча-мунча гапларни бемалол айтишарди. Никоҳ кунидан бошлаб иккаласининг ҳам кўнглида ғалати бир кайфият туғилди. Бир-бирига кўринмас иплар билан чамбарчас боғланганини ҳис қилганлари сари уялиш, тортиниш туйғулари жўш урарди. Ёлғиз қолган кезлари куёвнинг ҳам, келиннинг ҳам тилига сўз келмас, гўё бир-бировини энди кўраётгандай жим ўтиришади. Онда-сонда айтиладиган гаплари ўзларига ҳам эриш туюлади. Қизиқ, нега шундай экан? Тўйдан олдин иккови икки ёқда қачон бирга бўлишни, мириқиб суҳбатлашишни, бир-бирининг дийдорига қонишни орзу қиларди. Висол онларида бири қўйиб, иккинчиси гапга тушарди. “Севасизми?” “Севаман”. “Сиз-чи?” “Мен ҳам”. Шу каби бир хил сўзлар қайта-қайта такрорланар, аммо на йигитнинг, на қизнинг ғашига тегар, аксинча, яна эшитгиси, яна сўрагиси, яна эшитгиси келарди.

Энди-чи? Қизиқ, нега энди бунақа? Йўқ, улар бир-бирига тўйиб қолгани йўқ! Ошиқ-маъшуқлик йўриғи бўлак экан. Унда бирга бўлишларига қанчалик ишонсалар-да, барибир ҳали амалга ошмаган ширин орзу эди бу. “Ютганим ўзимники, чайнаганим гумон”, деган гап бор. Никоҳ бу гапни уларнинг кўнгилларидан чиқариб ташлади. Йўқ, ўзаро қандайдир “ётсираб” қолиши бунданмас. Улар ҳамон бир-бирига ташна, ҳамон интиқ. Фақат эндигиси бўлакча... Никоҳ ҳар кимнинг ҳам ҳаётини бошқа изга соларкан. Негадир одам ўзини салобатли, вазмин сезиб қоларкан. Олдинги шўхликлар, ҳазил-ҳузуллар энди...

Муҳаббат эрининг юзларини, сочини оҳиста силай бошлади. Бахтиёр кўзини очди. Юзлари сутга чайилгандай оппоқ, шунданми, қош-кўзлари яна  ҳам қорароқ кўринган фариштасифат Муҳаббат ўтирипти. Унинг ипакдек ма­йин қўллари Бахтиёрнинг силлиқ юзларини силади. Бир тутам қуёш ёғдуси саҳнадаги балеринани қувлаб юрган прожектор нуридек унинг юзига тушиб турибди. Келин-куёв бир-бирига унсиз узоқ термилди. Кейин кўзлар бир-бирига яқинлашди, яна ва яна яқинлашди...

Муҳаббат оҳиста бошини кўтарди. Унинг юзлари лоладек қизариб кетган. Эрининг кўзларидан кўзини олиб қочиб, унинг юзига астагина шапатилади. Бу шапатининг таъсирини на куёв сезди, на келин.

– Ёмонсиз, – деди Муҳаббат.

– Сен яхшисан, – деди Бахтиёр.

Иккаласи ҳам унсиз жилмайишди.

– Турмайсизми энди.

– Ҳали вақтли шекилли... Бугун дам олиш-ку.

– Шундай бўлсаям-да... Битта-яримта келиб қолиши мумкин.

– Ким ҳам келарди? Ҳамма ўз иши билан овора ҳозир.

– Билиб бўладими? Ахир ҳар якшанба кимдир келади-ку, эсингиздан чиқдими, – деди Муҳаббат кулиб. Чиндан ҳам тўйларидан кейин уларникига ҳар дам олиш кунида биров келарди. Гоҳ келиннинг уруғларидан, гоҳ куёвнинг қариндошларидан, ёки уларнинг тўйига келолмаган дўстлари муборакбод этгани келишарди. Шунга улар кўникиб қолишган, бирор якшанба меҳмон келмаса, нимадир етишмаётгандай туюларди.

– Ҳа-я, рост айтасан. Саккиз яримнинг концертими? Ёз қизиқ-да, соат саккизда чошгоҳ бўлиб кетгандек кўринади. Қишда шу пайтда тонг отмаган бўларди ҳали.

“Энди Турғун Алиматов ижросида сатода “Чўли ироқ”ни тингланг”. Сухандоннинг эълони Муҳаббатнинг диққатини тортди.

– Тўхтанг, Бахтиёр ака, эшитайлик шу куйни. Жуда яхши чалади-да.

Сато тилга кирди. Бахтиёр шифтга термилиб ётар, Муҳаббат эрининг найзадек ўткир, узун ва қалин киприклари қуршаб олган жуда тиниқ, ҳаётидан мамнунлик сезилиб турган чақноқ кўзларидан нигоҳини узмайди, аммо хаёли паришон. Сато торлари инграр, гоҳ ҳазин, гоҳ баланд пардада нола қиларди. Гоҳо нафаси етмай қолиб, дами ичига тушиб кетгандай, бир сония жим бўлиб қолар, лекин орқада – худди тоғлар акс-садо қайтаргандай унинг ноласи зириллаб турарди. Мусиқа гўё аста-секин киши юрагига кириб борар, унинг пардасини ҳозир... ҳозир йиртиб юборгудай бўларди.

Муҳаббат ўзини тамоман йўқотиб қўйган, юраги ёниб адо бўлаётган шам мисоли титраётганини сезмасди. У ҳали умрида ҳеч кўрмаган жойларни ҳозир шу тобда хаёл кўзлари билан яққол кўриб турарди: Ана, поёнсиз саҳро, қум, қум... Иссиқдан оёқ куяди. Карвон кетидан бораётган ўн етти яшар соҳибжамол қизнинг мадори қуриган. Тили танглайига ёпишади. У бор кучини тўплаб “сув” демоқчи бўлади, лекин тили айланмайди, у жуда оғир, худди шишиб кетгандай. Атрофда бирон жонзот йўқ. Олдинда кетаётган нортуя бўйнидаги қўнғироқнинг майин, юракни эзувчи саси келади қулоққа. Саҳро – нон ёпишдан олдин оқартирилган тандир. Бу тандирга бордию илоҳий қудрат бир томчи сув ташласа, киприк қоққунча ўтган фурсатда қуриб қолади. Туя арқонига боғланганича бораётган гўзалнинг юзлари иссиқнинг зўридан бўғриқиб кетган, тўқ жигарранг тусга кирган. Энди лоақал кўзини очишга ҳам қуввати етмайди.

Тонг шабнамидек беғубор бу гўзални тақдир қаёқларга олиб кетмоқда? Уни кимларнинг шафқатсиз панжаси остига ташлайди. Буни ким билади? Ҳеч ким! Ҳеч ким!

О, шўрлик қиз! Не кўргиликлар бор сенинг бошингда! Қандай жафолар кутмоқда сени. Мадорсизлик, ташналик қизнинг хаёлларини алғов-далғов қилиб юборди. “Қачон етамиз? Қаерга борамиз? Муштипар онам, дасти калта отам! Қайларда қолдингиз?.” Лекин буни ҳеч ким билмайди, унинг қисмати оғир, йўли йироқ. Жуда йироқ... қум, қум, қум...

Куй ўтмишдаги ана шу ғам-ғусса ҳақида сўзламоқчи бўлади, лекин гапиролмай йиғлайди. Бу ғамни ҳатто сато торлари ҳам кўтаролмай ўпкаси тўлиб кетади. Инграб, эзилиб йиғлайди, йиғлайди. Бахтиёрнинг юзига иссиқ бир томчи тушди. У шарт хотинига қаради.

Муҳаббатнинг хиёл қисиқ, аммо ҳар қандай юракни бир кўришдаёқ ўртовчи тимқора кўзларига ёш тўлган, киприклари орасидан сизиб чиқарди.

– Сенга нима бўлди, Муҳаббат?

Муҳаббат ёшли кўзларини жавдиратиб эрига термилди-ю, индамади, гапирмади.

– Сенга айтаяпман? Нима гап ўзи? – Бу сафар Бахтиёрнинг овозида бир ўктамлик зоҳир эди.

Муҳаббат чуқур хўрсинди.

– Куйи шундай бўлса ғамнинг ўзига

Қандай чидай олган экан одамзод?!

– Қўйсанг-чи, азизам, ҳар куй эшитганингда бунақа эзилаверсанг, ўзингни ўзинг адо қиласан-ку.

– Йўқ, Бахтиёр ака, – Муҳаббат эрининг сочларини меҳр билан силади, – ҳамма куйга ҳам йиғлайвермайман. Биласиз-ку, “Чўли ироқ”ни яхши кўраман. Шу куйни эшитишга ўзимнинг ҳам юрагим йўқ, безиллаб қолганман, аммо эшитмай туриб кетолмайман, журъатим етмайди.

– Бўлди! – Бахтиёр чаққон сакраб турди ўрнидан. – Одам деган бунақа пессимист бўлмайди. Ярашмайди! Қани, чой-пойингни олиб кел!

Бу – Бахтиёрнинг хотинига бошқа эркаклар каби буйруқ оҳангида илк гапириши. Буни Муҳаббат ҳам сезди, лекин у қадар эътибор бермади. Қачондир, бир кун шундай бўлишини биларди.

Ўша куни кечгача Бахтиёрнинг чиройи очилмади, кўнгли ғаш бўлиб юрди. Муҳаббатнинг йиғлагани сабабини ўзича таҳлил қилар, турли хаёлларга борарди. “Нега бунча эзилди у? Йиғидан ўзини тутолмади. Нега? Хўш, куйни яхши кўрса нима бўлибди? Мен ёмон кўраманми? Ёки шунчалик тошбағирманми? Йўқ! Куйни яхши кўрган одамнинг ҳаммасиям йиғлайвермайди-ку. Бирон сабаб борки, йиғлайди, эзилади шунчалик. Эҳтимол, шу куй билан боғлиқ бир гап бордир? Албатта, менга айтармиди...” У ўйлаган сари хаёлига турфа фикрлар келар, гўё излаган нарсасини ҳозир топадигандек туюларди: “Балки ҳув анави гапи бекоргамасдир: “Қандайдир бир ашулачими-ей, созандами-ей, менга уйланмоқчи бўлиб юрарди. Лекин ота-онам унга икки дунёда ҳам бермасди. Ўзим-ку ўлдирса ҳам тегмасдим.” Эҳтимол, бу билан қўрққан олдин мушт кўтарар қилгандир. Ҳарқалай бир гап бор. Ўзи эрталаб ўрнимдан турмасимдан келиб эркаланишидан юрагим шиғилловди-я. Хотин киши ё ёмон туш кўриб чиқса, ёки ҳаром йўлга қадам қўйса, ҳеч бўлмаса олдинги жазманини ўйлаб юраги сиқилса, эрини эркалашга, унга суйкалишга тушади, дейишарди. Шу гап ростга ўхшайди. Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди. Одамлар минг йиллик тажрибаларидан ке­йин бир хулосага келадилар.

Бу фикрлар Бахтиёрнинг ичини сич­қондек кемирар, юраги гупиллаб урарди. “Хотин зотининг энг соддаси ҳам айёрликда тулкига дарс беради”. Буларни ўйлаган сари қайсидир ўртоғидан эшитган ана шу гап ёдига келар ва унга ўзини ўзи ишонтирарди.

Бахтиёр важоҳатини босолмади. Ҳозир хотинини чақириб, очиқ-ойдин гаплашиб олмоқчи бўлди. “Темирни қизиғида босган маъқул”.

– Муҳаббат!

Ошхонадан Муҳаббатнинг овози эшитилди.

– Лаббай.

– Менга қара... Буёққа кел!

Муҳаббат кирди. У пешбанд тутиб олган, қия қилиб ўралган ялтироқ рўмоли ярашиб турарди. Муҳаббатнинг ёноқлари иссиқдан қизариб кетган, қайрилма қошлари қалдирғоч қанотидек ингичка, қуралай кўзлари ўтдек ёниб турарди. Рўмоли остидан тошиб чиққан қоп-қора сочлари оппоқ бўйнида эркаланиб ётарди. Қоронғу жойдан бирдан ёруққа чиқса одамнинг кўзи қамашади. Бахтиёр ҳам шундай ҳолга тушди. У ҳозиргина ўтин чўғидек ёниб, куйиб турувди. Муҳаббат билан юзма-юз бўлди-ю, кўзи жимирлаб, дами ичига тушиб кетди.

О, гўзаллик! Сенинг олдингда кимлар тиз чўкмаган! Не-не баҳодир-у паҳлавонларни лол қолдирмагансан?! Сенинг меҳру сеҳрингга не-не азаматлар асир бўлмаган!

– Чақирдингизми? – Муҳаббатнинг табассуми Бахтиёрнинг қалбидаги алангага сув сепди. У хотинига қараб туриб симобдек эриб кетди.

– Ҳа, чақирувдим. Гугурт борми?

– Гугурт, ҳа, бор. Мана, – у пешбандининг чўнтагидан олиб берди.

– Раҳмат...

* * *

– Бахтиёр уйга келса, Муҳаббат йиғлаб ўтирибди.

– Яна нима бўлди?

– Ҳеч нима. Ўзим шундай.

– Яширма мендан, барибир билиб оламан. Кейин хафа бўласан.

– Нимани яшираман сиздан, Бахтиёр ака. Эшитяпсизми, мусиқа, “Чўли ироқ”.

Бахтиёр баттар тутоқди.

– Эшитяпман. Шунинг учун сўраяпман. Хўш, “Чўли ироқ”ни яхши кўрсанг нима бўпти? Шунга йиғлайсанми? Ахир бир марта бўлмаса, икки марта бўлмаса... Ҳар доим шу аҳвол. Турмуш қурганимизга бир йил бўляпти-ю ҳамон ўша куйни эшитсанг йиғлайсан. Бўлди-да энди.

– Турмуш қуришимизнинг нима алоқаси бор бунга. Илгари ҳам шунақа эди. Бундан кейин ҳам...

– Демак... куй замирида кимдир бор. Уни эшитганингда ўшани эслайсан... “Чўли ироқ” яхши куй эмиш. Билдик яхшилигини...

– Бахтиёр ака! Нималар деяпсиз? Наҳотки... наҳотки мени...

Муҳаббат ўзини Бахтиёрнинг кўксига отди.

– Алдама мени. Лақиллатаман деб ўйлама. Сен ўйлаган лақмалардан эмасман.

Муҳаббат кўзларида ғилт-ғилт ёш билан эрига термилди.

– Ўтинаман сиздан, бунақа фикрларни хаёлингиздан чиқариб ташланг. Ахир бу мен учун ҳақорат-ку. Сиздан бўлак бирон киши ақалли қўлимни ушлаган бўлса, тил тортмай ўлай!

– Қасам ичма!

– Ишонмасангиз нима қилай ахир? Ҳеч нарсани, ҳеч кимни эсламайман. Билмадим, нимага ундай? Шу куйни эшитсам юрагим сиқилиб, йиғлагим келаверади...

– Бўлди. Бас қил куй-пуйингни.

Муҳаббат пиқ-пиқ йиғлар, ўзини босмоқчи бўлгани сари баттар ўпкаси тўлиб келарди. Бахтиёр айвонга чиқди-да, сигарет тутатди.

* * *

Куни билан Бахтиёрнинг кайфияти бўлмади. Юраги хижил, кўнгли хира. Бошлиғидан эшитган дашноми ярага туз сепгандай бўлди. Ишхонадан эртароқ чиқди-да, буфетга бурилди. Одатига қарши у ердан бир стакан арақ олиб ичди. Газак ҳам қилмади.

Уйга келса, хотини ҳали ишдан қайтмабди. Қоронғи тушиш палласини – ғира-ширани ёқтирмасди у, юраги сиқилиб кетади. Шунинг учун ҳовлида ўтиролмади. Ичкари кириб ечинмасданоқ каравотга чўзилди. Ётган жойида сигарет тутатди.

Радиода концерт бўляпти. “Энди “Чўли ироқ”ни тингланг”. Бахтиёр радиони ўчирмоқчи, суғуриб олиб ҳовлига ирғитмоқчи бўлди. Лекин қандайдир куч, ирода уни бу фикридан қайтарди. “Радиода, куйда нима айб. Ўчирганим билан...” Сигаретни босиб-босиб тутатаркан, куйнинг сеҳр­ли тўрига илиниб қолганини – берилиб тинглаётганини ўзи ҳам сезмасди. Сатодан таралаётган мунгли куйни сигарет тутунига қўшиб ичига ютаётгандай, бу оҳанг юрак пардаларини зириллатаётгандай бўлди. Энди куй садолари ичидан эшитилаётгандай туюлди.

О, сеҳрли куй! Неча асрлардан буён қанча-қанча одамларнинг юрагини зирқиратасан? Не-не тошбағирларни мумдай эритмадинг! О, буюк халқ! Она халқим! Сенинг бетимсол даҳоингга таъзим! Минг бор тасанно! Шу куйларинг, шу сеҳркор мўъжизаларинг бўлмаганда, фарзандларинг ҳам шу қадар мулойим, одамохун, бағри кенг бўлармиди! Минг бор қуллуқ сенга, она халқим!

Куйнинг кўз илғамас тўри Бахтиёрни маҳкамроқ сиқиб борарди. У нигоҳини бир нуқтадан олмай тубсиз ўйга ғарқ бўлди. Китобларда ўқигани, киноларда кўргани, раҳматлик бувисидан эшитганлари – ўтмиш, ғамли, аламли ўтмиш кўз олдига келди. Куй ўша узоқ мозий ҳақида, унинг юракларни силқитувчи дардлари ҳақида йиғлаб, фарёд солиб ҳикоя қиларди. Олисдан, жуда олисдан кимнингдир нолакор, аммо шиддатли, исёнкор, мардона овози чалинди қулоғига:

Баски қўйдим мен фалакнинг елкасига ғам юкин,

Кийди мотам тўнинию, бўлди қадди ҳам дуто.

Эшик қарс очилиб Муҳаббат кирди. Чироқни ёқди. У эрининг бу аҳволда ётганини кўриб қўрқиб кетди.

– Сизга нима бўлди?

Бахтиёр гапирмади. Фақат “жим” дегандек қўлини кўтарди-да, радиога ишора қилди. Шундагина Муҳаббат куйни эшитди. У эрига қаради. Қаради-ю унинг кўзларида чироқ нурида ялтираб турган ёш томчиларини кўрди. Бу ҳол уни ҳайкалдек қотириб қўйди. Куй тинди.

– Сизга ярашмас экан, – деди Муҳаббат оғир тин олиб.

Бахтиёр индамай ўрнидан турди. Секин келиб хотинини қучоқлади. Юз-кўзларидан ўпди. Бу бўсалар Муҳаббатга ҳаммасидан – тўйдан олдинги ўғринча бўсалардан ҳам қайноқроқ, меҳрлироқ туюлди.

1977 йил.